Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Хатми сағир ҳақида

00:00 / 27.09.2011 | eski savollar | 9801
Манзилимизгача илмнинг келишини осон йўл билан таъминлаган, масофадан туриб бизга устозлар берган ва биз ила сизларга шогирд кўпайтирган Аллоҳ таолога беадад хамду-санолар бўлсин. Инсонлар ичида инсон намунаси бўлган катта устоз Мухаммад Муставфога дуруду саловотлар бўлсин. Олимлар Устози соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросхўр шогирдларига Аллоҳнинг энг лойиқ ажрлари ва муносиб мукофотлари бўлсин.Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу Муҳтарам устозлар!Хатми сағир ҳақида эшитиб, маҳфелларда ҳам гувоҳ бўлганмиз. Ихлос сураси 3 марта тиловат қилиниб, ҳар бир марта ўқилганда такбир ва охиргисида такбири ташриқа айтилишини эшитганмиз. Саволлар қуйидагича:1. Хатми сағир қандай адо этилади?2. Хатми сағир қайси ҳолларда адо этилса бўлади?3. Хатми сағирдаги такбир айтилишининг боиси нима?4. Ва яна бизлар билмайдиган ва билишимиз фойдали бўлган нарсалар ҳақида дарс берсангиз.Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ.

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Бисмиллааҳир Роҳмаанир Роҳиим.Ва алайкум ассалом. "Хатми сағир" аслида "Кичик хатм" дегани. У "Хатми кабир", яъни Қуръонни тўлиқ ўқишнинг муқоболи ўлароқ ишлатилади. Ушбу амалнинг бундай номланиши, "Ихлос" сураси Қуръоннинг учдан бирига тўғри келиши ҳақидаги ҳадисдан келиб чиқиб, ушбу сурани уч марта ўқиш кичик хатм бўлади, деган умидга асосланган. Хатми сағирда уч марта "Ихлос" сураси, кейин "Фалақ" ва "Наас" суралари, сўнгра "Фотиҳа" сураси ва "Бақара"нинг аввалги беш ояти ўқилади. "Ихлос" сурасини уч марта такрорлашни ҳисобга олмаганда, ушбу амал ҳадисларда келган.Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Бир киши:«Эй Аллоҳнинг Расули, қайси амал Аллоҳга маҳбуброқ?» – деб сўради. У зот:«Қўниб-ла йўлга чиқувчи» – дедилар.« Қўниб-ла йўлга чиқувчи нима?» – деди.«Қуръонни аввалидан охиригача ўқиб, ҳар гал қўнгач, яна йўлга чиқадиган киши», – дедилар».Термизий ривоят қилган.Бу ҳадисидан Қуръонни хатм қилган киши янги хатм бошлаб қўйиши мустаҳаблиги келиб чиқади. Аммо бу ерда янги хатмдан қанча ўқишлик ҳақида ҳеч гап айтилмаган. Бу ҳақда имом Жазарий ўз санади билан Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, у киши Абдуллоҳ ибн Аббосга Қуръондан таълим бера туриб, Ибн Аббос Қуръонни хатм қилиб бераётганида: «Ал-ҳамду»дан ва «Бақара»нинг беш оятидан бошлаб ўқиб қўй. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга ҳам у зотга хатм қилиб берганимда худди шундоқ қилганлар», деб айтган эканлар.Мана шундан келиб чиқиб, уламолар Қуръонни хатм қилган киши "Наас" сурасини ўқиб бўлгач, янги хатм ҳисобида энг камида «Фотиҳа» сураси ва «Бақара»нинг аввалги беш оятини ўқиб қўйишни мустаҳаб санаганлар ва бу амал мусулмонлар ўртасида кенг тарқалган.