Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Шу исмни қўйиш жоизми?

15:43 / 29.10.2015 | Bekmurodov I.A | 1724

Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар. Акам ўғил фарзандига исмини Илғорбек қўймоқчи экан. Сизлардан илтимос шу исмнинг маъносини айтиб берсангизлар. Шу исмни қўйиш жоизми? Олдиндан раҳмат.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ҳазратларининг “Соғлом бола” деган китобларини олиб ўқинг.

СОҒЛОМ БОЛАГА МУНОСИБ ИСМ ТАНЛАШ 

Боланинг ота-онадаги ҳақларидан, ота-онанинг фарзанд олдидаги вазифаларидан бири оиланинг янги аъзосига маънодор, чиройли исм қўйишдир. Бу ишнинг аҳамиятини англаб етишимиз учун биргина иқтибос келтиришга ижозат бергайсиз. Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазий «Китобул бирри вас-сила»да Абул Мўътамирдан келтирган ривоятда ёзади: «Умар ибн Абдулазизнинг ҳузурида масалаларни музокара қилишди. Шунда бир киши айтди: «Менга етиб келган хабарга кўра, туғилган болага исм қўймай туриб ўлган бўлса, қиёмат куни отасига: «Мени исмсиз тарк қилдинг-ку!» дейди». Шунинг учун ҳам ҳар бир мусулмон ота-она бу муҳим ишга алоҳида эътибор ила ёндашмоғи лозимдир. Ўзи билмаса, биладиганлардан сўраб, ўрганиб, ўғил бўлсин, қиз бўлсин, фарзандига гўзал исм қўйиши керак. Қўйган исмида орзу-умид, яхши ният, гўзаллик, хайр-барака ўз ифодасини топсин. Фарзанд катта бўлиб, оқ-қорани таниганда ўз исмидан уяладиган бўлмасин. Балки исми унга зийнат бўлиб турсин. Исломда ҳар бир нарсанинг гўзал бўлишига алоҳида аҳамият берилади. Бунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадиси шарифлари асос бўлади:

عَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ : «إِنَّ اللهَ جَمِيلٌ يُحِبُّ الْجَمَالَ». رَوَاهُ أَحْمَدُ وَمُسْلِمٌ

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Албатта, Аллоҳ гўзалдир. Гўзалликни севадир». Аҳмад ва Муслим ривоят қилишган. Бинобарин, мусулмон инсон барча нарсада гўзалликни кўзлаши керак. Жумладан, болаларга исм қўйишда ҳам. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болаларга исм қўйишга алоҳида эътибор берганлар. Бу ўта муҳим ишнинг қиёмат кунига ҳам боғлиқ жойи борлигини айтганлар.

وَالْبَيْعَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ : «إِنَّكُمْ تُدْعَوْنَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ بِأَسْمَائِكُمْ وَأَسْمَاءِ آبَائِكُمْ، فَأَحْسِنُوا أَسْمَاءَكُمْ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَابْنُ حِبَّانَ وَالطَّبَرَانِيُّ هَقِيُّ

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Албатта, қиёмат куни ўз исмларингиз ва оталарингизнинг исми ила чақирилурсиз. Бас, исмларингизни гўзал қилинг». Абу Довуд, Ибн Ҳиббон, Тобароний ва Байҳақий ривоят қилишган. Исмнинг чиройли бўлиши қиёмат куни ҳам керак бўлар экан. Чунки барча халойиқ йиғилган жойда бировнинг исми айтиб чақирилганда исми гўзал бўлса, хурсанд бўлиши, аксинча бўлса, хижолат бўлиши табиий. Бу ҳолат ушбу ёруғ дунёда ҳам бор. Исми ноқулайлигидан хижолат бўлиб юрадиганлар, исмини ўзгартирганлар оз эмас. Аммо ўша нарса аввал бошда, бола янги туғилган пайтда бир йўла яхшилаб йўлга қўйилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Унинг мусулмон фарзанди эканини дунёю охиратда исми ҳам намоён қилиб туради. Кўпчилик саҳобалар ўзларининг янги туғилган фарзандларини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб борар эдилар. У зот алайҳиссалом ёш болаларни кўрсалар, хурсанд бўлиб кетардилар. Янги туғилган болаларга гўзал исмларни қўйиб берар эдилар.

