Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Намоздаги хушъу

17:09 / 23.10.2013 | imona | 1667

Ҳазрат! Намоз укиётган вактимда иложи борича хушъу билан укишга харакат киламан лекин буни хар доимхам эплай олмайман нималарнидир уйлаб баъзида адашибхам кетаман. Бошка нарсаларни уйламасликка канча харакат килмай барибир хаёл олиб кетиб коладим. Ҳазрат намозларимни бехато хушъу билан укишни жудаям хохламан. Бунинг учун нима килсам бўлади илтимос, ёрдам берин! ! ! ? ? ?


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

 Намозда хушуъ

 

Намознинг фарз, вожиб ва суннатлари борлиги маълум. Шунингдек, намознинг руҳи ҳам бўлиб, у ният, ихлос, хушуъ ва қалб ҳозирлигидан иборат.

Аввал ҳам таъкидлаб ўтилганидек, хушуъ қўрқув билан сукунатнинг бирга қўшилганидир.

Намознинг ҳаёти ва ички одобларидан бири хушуъдир. Айнан хушуъ орқали намоз ички покланиш омилига айланади. Хушуъли намозгина қалбни пок-лаш ва ахлоқни сайқаллашга хизмат қилади.

عَنْ شَدَّادِ بْنِ أَوْسٍ t أَنَّ رَسُولَ اللهِ r قَالَ: أَوَّلُ مَا يُرْفَعُ مِنَ النَّاسِ الْخُشُوعُ. أَخْرَجَهُ الطَّبَرَانِيُّ.

Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ердан энг аввал кўтариладиган илм хушуъдир», – дедилар».

Тобароний ривоят қилган.

Хушуъ илм бўлиши билан бирга, нажот то­пувчиларнинг аломати ҳамдир.

Аллоҳ таоло «Муъминун» сурасида:

 

«Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида хушуъ қилувчилардир», деган (1-, 2-оятлар).

Маълумки, хушуъ қалбга оид амалдир. Хушуъли қалб тузук, хушуъсиз қалб бузуқдир. Қалбнинг бузуқлиги ва тузуклигига қараб инсоннинг ўзининг бузуқ ёки тузуклиги белгиланади.

عَنِ النُّعْمَانِ بْنِ بَشِيرٍ t عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: أَلاَ وَإِنَّ فِي الْجَسَدِ مُضْغَةً إِذَا صَلَحَتْ صَلَحَ الْجَسَدُ كُلُّهُ وَإِذَا فَسَدَتْ فَسَدَ الْجَسَدُ كُلُّهُ أَلاَ وَهِيَ الْقَلْبُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Огоҳ бўлингким! Албатта, жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ бўлса, жасаднинг ҳаммаси солиҳ бўлур. Қачон у бузуқ бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузуқ бўлур. Огоҳ бўлингким! Ўша нарса қалбдир», – дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ الصُّنَابِحِيِّ t قَالَ: أَنِّي سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ r يَقُولُ: خَمْسُ صَلَوَاتٍ افْتَرَضَهُنَّ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ مَنْ أَحْسَنَ وُضُوءَهُنَّ وَصَلاَّهُنَّ لِوَقْتِهِنَّ وَأَتَمَّ رُكُوعَهُنَّ وَخُشُوعَهُنَّ كَانَ لَهُ عَلَى اللهِ عَهْدٌ أَنْ يَغْفِرَ لَهُ وَمَنْ لَمْ يَفْعَلْ فَلَيْسَ لَهُ عَلَى اللهِ عَهْدٌ إِنْ شَاءَ غَفَرَ لَهُ وَإِنْ شَاءَ عَذَّبَهُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ.

Абудуллоҳ ибн ас-Сунобиҳий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Банда беш вақт намозни ўз вақтида, рукуъни ва хушуъни жойига келтириб ўқиса, Аллоҳнинг зиммасида уни мағфират қилиш аҳди бўлур. Ким қилмаса, унга Аллоҳнинг зиммасида аҳд бўлмайди. Хоҳласа, мағфират қилади, хоҳласа, азоблайди», деганларини эшитганман», деди».

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.

عَنْ مُطَرِّفٍ عَنْ أَبِيهِ t قَالَ: رَأَيْتُ رَسُولَ اللهِ r يُصَلِّي وَفِي صَدْرِهِ أَزِيزٌ كَأَزِيزِ الرَّحَى أَوِ الْمِرْجَلِ مِنَ الْبُكَاءِ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.

Мутаррифдан, у отасидан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намоз ўқиётганларини кўрдим. Кўксиларидаги йиғидан тегирмоннинг ёки қозоннинг овозига ўхшаш овоз чиқиб турар эди».

«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам энг аъло намозхон бўлиб, намоз ўқишни бошқаларга таълим берганлар. Намоз нималигини ҳаммадан яхши англаб етганлар. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намоз ўқисалар, хушуъ ва хузуъини жойига қўйиб ўқиганлар.

Бу ривоятдан кўриниб турибдики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намоз ўқисалар, хавф олиб, йиғи тутар ва кўксиларидан тегирмон ёки қозоннинг қайнашига ўхшаш овоз эшитилиб турар экан.

У кишининг умматлари ичида ҳам хушуъ-хузуъни жойига қўядиганлари кўп бўлган.

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу намоз ўқиса, хушуъдан, қотган таёққа ўхшаб қолар эди. Сажда қилганида чумчуқлар уни девор ҳисоблаб, устига қўнар эди. Бир куни Каъбанинг Ҳатийм тарафида намоз ўқиётганида, тош тушиб, кийимининг бир томонини узиб кетганда ҳам сезмаган.

Маймун ибн Меҳрон розияллоҳу анҳу айтади: «Муслим ибн Ясорни намозда у ёқ бу ёққа қараганини ҳеч кўрмадим. Бир куни у масжидда намоз ўқиётганида масжиднинг бир томони ағдарилиб, бозордаги одамлар ҳаммаси қочиб кетган, аммо у сезмай намозини ўқийверган».

Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг оёғига қорасон касали тушди. Табиблар оёқни сонидан кесиб ташланмаса, дард бутун танага тарқаб, ҳалокатга олиб келади, деган қарорга келишди. Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу: «Ундоқ бўлса, кесиб ташланглар», деди.

Табиблар: «Бунинг учун сизга банж беришимиз керак», дейишди. У киши: «Банж ҳаром, уни истеъмол қилмайман», деди.

Табиблар: «Ундоқ бўлса, оёқни сонингиздан кесиб ташлашнинг иложи йўқ», дейишди.

Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу: «Иложи бор. Сиз асбобларингизни тайёрланг. Мен намоз ўқийман. Бир маромга етиб, баданим титрай бошлаганда, билганингизни қилаверинг, ҳеч нарса бўлмайди», деди.

Кейин у киши намозга турди. Бадани титрай бошлади. Табиблар ўша даврнинг услуби ила қорасон тушган оёқни сонидан кесишди. Сўнгра кесилган сонни қайнаб турган ёғга солиб, оқаётган қонни тўхтатганларида, Урва розияллоҳу анҳу намозни тугатиб, ҳушидан кетди.

 

Намозда қалб ҳозирлиги

 

Намозда қироат, зикр, муножот ва бошқа амаллар бор. Агар қалб ҳозирлиги бўлмаса, қироат, зикр ва муножотлардан кўзланган мақсад ҳосил бўлмайди. Шунинг учун ҳам, қалб ҳозирлиги намознинг ҳаёти ва ички одобларидан бири саналади.

«Қалб ҳозирлиги» деганда қалбнинг машғул бўлиб турган нарсасидан ўзгаларидан фориғ бўлиши англанади. Намоз ўқиб турган кишининг қалбида намоздан бошқа нарса бўлмаса, қалби ҳозир бўлган бўлади.

Қалбнинг ҳозир бўлиши ҳимматга боғлиқдир. Киши бирор ишни муҳим деб билса ва унга керакли аҳамият берса, қалби ўша иш учун ҳозир бўлади. Намозда қалб ҳозир бўлиши учун барча аҳамият ва ҳимматни намозга қаратиш лозим бўлади. Охиратга иймоннинг кучли ёки кучсизлигига қараб, ҳиммат ҳам кучли ёки кучсиз бўлади. Намозда қалби ҳозир бўлмаган одам иймони кучсизлигини билсин ва уни кучайтириш ҳаракатида бўлсин.

 

Намозда қалб ҳозир бўлиш омиллари

 

1. Талаффуз қилинаётган каломни фаҳмлаш қалб ҳозир бўлишига хизмат қиладиган омиллардан биридир. Араб тилини билмайдиганлар маъноларини ўзлаштириб олишлари лозим. Унга ҳам қодир бўлмаганлари, энг оз деганда, умумий маънони билиб, талаффуз қилинаётган нарсанинг нима эканини имкони борича билиб турсалар, яхши бўлади. Бунинг учун зеҳнни жамлаб, хаёлни олиб қочадиган нарсалардан узилиш керак бўлади. Хаёлни олиб қочадиган нарсалар ташқи ва ичкига бўлинади.

Ташқиси қулоқ ва кўзни машғул қиладиган нарсалардир. Бу нарсалардан узилиш қиблага яқин туриш, сажда қиладиган ерига назар солиб туриш, нақ­шинкор жойлардан четланиш ва хаёлини олиб қочадиган нарсаларни йўқотиш билан ҳосил бўлади.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا أَنَّ النَّبِيَّ r صَلَّى فِي خَمِيصَةٍ لَهَا أَعْلاَمٌ فَقَالَ: شَغَلَتْنِي أَعْلاَمُ هَذِهِ اذْهَبُوا بِهَا إِلَى أَبِي جَهْمٍ وَأْتُونِي بِأَنْبِجَانِيَّتِهِ. رَوَاهُ الثَلاَثَةُ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам аломатлари бор хомийсада намоз ўқидилар ва: «Бунинг белгилари мени машғул қилиб қўйди. Уни Абу Жаҳмга олиб бориб беринглар ва менга унинг анбижонийятини олиб келинглар», – дедилар».

Учовлари ривоят қилишган.

Хаёлни олиб қочадиган ички нарсалар ташқиларидан кўра кучли бўлади. Бу нарса, кўпинча, дунё­нинг ғамига ботган одамларда бўлади. Бундай одамнинг фикри бир ерда турмайди. Агар кўзини юмиб олса ҳам, фойда бермайди.

Бу ҳолатни муолажа қилиш учун қаттиқ уриниш керак бўлади. Намозга яхшилаб тайёргарлик кўрилади. Барча машғул қиладиган ишларини битиради. Қалбининг холий бўлиши учун ҳаракат қилади. Ўзига ўзи охиратни эслатади. Аллоҳ таолонинг кўриб турганини эсга олади. Намозда дунё ташвишларидан бирортасини хаёлига келтирмасликка ҳаракат қилади.

Омир ибн Абду Қайс раҳматуллоҳи алайҳига: «Намоз пайтида нафсинг сенга бу дунё ишларидан бирортасини айтадими? » дейилганда, «Бундан кўра баданимнинг турли тарафидан найза кириб, ичимда тўқнашгани яхшироқ», деб жавоб берган экан.

Албатта, дунё муҳаббатини қалбдан узиб қўйиш қийин иш. Уни бутунлай йўқотиш ундан ҳам қийин. Аммо, имкони борича, намозда дунё муҳаббатидан четланишга ҳаракат қилиш керак.

2. Аллоҳнинг таъзими ва ҳайбати ҳам қалб ҳозир бўлишига хизмат қиладиган омиллардандир.

Аллоҳнинг таъзими У зотни улуғлаш ва азаматини ҳис қилишни ўрганиш ила юзага келади. Шу билан бирга, нафснинг ҳеч нарсага арзимаслигини билиш билан ҳам бўлади. Ҳайбат эса, улуғлашдан келиб чиққан хавфдир. Намозида доимий равишда Аллоҳ таолонинг азаматини ҳис этиб, У зотнинг ҳайбатини сезиб турган одамнинг қалби, албатта, ҳозир бўлади.

3. Умидворлик ҳам қалб ҳозир бўлишига хизмат қиладиган омиллардандир. Одатда, умидворлик қўрқувдан устун турадиган ҳолат бўлади. Намозхон одам ўқиган намозининг савобидан умидвор бўлиши лозим.

 

Намозга оид амалларда

қалб ҳозирлиги

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ t عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: إنَّ أُمَّتِي يُدْعَونَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ غُرّاً مُحَجَّلِينَ مِنْ آثَارِ الْوُضُوءِ فَمَنِ اسْتطَاعَ مِنْكمْ أَنْ يُطِيلَ غُرَّتَهُ فَلْيَفْعَلْ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلاَّ أَبَا دَاوُدَ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, умматим қиёмат куни тоҳаратнинг асаридан пешоналари оппоқ ва оёқ-қўлларидан нур таралиб турган ҳолларида чақирилурлар. Бас, сиздан ким ўз пешонасидаги қашқасини узайтиришга қодир бўлса, шуни қилсин», – дедилар».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ t عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: إِذَا تَوَضَّأَ الْعَبْدُ الْمُسْلِمُ أَوِ الْمُؤْمِنُ فَغَسَلَ وَجْهَهُ خَرَجَ مِنْ وَجْهِهِ كُلُّ خَطِيئَةٍ نَظَرَ إِلَيْهَا بِعَيْنَيْهِ مَعَ الْمَاءِ أَوْ مَعَ آخِرِ قَطْرِ الْمَاءِ فَإِذَا غَسَلَ يَدَيْهِ خَرَجَ مِنْ يَدَيْهِ كُلُّ خَطِيئَةٍ كَانَ بَطَشَتْهَا يَدَاهُ مَعَ الْمَاءِ أَوْ مَعَ آخِرِ قَطْرِ الْمَاءِ فَإِذَا غَسَلَ رِجْلَيْهِ خَرَجَتْ كُلُّ خَطِيئَةٍ مَشَتْهَا رِجْلاَهُ مَعَ الْمَاءِ أَوْ مَعَ آخِرِ قَطْرِ الْمَاءِ حَتَّى يَخْرُجَ نَقِيّاً مِنَ الذُّنُوبِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَ التِّرْمِذِيُّ.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Вақтики, мусулмон ёки мўмин банда тоҳарат қилса, бас, у юзини ювганда ўша сув ёки ўша сувнинг охирги қатраси ила унинг икки кўзининг назари орқали қилган хатолари юзидан тўкилади. Вақтики, икки қўлини ювса, ўша сув ёки ўша сувнинг охирги қатраси ила унинг икки қўли билан қилган хатолари тўкилади. Вақтики, икки оёғини ювса, ўша сув ёки ўша сувнинг охирги қатраси ила икки оёғи билан юриб қилган хатолари тўкилади. Шундоқ қилиб, у гуноҳлардан пок бўлиб чиқади».

Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Тоҳарат Аллоҳ таолонинг мусулмон бандаларига кўрсатган улкан марҳамати. Мусулмон банда тоҳарат қилаётганда яхши ният билан Аллоҳ таолодан астойдил тилаб, ушбу ҳадиси шарифни эслаган ҳолда ҳар аъзосини ювганда: «Илоҳо, ушбу аъзолардан содир бўлган гуноҳларим тўкилган бўлсин», деб сўраса, иншоаллоҳ, мақсади ҳосил бўлади. Чунки, тоҳарат қилиш ҳам аввал айтиб ўтилганидек, катта ибодатдир.

Шунинг учун ҳам, тоҳарат қилаётганда бошқа-лар билан гаплашиш, шоша-пиша, чала-чулпа тоҳарат қилишлик каби ҳолатларга йўл қўймаслик керак. Тоҳарат банда учун Аллоҳ таоло томонидан кичик гуноҳларини ювиб олиш учун берилган қулай фурсатдир.

Азонни эшитган одам қиёмат чақириғини хаёлига келтирсин. Ўшанда нима деб жавоб беришини ўйласин. Маҳшарга қай ҳолатда ҳозир бўлишини кўз олдига келтирсин.

Намоз учун авратини тўсганда бу билан халқдан баданининг уят жойларини тўсаётганини билсин ва Ҳақдан ички шармандаликларини ва нуқсонларини қандай тўсишини ўйласин. Уларни фақат тавба – надомат, ҳаё ва уят ҳамда хавфу умидворлик тўсиши мумкинлигини унутмасин.

Қиблага юзланганида турли тарафларни қўйиб, юзини фақат Байтуллоҳга ўгирганини билсин ва қалбини ҳам барча нарсалардан узиб, ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзига боғласин.

Намозхон «Аллоҳу Акбар! » деб такбир айтганда тилини дили тасдиқласин. Ўша сўзни айтганда дилида Аллоҳ таолодан улкан нарса қолмасин. Агар ундай бўлмаса, дили тилини тасдиқламаган бўлади.

Шунингдек, тили билан «Аъуузу биллааҳи»ни айтиб, Аллоҳ таолодан паноҳ тилаганида, дили билан ҳам Аллоҳдан паноҳ сўрамаса, гапи ёлғон бўлади.

Намозхон қироатининг маъносини тушуниб бориши жуда ҳам фойдалидир. Айниқса, «Фотиҳа»ни ўқиганда. . .

Имом Насаий машҳур саҳобий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси қудсийни доимо эсда тутиш лозим:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ t قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ r: يَقُولُ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ: قَسَمْتُ الصَّلاَةَ بَيْنِي وَبَيْنَ عَبْدِي نِصْفَيْنِ فَنِصْفُهَا لِي وَنِصْفُهَا لِعَبْدِي وَلِعَبْدِي مَا سَأَلَ قَالَ رَسُولُ اللهِ r: اقْرَأُوا يَقُولُ الْعَبْدُ: }الْحَمْدُ ِللهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ{ يَقُولُ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ: حَمَدَنِي عَبْدِي يَقُولُ الْعَبْدُ: }الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ{ يَقُولُ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ: أَثْنَى عَلَيَّ عَبْدِي يَقُولُ الْعَبْدُ: }مَالِكِ يَوْمِ الدِّينِ{ يَقُولُ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ: مَجَّدَنِي عَبْدِي يَقُولُ الْعَبْدُ: }إيَّاكَ نَعْبُدُ وَإيَّاكَ نَسْتَعِينُ{ فَهَذِهِ الآيَةُ بَيْنِي وَبَيْنَ عَبْدِي وَلِعَبْدِي مَا سَأَلَ. يَقُولُ الْعَبْدُ: }اهْدِنَا الصِّرَاطَ الْمُسْتَقِيمَ صِرَاطَ الَّذِينَ أَنْعَمْتَ عَلَيْهِمْ غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلاَ الضَّآلِّينَ{ فَهَؤُلاَءِ لِعَبْدِي وَلِعَبْدِي مَا سَأَلَ. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ.

«Аллоҳ таоло айтади: «Намозни Ўзим билан бандам орасида иккига бўлганман, ярми Менга, ярми бандамга ва бандамга сўраган нарсаси.

Агар банда: «Алҳамду лиллааҳи роббил аъламийн» деса, Аллоҳ: «Бандам менга ҳамд-шукр айтди», дейди.

Банда: «ар-Роҳманир Роҳийм», деса, Аллоҳ: «Бандам менга сано – мақтов айтди», дейди.

Банда: «Малики явмиддийн», деса, Аллоҳ: «Бандам мени улуғлади», дейди.

Банда: «Ийяка наъбуду ва ийяка настаъийн», деса, Аллоҳ: «Бу мен билан бандам орасидаги нарса, бандам нимани сўраса, бераман», дейди.

Агар банда: «Иҳдинас-сиротал мустақийм, сироталлазийна анъамта алайҳим ғойрил мағзуби алайҳим ва лаззооллийн», деса, Аллоҳ: «Бу бандамга хос, сўраганини бердим», дейди».

Салафи солиҳлардан намозда қироат маъносини ҳис этиб ҳушидан кетиб ёки ҳаётни тарк этиб йиқилганлар бўлган.

Намозхон рукуъда тавозуъни, саждада хору зорликни ҳис этиб туриши зарур. Шунингдек, намоздаги тасбиҳ, такбир ва барча дуоларни ҳам чин қалбдан, бутун вужуд ила ҳис этиб ўқиш, маъноларини уқиш ва намоздаги мана шу ҳолатларни ҳаётда ҳам сақлаб яшашга ҳаракат қилмоқ лозим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва салафи солиҳларимиз намозда қалбнинг ҳозир бўлмаслигини айб санаганлар.

عَنْ عَمَّارِ بْنِ يَاسِرٍ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ r يَقُولُ: إنَّ الرَّجُلَ لَيَنْصَرِفُ وَمَا كُتِبَ لَهُ إلاَّ عُشْرُ صَلاَتِهِ تُسْعُها ثُمْنُهَا سُبْعُهَا سُدُسُهَا خُمُسُهَا رُبُعُهَا ثُلُثُهَا نِصْفُهَا. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

Аммор ибн Ясир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, бир одам (намозидан) турганда, унга унинг ўндан бири, тўққиздан бири, саккиздан бири, еттидан бири, олтидан бири, бешдан бири, тўртдан бири, учдан бири ёки ярмигина ёзилган бўлади», – дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифдан намоз билан намознинг фарқи борлиги, ҳатто қабул бўлган намозлар орасида ҳам фарқ бўлиши кўриниб турибди.

Ҳамма ҳам намоз ўқийверади, аммо ўша намозга Аллоҳ таоло томонидан бериладиган ажр намозхоннинг ихлоси ва хушуъ-хузуъига қараб берилар экан. Хушуъ-хузуъни, ихлосни жойига қўйган одам намоз учун белгиланган савобнинг ҳаммасини олар экан. Хушуъ-хузуъ ва ихлос камайган сари бериладиган савоб ҳам ярим, учдан бир, тўртдан бир, ўндан бир бўлиб камайиб кетаверади.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу: «Ким намозда туриб қасд ила ўнгида ва чапида ким турганини билса, намози намоз эмас», деган.

Абдул Воҳид ибн Зайд раҳматуллоҳи алайҳи шундай дейди: «Уламолар банда намозидан қанчасини эсида сақласа, шунчаси уники бўлишига ижмў қилишган».

Баъзи мухлис кишилардан қуйидагилар ривоят қилинади: «Бир киши ўғлига: «Масжиддан шом намозини ўқиган намозхонларни бошлаб келгин, уларга эҳсонимиз бор», дебди. Ўғил намоздан кейин масжид дарвозасидан чиқаётганлардан имом «Фотиҳа»дан кейин қайси сурани ўқиганини сўраб, тўғри айтганларни бошлаб келибди. Отаси меҳмонлар озлигининг сабабини сўраса, «Ўзингиз шом намозини ўқиганларни бошлаб кел», деган эдингиз, менимча фақат шулар ўқишди», деб жавоб берибди.

Албатта, бу ўлчовлар тақво юзасидан бўлган ўлчовлардир. Аммо фатво юзасидан бошлаш такбирини айтганда қалби ҳозир бўлиб, намоз ўқиган кишининг фарзи адо бўлади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, қалб ҳозирлиги намознинг руҳидир. Буни ҳеч қачон унутмаслик лозим.

Топ рейтинг www.uz Openstat