Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Хушуъ ва хузуъ

00:00 / 18.09.2012 | eski savollar | 689
Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу!Муҳтарам Шайх Ҳазратлари,Ёзган китобларингиз, биз толиби илмларга фойда бераётгани рост бўлсин. Мен қанчалардан бери намозда хушуъ ва хузуъ ҳақида ўқир эдим-ку, лекин амалда бу нима эканлигини билмас эдим. Ҳар ҳарда бу ҳолат келгандай бўлар эди холос... Энди ҳозирги ҳолатимга этибор қаратадиган бўлсам, намозга турганимдан кейин ҳаёлимга - Роббим мени кузатиб турганини эсладим, оёқларим қалтираб, бошим эгилиб ҳаёлим худди шахматда от фигураси сингари бўлиб қоламан. Тиззаларимни тўғрла олмай қоламан, бошимни кўтара олмай қоламан, жаҳрий қироат қилаётган жойимда, овозим ичимга тушиб кетади, ичимдан тўхтата олмайдиган йиғи келади (баъзида нима учун йиғлаётганимни ўзим ҳам тушунмай қоламан, баъзида Аллоҳга шукур қилиб йиғлайман, баъзида Роббимни кўра оламанмикан деб йиғлайман)... Бунга, Сиз устоз тавсия қилганингиздек, Фотиҳа сурасини маъноларини ичимдан ўтказиш ҳам жуда катта фойда беради. Албатта бу ҳолатлар ҳар доим ҳам эмас, кўпроқ ёлғиз қолганимда содир бўлади. Шуларни ҳаммасини хушуъ ва хузуъ деб таърифласа бўладими? Агар бўлса, мен буларни маҳкам ушлар эдим иншаАллоҳ... Намознинг сифатларига, яъни тик туриш керак жойига (қиёмга) зарари йўқми? Ҳазрат, китобларни бизларга шундай содда ва тушунарли қилиб ёзиб қўйганингизга Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Сиздан рози бўлсин! Китобларингизда бор маълумотни Сиздан сўраган бўлсам маъзур кўрасиз. Ҳурмат ва эҳтиром билан, шогирдингиз.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

- НАМОЗДА ҚАЛБ ҲОЗИРЛИГИНамозда қироат, зикр, муножот ва бошқа амаллар бор. Агар қалб ҳозирлиги бўлмаса, қироат, зикр ва муножотлардан кўзланган мақсад ҳосил бўлмайди. Шунинг учун ҳам, қалб ҳозирлиги намознинг ҳаёти ва ички одобларидан бири саналади. «Қалб ҳозирлиги» деганда қалбнинг машғул бўлиб турган нарсасидан ўзгаларидан фориғ бўлиши англанади. Намоз ўқиб турган кишининг қалбида намоздан бошқа нарса бўлмаса, қалби ҳозир бўлган бўлади.Қалбнинг ҳозир бўлиши ҳимматга боғлиқдир. Киши бирор ишни муҳим деб билса ва унга керакли аҳамият берса, қалби ўша иш учун ҳозир бўлади. Намозда қалб ҳозир бўлиши учун барча аҳамият ва ҳимматни намозга қаратиш лозим бўлади. Охиратга иймоннинг кучли ёки кучсизлигига қараб, ҳиммат ҳам кучли ёки кучсиз бўлади. Намозда қалби ҳозир бўлмаган одам иймони кучсизлигини билсин ва уни кучайтириш ҳаракатида бўлсин.НАМОЗДА ҚАЛБ ҲОЗИР БЎЛИШ ОМИЛЛАРИ1. Талаффуз қилинаётган каломни фаҳмлаш қалб ҳозир бўлишига хизмат қиладиган омиллардан биридир. Араб тилини билмайдиганлар маҳноларини ўзлаштириб олишлари лозим. Унга ҳам қодир бўлмаганлари, энг оз деганда, умумий маҳнони билиб, талаффуз қилинаётган нарсанинг нима эканини имкони борича билиб турсалар, яхши бўлади. Бунинг учун зеҳнни жамлаб, хаёлни олиб қочадиган нарсалардан узилиш керак бўлади. Хаёлни олиб қочадиган нарсалар ташқи ва ичкига бўлинади.Ташқиси қулоқ ва кўзни машғул қиладиган нарсалардир. Бу нарсалардан узилиш қиблага яқин туриш, сажда қиладиган ерига назар солиб туриш, нақ¬шинкор жойлардан четланиш ва хаёлини олиб қочадиган нарсаларни йўқотиш билан ҳосил бўлади.Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам аломатлари бор хомийсада намоз ўқидилар ва: «Бунинг белгилари мени машғул қилиб қўйди. Уни Абу Жаҳмга олиб бориб беринглар ва менга унинг анбижонийятини олиб келинглар», – дедилар».Учовлари ривоят қилишган.Хаёлни олиб қочадиган ички нарсалар ташқиларидан кўра кучли бўлади. Бу нарса, кўпинча, дунё¬нинг ғамига ботган одамларда бўлади. Бундай одамнинг фикри бир ерда турмайди. Агар кўзини юмиб олса ҳам, фойда бермайди. Бу ҳолатни муолажа қилиш учун қаттиқ уриниш керак бўлади. Намозга яхшилаб тайёргарлик кўрилади. Барча машғул қиладиган ишларини битиради. Қалбининг холий бўлиши учун ҳаракат қилади. Ўзига ўзи охиратни эслатади. Аллоҳ таолонинг кўриб турганини эсга олади. Намозда дунё ташвишларидан бирортасини хаёлига келтирмасликка ҳаракат қилади.Омир ибн Абду Қайс раҳматуллоҳи алайҳига: «Намоз пайтида нафсинг сенга бу дунё ишларидан бирортасини айтадими?» дейилганда, «Бундан кўра баданимнинг турли тарафидан найза кириб, ичимда тўқнашгани яхшироқ», деб жавоб берган экан. Албатта, дунё муҳаббатини қалбдан узиб қўйиш қийин иш. Уни бутунлай йўқотиш ундан ҳам қийин. Аммо, имкони борича, намозда дунё муҳаббатидан четланишга ҳаракат қилиш керак. 2. Аллоҳнинг таҳзими ва ҳайбати ҳам қалб ҳозир бўлишига хизмат қиладиган омиллардандир. Аллоҳнинг таҳзими У зотни улуғлаш ва азаматини ҳис қилишни ўрганиш ила юзага келади. Шу билан бирга, нафснинг ҳеч нарсага арзимаслигини билиш билан ҳам бўлади. Ҳайбат эса, улуғлашдан келиб чиққан хавфдир. Намозида доимий равишда Аллоҳ таолонинг азаматини ҳис этиб, У зотнинг ҳайбатини сезиб турган одамнинг қалби, албатта, ҳозир бўлади.3. Умидворлик ҳам қалб ҳозир бўлишига хизмат қиладиган омиллардандир. Одатда, умидворлик қўрқувдан устун турадиган ҳолат бўлади. Намозхон одам ўқиган намозининг савобидан умидвор бўлиши лозим. НАМОЗГА ОИД АМАЛЛАРДАҚАЛБ ҲОЗИРЛИГИАбу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, умматим қиёмат куни тоҳаратнинг асаридан пешоналари оппоқ ва оёқ-қўлларидан нур таралиб турган ҳолларида чақирилурлар. Бас, сиздан ким ўз пешонасидаги қашқасини узайтиришга қодир бўлса, шуни қилсин», – дедилар». Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Вақтики, мусулмон ёки мўмин банда тоҳарат қилса, бас, у юзини ювганда ўша сув ёки ўша сувнинг охирги қатраси ила унинг икки кўзининг назари орқали қилган хатолари юзидан тўкилади. Вақтики, икки қўлини ювса, ўша сув ёки ўша сувнинг охирги қатраси ила унинг икки қўли билан қилган хатолари тўкилади. Вақтики, икки оёғини ювса, ўша сув ёки ўша сувнинг охирги қатраси ила икки оёғи билан юриб қилган хатолари тўкилади. Шундоқ қилиб, у гуноҳлардан пок бўлиб чиқади».Муслим ва Термизий ривоят қилишган.Тоҳарат Аллоҳ таолонинг мусулмон бандаларига кўрсатган улкан марҳамати. Мусулмон банда тоҳарат қилаётганда яхши ният билан Аллоҳ таолодан астойдил тилаб, ушбу ҳадиси шарифни эслаган ҳолда ҳар аҳзосини ювганда: «Илоҳо, ушбу аҳзолардан содир бўлган гуноҳларим тўкилган бўлсин», деб сўраса, иншоаллоҳ, мақсади ҳосил бўлади. Чунки, тоҳарат қилиш ҳам аввал айтиб ўтилганидек, катта ибодатдир.Шунинг учун ҳам, тоҳарат қилаётганда бошқалар билан гаплашиш, шоша-пиша, чала-чулпа тоҳарат қилишлик каби ҳолатларга йўл қўймаслик керак. Тоҳарат банда учун Аллоҳ таоло томонидан кичик гуноҳларини ювиб олиш учун берилган қулай фурсатдир.Азонни эшитган одам қиёмат чақириғини хаёлига келтирсин. Ўшанда нима деб жавоб беришини ўйласин. Маҳшарга қай ҳолатда ҳозир бўлишини кўз олдига келтирсин.Намоз учун авратини тўсганда бу билан халқдан баданининг уят жойларини тўсаётганини билсин ва Ҳақдан ички шармандаликларини ва нуқсонларини қандай тўсишини ўйласин. Уларни фақат тавба – надомат, ҳаё ва уят ҳамда хавфу умидворлик тўсиши мумкинлигини унутмасин.Қиблага юзланганида турли тарафларни қўйиб, юзини фақат Байтуллоҳга ўгирганини билсин ва қалбини ҳам барча нарсалардан узиб, ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзига боғласин.Намозхон «Аллоҳу Акбар!» деб такбир айтганда тилини дили тасдиқласин. Ўша сўзни айтганда дилида Аллоҳ таолодан улкан нарса қолмасин. Агар ундай бўлмаса, дили тилини тасдиқламаган бўлади.Шунингдек, тили билан «Аҳуузу биллааҳи»ни айтиб, Аллоҳ таолодан паноҳ тилаганида, дили билан ҳам Аллоҳдан паноҳ сўрамаса, гапи ёлғон бўлади.Намозхон қироатининг маҳносини тушуниб бориши жуда ҳам фойдалидир. Айниқса, «Фотиҳа»ни ўқиганда...Имом Насаий машҳур саҳобий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси қудсийни доимо эсда тутиш лозим:«Аллоҳ таоло айтади: «Намозни Ўзим билан бандам орасида иккига бўлганман, ярми Менга, ярми бандамга ва бандамга сўраган нарсаси. Агар банда: «Алҳамду лиллааҳи роббил аҳламийн» деса, Аллоҳ: «Бандам менга ҳамд-шукр айтди», дейди.Банда: «ар-Роҳманир Роҳийм», деса, Аллоҳ: «Бандам менга сано – мақтов айтди», дейди.Банда: «Малики явмиддийн», деса, Аллоҳ: «Бандам мени улуғлади», дейди.Банда: «Ийяка наҳбуду ва ийяка настаҳийн», деса, Аллоҳ: «Бу мен билан бандам орасидаги нарса, бандам нимани сўраса, бераман», дейди.Агар банда: «Иҳдинас-сиротал мустақийм, сироталлазийна анҳамта алайҳим ғойрил мағзуби алайҳим ва лаззооллийн», деса, Аллоҳ: «Бу бандамга хос, сўраганини бердим», дейди».Салафи солиҳлардан намозда қироат маҳносини ҳис этиб ҳушидан кетиб ёки ҳаётни тарк этиб йиқилганлар бўлган.Намозхон рукуҳда тавозуҳни, саждада хору зорликни ҳис этиб туриши зарур. Шунингдек, намоздаги тасбиҳ, такбир ва барча дуоларни ҳам чин қалбдан, бутун вужуд ила ҳис этиб ўқиш, маҳноларини уқиш ва намоздаги мана шу ҳолатларни ҳаётда ҳам сақлаб яшашга ҳаракат қилмоқ лозим.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва салафи солиҳларимиз намозда қалбнинг ҳозир бўлмаслигини айб санаганлар.Аммор ибн Ясир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, бир одам (намозидан) турганда, унга унинг ўндан бири, тўққиздан бири, саккиздан бири, еттидан бири, олтидан бири, бешдан бири, тўртдан бири, учдан бири ёки ярмигина ёзилган бўлади», – дедилар». Абу Довуд ривоят қилган. Ушбу ҳадиси шарифдан намоз билан намознинг фарқи борлиги, ҳатто қабул бўлган намозлар орасида ҳам фарқ бўлиши кўриниб турибди. Ҳамма ҳам намоз ўқийверади, аммо ўша намозга Аллоҳ таоло томонидан бериладиган ажр намозхоннинг ихлоси ва хушуҳ-хузуҳига қараб берилар экан. Хушуҳ-хузуҳни, ихлосни жойига қўйган одам намоз учун белгиланган савобнинг ҳаммасини олар экан. Хушуҳ-хузуҳ ва ихлос камайган сари бериладиган савоб ҳам ярим, учдан бир, тўртдан бир, ўндан бир бўлиб камайиб кетаверади.Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу: «Ким намозда туриб қасд ила ўнгида ва чапида ким турганини билса, намози намоз эмас», деган.Абдул Воҳид ибн Зайд раҳматуллоҳи алайҳи шундай дейди: «Уламолар банда намозидан қанчасини эсида сақласа, шунчаси уники бўлишига ижмоҳ қилишган».Баҳзи мухлис кишилардан қуйидагилар ривоят қилинади: «Бир киши ўғлига: «Масжиддан шом намозини ўқиган намозхонларни бошлаб келгин, уларга эҳсонимиз бор», дебди. Ўғил намоздан кейин масжид дарвозасидан чиқаётганлардан имом «Фотиҳа»дан кейин қайси сурани ўқиганини сўраб, тўғри айтганларни бошлаб келибди. Отаси меҳмонлар озлигининг сабабини сўраса, «Ўзингиз шом намозини ўқиганларни бошлаб кел», деган эдингиз, менимча фақат шулар ўқишди», деб жавоб берибди.Албатта, бу ўлчовлар тақво юзасидан бўлган ўлчовлардир. Аммо фатво юзасидан бошлаш такбирини айтганда қалби ҳозир бўлиб, намоз ўқиган кишининг фарзи адо бўлади.Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, қалб ҳозирлиги намознинг руҳидир. Буни ҳеч қачон унутмаслик лозим.

Топ рейтинг www.uz Openstat