عَنْ أَبِي مُوسَى قَالَ: وُلِدَ لِي غُلَامٌ فَأَتَيْتُ بِهِ النَّبِيَّ ، فَسَمَّاهُ إِبْرَاهِيمَ، فَحَنَّكَهُ بِتَمْرَةٍ، وَدَعَا لَهُ بِالْبَرَكَةِ، وَدَفَعَهُ إِلَيَّ، وَكَانَ أَكْبَرَ أَوَلَادِي. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Ўғил кўрдим. Уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордим. У зот уни Иброҳим деб номладилар, хурмо ила танглайини кўтардилар ва унга барака тилаб, дуо қилиб, менга тутқаздилар. У болаларимнинг каттаси эди». Икки шайх ривоят қилишган. Мана, Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу ўз ҳаётларида ёрқин из қолдирган бу ҳодисани шавқу завқ ила ҳикоя қилиб бермоқдалар: «Ўғил кўрдим. Уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордим». Ана шу ишга тақлид қилиб, янги туғилган фарзандни аҳли солиҳ кишилар ҳузурига олиб бориш мусулмонлар ичида доимий одатга айланган. «У зот уни Иброҳим деб номладилар». Демак, янги туғилган фарзандларга аҳли фазл, олим ва пешво кишилар томонидан исм танланиши ҳам яхши иш. Чунки ундай кишилар бунга ўхшаш ишларга боғлиқ масалаларни, шаръий ҳукмларни яхши биладилар ва тўғри иш кўрадилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Мусо розияллоҳу анҳунинг ўғилларига Иброҳим деб исм қўйганлари ҳам бунинг бир мисолидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам боласига нотўғри исм қўйган отага танбеҳ бериб, ундай исмни ўзгартирганлари ва яхши исмларни қўйиб берган ҳолатлари ҳам бор.

عَنْ سَبْرَةَ بْنِ أَبِي سَبْرَةَ: أَنَّ أَبَاهُ أَتَى النَّبِيَّ فَقَالَ: «مَا وَلَدُكَ؟» قَالَ: عَبْدُ الْعُزَّى، وَسَبْرَةُ، وَالْحَارِثُ، فَقَالَ: «لَا تُسَمِّ عَبْدَ الْعُزَّى»، فَسَمَّاهُ عَبْدَ اللهِ، ثُمَّ قَالَ: «إِنَّ خَيْرَ الْأَسْمَاءِ عَبْدُ اللهِ، وَعَبْدُ الرَّحْمَنِ»، وَدَعَا لَهُ وَلِوَلَدِهِ، فَلَمْ يَزَالُوا فِي شَرَفٍ إِلَى الْيَوْمِ. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ

Сабра ибн Абу Сабрадан ривоят қилинади: «Унинг отаси Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борганида: «Болаларинг кимлар?» дедилар. «Абдул Уззо, Сабрата ва Ҳорис», деди. «Абдул Уззо деб исм қўйма, – дедилар ва уни Абдуллоҳ деб номладилар. Сўнгра: – Албатта, исмларнинг яхшиси Абдуллоҳдир, Абдурроҳмандир», дедилар ҳамда уни ва боласини дуо қилдилар. Бас, бугунгача шараф улар биландир». Тобароний ривоят қилган. Набий алайҳиссалом яхши исмлардан хушхабар кутганлар ва ёмон исмлардан шумланганлар.

