Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

"Ҳидоят имоми" китоби

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб «Ҳидоят имоми»  деб номланган китоблари.

Муқаддима

Аллоҳ таолога У Зотнинг жалолига ва жамолига муносиб ҳамду санолар бўлсин!

Охирги набий Муҳаммад Мустафога гўзал ва мукаммал салавот ва саломлар бўлсин!

Мусулмон тарихчилар, тарихни ўрганган одамнинг умри узаяди, дейишади. Ҳақиқатда тарихни қунт билан ўрганган одам худди ўзи ўрганган, ўша даврда яшагандек бўлади. Тарихни қунт билан ўрганган одам дунё тарихида бўлиб ўтган кўплаб ҳодисаларнинг иштирокчисига, ҳеч бўлмаганда, томошабинига айланади десак, муболаға қилмаган бўламиз.

Шу билан  бирга, тарих улкан омонат ҳам ҳисобланади. Бўлиб ўтган ҳодисаларни омонат билиб, уларни келажак авлодларга етказиш ҳар бир жамиятнинг ва унинг илмли аъзоларининг бурчидир. Ўша тарихни ўрганиш билан ҳозирги ва келажак авлоднинг умри узаяди, тажрибаси ортади. Аввалгиларнинг фойдали ишларини ўзига ибрат қилиб олади ва улар йўл қўйган хатоларни такрорламасликка ҳаракат қилади. Инсоният тарихида бу ишга ҳамиша амал қилиб келинган.

Ҳар бир ватанпарвар киши ўз юртига бўлган меҳр-муҳаббатининг рамзи сифатида, бу юртнинг тарихини ўрганади. Қўлидан келганлар эса ўзи ўрганган нарсаларни келажак авлодларга ҳам қолдиришни ўйлайди, бунинг учун ҳаракат қилади.

Ўтмишда яшаб ўтган азизларнинг ҳаётлари ва фаолиятлари ўша вақт тарихидан энг эътиборли, залворли ўрин эгаллаган. Шу сабабли ҳам кейинги авлодлар учун уларнинг ҳаёт ва фаолиятларини ўрганиш катта аҳамият касб этади.

Ислом диёрлари тарихига назар солган ҳар бир киши тарих ва ундаги ҳодисалар, ҳаракатлар бошида уламолар турганини дарҳол сезади. Албатта, бу Ислом дини хусусиятларидан келиб чиқувчи табиий бир ҳолатдир. Ислом ҳақиқатларини тўғри тушуниб етган уламолар доимо ўз халқи билан бирга бўлади, унинг дард-аламларини бирга тортади. Зотан, ҳақиқий уламолар фаолиятининг ўзи шуни тақозо қилади. Ислом таълимотлари билан қуролланган уламолар ўз халқи дардига малҳам бўлишга ҳаракат қиладилар.

Ана шундай уламоларнинг энг улуғларидан бири имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи бўлганлар. У киши Ислом миллати учун энг таҳликали бир пайтда мусулмонларнинг ақийдасини мардонавор ҳимоя қилганлар, мусулмонлар оммаси ақийдасининг тўғри йўлда, Қуръони Карим йўлида, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари йўлида, Аҳли сунна ва жамоа йўлида собитқадам бўлишига сабаб бўлганлар. У зот раҳматуллоҳи алайҳи яшаган давр тарихини, ўзларининг ҳаётлари ва фаолиятларини ўрганиш биз учун ғоятда зарурдир.

Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинким, охирги пайтларда ватанимиз тарихини, ватанимиздан етишиб чиққан алломалар тарихини ўрганиш борасида кўплаб ибратли ишлар қилинди ва қилинмоқда.  Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳининг ҳаётлари ва фаолиятларини ўрганиш борасида қилинган кўплаб ишлар шулар жумласидандир. У зот раҳматуллоҳи алайҳининг ҳаётлари ва илмий фаолиятларига бағишлаб халқаро анжуман ҳам ўтказилди. Халқ ўзининг ўтмишдаги алломаларидан бири бўлмиш имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳини таниди.

Шу билан бирга, турли сабабларга кўра имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи ҳақларида, у киши асос солган мотуридия ақийдавий мазҳаби ҳақида турли гап-сўзлар ҳам бўлди ва бу гап-сўзлар ҳозир ҳам давом этмоқда. Кўпчиликда, хусусан, ёшларда бу борада турли саволлар ҳам пайдо бўлиб турибди.

Мазкур ҳолатларни эътиборга олиб, имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳининг ҳаётлари, у зот яшаган даврдаги ҳолат, у киши қилган ишларнинг аҳамияти, мазҳабларининг пайдо бўлиш тарихи ва бу мазҳабнинг аҳамияти каби масалаларни ёритиб берувчи маълумотларни бир жойга жамлаб, нашр қилиш нияти бор эди. Ана шу эзгу ниятни амалга ошириш мақсадида Аллоҳ таолонинг Ўзидан ёрдам сўраган ва У Зотга таваккул қилган ҳолда иш бошладик. Бу борада жамлаб қўйилган манбалардан, аввал ўзимиз турли муносабатлар билан тайёрлаган битикларимизда ва китобларимизда ёзган маълумотлардан, «Шомила» электрон кутубхонасидан ва халқаро маълумотлар тўридан фойдаландик.

Аллоҳ таоло ушбу ўта камтарона амални қабул айласин ва ҳаммамиз учун фойдали бўлишини насиб қилсин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Тошкент. 10.03.2014.


Топ рейтинг www.uz Openstat