Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Бидьат хасана

19:02 / 08.01.2022 | fasbir sobron jamila | 983

Ассалому алайкум! Биьати хасана хакида тушунча бериб куйинглар илтимос. Унга нималар кириши мумкин


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! “Бидъат” сўзи луғатда “ўхшаши бўлмаган янги нарсани пайдо қилиш, диний ақидаларга киритилган ўринсиз ислоҳ”, – деган маънони билдиради. Истилоҳда эса Аллома Иззиддин ибн Абдуссалом шундай таърифлаганлар:

اَلْبِدْعَةُ فِعْلُ مَا لَمْ يُعْهَدْ فِي عَصْرِ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ

“Бидъат – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган нарсани амалга оширишдир” (“Қавоидул аҳком” китоби).
Демак, ибодатларда асри саодатда учрамаган, балки, кейинчалик динда янги пайдо бўлган амаллар бидъат ҳисобланар экан. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

عَليْكُمْ بِسُنَّتِي وَسُنَّةِ الخُلَفَاءِ الرَّاشِدِيْنَ المَهْدِيِّينَ، عَضُّوا عَلَيْها بالنَّوَاجِذِ، وَإيَّاكُمْ وَمُحْدَثاتِ الأُمُورِ، فإنَّ كُلَّ بِدْعَةٍ ضَلالَةٌ” (رَوَاهُ الإمام أَبُو دَاوُدَ وَالإمام التِّرْمِذِيُّ عَن العِرْبَاضِ بْنِ سَارِيَة).

яъни: “Сизлар менинг ва тўғри йўлда юрувчи, ҳидоят топган хулафоларимнинг йўлини тутиб, уни озиқ тишларингиз билан тишлагандек, маҳкам ушланглар. Динга янгиликлар киритишдан сақланинглар, албатта, ҳар қандай бидъат – залолатдир” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).
Динга янгилик киритиш, гўёки, Аллоҳ ва унинг Расули билмаган нарсани “мен топдим”, – деган даъво қилишдир. Ваҳоланки, Ислом — Аллоҳ томонидан юборилган мукаммал ва баркамол диндир. Биз мусулмонларнинг вазифамиз – динимизнинг моҳиятини тўғри англаб етиб, ҳаётимизга татбиқ қилиш ва турли бидъат-хурофотларни пайдо қилмасликдир.
Уламоларимиз бидъатни икки қисмга бўлганлар: бидъати ҳасана (яхши бидъат) ва бидъати саййиа (ёмон бидъат).
Бидъати ҳасана – шариатда асли бўлган амални шу аслга таяниб, уни шакллантириш учун жорий қилинган қўшимча амалларга айтилади. Бунга ҳазрати Умар разияллоҳу анҳунинг ишларини мисол қилиш мумкин. Суннат амал бўлган Таровеҳ намозини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам жамоат билан ўқимас эдилар. Ҳазрати Умар эса халифалик даврларида мазкур намозни имомга иқтидо қилиб, жамоат билан ўқишни жорий қилдилар ва: “Қандай яхши бидъат бўлди”, – дедилар.
Шунга биноан диний илмлар ўргатиш учун алоҳида мадрасалар қуриш, китоблар чоп этиш, масжидларга гилам солиш, Расулуллоҳ саллоҳу алайҳи васалламни гўзал сийратларини тарғиб қилиш учун мавлид ўқиш сингари дин асосларига зид бўлмаган амаллар бидъати ҳасана бўлади. Унга амал қилиш жоиз ва у залолатга бошламайди.
Бидъати саййиа эса – шаръий асосга эга бўлмаган бирор амал ёки эътиқодни жорий этишдир. Бундай бидъат айни залолат бўлиб, уни шариатимизда рад этилгандир. Қуйидаги ҳадиси шариф ҳам шунга далолат қилади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

مَنْ أَحْدَثَ فِي أَمْرِنَا هَذَا مَا لَيْسَ مِنْهُ فَهُوَ رَدٌّ” (رَوَاهُ الإمام البُخَارِيُّ وَالإمام مُسْلِمٌ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ).

яъни: “Ким бизнинг динимизда унда бўлмаган янги нарсани киритса, рад қилинади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳадис шарҳида бундай дейдилар: “Бу – динни сохталаштириб, бузишдан асровчи ҳадислар жумласидан бўлиб, муҳим қоидани ўз ичига олган. Яъни, динга зид ва диннинг далиллари, қоидаларига хилоф бўлган ҳар қандай бидъатни рад қилиш лозим эканлигини ифодалайди. Аммо динга зид бўлмаган, шу билан бирга, унинг асосларига таянган ҳолда кейинчалик динни ҳимоялаш учун жорий қилинган амаллар рад этилмайди” (“Фатҳул борий шарҳи саҳиҳил Бухорий” китоби).
Ҳанафий мазҳабининг муҳаққиқ олмларидан Мулла Али Қори шундай дейдилар:

ومعنى الحديث : أن من أحدث في الإسلام رأياً لم يكن له من الكتاب والسنة سند ظاهر أو خفي ، ملفوظ أو مستنبط ، فهو مردود عليه

яъни: “…Ҳадиснинг маъноси, ким Исломда бир “фикр” ўйлаб топса, унга Қуръондан ҳам, суннатдан ҳам, очиқ ойдин ёки махфий, лафзий ёки мустанбат (ижтиҳод қилиб топилган) асос бўлмаса, у (фикр ёки амал) рад қилингандир” (“Мирқотул мафотиҳ” китоби).
Уламоларимиз бидъати ҳасана ва бидъати саййиа ўртасини ажратиб олиш учун асосий мезон бу – шариатимизнинг умумий қоидаларидир, деганлар. Яъни, Пайғамбар алайҳиссалом даврларида кузатилмаган бирор бир амал ушбу шариат қоидаларига мувофиқ келса, залолатга бошловчи бидъат саналмайди. Аксинча, мақталган, яхши бидъат саналади.
Демак, Пайғамбаримиз алайҳиссалом давриларида бўлмаган ҳар бир амал ҳам ёмон бидъат бўлавермайди. Балки, шариатимизнинг умумий қоидаларига зид бўлган ёхуд унга асосланмаган ҳар қандай амал ёки эътиқод залолатга бошловчи бидъат саналади. Ҳар бир мусулмон айнан ушбу бидъатдан сақланиши лозим бўлади. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat