Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Аждодларимизга Қуръон бағишлаш

08:22 / 07.11.2013 | Exclusive0200 | 1843

Шайх ҳазратлари саволим шундаки, мен илми кучли деб билган бир инсоннинг айтишига қараганда дунёдан ўтган аждодларимизга Қуръон ўқиб савобини бағишласак дуоимиз ижобат бўлмас эмиш, уларни фақат тириклик пайитида дуо қилиш керак деб айтди. Ўтганларимизни тириклик чоғларида қилган гуноҳларини мағфиратини дуо қилиб Аллоҳдан кечиришини сўрасак, биз қилган дуоимиз ижобат бўлмас эмиш. Улар қилган гуноҳлари учун ўзлари жавоб беришади деди. Жавобингиз учун олдиндан катта раҳмат. Аллоҳ ҳамамиздан рози бўлсин. Амин


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Бу гапни бемазҳаблар айтади. Ўзини билган мусулмонлар бундай гапларни айтмайдилар.

Бу ҳақда энг мўътабар ақийда китобларимизда жумладан қуйидагилар келган:

ЎЛГАНЛАРГА ДУО ҚИЛИШ ВА УЛАРГА САВОБ АТАШ

 

97- وَفِي دُعَاءِ الْأَحْيَاءِ وَصَدَقَاتِهمْ مَنْفَعَةٌ لِلْأَمْوَاتِ.

97. Тирикларнинг дуо ва садақаларидан ўлганларга манфаат бордир.

Шарҳ: Аҳли сунна ва жамоа ўлганлар тирикларнинг қилганидан икки йўл билан манфаат олишларига иттифоқ қилганлар.

Биринчиси: Ўлган одам тириклигида қилган амалидан манфаат олади. Яъни банданинг тириклик чоғида охирати учун тақдим қилган ишлари ўлганидан кейин ўзига манфаат етишига сабаб бўлади.

Иккинчиси: Ўлган одам мусулмонларнинг унинг ҳаққига қилган дуо ва истиғфорлари, унинг номидан қилган садақалари ва ҳажларидан ҳам манфаат олади.

«Баданий ибодатнинг савоби ўлганга етадими, йўқми? » деган масалада ихтилоф қилинган. Баданий ибодат рўза, намоз, Қуръон қироати ва зикрга ўхшаш нарсалардан иборат.

1. Абу Ҳанифа, Аҳмад ибн Ҳанбал ва салаф уламоларнинг жумҳури: «Баданий ибодатнинг савоби ўлганга етади», деганлар.

2. Шофеъий мазҳабининг машҳур қавлига ва Моликнинг  сўзига кўра, етмайди.

Ўлганга ўзидан бошқанинг амалининг савоби етишига далил Қуръонда, Суннатда, Ижмўда ва саҳиҳ Қиёсда бордир:

1. Қуръондан далил:

«Улардан кейин келганлар: «Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин. . . » дерлар» (Ҳашр сураси, 10-оят).

Аллоҳ таоло ушбу оятда ўзларидан олдин ўтган мўминларга мағфират сўраганларни мадҳ қилмоқда. Бу эса ўлганлар тирикларнинг истиғфоридан манфаат олишига далолат қилади.

2. Суннатдан далил:

عَنْ عُثْمَانَ بْنِ عَفَّانَ t قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ r إِذَا فَرَغَ مِنْ دَفْنِ الْمَيِّتِ وَقَفَ عَلَيْهِ فَقَالَ: «اسْتَغْفِرُوا لِأَخِيكُمْ، وَسَلُوا لَهُ التَّثْبِيتَ، فَإِنَّهُ الْآنَ يُسْأَلُ». (رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ فِي سُنَنِهِ).

Имом Абу Довуднинг «Сунан» китобида Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлик дафн қилиб бўлинганидан кейин устида туриб: «Биродарингизга истиғфор айтинглар. Унга собитлик сўранглар. Чунки у ҳозир сўроқ қилинмоқда», дер эдилар».

Шунингдек, ўлганларнинг қабрларини зиёрат қилган вақтда уларнинг ҳақларига дуо қилиш.

Имом Муслимнинг «Саҳиҳ» китобларида келган ҳадис бунга мисол: «Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Қабр аҳлларига истиғфор айтсангиз нима дейсиз? » деб сўрадилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

قَالَ r: «قُولِي السَّلَامُ عَلَى أَهْلِ الدِّيَارِ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُسْلِمِينَ، وَيَرْحَمُ اللهُ الْمُسْتَقْدِمِينَ مِنَّا وَالْمُسْتَأْخِرِينَ، وَإِنَّا إِنْ شَاءَ اللهُ بِكُمْ لَلَاحِقُونَ». (رَوَاهُ مُسْلِمٌ).

«Ассалому алайкум, эй мўмин ва мусулмонлар диёри аҳли. Аллоҳ биздан ва сиздан олдин ўтганларнию, кейин қолганларни раҳм қилсин. Ва албатта, биз ҳам сизларга келиб қўшиламиз», дедилар.

3. Ижмўдан далил:

Ислом умматининг ижмўси маййитга ўқиладиган жаноза намозидаги дуони далил қилиб: «Ўлган тирикларнинг дуосидан манфаат олади», деганлар. Суннатда келган жаноза намозидаги дуолар маълум ва машҳурдир. Уларни ўз аҳли билади.

4. Саҳиҳ Қиёсдан далил:

Баданий ибодат бўлмиш дуо ўлганга манфаат берганидан кейин (бунга Қуръон, Суннат ва Ижмўдан далил келтирдик), рўза, намоз каби бошқа баданий ибодатлар ҳам манфаат бериши турган гап. Чунки орада фарқ йўқ. Бунинг устига, бошқа баданий ибодатлар ҳам манфаат бериши ҳақида ҳужжат ва далиллар бор.

Садақанинг савоби ўлганга етишига далил:

أَنَّ رَجُلًا أَتَى النَّبِيَّ r فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّ أُمِّيَ افْتُلِتَتْ نَفْسَهَا وَلَمْ تُوصِ، وَأَظُنُّهَا لَوْ تَكَلَّمَتْ تَصَدَّقَتْ، أَفَلَهَا أَجْرٌ إِنْ تَصَدَّقْتُ عَنْهَا؟ قَالَ: «نَعَمْ». (رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَالنَّسَائِيُّ عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا).

«Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, онамнинг жони бирдан чиқди. Васият қила олмади. Ўйлайманки, агар гапирса, садақа қилар эди. Унинг номидан садақа қилсам, унга ажр бўладими? » деди.

«Ҳа», дедилар» (Бухорий, Муслим ва Насаий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар).

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: تُوُفِّيَتْ أُمُّ سَعْدِ بْنِ عُبَادَةَ وَهُوَ غَائِبٌ عَنْهَا، فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّ أُمِّي تُوُفِّيَتْ وَأَنَا غَائِبٌ عَنْهَا، أَيَنْفَعُهَا شَيْءٌ إِنْ تَصَدَّقْتُ بِهِ عَنْهَا؟ قَالَ: «نَعَمْ»، قَالَ: فَإِنِّي أُشْهِدُكَ أَنَّ حَائِطِي الْمِخْرَافَ صَدَقَةٌ عَنْهَا. (رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ).

 Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Саъд ибн Убоданинг онаси у ғойиблигида вафот этди. У: «Эй Аллоҳнинг Расули, онам менинг йўқлигимда вафот этди. Агар у кишининг номидан бирор нарса садақа қилсам, унга манфаати бўладими? » деди.

«Ҳа», дедилар у зот.

«Сизни гувоҳ қилиб айтаманки, мевали боғим у кишининг номидан садақа», деди» (Бухорий, Термизий, Насаий ривоят қилганлар).

Рўзанинг савоби етишига далил:

قَوْلُهُ r: «مَنْ مَاتَ وَعَلَيْهِ صِيَامٌ صَامَ عَنْهُ وَلِيُّهُ». (رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا).

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким вафот этса-ю, зиммасида рўза тутиш бўлса, унинг номидан валийси рўза тутади», деганлар» (Бухорий ва Муслим Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар).

Лекин Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ: «Маййитнинг номидан рўзанинг ўрнига мискинни таомлантиради», дейдилар. У кишининг далиллари Насаийнинг «Сунан»ларидаги Ибн Аббоснинг ҳадисидир: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биров бировнинг номидан намоз ўқимайди. Биров бировнинг номидан рўза тутмайди. Лекин унинг номидан ҳар куннинг ўрнига бир мудд буғдой таом беради», дедилар» (Насоий мавқуф шаклда ривоят қилган).

Ҳажнинг савоби етишига далил:

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ امْرَأَةً مِنْ جُهَيْنَةَ جَاءَتْ إِلَى النَّبِيِّ r فَقَالَتْ: إِنَّ أُمِّي نَذَرَتْ أَنْ تَحُجَّ، فَلَمْ تَحُجَّ حَتَّى مَاتَتْ، أَفَأَحُجُّ عَنْهَا؟ قَالَ: «نَعَمْ، حُجِّي عَنْهَا، أَرَأَيْتِ لَوْ كَانَ عَلَى أُمِّكِ دَيْنٌ أَكُنْتِ قَاضِيَةً؟ اقْضُوا اللهَ، فَاللهُ أَحَقُّ بِالْوَفَاءِ». (رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Жуҳайналик[1] бир аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Онам ҳаж қилишни назр қилган эди, лекин ҳаж қила олмай, вафот этди. Унинг номидан ҳаж қилсам бўладими? » деб сўради. У зот: «Ҳа, унинг номидан ҳаж қил. Айт-чи, агар онангнинг зиммасида қарзи бўлса, адо қилган бўлармидинг? Аллоҳнинг ҳаққини адо қилинглар! Аллоҳ вафога ҳақли Зотдир! » дедилар» (Бухорий ривоят қилган).

Шунингдек, мусулмонлар ўлган одамнинг қарзини бошқа биров, ҳатто бегона одам ҳам тўлаб қўйса, маййитнинг меросидан бошқа молдан тўланса ҳам, унинг зиммасидаги қарз соқит бўлишига ижмў қилишган.

Бунинг далили – Абу Қатоданинг ҳадисидир. Абу Қатода розияллоҳу анҳу бир маййитнинг икки динор қарзини ўз бўйнига олган. Кейин ўша икки динорни ҳақдорга берганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Энди (маййитнинг) териси (қарз тафтидан) совуди», деганлар (Ҳоким ривоят қилган).

Худди рўза ва ҳажнинг савоби етганидек, ҳақ олмасдан, холисона Қуръон қироат қилиб, савоби ўлганга бағишланса, унинг савоби ҳам етади.

Агар «Бу иш салаф уламолар орасида маълум бўлмаган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам буни қилишга иршод қилмаганлар-ку! » деган эътироз бўлса, жавоб шуки:

Агар эътироз қилувчи ҳаж, рўза ва дуонинг савоби етишини эътироф қиладиган бўлса, булар билан Қуръон қироати савобининг етиши орасида нима фарқ бор? Салафларнинг бу ишни қилмагани савобнинг етмаслигига далил эмас.

Агар «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқанинг номидан рўза, намоз, ҳаж ва садақа адо қилишга иршод қилганлар. Қироатга эса иршод қилмаганлар», деган эътироз бўлса, жавобимиз қуйидагича:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сабабсиз, аввал бошдан иршод қилганларида, қироатнинг савоби етмаслигига далил бўлиши мумкин эди. Бироқ одамлар ўлган шахс номидан рўза тутиш, ҳаж қилиш ҳақида сўраб келганларида, у зот изн берганлар. Бундан бошқа нарсаларни ман қилмаганлар. (Агар бирон киши Қуръон қироати ҳақида сўраганида, изн берган бўлар эдилар).

 Билингки, Қуръон қироати савобини бағишлаш учун маросим уюштириш, Қуръон жузларини бўлиб бериш, жамоат бўлиб, овоз чиқариб дуо қилиш каби одат бўлиб қолган нарсалар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобалар, тобеъинлар, табаъ тобеъинлар ва мужтаҳид уламоларнинг бирортасидан ҳам собит бўлмаган. Ўлган одамнинг номидан рўза тутиш, ҳаж ва садақа қилишнинг маълум шакли бўлмаганидек, Қуръон қироатининг ҳам маълум шакли ёки шарт-шароити йўқ. Ўлган одамга савоб бўлишини хоҳлаган одам бир ўзи тиловат қилиб, дуо ила савобини бағишлаб қўяверади.

Аммо бировни Қуръон тиловат қилиб, савобини маййитга бағишлаш учун ёллаб олишни салаф уламолардан ҳеч ким қилмаган. Дин пешволаридан бирорталари бу ишга амр қилмаганлар, рухсат ҳам бермаганлар. Чунки амал Аллоҳ учун холис бўлгандагина, ундан савоб етади. Ажр-ҳақ олиш учун ёлланган одамнинг қироати эса холисона эмас. Шунинг учун ундан савоб ҳам ҳосил бўлмайдики, маййитга бағишласа.

Шунинг учун ҳам имомлардан бирортаси рўза тутиб, намоз ўқиб, савобини маййитга бағишлаш учун бировни ижарага олиш мумкин, демаганлар.

 

САВОБНИ БАFИШЛАШ ҲАҚИДА АҲЛИ БИДъАТНИНГ МАЗҲАБИ

 

Мутакаллимлардан баъзи бир аҳли бидъатлар: «Ўтган одамга на дуонинг ва на бошқа нарсанинг савоби мутлақо етмайди, (яъни маййитга ҳеч нарсанинг савоби етмайди)» деганлар. Уларнинг бу гаплари юқорида Қуръон ва Суннатдан келтирилган далиллар ила мардуддир.

Аҳли бидъатнинг далиллари:

«Ҳар бир инсонга ўзи қилганидан бошқа нарса бўлмас» (Нажм сураси, 39-оят).

«Қилиб ўтган амалларингиздан бошқасига жазо ҳам олмассиз» (Ёсин сураси, 54-оят).

«Қилган яхши касби ўз фойдасига, қилган ёмон касби ўз зарарига» (Бақара сураси, 286-оят).

وقوله r: «إِذَا مَاتَ ابْنُ آدَمَ انْقَطَعَ عَمَلُهُ إِلَّا مِنْ ثَلَاثٍ: صَدَقَةٍ جَارِيَةٍ، أَوْ عِلْمٍ يُنْتَفَعُ بِهِ، أَوْ وَلَدٍ صَالِحٍ يَدْعُو لَهُ». (رَوَاهُ مسلم عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ t).

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Қачонки одам боласи ўлса, унинг уч нарсадан бошқа амали кесилади: садақаи жория, манфаат оладиган илм ёки унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд», дедилар» (Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Аҳли бидъатнинг далилларига жавоб:

Уларнинг «Ҳар бир инсонга ўзи қилганидан бошқа нарса бўлмас» (Нажм сураси, 39-оят) ояти ҳақида айтган гапларига жавоб шуки, аввало инсон ҳаётлик чоғида ўз саъйи-ҳаракати, гўзал муносабати билан дўстлар орттиради, аёлларни никоҳлаб олади, фарзанд орттиради, кўплаб яхшиликлар қилади. Ўлгандан кейин одамлар унга Аллоҳдан раҳмат сўраб дуо қиладилар, қилган тоат-ибодатларининг савобини унга бағишлайдилар. Булар ўша одамнинг саъй-ҳаракатининг самараси бўлади.

Иккинчидан, Қуръон одам ўзидан бошқанинг саъй-ҳаракатидан манфаат олишини инкор қилмади. Қуръон одам ўзидан бошқанинг саъй-ҳаракатига эга бўлишини инкор қилди. Бу икки иш орасида, яъни инсоннинг ўзидан бошқанинг саъй-ҳаракатидан манфаат олмаслиги билан унга эга бўлмаслиги орасидаги фарқ махфий эмас, очиқ-ойдиндир. Аллоҳ таоло инсон фақат ўз саъй-ҳаракатига эга экани, бошқанинг саъй-ҳаракатига ўша бошқанинг ўзи эга бўлиши ҳақида хабар берди. Ўзи эга бўлган нарсани эса хоҳласа ўзига олиб қолади, хоҳласа бошқага беради.

Ушбу оятни ўзидан олдингиси билан боғлаш ҳам бизнинг жавобимизни қувватлайди. Чунки олдинги оятда: «Ҳеч бир юкли жон бошқанинг юкини кўтармас»,   дейилган (Анъом сураси, 164-оят). Бу эса Аллоҳ таоло ҳеч кимни бошқа бировнинг гуноҳи туфайли иқоб қилмаслигини, бу дунёнинг подшоҳларига ўхшаб бировнинг маъсияти учун бошқани жазоламаслигини тақозо қилади. Иккинчидан, ҳар бир киши бировнинг амали билан эмас, фақат ўз амали ила нажот топишини тақозо этади. Шундай бўлгандагина, инсоннинг ота-боболари, ўтганлари ва машойихлари амали ила нажот топиш ҳақидаги хом хаёли кесилади.

2. Шунингдек, «Қилган яхши касби ўз фойдасига, қилган ёмон касби ўз зарарига» (Бақара сураси, 286-оят) оятининг маъноси ҳам аввалги оятнинг маъносига ўхшайди. Ҳар бир шахс ўз касбининг эгаси, бировнинг касбининг эгаси эмасдир. Ўз маъсияти туфайли иқоб қилинур, бошқанинг маъсияти туфайли эмас.

3.  Энди «Қилиб ўтган амалларингиздан бошқасига жазо ҳам олмассиз» (Ёсин сураси, 54-оят) ояти сиёқига тўлиқ қарайдиган бўлсак, «Бугунги кунда бирор жонга ҳеч бир зулм қилинмас. Қилиб ўтган амалларингиздан бошқасига жазо ҳам олмассиз», дейилган. Яъни банда бошқа бировнинг қилган амали туфайли жазога тортилмаслиги таъкидланмоқда. Бошқанинг амалидан манфаат олиши эмас.

4.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қачонки одам боласи ўлса, унинг уч нарсадан бошқа амали кесилади», деган сўзларига келсак, бу ҳадиснинг далил қилиб келтиришнинг ўзи нотўғридир. Чунки унда «амали кесилади», дейилган, «манфаатланиши кесилади», дейилмаган. Ҳар бир амалга унинг қилувчиси эгадир. Хоҳласа ўзига олади, хоҳласа ўзгага бағишлайди.




[1] Жуҳайна – арабларнинг Қузўа қабиласи таркибидаги бир қабила бўлиб, Жуҳайна ибн Зайд ибн Лайс ибн Асвад ибн Аслам ибн Алҳоф ибн Қузўага мансуб.

Топ рейтинг www.uz Openstat