Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Идда ҳақида

22:50 / 13.05.2014 | Ben Iskender | 1239
Ассалому алайкум, ҳурматли Шайх Ҳазратлари! Ҳазрат иддада ўтирган аёл қачон уйидан чиқиши мумкин? Бир киши касал кўришга, жанозага, тўйга бир кун олдин борса бўлади деди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

- «Идда» сўзи луғатда «санаш», «ҳисоблаш» маъноларини билдиради. Шариатда эса, аёл киши эрининг вафотидан кейин ёки эри билан ажрашгандан сўнг сақлаши лозим бўлган муддатга айтилади. Бу ҳукмнинг шариатга киритилиши бир неча ҳикматларга эгадир: Биринчиси, эридан ажраган аёл ҳомиладорми, йўқми эканлиги аниқланади. Шу билан насл-насаб аралаш-қуралаш бўлиб кетишининг олди олинади. Иккинчиси, ўлган эрнинг ҳурмати бажо келтирилади. Учинчиси, эр билан бирга ўтказилган оилавий ҳаётнинг ҳурмати юзасидан ҳам дарров бошқа эрга тегиб кетмай, идда ўтирилади. Яна бошқа ҳикматлари ҳам бор. Боин ва ражъий талоқнинг иддасида ўтирган аёл уйидан асло чиқмайди. Бу ҳукм «Талоқ» сурасида олинган: «Уларни уйларидан чиқарманглар ва ўзлари ҳам чиқмасинлар, илло, очиқ-ойдин фоҳиша иш қилган бўлсалар (чиқарилурлар) ва ана шулар Аллоҳнинг чегараларидир. Ким Аллоҳнинг чегарасидан чиқса, ҳақийқатан, ўзига ўзи зулм қилибди» (1-оят). Одатда, эр киши аёли билан келишмай қолса, уни уйдан чиқариб юборишга шошилади. Аслида, унинг бунга ҳаққи йўқ, ҳатто талоқ қилгандан сўнг ҳам иддаси чиқмагунча аёлни уйдан чиқариб бўлмайди. Худди шу маънони таъкидлаш учун Аллоҳ таоло: «Уларни уйларидан чиқарманглар» демоқда, «уйларингиздан» эмас. Аёл киши ўзи чиқиб кетса бўладими? Ҳозир бизда шунақа: сал гап-сўз ўтиши билан аёл тугунини кўтариб, ота-онасиникига жўнайди. Бу ҳам нотўғри. Қуръони Карим: «ва ўзлари ҳам чиқмасинлар», деяпти. Қайси аёл талоқдан сўнг иддаси чиқмай туриб, эрининг уйидан чиқиб кетса, гуноҳкор бўлади. Шариатнинг бу ҳукми ҳам ўзга ҳукмлари каби ҳикматлидир. Иддада ўтирган аёл, эрининг кўзига чиройли бўлиб кўриниб турса, эр аччиғидан тушиб, кўнгли эриб, қайта ярашишга мойил бўлиб қолади. Уйдан чиқиб кетганда эса бунинг акси бўлади. Яъни, келин ота уйига бориб, эридан шикоят қилади, оқибатда унинг қариндошларининг жаҳли чиқади. Келиб куёв ва унинг яқинлари билан уришадилар, шундай қилиб юз кўрмас бўлиб кетишлари мумкин. Бундай ҳолда аёлнинг уйдан чиқишига бирдан-бир сабаб бор, у ҳам бўлса, «илло, очиқ-ойдин фоҳиша иш қилган бўлсалар (чиқариладилар)». Уламоларимиз уни «зино» деб айтадилар, баъзилари зинодан ташқари қаттиқ озор беришлик, хафа қилишликни ҳам қўшадилар. Вафотнинг иддасида ўтирган аёл кеча-кундуз чиқиши мумкин. Аммо манзилида ётади. Чунки, эри ўлган аёл, талоқ қилинган аёлдан фарқли ўлароқ, ўзини ўзи нафақа билан таъминлашга муҳтож. Шунинг учун, уйидан чиқишга мажбур бўлади. Талоқ қилинган аёлнинг нафақаси эса уни талоқ қилган эрига вожиб бўлади. Аёл ажрашгандан кейин ҳам, вафотдан кейин ҳам ўз манзилида идда ўтиради. Илло, у бошқалар томонидан чиқарилса ёки молининг талофатга учрашидан ва уйнинг йиқилишидан қўрқса ёхуд уйнинг кирасини топа олмаса, чиқади. Бу ҳукмнинг далили қуйидаги ҳадисдир: عَنْ الْفُرَيْعَةِ بِنْتِ مَالِكٍ الْخُدْرِيِّ أَنَّهَا جَاءَتْ رَسُولَ اللهِ  تَسْأَلُ أَنْ تَرْجِعَ إِلَى أَهْلِهَا فِي بَنِي خُدْرَةَ وَأَنَّ زَوْجَهَا خَرَجَ فِي طَلَبِ أَعْبُدٍ لَهُ أَبَقُوا حَتَّى إِذَا كَانَ بِطَرَفِ الْقَدُومِ لَحِقَهُمْ فَقَتَلُوهُ فَسَأَلْتُ رَسُولَ اللهِ  أَنْ أَرْجِعَ إِلَى أَهْلِي فَإِنَّ زَوْجِي لَمْ يَتْرُكْ لِي مَسْكَنًا يَمْلِكُهُ وَلاَ نَفَقَةً قَالَتْ: فَقَالَ رَسُولُ اللهِ : نَعَمْ، قَالَتْ: فَانْصَرَفْتُ حَتَّى إِذَا كُنْتُ فِي الْحُجْرَةِ أَوْ فِي الْمَسْجِدِ نَادَانِي أَوْ أَمَرَ بِي فَنُودِيتُ لَهُ فَقَالَ: كَيْفَ قُلْتِ فَرَدَدْتُ عَلَيْهِ الْقِصَّةَ الَّتِي ذَكَرْتُ مِنْ شَأْنِ زَوْجِي قَالَ: امْكُثِي فِي بَيْتِكِ حَتَّى يَبْلُغَ الْكِتَابُ أَجَلَهُ قَالَتْ: فَاعْتَدَدْتُ فِيهِ أَرْبَعَةَ أَشْهُرٍ وَعَشْرًا فَأَخْبَرْتُ عُثْمَانَ فَاتَّبَعَهُ وَقَضَى بِهِ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ. Фурайъа бинти Молик ал-Худрий розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «У, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Бани Худрадаги ўз аҳлига қайтишни сўраб келди. Чунки, эри қочиб кетган қулларини қувиб бориб Қаддум томонда уларга етиб олганда улар томонидан қатл этилган эди. Шунда мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўз аҳлимга қайтишимни сўрадим. Чунки, у менга маскан ҳам, нафақа ҳам қолдирмаган эди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа» – дедилар. Мен чиқиб ҳужрага ёки масжидга етганимда у зот мени чақирдилар ёки (чақириб келишга) амр қилдилар. Мен у зот ҳузурларига чақирилдим. Ул зот менга: «Қандоқ дединг?» – дедилар. Мен у зотга эрим ҳақидаги қиссани қайтариб айтдим. Шунда у зот: «Токи китоб – ёзилган нарса – белгиланган муддат етгунча уйингда тур», дедилар. Мен у ерда тўрт ойу ўн кун идда ўтирдим. Бу ҳақда Усмонга хабар бердим. У ҳам шунга эргашди ва шунга биноан ҳукм чиқарди». «Сунан» эгалари ривоят қилишган. Боин талоқда икковлари ўртасида парда бўлиши лозим. Агар боин уч талоқ ва хулуъдан кейинги иддада ўтирган аёл ундан ажраган эр билан бир хонада турадиган бўлса, бегонага ўхшаб ораларига парда тутишлари лозим. Эрнинг кўзи унга тушмаслиги керак. Манзил иккиси учун торлик қилса, эрнинг чиққани яхшироқ. Эрнинг фосиқлиги учун ҳам шундай қилинади. Чунки, идда ўтирган аёлнинг уйдан чиқмаслиги Қуръони Каримда келган амр. Эрнинг чиқмаслиги ҳақида амр йўқ. Ораларини тўсишга қодир бир аёлнинг қўйилиши яхшидир. Шунда икки бегонанинг холий қолмаслиги каби буларнинг ҳам холий қолмасликлари таминланган бўлади. Агар эр уни сафарда боин талоқ қилса ёки ўлиб қолса ва аёл билан шаҳарининг ораси бир кунликдан оз йўл бўлса, ўз шаҳрига қайтади. Агар ўша масофа ҳар томонга баробар бўлса ва аёл очиқлик жойда бўлса, ихтиёр ўзида. Қайтиш афзал. Агар ўша пайтда аёл шаҳарда бўлса, ўша ерда идда ўтиради. Сўнгра маҳрами билан чиқади. Маҳрами билан қароргоҳига етиб олиб, иддани давом эттиради.

Топ рейтинг www.uz Openstat