Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ҳаж қилиш давомида тижорат

00:00 / 06.10.2008 | eski savollar | 2086
Ассаламу алайкум шайх ҳазратлари. Бир савол билан мурожаат қилмоқчи эдим: Қуръонда «Бақара» сурасида 198-оятда :"(ҳаж сафарида тижорат қилиш билан) Парвардигорингиздан фазлу карам исташингизда сизлар учун ҳеч қандай гуноҳ йўқ..." жумласини ўқидим. Устоз шу пайтгача мен ҳаж пайтида тижорат қилишни ҳаром деб ўйлаган эканман, тўғрироги ёшлигимда шундоқ гаплар эшитгандим. Кимдир ҳажга бориб биратўласига бир қанча сўмкада писта бодом сотиб кепти" каби ғийбатомуз гаплар... Бу оят ҳақида икки оғиз маълумот беринг илтимос. Қолаверса тақво томони, ҳажда тижорат қилмаган яхшими (фикр чалғиши нуқтаи назардан)?

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

- 198. Сизга ўз Роббингиздан фазл исташингизда гуноҳ йўқдир. Арофатдан қайтиб тушганингизда, Аллоҳни машъарул ҳаромда зикр қилинг. Илгари адашганлардан бўлсангиз ҳам, сизни ҳидоятга бошлагани учун Уни зикр қилинг.Оятда зикр қилинган «фазл» сўзи ризқ, касб маъносини англатади. Одамлар ўртасида ҳажга борган киши тижорат билан ёки бошқа бирор касб билан шуғулланса бўлмайди, деган тушунча бор эди. Имом Насафий ривоят қилишларича, бир қавм: «Ҳаммоллик ва тожирлик қилган одамнинг ҳажи ҳаж бўлмайди», деган гапни тарқатганида, шу оят нозил бўлган экан. Шунга ўхшаш маънолар бошқа ривоятларда ҳам келган.Имом Аҳмад қилган ривоятда, Абу Умома айтадиларки:«Абдуллоҳ ибн Умарга биз кирага ишлаймиз, ҳаж қилсак бўларми?» деб сўрасам, «Байтуллоҳни тавоф қилиб, Арофатда вуқуф қилиб, тош отиб, сочингизни олдирасизми?» деди. «Албатта» дедик. У киши:«Бир одам Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб, сен ҳозир мендан сўраган нарсани сўраган эди, жавоб бермай турдилар. Сўнг Жиброил «Сизга ўз Роббингиздан фазл исташингизда гуноҳ йўқдир», деган оятни олиб тушди, дедилар.«Имом Бухорий қилган ривоятда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу : «Укоз, Мажална, Зул-Мажозлар жоҳилият бозорлари эди. Ҳаж мавсумида савдо қилиш гуноҳмикан, деб қолганларида, Аллоҳ тарафидан «Сизга ўз Роббингиздан фазл исташингизда гуноҳ йўқдир», деган оят нозил бўлган», дейдилар.Ибн Жарирнинг ривоятларида, Абу Солиҳ ҳазрат Умардан: «Эй мўминларнинг амири! Ҳажда тижорат қилармидингиз?» деб сўраганида у киши: «Тирикчиликларим ҳаждан бўларди-да», деб жавоб берган эканлар.Айни чоғда, уламолар, кимки ҳаж ва тижоратни ният қилса, тижорат нияти устун бўлса, ҳажнинг савоби қолмайди, деганлар. Демак, олдин тижорат, кейин ҳаж бўлиши керак эмас. Ҳажга астойдил ҳаракат қилиб, орада бўш вақтларда тижорат қилса, бўлаверади. Ҳалол йўл билан ризқ талаб қилиш ҳеч айб бўлмайди.Ризқ талаб қилиш ҳақидаги гаплардан кейин бевосита ҳаж ибодатларининг баёни келиши ҳам бежиз эмас.«Арофатдан қайтиб тушганингизда Аллоҳни машъарул ҳаромда зикр қилинг».«Арофат»нинг луғатдаги маъноси ҳақида ҳазрати Али ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда айтилишича, Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга Ҳазрати Жиброил алайҳиссаломни юбориб ҳажни ўргатган. Арофатга келганларида: «Арафта?» (яъни, «Танидингми?») деб сўраган экан. Чунки бундан аввал ҳам бир марта келган эканлар. Шундан «Арофат» деб номланиб қолган экан. Маъноси–билиш, таниш дегани.Арофатда туриш ҳажнинг бош ибодати, рукни ҳисобланади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Ҳаж Арофатдан иборатдир», деганлар. Арофатнинг чегараси ичида ҳожи арафа куни заволдан бошлаб шу куннинг шомигача бўлган муддатда бир оз бўлса ҳам турмаса, ҳажи ҳаж бўлмайди.Пайғамбаримиз алайҳиссалом видолашув ҳажини қилганларида, пешинни ўқигандан сўнг қуёш ботгунча турганлар. Арофатдан қайтиб тушиш қуёш ботгандан сўнг бошланади. Оятда, Аллоҳни машъарул ҳаромда зикр қилинг, дейилмоқда. Машъарул ҳаром эса, Муздалифа деганидир. «Машъар»–очиқ аломат дегани. Муздалифанинг бу ном билан аталиши ҳарам ҳудудида бўлганидандир. Муздалифанинг маъноси «яқинлашиш» бўлиб, ҳожилар у ерга тушганларида Байтуллоҳга яқинлашадилар. Ҳожилар шом ва хуфтон намозларини қўшиб Муздалифада ўқийдилар. Ҳанафий мазҳабига кўра, Муздалифада ҳайит куни фажрдан кейин бир лаҳза бўлса ҳам туриш вожибдир. Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом ҳам ўз ҳажларида Муздалифада бир азон икки иқома билан шом ва хуфтон намозларини қўшиб ўқиганлар. Сўнгра фажиргача ёнбошлаб, тонг отгандан сўнг бомдодни ўқиб, кейин туяларини миниб, машъарул ҳаромга келганлар ва қиблага қараб дуои такбирлар қилганлар. Тонг ёришгандан сўнг юриб кетганлар.Аллоҳ таоло мусулмонларга машъарул ҳаромда Ўзини зикр қилишга буюрмоқда, уларни ҳидоятга бошлагани учун зикр қилмоқ ила шукр келтиришга амр этмоқда.«Илгари адашганлардан бўлсангиз ҳам, сизни ҳидоятга бошлагани учун уни зикр қилинг».Илгари мусулмонлар Исломдан олдинги ҳаётлари билан мусулмон бўлганларидан кейинги ҳаётларини солиштириб кўриб, бу улуғ неъматларни тушуниб етар эдилар ва уни берган Аллоҳга шукр қилар эдилар. Ҳозирги кунда ҳам янги мусулмон бўлганларнинг кўплари фақат мусулмон бўлганларидан кейингина ўзларини ҳақиқий инсон деб ҳис қилаётганларини айтиб, уларни ҳидоятга бошлаган Аллоҳга шукр айтмоқдалар. Асли мусулмон бўлиб келаётганлар эса, мусулмонмас кишиларни кўриб, уларнинг залолат ботқоғида тортаётган азобларини билиб, ўзларини ҳидоятга бошлаган Аллоҳга шукрлар айтадилар.

Топ рейтинг www.uz Openstat