Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

"Фолбинлик, сеҳргарлик, жин чиқариш каби ишларнинг ҳақиқати" китоби

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб "Фолбинлик, сеҳргарлик, жин чиқариш ва ноанъанавий даволаш каби ишлар ҳақиқати" деб номланган китоблари.

МУҚАДДИМА

Аллоҳ таолога У Зотнинг улуғлигига муносиб ҳамд ва санолар бўлсин!

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга мукаммал ва тугал саловоту саломлар бўлсин!

Қай бир жамиятда диндан бехабарлик, илмсизлик, жоҳиллик кўпайса, турли ирим-сиримлар, хурофотлар ва зарарли иллатларга йўл очилади. Жоҳилият замонидан буён айрим кишилар онги ва дунёқарашида яшаб, уларни ҳақ йўлдан чалғитиб келган баъзи муаммолар кейинги пайтларда яна янгидан бўй кўрсата бошлади. Одамлар орасида фолбинга борадиганлар, фолбиннинг айтганини қиладиганлар ва фолбинларга оид саволлар берадиганлар кўпайиб қолди.

Шунингдек, сеҳр ва сеҳргарлар мавзусига оид турли миш-мишлар, ташвиқотлар, асоссиз гап-сўзлар ҳам тобора халқ орасида урчиб бормоқда. «Фалончи сеҳрланган эмиш, энди унинг сеҳрини йўқотадиган одам топилмаётганмиш», «Пистончи эрни хотинга ёки хотинни эрга «иситиб» бераётганмиш, унинг эшигидан «иссиқ-совуқ» қилдирадиганларнинг кети узилмай қолибди» каби гап-сўзларнинг ниҳоятда авж олгани ҳам ҳақиқат! Шундай усуллар билан баъзиларнинг бир-бирларига зарар етказаётгани, яна кимларнингдир шу иллатлардан зарар топгани ҳақидаги гаплар ҳам кўпайгани ҳеч кимга сир эмас. Айниқса ўзига сеҳр ёки «иссиқ-совуқ» қилишгани ҳақида сўзловчилар тобора кўпаймоқда. Улар ўзларига етаётган барча нохушлик ва кўнгилсизликларни сеҳрдан кўриб, ўзлари гумон қилган шахсни ашаддий душман деб ҳисоблаб, унга нисбатан нафратларини яширолмай юришибди.

Жин чалиши масаласида ҳам авваллари умуман кўз кўриб, қулоқ эшитмаган, бир-биридан ваҳимали ва ҳайратланарли хабарлар кўпайгандан-кўпайди. Сўнгги олти-етти йил ичида баъзи одамларнинг ичига жин кириб олаётгани, ўша жинларни кимлардир ҳайдаб чиқараётгани ҳақидаги турли миш-мишлар халқ оғзидан тушмай қолди.

Беморларни ҳеч ким даволай олмаётган дардлардан турли ноанъанавий йўллар воситасида «халос қилаётганлар» тўғрисидаги машмашаларни эшитмаган одам бўлмаса керак. Кимдир «одамлари» орқали кишилар устида амалиёт ўтказгани, фарғоналик бир хоним ҳатто фаришталарни ишга солиб, дардларга малҳам бўлаётгани, яна биров илгирлик билан ҳамма дардга шифо топаётгани, бошқа биров қамчи билан уриб даволаётгани ва ҳоказоларни айтиб, ҳаммани ҳайратда қолдирадиган бўлиб кетди.

Куни кеча оммавий ахборот воситаларида тар­қа­тил­ган бир хабар ушбу сатрлар муаллифини юқорида зикр қилинган мавзуларга қайтишга, бу масалага катта аҳамият берган ҳолда мусулмонларимизни ушбу хатарли иллатлардан огоҳлантиришга чорлади. Мазкур хабарда қуйидагилар айтилади:

«Москванинг бош кардиологи Юрий Бузиашвили россияликларнинг ҳар йили фолбин ва экстрасенсларга 30 миллиард доллар пул сарфлаётганини маълум қилди», деб хабар берди «Интерфакс» агентлиги. Унинг айтишича, россиялик шифокорлар тиббий хизматлар бозорида нафақат хорижий ҳамкасблари билан, балки экстрасенслар билан ҳам рақобатлашишга мажбур бўлишмоқда. Бузиашвилининг айтишича, россияликлар чет элда даволаниш учун йилига тахминан 17 миллиард доллар пул сарфлаётган бўлса, фолбин, коҳин ва сеҳргарларга салкам икки баравар кўп маблағ сарфлашар экан. Бош кардиологнинг фикрига кўра, бу ҳол Россияда тиббиётнинг ривожига халақит бермоқда. Россиялик шифокорлар бу улкан маблағнинг ҳеч бўлмаганда 10 фоизини мазкур рақобатчилардан олиб қўя олса, қандайин муваффақиятга эришиши мумкин. «РИА Новости»нинг маълумотига кўра, яқин келажакда Россияда тиббиёт тўлиқ пуллик хизматга айланади.

Россия Фанлар академияси Социология инсти­ту­тининг 2013 йил январ ойидаги маълумотларига қараганда, россиялик аёлларнинг 67 фоизи, эркакларнинг эса тўрт фоизи фолбин, экстрасенс ва сеҳргарларга мурожаат қилар экан. Россияликларнинг яна олти фоизи ўз орзуларига эзотерик ва сеҳр-жоду амаллари ёрдамида эришишга уринади. Шунингдек, сўнгги уч йил ичида Россияда атеистлар сони анча камайгани ҳам қайд этилган. Айни пайтда экстрасенслар кўпинча турли жиноятларга қўл уриб, жавобгарликка ҳам тортилмоқда. Жумладан, 2013 йилнинг февралида полиция бир экс­тра­сенснинг ўз мижозларини ўлдиргани тўғрисида гумон қилиб, уни ҳибсга олди. 2012 йилнинг ёзида эса ўз мижозларини масофадан туриб даволаш ва уларнинг тақдирига керакли ўзгаришлар киритишни ваъда қилган йигирмадан ортиқ кишидан иборат гуруҳ фирибгарликда айбланиб, қамоққа олинган».

Ушбу маълумотлардан хабардор бўлган ҳар қандай инсофли одам жиддий ташвишга тушмай иложи йўқ. Унчалик кўп бўлмаса-да, ушбу хабарда айтиб ўтилгани каби нохушликлар бизда йўқ, дея олмаймиз. Шундай экан, жамиятимизда бу каби нохушликларни бартараф этиш, уларнинг олдини олиш барчамизнинг бурчимиз ҳисобланади.

Ана шу салмоқли бурчни ҳис этган ҳолда ушбу долзарб масала бўйича бир рисола жамлашга қарор қилдик. Унда аввалги ёзувлардан, саволлар ва уларга берилган жавоблардан ҳам фойдаланилди. Мазкур ёзувлар катта китобларнинг ичида, интернет саҳифаларида, яна кўпчиликнинг эътиборини тортмайдиган бошқа жойларда тарқоқ ҳолда бўлгани учун уларни умумий сарлавҳа остида бир рисолага тўплаб, муҳтарам ўқувчиларимизга тақдим қилиш нияти туғилди.

Аллоҳ таоло ушбу ожизона амални Ўз даргоҳида қабул айласин ва уни ҳаммамиз учун фойдали қилсин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.

Тошкент. 16.04.2013.


Топ рейтинг www.uz Openstat