Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ишчиларни ҳаққи

15:44 / 10.06.2023 | UmarAli | 283

Ассалому алайкум! Аллоҳим илмингизни зиёда этсин. Бир инсон катта бир складни бошлиғи бўлса уни қўлида 20 тага яқин ишчилари бўлса, ишчилардаги бошлиғни ҳаққи ва бошлиғлдаги иччиларни ҳаққи ҳақида озгина малумот берсангиз. Бу ҳақда бирон бир ҳадис борми?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! “Ҳадис ва Ҳаёт” китобида қуйидагича келади: 

ҚЎЛ ОСТИДАГИЛАРГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШ

«Қўл остидагилар» деганда кишига қарам бўлган хизматчи, мардикор ва шунга ўхшаган шахслар кўзда тутилади.

عَنْ عُبَادَةَ بْنِ الْوَلِيدِ بْنِ عُبَادَةَ بْنِ الصَّامِتِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: خَرَجْتُ أَنَا وَأَبِي نَطْلُبُ الْعِلْمَ فِي هَذَا الْحَيِّ مِنَ الْأَنْصَارِ قَبْلَ أَنْ يَهْلِكُوا، فَكَانَ أَوَّلُ مَنْ لَقِيَنَا أَبَا الْيَسَرِ صَاحِبَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَمَعَهُ غُلَامٌ لَهُ مَعَهُ ضِمَامَةٌ مِنْ صُحُفٍ، وَعَلَى أَبِي الْيَسَرِ بُرْدَةٌ وَمَعَافِرِيٌّ، وَعَلَى غُلَامِهِ بُرْدَةٌ وَمَعَافِرِيٌّ، فَقُلْتُ لَهُ أَنَا: يَا عَمِّي لَوْ أَنَّكَ أَخَذْتَ بُرْدَةَ غُلَامِكَ وَأَعْطَيْتَهُ مَعَافِرِيَّكَ وَأَخَذْتَ مَعَافِرِيَّهُ وَأَعْطَيْتَهُ بُرْدَتَكَ فَكَانَ عَلَيْكَ حُلَّةٌ وَعَلَيْهِ حُلَّةٌ، فَمَسَحَ رَأْسِي وَقَالَ: اللَّهُمَّ بَارِكْ فِيهِ يَا ابْنَ أَخِي، بَصُرَ عَيْنَايَ هَاتَانِ وَسَمِعَ أُذُنَاىَ هَاتَانِ وَوَعَاهُ قَلْبِي هَذَا وَأَشَارَ إِلَى مَنَاطِ قَلْبِهِ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَهُوَ يَقُولُ: أَطْعِمُوهُمْ مِمَّا تَأْكُلُونَ، وَأَلْبِسُوهُمْ مِمَّا تَلْبَسُونَ، وَكَانَ أَنْ أَعْطَيْتُهُ مِنْ مَتَاعِ الدُّنْيَا أَهْوَنَ عَلَيَّ مِنْ أَنْ يَأْخُذَ مِنْ حَسَنَاتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ. رَوَاهُ مَسْلِمٌ مُطَوَّلًا فِي قِصَّةٍ لِأَبِي الْيَسَرِ 

Убода ибн Валид ибн Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинади:
«Мен ва отам илм талаб қилиш учун ансорларнинг ушбу маҳалласига улар ҳалок бўлишидан олдин бордик. Биринчи учратган одамимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари Абу Ясар бўлди. У билан бирга унинг ғуломи бор эди. Ўша ғуломда бир тўп ёзилган варақлар бор эди. Абу Ясарнинг устида бир чопон ва маъофирий  бор эди. Ғуломнинг устида ҳам бир чопон ва маъофирий бор эди. Бас, мен унга:
«Эй амаки! Агар сен ғуломингнинг чопонини олиб, унга маъофирийингни берсанг ёки унинг маъофирийсини олиб, унга чопонингни берсанг, сенга ҳам сарпо, унга ҳам сарпо бўлар эди», дедим.
У менинг бошимни силаб туриб:
«Аллоҳим! Буни баракали қилгин! Эй биродаримнинг ўғли! Менинг ушбу икки кўзларим кўрди, ушбу икки қулоғим эшитди ва ушбу қалбим англадики, – деб қалбига ишора қилди, – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уларни ўзларингиз ейдиган нарсадан таомлантиринг ва уларга ўзингиз кийган нарсадан кийдиринг», дедилар.
Менинг унга бу дунёнинг матоҳидан беришим мен учун қиёмат куни унинг менинг савобларимдан олишидан кўра енгилроқдир», деди».
Муслим Абу Ясарнинг қиссасида узун қилиб ривоят қилганлар.
Шарҳ: «Маъофирий» – Ямандаги Маъофир номли жойда тикилган кийим. Абу Ясар розияллоҳу анҳу билан у кишининг қуллари бир сидра кийимни бўлиб кийиб олган эканлар. Арабларда бир сидра кийимнинг бир-бирига қўшилишидан бош-оёқ сарпо дейилади. Абу Ясар розияллоҳу анҳу ва у кишининг қуллари эса иккита бир сидра кийимнинг ярмини алмашиб кийиб олишган экан.
Убода розияллоҳу анҳу ўзларича «Агар булар биттадан кийимни алмаштириб олсалар, икковлари ҳам бош-оёқ сарпо кийишган бўлар эди. Бу иккиси учун ҳам обрў бўларди», деган фикрга борганлар. Аммо Абу Ясар розияллоҳу анҳу бу ишни кийиниш маданиятини тушунмаганлари сабабли эмас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қулларга яхши муомалада бўлиш кераклиги ҳақидаги ҳадиси шарифларига амал қилганлари туфайли қилган эканлар.
Ҳа, Ислом мусулмон кишини ўз қулидан ўзини устун қўймасликка, у билан бир хил кийим кийиб, бир хил таом тановул қилишга амр қилган.
Демак, хожа қулига ўзи еган таомидан едирмаса, ўзи кийган кийимдан кийдирмаса, қиёмат кунида хожанинг савобидан қулга олиб берилар экан. Бу нарсаларга иймон келтирган мўмин-мусулмон, албатта, ушбу ҳадисга амал қилади.
Кейинги авлод вакили бўлган ровий бунинг ҳаётдаги намунасини саҳобаи киромнинг аввалги авлодида кўриб, ибрат олганлигини ушбу ҳадисдан билиб олдик. Қулга, ходимга шу қадар муносабатда бўлинар экан.
Демак, вақтинча ёрдам бериб юрган, ишга ёлланган, мардикорлик қилаётганларга нисбатан ҳам ёмон муносабатда, ёмон муомалада бўлмаслик кераклиги ўз-ўзидан кўриниб турибди.
Бугунги кунда мардикорларни ишлатиб, пулини бермаслик, ҳатто уларнинг пулини зўрлик қилиб тортиб олиш ҳоллари содир бўлаётир. Бу нарсалар Исломда бир минг тўрт юз йил муқаддам қатъий ман қилиб қўйилган экан.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Оила аъзолари биргаликда илм талаб қилишлари.
2. Илмли кишиларнинг ҳаётлик пайтларида улардаги илмни олиб қолиш учун ҳаракат қилиш кераклиги.
3. Ёшлар баъзи мулоҳазаларини катталарга айтишлари мумкинлиги.
4. Катта кишилар ёшларга меҳрибон бўлишлари кераклиги. Абу Ясар розияллоҳу анҳу ровийнинг бошини бекорга силамадилар.
5. Катталар ёшларнинг ҳаққига дуо қилишлари. Ходимларга яхши муомалада бўлишни тавсия қилиб туриш кераклиги.
6. Хўжайин ўзи еган нарсадан ходимига ҳам едириши кераклиги.
7. Хўжайин ўзи кийган нарсадан ходимига ҳам кийдириши кераклиги.
8. Хўжайин ходимининг ҳаққини поймол қилса, қиёматда унинг савоби ходимга олиб берилиши. 

عَنْ أَبِي مَسْعُودٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنْتُ أَضْرِبُ غُلَامًا لِي فَسَمِعْتُ صَوْتًا مِنْ خَلْفِي: اعْلَمْ أَبَا مَسْعُودٍ مَرَّتَيْنِ َللهُ أَقْدَرُ عَلَيْكَ مِنْكَ عَلَيْهِ، فَالْتَفَتُّ فَإِذَا هُوَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، هُوَ حُرٌّ لِوَجْهِ اللهِ، قَالَ: أَمَا لَوْ لَمْ تَفْعَلْ لَلَفَعَتْكَ النَّارُ أَوْ لَمَسَّتْكَ النَّارُ 

Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир ғуломимни ураётган эдим. Ортимдан:
«Эй Абу Масъуд, билгинки, албатта, Аллоҳ сенинг устингдан сен бу ғуломнинг устидан бўлганингдан кўра қодирдир», деган овоз эшитдим. Қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эканлар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, у Аллоҳнинг розилиги учун ҳурдир», дедим.
«Агар шундай қилмаганингда, дўзах сени куйдирган бўлар эди 
(ёки тутган  бўлар эди)», дедилар».
Шарҳ: Бундан ўз қарамоғидаги кишиларни, ким бўлишидан қатъи назар, зинҳор уриб бўлмаслиги келиб чиқади. Ким ўз қўл остидаги кишини урса, қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ҳузурида жавоб беради.
Ҳа, инсонларни азоблаганлар мабодо бу дунёда жазодан қутулиб қолсалар ҳам, у дунёда ҳеч қачон қутула олмайдилар.
Ислом ҳукми бўйича, инсонни ноҳақдан урган, озор берган кишининг гуноҳи фақат мазлумнинг қасос олиши ёки кечириб юбориши билангина ювилиши мумкин.
Халифа Умар ибн Хаттоб одамларни урган ёки урдирган волийларнинг ўзларини урдирар эдилар.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Раҳбар ва илмли кишилар ходимларнинг ҳаққи поймол бўлганида уларни ҳимоя қилишлари кераклиги.
2. Аллоҳ бу дунёда қўл остидагиларни азоблаганларга Ўз қудратини кўрсатиб қўйиши ҳақ экани.
3. Ходимига азоб берган одам хатосини билганидан кейин унга яхшилик қилиши кераклиги.
4. Ходимларига бу дунёда жабр қилганлар тавба қилмасалар ва ходимни рози қилмасалар, дўзах уни ютиши.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ قَذَفَ مَمْلُوكَهُ وَهُوَ بَرِيءٌ مِمَّا قَالَ، جُلِدَ لَهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ حَدًّا 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ким мамлукини зинода айбласа-ю, у(мамлук) айтган нарсадан пок бўлса, бунинг учун қиёмат куни унга жазо ўлароқ дарра урилади», дедилар».
Шарҳ: Демак, қўл остидаги кишига маънавий ҳақорат қилишга ҳам ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бу қулим-ку, бу хизматчи-ку, деб, оғзига келган гапни айтавериш тўғри келмайди. Агар хўжайин бу дунёнинг азобидан қочиб қутулса ҳам, охиратнинг азобидан қочиб қутула олмайди. 

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، كَمْ نَعْفُو عَنِ الْخَادِمِ؟ فَصَمَتَ، فَأَعَادَ الْكَلَامَ فَصَمَتَ، فَلَمَّا كَانَ فِي الثَّالِثَةِ قَالَ: فِي كُلِّ يَوْمٍ سَبْعِينَ مَرَّةً. رَوَى هَذِهِ الثَّلَاثَةَ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ 

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Ходимни қанча авф қиламиз?» деди.
У зот индамадилар. У ҳалиги гапни қайтарди. У зот индамадилар. Учинчи маротабасида:
«Ҳар куни етмиш марта», дедилар».
Учовини Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бунда кўп кечириш кўзда тутилган, маълум адад эмас. Мусулмон инсон ўз қўл остидаги кишиларга нисбатан ўта кечиримли бўлмоғи лозим.