Энди ушбу жараёнда "Ихлос" сурасини уч марта такрорлаб хатми сағир қилишга келсак, бу ҳам аслида Қуръонни хатм қилишда жорий этилган. Бу борада имом Муҳаммад ибн Жазарий ўзининг «Ан-нашр фил қироати ал-ъашр» китобида қимматли маълумотларни келтирган. Унга кўра, бу шаклда хатми сағир қилиш аввалги уламолар ва жумҳур қорилар орасида маъруф бўлмаган. Қозий Ҳаравоний номи билан машҳур бўлган, ҳанафий мазҳабининг йирик намояндаларидан, қироат илми олимларидан, Кўфа қозиси Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Жўъфий (в. 402 ҳ) биринчи бўлиб Қуръон хатм қилишда "Ихлос" сурасини уч марта ўқишни жорий қилган. У киши ўз устози Аъшодан ривоят қилган қироатини таълим беришда шундай ўргатар эди. Аммо бу ишни Аъшонинг бошқа шогирдлари қилишмас эди. Шундан келиб чиқиб, уламолар мазкур амални Ҳаравонийнинг ижтиҳоди дейишади. Бунда у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қул ҳуваллооҳу аҳад» Қуръоннинг учдан бирига тўғри келади», деган ҳадисларига таяниб, хатми Қуръондаги камчиликларга бадал бўлади, деган ниятни қилган. Бу амал Ҳаравонийнинг илмий маконати ва тарғиби сабабли мусулмонлар ўртасида, хусусан ҳанафийлар орасида кенг тарқалиб кетган. Чунки, Қозий Ҳаравоний ҳақида ўз замондошлари «Кўфада Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан кейин Қозий Ҳаравонийгача ундан фақиҳ одам бўлмаган», дейишар эди.Аммо хатми сағирни бошқа ўринларда, хусусан мавлид йиғинларида ўқилиши "Ихлос" сурасининг мазкур фазилатидан умид қилинган ҳолда оддий тиловат маъносида бўлади. Энди хатми сағирда такбир айтилишига келсак, бу ҳам суннатда келган амал ҳисобланади. Абул Ало Ҳамадоний имом Биззийдан ривоят қилишча, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бир муддат ваҳи тушмай қолди. Мушриклар дарров: "Муҳаммадни Робби тарк этиб юборибди", деб гап тарқатишди. Шунда "Зуҳо" сураси нозил бўлди. Расул алайҳиссалом бундан ўта хурсанд бўлганларидан такбир айтиб юбордилар. Кейинроқ Қуръонни хатм қилишда "Зуҳо" сурасидан ташқари, Қуръоннинг охиригача бўлган ҳар бир сура ниҳоясида Аллоҳни улуғлаш, Қуръон хатм бўлганининг хурсандчилиги учун такбир айтишни таълим бердилар. Шунинг учун, Қуръонни хатм қилувчи қориларнинг "Зуҳо" сурасидан Қуръоннинг охиригача, ҳар бир сура ниҳоясида такбир айтишлари суннат бўлди. Такбир мазкур суралардан бирини иккинчисига улаётганда айтилади ва охиргиси "Наас" сурасидан кейин айтилади, "Фотиҳа"дан сўнг айтилмайди.Имом Шофеъий: "Ким хатмда такбирни тарк қилса, бир суннатни тарк қилган бўлади", деб айтганлар. Ушбу маънодан келиб чиқиб, хатми сағир одатда Қуръонни хатм қилишда адо этилгани учун унда ҳам хатм якунланишидаги сураларда такбир айтиш жорий қилинган. Шу билан бирга, бир гуруҳ уламолар "Зуҳо" сураси ва ундан кейинги сураларни ўқишда, хатм бўлмаган тақдирда ҳам, такбир айтиш мумкин, дейишган. Такбирнинг асли шакли "Аллоҳу акбар" дейиш. Аммо имом Биззий уни ташриқ такбири кўринишида айтиш ҳам мумкин, деб айтган ва бу қироат уламолари орасида ҳам машҳур. Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat