Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Имом Муслим

Имом Абу Ҳусайн Муслим ибн Ҳажжож ал-Қушайрий ан-Нисобурий Нисобурда дунёга келдилар. Нисбатлари Қушайрий бўлиб, у Нисобурга қарашли қишлоқдир. 

У зот ҳадис илмида китоблари «Саҳиҳ» деб эътироф қилинган олти имомнинг биридирлар. Китоблари «Саҳиҳ Муслим» эса, Қуръони Каримдан кейинги ўринда турадиган китоблардан биридир. Имомнинг ҳадис илмидаги тутган ўринлари ва олий мартабаларга етишларига сабаб, саҳиҳ китобларида бирорта зиёдалик ҳам, ноқислик ҳам бўлмаганлиги, бундан олдин ҳам, бундан кейин ҳам бу каби тартибдаги китобнинг топилмаслигидир. Дарҳақийқат, бу Имомнинг ҳадис жамлашда нечоғлиқ моҳир эканликларига далолат қилади. Имом Муслим ҳадис жамлаш даврида уларнинг нозик жиҳатларига ғоятда катта эътибор қаратдилар. Ҳатто бир ҳарф бўлса ҳам, ўзгартиришдан сақландилар. Бу зот ҳадисларни аввалидан охиригача узилиш ва иллатдан саломат, иснодлари ишончли бўлсагина саҳиҳ китобларига киритдилар. Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ларидаги баъзи жиҳатлар Имом Бухорийнинг китобларига қараганда афзаллигини уламолар қайд қилганлар. 

Имом Нававий айтадилар: «Ернинг устида, осмоннинг остида Муслимнинг китобларидан кўра саҳиҳроқ китоб топилмайди». 

Мағриблик шайхларнинг баъзилари Муслимнинг китоблари Бухорийнинг китобларидан кўра яхши эканлигига иттифоқ қилганлар. 

Имом Муслим айтадилар: «Агар ҳадис аҳллари икки юз йил ҳадис ёзсалар ҳам, кучлари мана шу «саҳиҳ»ни ёзишга етади, холос». Ва яна марҳамат қиладилар: «Ҳар бир ёзган китобимни Абу Заръа ар-Розийга кўрсатдим. Агар у зот «Мана бу ҳадис иллатли», десалар, тарк қилдим, «Саҳиҳ», десалар, китобимга киритдим».

Имом Муслим кўплаб китобларнинг муаллифидирлар. Шулардан энг машҳурлари «Саҳиҳ Муслим» бўлиб, мана шу китоб сабабли улуғ мартабага ва чиройли мақтовларга сазовор бўлдилар. Бундан ташқари, у зотнинг «Жомиъул-Кабир алал абвоб», «Китобу муснадил-Кабир ала асмоир-рижол», «Китобул-Асмои вал куна», «Китобул-илал», «Китобут-тамйиз», «Китобу ҳадиси Амр ибн Шуъайб», «Китобу машойихи Молик», «Китобу авҳомул муҳаддисийн», «Китобу ман лайса лаҳу илла ровин воҳид», «Китобу табақатит-Тобеъийн», «Китобул-муҳозрамийн», «Китобу машойихис-Саврий» китоблари маълум ва машҳурдир.

Бундан ташқари, «Саҳиҳ Муслим»га бир неча шарҳ ва мухтасарлар ёзилган.

Имом Муслимнинг «Асмоур-рижол» номли китобларига Абу Бакр Аҳмад ибн Али Исфаҳоний шарҳ ёзганлар (279 ҳижрий санада вафот этганлар).

Имом Муслимдан ана шу даврнинг катта имомлари, жамоатлар ҳадис ривоят қилишди. Улар Абу Ҳотим ар-Розий, Мусо ибн Ҳорун, Аҳмад ибн Салома, Абу Ийсо ат-Термизий, Абу Бакр Ҳузаймий, Яҳё ибн Саъид, Абу Авона ва бошқалардир.

Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳи (Аллоҳ у кишини ўз раҳматига олган бўлсин) 261 ҳижрий сана, якшанба куни, 55 ёшларида бу оламдан кўз юмдилар. Душанба куни Нисобурда дафн этилдилар.


Топ рейтинг www.uz Openstat