عَنْ أَبِي ذَرٍّ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَنْ لَاءَمَكُمْ مِنْ مَمْلُوكِيكُمْ فَأَطْعِمُوهُ مِمَّا تَأْكُلُونَ، وَاكْسُوهُ مِمَّا تَكْتَسُونَ، وَمَنْ لَمْ يُلَائِمْكُمْ مِنْهُمْ فَبِيعُوهُ وَلَا تُعَذِّبُوا خَلْقَ اللهِ تَعَالَى 

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизга мамлукларингиздан қай бири маъқул келса, унга ўзингиз еган нарсадан едиринг ва ўзингиз кийган нарсадан кийдиринг.
Улардан қай бири сизга маъқул келмаса, уни сотиб юборинг, Аллоҳ таолонинг маҳлуқини азобламанг», дедилар».
Шарҳ: Демак, қўл остидаги кишига азоб бериш мумкин эмас. Агар у ёқса, уни худди ўзи билан тенг кўриб, олиб юриш керак. Агар ёқмаса, унга жавоб бериб юбориш лозим.

عَنْ رَافِعِ بْنِ مَكِيثٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: حُسْنُ الْمَلَكَةِ يُمْنٌ، وَسُوءُ الْخُلُقِ شُؤْمٌ. رَوَاهُمَا أَبُو دَاوُدَ 

Рофеъ ибн Макийс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Гўзал моликлик баракадир. Бадхулқлик шумликдир», дедилар».
Иккисини Абу Довуд ривоят қилганлар.
Шарҳ: Инсон ўз қўл остидагиларга яхши хўжайинлик қилса, барака бўлиши турган гап. Аммо бадхулқ бўлса, қўполлик қилса, албатта, ёмонликка олиб бориши мумкин.
Дунёдаги барча халқларда қўл остидагиларга бўладиган муомаланинг ўзига яраша маданияти бор. Улар турлича эканини ҳам яхши биламиз. Бугунги кунимизда ҳам худди шу мавзуда ҳар хил муносабат ва амалларнинг гувоҳи бўлиб келмоқдамиз.
Бу ҳақиқатни раҳбар, ишбоши ва хўжайинлар яхши билишлари ва қўл остидаги одамларга муомалаларининг гўзал тарзда бўлиши учун ҳаракат қилишлари лозим.

عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: ثَلَاثٌ مَنْ كُنَّ فِيهِ سَتَرَ اللهُ عَلَيْهِ كَنَفَهُ وَأَدْخَلَهُ جَنَّتَهُ: رِفْقٌ بِالضَّعِيفِ، وَشَفَقَةٌ عَلَى الْوَالِدَيْنِ، وَإِحْسَانٌ إِلَى الْمَمْلُوكِ 

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уч нарса бор. Кимда ўшалар бўлса, Аллоҳ уни паноҳига олади ва жаннатига киритади: заифга меҳр қилиш, ота-онага шафқат қилиш ва мамлукка яхшилик қилиш», дедилар».
Шарҳ: Қаранг! Ўз қўл остидаги одамга яхшилик қилиш Аллоҳ таолонинг паноҳида бўлиш ва охиратда жаннатга киришга сабаб бўладиган иш экан.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Заифга меҳр қилган бандани Аллоҳ паноҳига олади ва жаннатига киритади.
2. Ота-онага мушфикдик қилган бандани Аллоҳ паноҳига олади ва жаннатига киритади.
3. Қўл остидаги одамга яхшилик қилган бандани Аллоҳ паноҳига олади ва жаннатига киритади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: نِعِمَّا لِأَحَدِهِمْ أَنْ يُطِيعَ رَبَّهُ وَيُؤَدِّيَ حَقَّ سَيِّدِهِ 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Улардан бирларига Роббига итоат қилмоғи ва хожасининг ҳаққини адо қилмоғи қандай ҳам яхши», дедилар».
Шарҳ: Исломда хожага ходимига яхшилик қилиш ҳақида амр қилиш билан бирга, ходимга ҳам ўз хўжайинининг ҳаққини адо қилиш топширилади. Ҳурмат ва яхшилик қилиш ўзаро ҳамкорлик асосида бўлиши лозим. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat