Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Пайғамбарнинг мўжизалари ва исмет сифати

11:09 / 10.04.2014 | Emre | 2930

(Ушбу савол туркчадан таржима қилинди)

Ассалому алайкум, ҳурматли Шайх Ҳазратлари!
Ўзбек тилини билмаганим боис, турк тилида сизга ёзаяпман. Иншааллоҳ, бунда муаммо бўлмаса керак ва берган саволлар тушунарли бўлади деган умиддаман.
Иккита саволим бор, бири пайғамбарнинг мўжизалари ҳақида, бошқаси пайғамбарларнинг гуноҳсиз бўлган бўлмаганлигига оид.

Қуръонда охирги пайғамбарнинг ҳеч бир мўжизаси бўлмаганлиги ёзилган, лекин аҳли суннат мазҳабидаги ҳадислар эса бунинг аксини кўрсатади.

Исро сураси 59-оятда бундан аввалги пайғамбарларга мўжиза берилганини, аммо охирги пайғамбарга мўжиза берилмагани очиқ ойдин айтилиб ўтилган.

(59 . Бизни оят-мўъжизаларни юборишимиздан фақат аввалгиларнинг уларни ёлғонга чиқарганлари ман қилди. Самудга туяни кўз очувчи (мўъжиза) қилиб бердик. Бас, унинг сабабидан (ўзларига) зулм қилдилар. Биз оят-мўъжизаларни фақат қўрқитиш учунгина юборурмиз.)

Ҳадисларда эса бу мавзуда Қуръонда келган сўзларнинг акси келган.  Энди баъзи олимларга кўра, ҳадисни инкор қилсак кофир бўламиз, лекин Қуръонга мухолиф бўлган бу ҳадисларни қабул қилсак, Қуръон оятларини инкор қилган бўлиб қолмаймизми?Аллоҳнинг бор деганига йўқ, йўқ деганига бор десак, кофир бўлиб қолмаймизми? Бу ҳақда кимдан сўрасам, сен нотўғри тушунибсан дейишмоқда.

Иккинчи саволимни алоҳида йўллайман.
Вассалому алайкум.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

- Бу саволни Қуръони Каримга ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши тўқиб чиқарилган савол экани анчадан буён ҳаммага маълум. Унга етарли жавоблар берилгани ҳам ҳаммага маълум. Сиз ҳам бу саволни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари ҳақида ҳақиқатни билиш учун эмас, У зотнинг мўъжизалари йўқ деган нотўғри фикрни билдириш учун берганга ўхшайсиз. Бу оятда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳеч қандай мўъжиза берилмаган деган гап йўқ. Бир оятнинг маъносини тўғри ва тўлиқ тушуниш учун уни атрофлича ўрганиш, нозил бўлиши сабабини билиш ва бошқа маълумотлардан ҳам тўлиқ хабардор бўлиш керак. Бу оятда мушрикларнинг талабига биноан мўъжиза берилмагани ҳақида сўз бормоқда. Чунки, уларнинг талабига биноан мўъжиза берилгандан кейин улар иймонга келмаса, ҳалокатга учраш керак бўлади. Ислом уммати охирги уммат бўлгани учун бу иш содир бўлмаслиги аниқ. Сизга ушбу оятнинг тафсири билан яхшилан ўрганишни таклиф қиламан. “Ақли-ҳуши жойида бўлган кишилар учун аввал бўлиб ўтган ибратли ҳодисларнинг ўзи кифоя. Аммо кофиру мушриклар буларга ишонмай, турли мўъжизалар кўрсатилишини талаб қиладилар. Жумладан, улар Муҳаммад алайҳиссаломдан ҳам ана шундай мўъжизалар келтиришни талаб этишгани маълум ва машҳур. Бу ҳақда Қуръони Каримнинг турли сура ва оятларида қайта-қайта зикр қилинган. Келаси оятда ҳам ўша сўралган мўъжизалар нима учун келтирилмаётгани баён этилади: 59. Оят(мўъжиза)ларни юборишимиздан фақат аввалгиларнинг уларни ёлғонга чиқарганлари ман қилди. Самудга туяни кўз очувчи (мўъжиза) қилиб бердик. Бас, унга зулм қилдилар. Оят(мўъжиза)ларни фақат қўрқитиш учунгина юборамиз. «Ҳозир Макка мушриклари лол қолдирувчи оят – мўъжиза талаб қилаётган бўлсалар ҳам, уларнинг талаби бўйича мазкур оят – мўъжизаларни юбормаётганимизнинг сабаби аввалги умматлар ҳам шундай мўъжизаларни талаб қилиб, уларни келтирганимизда, мўъжизаларни ёлғонга чиқариб, иймон келтирмай, кофирлигича қолганларидир». Қурайш кофирлари ҳам худди ўзларидан олдинги кофирларга ўхшаб, оят – мўъжизаларни кўрса ҳам, иймонга келмасликлари турган гап. Бу масаланинг бир томони. Иккинчи томони эса талабга биноан мўъжиза келтирилгандан кейин ҳам иймонга келмаган қавмни Аллоҳ таоло таг-томири билан йўқ қилиб юбориши керак. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари охирги уммат бўлганлари учун, Аллоҳ уларни бутунлай ҳалок этишни ирода қилмаган. Бу уммат қиёматгача туриши керак. Ҳа, «Оят(мўъжиза)ларни юборишимиздан фақат аввалгиларнинг уларни ёлғонга чиқарганлари ман қилди». Шунга кўра, уларнинг талабларига биноан, мўъжиза юборилмайди. Балки тушунтириш ишлари олиб борилади. Ўтган умматлардан моддий-ҳиссий мўъжиза талабгорларининг оқибати нима бўлганини ўйлаб кўришга даъват қилинади. Мисол учун айтадиган бўлсак: «Самудга туяни кўз очувчи (мўъжиза) қилиб бердик». Солиҳ алайҳиссаломнинг қавмлари Самуд ҳам Аллоҳнинг пайғамбарига иймон келтирмай, мўъжиза талаб қилган эдилар. Шунда Аллоҳ таоло уларга харсанг тошдан мўъжиза ўлароқ бир туя чиқариб берди. Бу туя уларнинг ғафлат кўзларини очувчи мўъжиза эди. Лекин улар талабларига кўра юборилган мўъжизага ишонмадилар. У туяни сўйдилар. «Бас, унга зулм қилдилар». Оқибатда Аллоҳ таоло у қавмни ҳалок қилди. «Оят(мўъжиза)ларни фақат қўрқитиш учунгина юборамиз». Одамлар ўша оят – мўъжизаларнинг кетидан ҳалокат келишидан қўрқсинлар ва шунга биноан, ўзларини ўнгласинлар. Аллоҳ таоло ўтган пайғамбарларга уларнинг ҳақ эканликларини тасдиқловчи мўъжизалар берди. Баъзиларига қавмларининг талабларига биноан ҳам мўъжиза кўрсатди. Ҳар бир пайғамбар ўзига берилган бош мўъжиза билан бошқаларидан ажралиб турадиган бўлди. Улар ҳаммаси моддий ва ҳиссий мўъжизалар бўлиб, замонларига, шароитларига мос эди. Шу билан бирга, у мўъжизалар пайғамбар алайҳиссаломларнинг шахслари ва ҳаётлари билан ҳам боғлиқ эди. Ўша пайғамбарларнинг ҳаёти тугаса, шахси бу дунёдан кетса, мўъжиза ҳам тамом бўлар эди. Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатлари охирги шариат бўлгани, у зотнинг рисолалари қиёматгача туриши лозимлиги учун, Аллоҳ таоло у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бош мўъжизаларини моддий эмас, маънавий қилди, муваққат эмас, абадий қилди. Қуръони Карим Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бош мўъжизаларидир. Бу мўъжиза у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларига ва шахсларига боғлиқ эмас. У кишидан кейин ҳам қиёматгача абадий мўъжиза бўлиб тураверади. Лекин бу дегани, Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръондан бошқа мўъжиза бермаган, дегани эмас. Аллоҳ таоло Ўзининг анбиёларининг хотами Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ўтган набий алайҳиссаломларга берган мўъжизаларининг кўпини берган. Лекин бу мўъжизаларга у кишининг пайғамбарликларини тасдиқловчи аломатлар сифатида қаралган эмас. Пайғамбаримизга берилган мўъжизалар ҳақида алоҳида китоблар ҳам битилган. Мисол учун, ушбу сурада сўз кетаётган Исро ва Меърож ҳодисалари аввалги пайғамбарларга берилган мўъжизалардан кам эмас. Аммо бунга пайғамбарликни тасдиқловчи алоҳида мўъжиза деб эмас, балки ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таолога яқинликларининг оддий мисоли сифатида қаралган. Қуръони Каримнинг ўзида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари сифатида ойнинг ёрилиши ҳам зикр қилинган. Демак сиз келтираётган оятда фақатгина мушрикларнинг талаби асосида мўъжиза келтирмаслик ҳақида сўз бормоқда. Шунга биноан кейинги саволларингиз ўз-ўзидан аҳамиятини йўқотади.

Топ рейтинг www.uz Openstat