Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

"Сарахс аҳли сўраган масалалар. Касбнинг баёни" китоби

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Ҳаким Термизийнинг «Сарахс аҳли сўраган масалалар. Касбнинг баёни» номли китоблари. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф таржимаси.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ҳамднинг эгаси ва аҳли бўлган, оламларнинг Робби Аллоҳ таолога ҳамд бўлсин!‎

Аммо баъд…‎

Батаҳқиқ, мен сўраган масалаларингни ҳамда муриднинг шаъни ҳақидаги, унга ‎Аллоҳ таоло томон сайрида нима манфаат беради-ю, нима зарар беради, у ‎ишининг аввалида қандай бўлмоғи кераклиги ҳақидаги саволларингни фаҳмладим. ‎Билки, ирода аҳли икки хил бўлади. Улардан баъзилари Аллоҳ таолонинг авобини ‎кўзлаб, У Зотга ибодат қилиш учун сайр1 қилади. Унинг фарзларини адо этади ва ‎ҳаром қилган нарсаларидан четда бўлади. Сўнгра ўз ихтиёри билан имкони орича ‎турли яхшиликларни қилиб, дўзахдан нажот топишга орзуманд бўлади. Шу тариқа ‎Аллоҳ таоло амал қилувчилар учун тайёрлаб қўйган савобларга эришишдан ‎умидвор бўлади. Бошқа бирлари Аллоҳ таоло томон У Зотга ибодат қилиш учун ‎сайр қилади. Унинг фарзларини адо этади. Ҳаром қилган нарсаларидан четда ‎бўлади. Сўнгра ишларининг ботинига қайтади. Кўксида дунёнинг муҳаббати, ‎иззатталаблик, ўзини баланд олиш, кибр, ҳирс ва шаҳватлар олови, шунингдек, ‎ҳавои нафснинг ғолиб келиши, тамагирлик, ҳасадгўйлик, мақтовга ўчлик, дунё ‎илинжи каби қалбни кўр қиладиган кўпгина офатлар борлигини англаб етади. ‎Мазкур қалб мана шу моғорлар туфайли Аллоҳ таоло сари йўл топа олмайди, ‎чунки унинг дунёга муҳаббат қўйишида Роббига хилоф қилиш бордир. У Аллоҳ ‎таоло четга сурган ва паст санаган нарсаларга муҳаббат қўйди. Унинг ўзини ‎баланд олишида Аллоҳ таолога ўхшашга ҳаракат бордир. Шаҳватлар1 оловида эса ‎фитналарнинг2 каттаси бордир. Ҳавонинг3 ғолиб келишида жаврнинг барчаси ва ‎Аллоҳ азза ва жалланинг ҳақларидан юз ўгириш бордир. Унинг қалби ҳикматдан ‎ва Аллоҳ таолонинг тадбирларини билишдан тўсилгандир. Бундай одам ‎нафсининг қулидир. У фарзларни бирор нарсанинг илинжида адо этади, ‎ҳаромлардан ҳам бирор нарсанинг илинжида четда бўлади. Аллоҳ таолога ибодат ‎қилиши асосан ҳавои нафс учун бўлади. Бундай банда ҳар бир иш, амал ва вақтда ‎сидқни қоим қилишга муҳтождир. У эса ўз нафси билан оворадир. Ким Аллоҳ азза ‎ва жалланинг савобини истаса, юқорида зикр қилинган офатларга қарши жидду ‎жаҳд қилиш билан чекланади ва У Зотга ихлосли бўлиш учун ҳар бир ишда содиқ ‎бўлишга интилади. Аммо ким Аллоҳ таолонинг Ўзини ирода қилса, Аллоҳ таоло ‎сари йўлида унга инъом эшиги очилгунча ботинида ҳам садоқатга интилади. Қачон ‎унга эшик очилса ва ато берилса, билгинки, бу унга куч йиғиб, сайр қилиши учун ‎йўл харажатидир. Банда сайрда қанча бардавом бўлса, олдинга силжиш учун унга ‎бериладиган ато шунча зиёда қилинади. Шу тариқа бу ишда давомли бўлса, Аллоҳ ‎таолога қалби билан етишади. Аллоҳга етишиши банданинг жидду жаҳдига қараб бўлади. Бу банда Аллоҳнинг валийсидир. Қалби билан У Зотнинг даргоҳида ўзига ‎тайин қилинган мақомда турувчидир. У барча ифлосликлардан холи бўлган саломат нафс билан, шунингдек, ҳавои нафс, ўзини баланд олиш ва моғорлардан ‎холи, Аллоҳ ила беҳожат бўлган кучли қалб ила амалларга йўллаб қўйилади.‎

Бу масалалар бўйича бизнинг иккита китобимиз бор:‎ бири «Риёзатун-нафс» китоби, иккинчиси, «Сийратул авлиё» китобидир. Ким бу ‎масалалар бўйича илм талаб қилса, Аллоҳ таолонинг изни ила улардан жавоб ‎топади.‎


Топ рейтинг www.uz Openstat