Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

тафсир

00:00 / 06.01.2012 | eski savollar | 629
, ассаламу алайкум мухтарам шайх хазратлари. саволим шундан иборатки, ислом оламида маьноларни тулик еритиб баен килиб берадиган машхур тафсир китоблари кайсилар? мумкин булса уч -турттасининг номини айтсангиз, Оллох сиздан рози булсин.рахмат

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

- Бу саволингизга янги ёзиб битирилган ва нашрга тайёрланаётган “Улумул Қуръон” номли китобимдан иқтибос келтириш ила жавоб беришга ижозат бергайсиз:- Имом Имодиддин Исмоил ибн Касирнинг «Тафсирул Қуръонул азим» тафсири.Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи 701 ҳижрий йилда таваллуд топиб, 774 йилда вафот этган. У кишининг тафсири энг саҳиҳ тафсирлардан бири ҳисобланади. У киши Қуръони Каримни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобалар ва тобеъинлардан ҳамда ривоят қилинган хабарлар ила тафсир қилган. “Тафсиру Ибн Касир” «Тафсир бил маъсур» услубида ёзилган тафсирлар ичида энг мушҳурларидан бири бўлиб, имом Табарийнинг тафсирларидан кейинги, иккинчи ўринда туради. Имом Ибн Касир ўзининг бу тафсирига узун муқаддима ёзиб, унда Қуръони Карим ва тафсирга оид жуда кўп маълумотларни келтирган. У киши оятни келтиргандан кейин осон сўзлари билан тафсир қилади. Агар бир оятни бошқа бири билан равшанлаштириш имкони бўлса, ўшани қилади. Кейин мазкур икки оятни солиштиради. Сўнгра тафсир қилинаётган оятга боғлиқ ҳадисларни келтира бошлайди. Уларнинг қай бирини ҳужжат қилиш мумкин, қайбирини ҳужжат қилиш мумкин эмаслигини ҳам баён қилади. Кейин ўша оятга боғлиқ саҳобалар, тобеъинлар ва ўтган уламоларнинг сўзларини келтиради.мазкур қавллардан қай бири кучли ва қай бири кучсиз эканини ҳам баён қилади. Имом Ибн Касир ўз тафсирида Ибн Жарир Тобарий, Ибн Аби Ҳотим ва Ибн Атиййаларнинг тафсирларидан фойдаланган. “Тафсиру Ибн Касир”нинг энг кўзга кўринган тарафларидан бири Исроилиёт қиссаларини танқид қилиши ва улардан одамларни огоҳлантиришидир.“Тафсиру Ибн Касир”да фиқҳий муноқашалар ҳам мавжуд. Ҳукм оятларини тафсир қилиш жараёнида Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи фақиҳларнинг сўзлари ва тортишувларини ҳам келтиради. Бу тафсир жуда кўп марта нашр қилинди ва қилинмоқда. Шайх Муҳаммад Али Собуний “Тафсиру Ибн Касир”ни мухтасар ҳам қилган. У ҳам бир неча бор нашр қилинди.- Тафсири Насафий.Имом Абул Барокот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафий. Бу улуғ имом Насаф шаҳрида таваллуд топганлар. (Насаф шаҳри ҳозир Қарши деб номланади). Имом Насафий 701 ҳижрий санада вафот этганлар. Насафийнинг тафсир китоблари «Мадорукут танзил ва ҳақоиқут таъвил» деб номланган. Бу китоб кўпчиликнинг таҳсинига сазовор бўлган ва бўлиб келмоқда. У китоб энг улуғ ва ҳажми ўртача китоблардан. Иборалари осон. Эъроб, қиорат, бадийъ ва баён, балоғат ва фасоҳат илмларини ўзи ичига олган. Ақийдада Аҳли Сунна ва жамоанинг қавлини келтирган. Бидъат ва залолатлардан холи. Узун ҳам, қисқа ҳам эмас.Имом Насафий ўзларининг «Мадорикут танзил» номли тафсир китобларини таълиф қилишда Имом Замахшарийнинг «Кашшоф» тафсиридан фойдаланган. Имом Насафийнинг «Мадорикут танзил» номли бу китоблари ҳозирги кунимизгача уламо ва толиб илмлар орасида зўр эътибор билан шуҳрат топиб келмоқда ва кўпгина Ислом ўқув юртларида қўлланма сифатида ишлатиб келинмоқда.“Ат-Таҳрийр ват-Танвийр” - Тоҳир ибн Ашур.- Туниснинг кўзга кўринган олимларидан бири бўлмиш шайх Тоҳир ибн Ашур раҳматуллоҳи алайҳи “Ат-Таҳрийр ват-Танвийр” номли катта ва мукаммал тафсир ёзган. Шайх Тоҳир ибн Ашурнинг шогирдлари ва мутахассисларнинг таъкидлашларича у киши ўз тафсирини йигирма йилда ёзиб битирган. Бу тафсирнинг эгаси ҳар бир нарсани эринмай мукаммал баён қилган. Айниқса луғат бўйича олиб борган тадқиқотлари таҳсинга сазовор. Шунингдек, илмий тадқиқотлари ҳам. Шунингдек шайх Тоҳир ибн Ашур фиқҳий масалаларни ҳам батафсил ёритган. Янги пайдо бўлган ҳаётий муаммолар ва маданий қарашларни ҳам ўз жойида ҳал қилган. Шайх Муҳаммад Тоҳир ибн Ашур раҳматуллоҳи алайҳининг ўзи муқаддимасида таъкидлашича қуйидаги тафсирлар муҳим ҳисобланади:Кашшоф – Замахшарий.Ал-Муҳаррар ал-Важийз – Ибн Атиййа.Мафотийҳул ғайб – фахриддин Розий.Тафсири Байзовий.Тафсири Олусий.Тийбий, Қазвийний, Қутб ва Тафтазонийлар Кашшофга ёзган ҳошиялар.Хафочи Тафсири Байзовийга ёзган ҳошия.Тафсири Абу Саъуд.Тафсири Қуртубий.Тафсири Табарий...Албатта, Шайх Тоҳир ибн Ашур раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг тафсирида мазкур тафсирлардан фойдаланган бўлади. Аммо ўзининг айтишича, чўзилиб кетмаслиги учун қаердан олганини айтмаган.Шайх Тоҳир ибн Ашур раҳматуллоҳи алайҳи Қуръони Карим эъжози турларига, балоғат нуқталарига, бадиий усулубларга катта эътибор берган. Шунингдек, оятларнинг бир бирига боғланиш муносабатларини ҳам баён қилган. Ҳар бир суранинг мақсадларини ҳам батафсил айтиб ўтган. Ҳар бир сўзнинг араб тилидаги маъноларини чуқур тушунтирган. Шайх Тоҳир ибн Ашур раҳматуллоҳи алайҳининг айтишича китобнинг тўлиқ номи “Таҳрири маънас садид ва танвири ақлил жадид мин тафсири китабил мажид”.Муаллиф ўз тафсирининг аввалида Қуръони Карим ва унинг тафсирига оид ўнта муқаддима ёзган ва сўнгра “Фотиҳа” сурасини тафсир қилишни бошлаган.Ҳар бир суранинг исми ва унинг нозил бўлиш вақти ва шароити ҳамда унга боғлиқ бошқа маълумотларни батафсил келтирган. Бу маълумотларнинг хулосасини айтган.Бақара сураси тафсири аввалида “Алиф лаам мийм” ҳарфларини келтириб, бу ва бунга ўхшаш ҳижо ҳарфлари ҳақидаги кўплаб маълумотларни тақдим қилган. Шу тариқа китоб катта маълумотлар тўпламига айланган.Турли сабабларга кўра мен Шайх Тоҳир ибн Ашур раҳматуллоҳи алайҳининг баъзи шогирдлари билан суҳбатларда бўлдим. Уларнинг айтишларича устозлари жуда ҳам талабчан киши экан. Тафсирни ёзгандан кейин ҳам ҳар варақнинг қўлёзмасини қайта қайта кўрар, таҳрир қилар ва тузатишлар киритар экан.Мен бу тафсир билан чет элда ўқишда бўлганимда танишга эдим. Кейинроқ, айниқса, Қуръони Карим маъноларини рус тилига таржима қилиш ва “Тафсири Ҳилол”ни рус тилига таржима қилиш жараёнида уни асрсий манбалардан қилиб олдим. Шу тариқа бу тафсир билан жуда яқиндан танишдим. Ҳақиқатда мақтовга сазовор илмий иш эканига тўла ишонч ҳосил қилдим.Аллоҳ бу тафсирнинг муаллифи Шайх Тоҳир ибн Ашурни Ўз раҳматига олган бўлсин.Ат-Тафсир ал-Мунийр фил ақийдати ваш шарийати вал манҳаж – Ваҳба Мустафо Зуҳайлий.Машҳур олим ва фақиҳ доктор Ваҳба Мустафо Зуҳайлий ҳазратлари ўзининг ҳозир биз ҳақида сўз юритаётганимиз “Ат-Тафсир ал-Мунийр” номли китобининг муфаддимасида айтишича ушбу тафсирни ёзишга катта илмий ишларни амалга ошириб бўлганидан кейингина журъат қилган. Аввал усулул фиқҳ бўйича икки жилдилк катта китоб ёзган. Кейин ҳаммага машҳур бўлган “Ал-фиқҳул Исламиюю ва адиллатуҳу” деб номланган барча мазҳабларни ўзи ичига олган саккиз жилдлик қомусий асарини чиқарган. Олий ўқув юртларида ўттиз йил устозлик қилган. Имом Самарқандийнинг “Туҳфатул фуқаҳо” китобидаги ҳадисларнинг таҳқиқ қилган. Минг тўрт юзга яқин ҳадисдан иборат бўлган “Мустафо мин аҳодийси Мустафо” номли китобни қилган. Яна бошқа ўттиздан ортиқ энсклопедик асарлар битган.Шайх Ваҳба Мустафо Зуҳайлий ҳазратларининг “Ат-Тафсир ал-Мунийр”нинг муқддимасида ёзишича бу тафсирни ёзишдан мақсад мусулмонни ҳам, мусулмонмасни ҳам ҳозирда буст-бутун турган ягона илоҳий ваҳий билан боғлашдир.У киши ўз тафсирида нақл билан ақлни жамлаган. Янги ва эски мўътабар тафсирлардан фойдаланган. Шунингдек, Қуръони Карим, унинг нозил бўлиш сабаблари ҳақидаги бошқа ёзувлардан ҳам истифода қилган. Шайх Ваҳба Мустафо Зуҳайлий “Ат-Тафсир ал-Мунийр”ни ёзишда режа асосида иш юритган;1. Қуръони Карим оятларини мавзуга қараб тақсимлаб, сарлавҳалар қўйиш.2. Ҳар бир суранинг умумий маъносини баён қилиш.3. Луғавий изоҳлар бериш.4. Оятларнинг нозил бўлиши ҳақидаги саҳиҳ ривоятларни келтириш. Заифларини ташлаш.5. Набийлар қиссалари, Бадр ва Уҳуд жанглари каби катта Ислом ҳодисаларини энг ишончли сийрат китоблари асоосида ёритиш.6. Тафсир ва баён қилиш.7. Оятлардан чиқарилган ҳукмлар ҳақида сўз юритиш.8. Балоғат ва эъробга оид маълумотларни келтириш.Тафсир осон ва равон тил билан ёзилган. Ҳамма нарса гўзал ва мукаммал тартиб билан келтирилгани учун маълумотларни ўзлаштириб олиш осон.Шайх Ваҳба Мустафо Зуҳайлий ҳазратларининг “Ат-Тафсир ал-Мунийр” деб аталган тафсири ўттиз жуздан иборат бўлиб, ўн беш жилдда чоп этилган. Ўттиз биринчи ва иккинчи жузлар алоҳида ўн олтинчи жилдда бўлиб тафсирнинг феҳрастидан иборатдир. У орқали тафсирдаги истаган мавзуни осонлик билан топиб олиш имкони мавжуд.

Топ рейтинг www.uz Openstat