Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

"Амаллар ниятга боғлиқдир" китоби

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб «Амаллар ниятга боғлиқдир» деб номланган китоб.

МУҚАДДИМАДАН

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Бандаларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини Исломнинг иккинчи масдари қилиб берган Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин!

Умматларига ҳадис нималигини батафсил тушунтириб, ундаги таълимотлар қандай амалга оширилишини кўрсатиб берган маҳбуб Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин!

Диндошларига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўргатиб, уларга амал қилишни осонлаштириб берган муҳаддисларимизга Аллоҳ таолонинг чексиз раҳмати бўлсин!

Аммо баъду:

Кейинги асрларда ҳадислар атрофлича ўрганилди, бу соҳада турли йўналишлар пайдо бўлди, сон-саноқсиз китоблар ёзилди, шарҳлар битилди, таржималар қилинди. Жумладан, ҳадисларнинг турлари аниқланди, уларни руҳий тарбия машойихлари ўз йўллари билан, фақиҳлар ўз йўллари билан, тарихчилар ўз услублари билан, бошқа соҳаларнинг олимлари ҳам ўз соҳаларига хос йўл ва услуб-лар билан батафсил ўргандилар. Саҳиҳ ҳадисларни алоҳида, ҳадиси қудсийларни алоҳида, ваъз-насиҳатга оид ҳадисларни алоҳида, илмга оид ҳадисларни алоҳида, силаи раҳмга оид ҳадисларни алоҳида ва шунга ўхшаш бошқа соҳаларга тегишли ҳадисларни ҳам алоҳида ўрганиш ишлари йўлга қўйилди.

Шу билан бирга, баъзи ҳадиси шарифларга алоҳида ном қўйиш, уларнинг бошқа ҳадислардан ажралиб туришини таъкидлаш одат-лари ҳам юзага келди.

Камина ходимингиз ўзининг ҳадиси шарифга оид асарларини битиш давомида улуғ олим ва муҳаддисларимизнинг маълум бир ҳадиси шарифларни «Исломнинг мадори» деб номлаганларини мулоҳаза қилди.

Мисол учун, имом Нававий ўзининг «Саҳиҳи Муслим»га ёзган шарҳида «Дин насиҳатдир» ҳадиси хусусида: «Бу ҳадиснинг шаъни улуғдир. У Исломнинг мадоридир», деган (2-жуз, 37-бет).

Имом Абу Довуд раҳматуллоҳи алайҳи эса «Албатта, амаллар ниятларга боғлиқдир» ҳадиси хусусида шундай дейди:

«Бу ҳадис Исломнинг мадори бўлган ҳадислардандир. Инсон-нинг дини учун тўртта ҳадис кифоя. Улар:

1. «Албатта, амаллар ниятларга боғлиқдир».

2. «Бирортангиз токи ўзи яхши кўрган нарсани биродарига ҳам яхши кўрмагунча мўмин бўла олмайди».

3. «Кишининг Исломи гўзал бўлиши ўзи учун беҳуда нарсаларни тарк қилишидадир».

4. «Албатта, ҳалол очиқ-ойдиндир, ҳаром очиқ-ойдиндир», ҳадисларидир».

Бошқа уламолар мазкур ҳадисларга яна бошқа ҳадисларни қўшиб, «Исломнинг мадори» деб аталган ҳадисларни кўпайтирганлар.

«Мадор» сўзи араб тилида асосан бир нарсанинг ўз ўқи атрофида айланиш доирасига ишлатилади. Шу билан бирга, ўзак, асос, ғолиб, қоида каби маъноларни ҳам англатади. Мазкур ҳадиси шарифларнинг «Исломнинг мадори» деб аталиши уларнинг Исломнинг асосини, ўзагини, ғолиб таълимотлари ҳисобланган маъноларни ўз ичига олгани учундир. Бизнинг тилимизда «мадор» сўзи куч-қувват, таянч маъноларини англатади. Ушбу ҳадиси шарифларга нисбатан ушбу маъноларни ҳам ишлатиш мумкин.

Шу кунгача ҳадиси шарифларга оид бир нечта асарлар таълиф қилдик. Уларни ёзиш давомида юқорида зикр  этилган ҳадислардан баъзилари, хусусан, «Албатта, амаллар ниятларга боғлиқдир» ва «Ҳалол очиқ-ойдиндир. Ҳаром очиқ-ойдиндир» ҳадислари ҳам шарҳ қилинди. Ушбу жараёнда уламоларимиз бу ҳадиси шариф-ларни бежизга «Исломнинг мадори» деб атамаганларига тўла ишонч ҳосил қилдик. Шу билан бирга, улардан баъзиларини жам-лаб, шарҳ қилиш нияти ҳам туғилди. Бу ният кўп йиллар давомида ниятлигича қолиб келди. Ва ниҳоят, ушбу кунларда Аллоҳ таоло ўша эски ниятни амалга оширишни кўнгилга солди. Икки ракат намоз ўқиб, Аллоҳ таолонинг Ўзидан ёрдам сўраган ҳолда бу хайрли ишга қўл уришга журъат қилдик.

«Исломнинг мадори» деб номланган ҳадиси шарифларни шарҳ қилишда одатдагидек, катта уламоларимизнинг йўллари ва услуб-ларини тутдик. Аввал ҳадиси шарифнинг арабча матнини келтир-дик. Зотан, ояти карима ва ҳадиси шарифларни  араб тилидан бошқа тилларга таржима қилишда уламоларимиз қўйган асосий шартлардан бири ҳам аввал арабча матнни келтиришдир.

Кейин ҳадиси шарифнинг матни сўзма-сўз таржима қилинди.

Сўнгра ҳадисни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ри-воят қилган саҳобийнинг қисқача таржимаи ҳоли келтирилди. Бу ҳам муҳаддисларимизнинг энг машҳур одатларидан биридир. Улар ҳадиснинг ўзларигача етиб келган йўлидаги барча ровийларнинг таржимаи ҳолларини берадилар. Биз фақат саҳобий розияллоҳу анҳуни олганимиз учун бир кишининг таржимаи ҳоли билан ки-фояландик. Кейин ҳадиснинг жумлаларини шарҳ қилишга ўтдик. Охирида ҳар бир ҳадисдан олишимиз мумкин бўлган фойдаларни эслаб ўтдик.

Дастлаб Исломнинг мадори бўлган мазкур ҳадислардан бир не-часини бирданига шарҳ қилиш нияти бор эди. Аммо биринчи ҳадис – «Албатта, амаллар ниятларга боғлиқдир» ҳадисини шарҳ қилиш давомида ушбу ҳадиснинг ўзи шарҳи билан алоҳида бир китоб қилиниши яхшироқ эканига тўла ишонч ҳосил бўлди.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзи бу ишни осон ва фойдали қилсин! Охиратда тарози босадиган амаллардан бўлишини насиб этсин!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.



Тошкент. 01.08.2014.


Топ рейтинг www.uz Openstat