Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Саволим бор...

00:00 / 13.12.2011 | eski savollar | 3512
Ассаламу алайкум wа раҳматуллоҳ, Устоз! Аллоҳ та'олодан сизга, бизга у'ҳшаган толиби илмликни да'во қилаётган кишиларни саволларига сабр wа матонат билан жавоблар бераётганингиз учун бе ҳисоб ажру мукофотлар берсин. Руҳсатиз билан сизга бир савол билан мурожиат қилмоқчиуман... Ой нимага тутилади?Саволим ноу'рин бу'лган бу'лса мени кечиринг! Жавобингиз учун олдиндан раҳмат. Су'зим оҳирида сиздан илтимосим, бизни ҳақимизга дуо қилинг!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

- Бу саволга икки хил жавоб берилади:Биринчи жавоб фалакиёт илми бўйича бўлиб, у қуйидагича: “Қуёш билан Ой ўртасига Ер тушиб қолса, Ой Ернинг соясига кирган бўлиб, қуёш нурини бевосита ололмайди. Бундан Қуёш нурининг қизил қисми Ер атмосферасидан қайтган вақтда Ойнинг қизил нурлари билан ёритади, натижада Ой тутилади.Иккинчи жавоб ҳадиси шарифдан олинган бўлиб у қуйидагича:“Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Иброҳим ўлган кун қуёш тутилди. Одамлар:«Иброҳим ўлгани учун тутилди», дедилар. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Албатта, қуёш ва ой Аллоҳнинг оятларидан икки оятдир. Улар бировнинг ўлгани учун ёки ҳаёти учун тутилмайдилар. Бас, қочонки уларни (тутилганини) кўрсангиз, то очилиб кетгунча Аллоҳга дуо қилинглар», дедилар».Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.Бошқа бир ривоятда эса: «Жоҳилият аҳли, албатта, қуёш ва ой фақат ер аҳли улуғларидан бир улуғнинг ўлими учунгина тутилади, дер эдилар. Албатта, икковлари бирор кишининг ўлими учун ёки ҳаёти учун тутилмайдилар. Лекин, икковлари Аллоҳнинг махлуқларидан икки махлуқдирлар. Аллоҳ Ўз махлуқида нимани хоҳласа шуни пайдо қилур. Бас, икковларидан қайси бири тутилса, то очилиб кетгунча намоз ўқинглар», дейилган.Шарҳ: Иброҳим Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Миср подшоси Муқовқис томонидан у зотга ҳадя қилинган чўрилари Мория Қибтия розияллоҳу анҳодан туғилган ўғилларидир. Иброҳим ўнинчи ҳижрий санада вафот этган. Умри ўн саккиз ойлик бўлган. Бақийъга дафн қилинган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, «Албатта, биз сенинг ўлимингдан маҳзунмиз, Эй, Иброҳим», деб овоз чиқармай, кўзларидан ёш оқизиб йиғлаганлар.Ушбу ҳадиси шарифнинг икки ривоятини қўшиб ўрганадиган бўлсак, унда жоҳилият пайтида мавжуд бўлган нотўғри эътиқодларидан бирини тўғрилаш содир бўлганини билиб оламиз. Ислом дини инсониятнинг барча жоҳилий ақийдаларини тўғрилагани маълум ва машҳур. Ушбу ривоятдан жоҳилият даврида табиий ҳодисалар ҳақида ҳам нотўғри эътиқод ва тасаввурлар мавжуд эканини билиб олмоқдамиз. Жоҳилият аҳли қуёш ёки ой тутилса бирор улуғ одам туғилгани ёки ўлгани учун тутилмоқда, деб эътиқод қилишар экан. Ана ўша эътиқод тасири ила Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўғиллари Иброҳим вафот этган куни қуёш тутилгани учун одамлар, қуёш улуғ Пайғамбарнинг ўғли Иброҳим ўлгани учун тутилди, деб гап тарқатишди. Кишиларда шундоқ тасаввур мавжуд. Ўз улуғлари шарафини ошириш учун баъзи бир табиий ҳодисаларни ҳам ўша улуғларга боғлаб кўрсатишга ҳаракат қиладилар. Агар ўша улуғ сохта улуғ бўлса, бундоқ тасарруфлардан хурсанд бўлади. Балки, ўзида шундоқ хислат борлигини даъво ҳам қилади. Ҳеч бўлмаса ғурур билан одамларнинг, фалончи келгани учун қуёш чиқиб кетди, у бўлди, бу бўлди, дейишларга шароит яратиб беради.