Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Илтимос далил келтирсангиз

00:00 / 07.03.2013 | eski savollar | 632

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ ҳазрат олдингиги саволларни жавобида ўйланган нарсаси учун жавобгарлик йўқ деган экансиз, қалбим таскин топиш учун шунга оят ёки ҳадисдан ҳужжат келтирсангиз, чунки ман ҳаёлда жуда ёмон нарсаларни ўйлаганман ўзимми тоҳтатоми қоламан, шу ўйлар Қиёматда сўралмасмикан деб қўрқаман


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

- Аслида бу саволингиз беодоблик ҳисобланади. Жавоб эгасининг гапига ишонмаганингиз, уни ёлғончиликда айблаганингиз бўлади. Агар билмоқчи бўлсангиз китоб ўқишингиз, излаб топишингиз керак бўлади. Аммо жавобнинг эгасига ҳужжатинг борми дейишингиз, аввалги айтилган гапнинг тасдиғи бўлади.Шундай бўлса ҳам, сизларга ўхшаган азизлар учун бундан бир неча йиллар олдин ёзилган китобларимдан бирида келган ҳадисни шарҳи билан келтиришни лозим топдим. Шоядки, билсалар деб.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِيمَا يَرْوِي عَنْ رَبِّهِ تَبَارَكَ وَتَعَالَى قَالَ: إِنَّ اللهَ كَتَبَ الْحَسَنَاتِ وَالسَّيِّئَاتِ ثُمَّ بَيَّنَ ذَلِكَ فَمَنْ هَمَّ بِحَسَنَةٍ فَلَمْ يَعْمَلْهَا كَتَبَهَا اللهُ لَهُ عِنْدَهُ حَسَنَةً كَامِلَةً وَإِنْ هَمَّ بِهَا فَعَمِلَهَا كَتَبَهَا اللهُ عَزَّ وَجَلَّ عِنْدَهُ عَشْرَ حَسَنَاتٍ إِلَى سَبْعِ مِائَةِ ضِعْفٍ إِلَى أَضْعَافٍ كَثِيرَةٍ وَإِنْ هَمَّ بِسَيِّئَةٍ فَلَمْ يَعْمَلْهَا كَتَبَهَا اللهُ عِنْدَهُ حَسَنَةً كَامِلَةً وَإِنْ هَمَّ بِهَا فَعَمِلَهَا كَتَبَهَا اللهُ لَهُ سَيِّئَةً وَاحِدَةً. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلاَّ أَبَا دَاوُدَ  

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ўз Роббиларидан ривоят қилиб айтадилар: «Албатта, Аллоҳ яхшиликлар ва ёмонликларни ёзиб қўйди. Сўнгра ўшани баён қилди. Ким бир яхшиликни қасд қилса-ю, унга амал қилмаса, Аллоҳ уни Ўз ҳузурида баркамол бир яхшилик қилиб ёзиб қўяди. Агар уни қасд қилиб, амал ҳам қилса, Аллоҳ азза ва жалла уни Ўз ҳузурида ўнтадан етти юз яхшиликкача, ундан ҳам бир неча марта кўп қилиб ёзади. Агар бир ёмонликни қасд қилса-ю, унга амал қилмаса, Аллоҳ уни Ўз ҳузурида бир яхшилик қилиб ёзади. Агар у (ёмонлик)ни қасд қилиб, амал ҳам қилса, Аллоҳ уни бир ёмонлик қилиб ёзади», дедилар».
Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Шарҳ: Ҳадиси шарифнинг ровийлари Абдуллоҳ ибн Аббос розиялоҳу анҳу билан танишмиз.Ислом шариатининг гўзаллигини кўринг! Бу ҳадисда у қанчалик даражада яхшилик тарафдори эканию, ёмонликка қанчалик қарши экани аниқ баён қилинмоқда. Қилинган амалга бериладиган ажру савоб асосан банданинг ихлосига қараб бўлар экан! Чунки бир хил ният билан бир амални бажарган кишиларнинг бирига ўн ҳисса савоб берилса, иккинчисига етти юз ҳисса, учинчисига ундан бир неча баробар кўп савоб ато этилиши айтилмоқда. Савоб ихлосга қараб бўлади экан!Ҳа, ихлос ана шундоқ нарса. Ихлос билан қилинган ибодатнинг савоби ана шундоқ кўп бўлади. Ихлос самараси ўлароқ банда ўз Роббисига қилган ибодатнинг лаззатини топади, ичи мусаффо бўлади, қалби нурга тўлади ва амалига қўшимча савоб олади. Ихлосли банда ваъз-насиҳат ва ибратлардан ўзига тезда фойда олади. Ихлос Аллоҳ томонидан бандага бериладиган улкан мукофот ва неъматдир. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийлардан бирида: «Ихлос Менинг сирларимдан бир сирдир. Ўз бандаларимдан кимга муҳаббат қилган бўлсам, ўшанинг қалбига ихлосни жойлаганман. Унга фаришта таниш бўлиб, ёза олмайди ҳам, шайтон таниш бўлиб, буза олмайди ҳам», деган.Ушбу биз ўрганаётган ҳадис ҳам ҳадиси қудсий бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Аллоҳ таолодан ривоят қиладилар. Келинг, ҳадис матни билан яқиндан танишиб чиқайлик:«Албатта, Аллоҳ яхшиликлар ва ёмонликларни ёзиб қўйди». Яъни, Аллоҳ таоло барча яхшиликларни ва ёмонликларни тақдир қилиб Лавҳул Маҳфузга ёзиб қўйди.«Сўнгра ўшани баён қилди». Яъни, кейин ўша ёзиб қўйган яхшиликлар нимаю ёмонликлар нима эканини юборган динлари орқали бандаларига баён қилди. Ҳаммага қайси амал яхши-ю, қайси амал ёмонлиги аён бўлди. «Ким бир яхшиликни қасд қилса-ю, унга амал қилмаса, Аллоҳ уни Ўз ҳузурида баркамол бир яхшилик қилиб ёзиб қўяди».Чунки яхшиликни қасд қилишнинг ўзи яхши нарса. Яхшиликни қасд қилган банда тезда уни қилиши ҳам аниқ. Шунинг учун унга тарғиб бўлсин деб, доимо яхшилик ниятида юриши учун қилган ниятига ҳам, гарчи у амалга ошмаса-да, бир яхшилик савоби ёзилади.«Агар уни қасд қилиб, амал ҳам қилса, Аллоҳ азза ва жалла уни Ўз ҳузурида ўнтадан етти юз яхшиликкача, ундан ҳам бир неча марта кўп қилиб ёзади». Яъни, банда ўзи қасд қилган яхшилигини амалга оширса, Аллоҳ банданинг ихлосига қараб ўша яхшиликни Ўз ҳузурида ўнтадан то етти юзгача, ундан ҳам бир неча марта кўпроқ яхшилик қилган, деб ёзади. Ана ўшанинг савобини беради.Демак, ният билан яхшилик қилган мусулмон одамга бериладиган энг оз ажр унинг қилган яхшилигига нисбатан ўн баробар кўп бўлади. Кўпи эса банданинг ихлосига қараб ўн биттадан бошлаб, етти юз ва ундан яна Аллоҳнинг Ўзи билганича кўпайтирилади. Бу ҳам Ислом шариатининг мислсиз гўзалликларидан, осонлигидан. Банда ичини пок қилиши, қалбини мусаффо тутиши ва бунинг самараси ўлароқ пайдо бўлган ихлоси туфайли бировлар бир ишни қилиб олган савобдан, худди ўша ишни қилиб туриб сонсиз-саноқсиз марта кўп савоб олиши мумкин. «Агар бир ёмонликни қасд қилса-ю, унга амал қилмаса, Аллоҳ уни Ўз ҳузурида бир яхшилик қилиб ёзади». Яъни, банда бир ёмонликни қасд қилди. Сўнгра гуноҳ бўлишидан, Аллоҳнинг азобига йўлиқишидан қўрқиб, ўша ёмонликни қилмади. Шунинг ўзи яхшилик, балки яхшиликнинг бошланиши. Аллоҳдан қўрқиб ёмонликни тарк қилган одам энди яхшилик қилишга ўтади. Бу мукофот эса уни доимо яхшиликка чорлайди.Киши ёмонликни қасд қила туриб, уни амалга оширмагани эвазига бир яхшилик савоби олиши учун, аввало, ўша ёмонликни Аллоҳдан қўрқиб тарк этиши шарт. Агар бошқа сабаб билан тарк этса, қилган ниятига яраша гуноҳ ёзилади.Мисол учун, бирор кимса бир мусулмоннинг устидан иғво-бўҳтон қўзиш учун борса-ю, масъул одамни топа олмай қайтса, унга гуноҳ ёзилаверади.Шунингдек, ҳаром ичимлик ичмоқчи бўлган киши дўкондан ўша ичимликни топа олмагани учунгина ичмаса, қилган ёмон ниятига яраша унга ҳам гуноҳ ёзилаверади.Аммо, аввал айтгандек, ният қилгандан кейин Аллоҳдан қўрқиб, ёмонликни тарк қилса, яхшиликнинг савоби ёзилади.«Агар у (ёмонлик)ни қасд қилиб, амал ҳам қилса, Аллоҳ уни бир ёмонлик қилиб ёзади».Бу ҳам Аллоҳнинг фазли ва марҳамати. Агар кўп қилиб ёзаман деса, яхшиликни кўпайтириб ёзганидек, ёмонликни ҳам кўпайтириб ёзиши мумкин эди. Аллоҳ таоло ундоқ қилмайди.Ушбу ҳадисдан оладиган фойдаларимиз:1. Аллоҳ таоло азалдан яхшилик ва ёмонликларни Лавҳул Маҳфузга ёзиб қўйгани.2. Аллоҳ таоло яхшилик нима-ю, ёмонлик нима эканини Ўз махлуқотларига баён қилиб бергани.3. Мўмин банда қасд қилган яхшилиги учун ҳам савоб олиши.4. Мўмин банда қасд қилган яхшилигини амалга оширса, ўнтадан етти юзгача ва ундан ҳам кўп савоб олиши мумкинлиги.5. Мўмин банданинг қилган амалига савобнинг кўпайиши унинг ихлоси даражасига боғлиқлиги.6. Мўмин банда бир ёмонликни қасд қилиб, сўнгра Аллоҳдан қўрқиб уни тарк этса, яхшилик ёзилиши.7. Банда бир ёмонликни қасд қилганидан сўнг уни амалга оширса, бир ёмонлик этиб ёзилиши.Ушбу ҳадиси шарифдан Ислом дини қанчалар яхшилик тарафдори эканини, кишилар ихлосли бўлиш учун қанчалар рағбатлантирилганини билиб оламиз. Қайси бир дин, тузум бировга фақат яхшиликни ният қилгани учун, унга амал қилмаса ҳам, мукофот беради? Исломдан бошқа қайси бир дин ёки тузум бир яхшиликка етти юз ва ундан кўп баробар мукофот беради? Исломдан бошқа қайси бир дин ёки тузум қилган ёмон ниятидан қайтган киши учун яхшилик қилганга тенг мукофот беради?Бу ишларнинг ҳаммасида инсондан ортиқча ҳаракат ёхуд азият талаб қилинмайди. Фақат бир нарса – ўша ихлос талаб қилинади. Ихлос эса қалбни мусаффо, ботинни пок тутиб, худди Аллоҳни кўриб тургандек У зотга суюмли бўлиш учун уриниш, холос. Ана ўша ихлос қанчалик кучли бўлса, қилинган яхши амалнинг савоби шунчалик кўпаяверади.Ислом дини – ана шундоқ осон дин. Ислом – ана шундоқ яхшилик тарафдори бўлган дин. Аммо биз мусулмонлар ўз динимизга муносибмизми?Ислом бизга берган имтиёзлардан фойдаланиб, ўзимиз учун кўпроқ ажр-савоб жамлашга уриняпмизми? Қиладиган яхши амалимизни чин ихлос билан, фақат Аллоҳнинг розилиги учун қилаяпмизми? Бандалик билан адашиб қилган ёмон ниятларимиздан Аллоҳ таолодан қўрқиб қайтмоқдамизми? Умуман, бизда ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган маънолар ҳақида тушунча борми?Ҳар бир ниятимиз, қасдимиз Аллоҳга маълум бўлиб, унга яраша савоб ёки гуноҳ номаи аъмолимизга ёзилиб бораётганини биламизми? Ҳар бир қилган амалимизга яраша маълум савоб ёки гуноҳ олаётганимизни доимо ҳис этамизми?Аввал билмасак, энди билдик. Энди ушбу ҳадисга амал қилишимиз лозим. Фақат яхшиликни қасд қилишга ўтайлик. Қасд қилган яхшиликларимизни чин ихлос билан амалга оширишга ўтайлик. Адашиб баъзи бир ёмонликни қасд қиладиган бўлсак, дарҳол ундан қайтадиган бўлайлик. Ана шунда чин мусулмон бўлиб, икки дунё саодатига эришамиз.

Топ рейтинг www.uz Openstat