Аммо, улуғ зот ҳақиқий улуғ бўлса, ўзининг кимлигини билса, Аллоҳнинг бандаси эканини тўлиқ ҳис қиладиган бўлса, бундоқ ноўрин гап-сўзларга йўл бермайди. Ҳамма нарсани очиқ-ойдин айтади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақиқатан улуғларнинг улуғи бўлганлар. Аллоҳ таоло У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга барча Пайғамбарларга берган мўъжизалардан ҳам кўпроқ мўъжизаларни берган. Айни мавзу бўйича гапирадиган бўлсак, мушрикларниг талаби ила уларга осмондаги ойни Аллоҳ таолога дуо қилиб иккига бўлдириб кўрсатганлар. Шундоқ бўлгандан кейин У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шарафларига табиатда баъзи ўзгаришлар бўлиши ҳеч гап эмас эди. Жумладан, ёлғиз ўғил лари, жигаргўшалари, йиғиларига сабаб бўлган Иброҳимнинг ўлими муносабати ила Қуёш тутилиши ғариб иш эмас эди. Лекин, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга сохта обрў керак эмас. Ҳамма нарса ўз ҳолича бўлиши лозим. Шунинг учун ҳам одамларнинг қуёш тутилиши ҳақидаги нотўғри гапларини дарҳол тузатдилар.«Албатта, қуёш ва ой Аллоҳнинг оятларидан икки оятдир. Улар бировнинг ўлиши учун ёки ҳаёти учун тутилмайдилар. Лекин, икковлари Аллоҳнинг махлуқларидан икки махлуқдирлар. Аллоҳ Ўз махлуқида нимани хоҳласа шуни пайдо қилур», дедилар».Оят сўзи белги, аломат, мўъжиза маъноларини англатади. Шу маънода қуёш ва ой ҳам Аллоҳнинг оятлари, У зотнинг биру борлигининг белгилари, аломатлари эканлиги, Аллоҳнинг ҳар нарсага қудрати етишини тасдиқловчи мўъжизалари эканлигига ҳеч шубҳа йўқ. Қуёш билан ойнинг борлигининг ўзи, уларнинг осмонда туришлари, маълум вақтда чиқиб, маълум вақтда ботишлари, иситиб, нур сочишлари, дунёга берилаётган сонсиз саноқсиз фойдаларининг ҳар бири алоҳида бир битмас-туганмас мўъжиза, Аллоҳ таолони биру борлигига, қодиру мудаббирлигига белги-аломатдир. Қуёш билан ой ҳар қанча улкан бўлсалар ҳам, ҳар қанча аниқ ҳаракатда бўлсалар ҳам, ҳар қанча кўп фойда-манфаат бераётган бўлсалар ҳам, баъзи бир қавмлар эътиқод қилганларидек, Худо эмаслар.Балки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларидек, Аллоҳ таолонинг махлуқларидан икки махлуқ, холослар. Алоҳ таоло эса Ўз махлуқларида нимани хоҳласа ўшани жорий қилади. Жумладан, хоҳлаган пайтда Қуёшни ёки ойни тутилтиради. Шундоқ, улкан нарсалар, ҳатто баъзи қавмлар Худо, деб эътиқод қиладиган нарсалар тутилиб, асл ҳолидан бошқа бир ҳолга тушиб ҳолатининг ёмонлашуви ожиз бандаларни эътиборини тортишили керак. Чунки, Қуёш ва Ойдаги бу ўзгариш дунёнинг бутунлай ўзгариб кетишига, қиёмат қоим бўлиб кетишига бошланиш бўлиши ҳам мумкин. Шунинг учун мўмин-мусулмонлар Қуёш ва Ойнинг тутилишини кўришлари билан Аллоҳ таолонинг қудратига тан бериб, У зотга ёлвориб дуо қилишлари, намоз ўқишлари керак. Мазкур дуо ва намозлар то, тутилган Қуёш ёки Ой очилиб кетгунча бўлиши керак.Ҳа, табиатдаги улкан нарсалар бўлмиш Қуёш ва Ойнинг тутилишлари, ўзларининг оддий ҳолатларидан чиқиб ноқулай ҳолатга тушиб қолишлари беҳикмат эмас. Бу ҳодисадан ўрнак-эътибор олиш керак. Қуёш ва Ойнинг тутилиши бир неча ибратларга далолат қилади:1. Қуёш ва Ойни Аллоҳ Ўз тасарруфида тутиб туриши.2. Қуёш ва Ойни Худо, деб эътқод қилувчиларнинг эътиқоди асоссиз экани. Агар икковлари ёки бирлари Худо бўлганида тутилмас эдилар.3. Ғофил қалблар бундай ҳодисадан чўчиб уйғониши.4. Қиёмат шу шаклда бошланиши мумкинлигини эслаш.Ва бошқалар.Демак, сиз билан биз мусулмонлар ушбу ҳадисдан энг аввало эътиқод бобида фойдалар оламиз. Қолаверса, Қуёш ва Ой тутилганда шариятимиз амри бўйича дуо қилиб, намоз ўқишимиз кераклигини билиб оламиз.

Топ рейтинг www.uz Openstat