عَنْ يَحْيَى بْنِ سَعِيدٍ ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ قَالَ لِلَقْحَةٍ تُحْلَبُ: «مَنْ يَحْلُبُ هَذِهِ؟» فَقَامَ رَجُلٌ، فَقَالَ لَهُ رَسُولُ اللهِ : «مَا اسْمُكَ؟» فَقَالَ لَهُ الرَّجُلُ: مُرَّةُ. فَقَالَ لَهُ رَسُولُ اللهِ : اجْلِسْ. ثُمَّ قَالَ: «مَنْ يَحْلُبُ هَذِهِ؟» فَقَامَ رَجُلٌ، فَقَالَ لَهُ رَسُولُ اللهِ : «مَا اسْمُكَ؟» فَقَالَ: حَرْبٌ. فَقَالَ لَهُ رَسُولُ اللهِ: اجْلِسْ. ثُمَّ قَالَ: «مَنْ يَحْلُبُ هَذِهِ؟» فَقَامَ رَجُلٌ، فَقَالَ لَهُ رَسُولُ اللهِ : «مَا اسْمُكَ؟» فَقَالَ: يَعِيشُ. فَقَالَ لَهُ رَسُولُ اللهِ : «احْلُبْ». رَوَاهُ مَالِكٌ 

Яҳё ибн Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам соғиладиган туяни кўрсатиб: «Ким буни соғади?» дедилар. Бир киши турди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Исминг нима?» дедилар. «Мурра» (Аччиқ), деди у. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Ўтир! – дедилар. Сўнгра яна: – Ким буни соғади?» дедилар. Бир киши турди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Исминг нима?» дедилар. «Ҳарб» (Уруш), деди у. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Ўтир! – дедилар. Сўнгра яна: – Ким буни соғади?» дедилар. Бир киши турди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Исминг нима?» дедилар. «Яъийш» (Яшар), деди у. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Соғ!» дедилар». Молик ривоят қилган. Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туяни соғишга ноқулай исмли кишиларни раво кўрмадилар, уларнинг исмларидан шумландилар. Учинчи саҳобийнинг исмидан яхшилик, хушхабар умид қилиб, туя соғишга ўша инсонни раво кўрдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жоҳилият одатига биноан қўйилган ноқулай исмларни ўзгартириб қўйганлари маълум ва машҳур.

عَنْ أُمِّ رَائِطَةَ بِنْتِ مُسْلِمٍ، عَنْ أَبِيهَا قَالَ: شَهِدْتُ مَعَ النَّبِيِّ حُنَيْنًا فَقَالَ لِي: «مَا اسْمُكَ؟» قُلْتُ: غُرَابٌ. قَالَ: «لَا، بَلِ اسْمُكَ مُسْلِمٌ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ

Умму Роита бинт Муслимдан, у отасидан ривоят қилинади: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Ҳунайн ғазотида иштирок этдим. У зот менга: «Исминг нима?» дедилар. «Ғуроб (Қарға)», дедим. «Йўқ, балки сенинг исминг Муслим», дедилар». Бухорий ривоят қилган. Ҳунайн ғазоти Маккаи Мукаррама фатҳидан кейин бўлган машҳур ғазотдир. Ровий шу ғазотда иштирок этган экан. Исми Ғуроб, яъни Қарға экан, чунки ўша пайтда фарзанд кўрган ота-она уйдан ҳовлига чиқиб, кўзига нима кўринса, ўшани фарзандига исм қилиб қўйиш одати бор экан. Ҳаттоки Тезак, Ит каби исмлар ҳам учраб турар экан. Ровийнинг отаси ҳам шу одат бўйича, қарғани кўриб қолиб, шундай исм қўйган бўлса керак. Демак, Муслим деган исм ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларидан бирига қўйган исмлардан экан. Буни ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам танлаган исм сифатида яхши кўриб, ўғилларимизга қўйишимиз мумкин экан. Қизларга эса Муслима исмини қўйиш одатга айланганлиги мақтовга сазовордир.

عَنْ شُرَيْحِ بْنِ هَانِئٍ قَالَ: حَدَّثَنِي هَانِئُ بْنُ يَزِيدَ، أَنَّهُ لَمَّا وَفَدَ إِلَى النَّبِيِّ مَعَ قَوْمِهِ، فَسَمِعَهُمُ النَّبِيُّ وَهُمْ يُكَنُّونَهُ بِأَبِي الْحَكَمِ، فَدَعَاهُ النَّبِيُّ فَقَالَ: «إِنَّ اللهَ هُوَ الْحَكَمُ، وَإِلَيْهِ الْحُكْمُ، فَلِمَ تَكَنَّيْتَ بِأَبِي الْحَكَمِ؟» قَالَ: لَا، وَلَكِنَّ قَوْمِي إِذَا اخْتَلَفُوا فِي شَيْءٍ أَتَوْنِي فَحَكَمْتُ بَيْنَهُمْ، فَرَضِيَ كِلَا الْفَرِيقَيْنِ. قَالَ: «مَا أَحْسَنَ هَذَا!» ثُمَّ قَالَ: «مَا لَكَ مِنَ الْوَلَدِ؟» قُلْتُ: لِي شُرَيْحٌ، وَعَبْدُ اللهِ، وَمُسْلِمٌ، بَنُو هَانِئٍ. قَالَ: «فَمَنْ أَكْبَرُهُمْ؟» قُلْتُ: شُرَيْحٌ. قَالَ: «فَأَنْتَ أَبُو شُرَيْحٍ»، وَدَعَا لَهُ وَلِوَلَدِهِ. وَسَمِعَ النَّبِيُّ يُسَمُّونَ رَجُلًا مِنْهُمْ عَبْدَ الْحَجَرِ، فَقَالَ النَّبِيُّ : «مَا اسْمُكَ؟» قَالَ: عَبْدُ الْحَجَرِ. قَالَ: «لَا، أَنْتَ عَبْدُ اللهِ». قَالَ شُرَيْحٌ: وَإِنَّ هَانِئًا لَمَّا حَضَرَ رَجُوعُهُ إِلَى بِلَادِهِ أَتَى النَّبِيَّ فَقَالَ: أَخْبِرْنِي بِأَيِّ شَيْءٍ يُوْجَبُ لِيَ الْجَنَّةُ؟ قَالَ: «عَلَيْكَ بِحُسْنِ الكَلَامِ، وَبَذْلِ الطَّعَامِ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ

Шурайҳ ибн Ҳониъдан ривоят қилинади: «Ҳониъ ибн Язийд менга қуйидагиларни айтиб берди: У ўз қавмининг гуруҳи билан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламннг ҳузурларига борганида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни «Абулҳакам», деб чақиришаётганини эшитибдилар. Шунда уни ҳузурларига чорлаб: «Ҳакам Аллоҳдир. Ҳукм ҳам фақат Уникидир. Нима учун Абулҳакам деган куняни олгансан?» дебдилар. (Ҳониъ ибн Язийд айтади:) «Мен олмаганман, қавмим бир нарсада ихтилоф қилиб қолишса, менинг олдимга келишади, мен уларнинг ўртасида ҳукм чиқараман. Шунда икки томон ҳам рози бўлади», дедим. «Бу (одамлар сени ҳакам қилишлари) қандай ҳам яхши! Нечта боланг бор?» дедилар. «Шурайҳ, Абдуллоҳ, Муслим бор, ҳаммалари Ҳониънинг ўғиллари», дедим. «Каттаси қай бири?» дедилар. «Шурайҳ», дедим. «Унда сен Абу Шурайҳсан», дедилар, менинг ва болаларимнинг ҳаққига дуо қилдилар». Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ўзларидан бир кишини «Абдулҳажар», (тош бандаси) деяётганини эшитиб қолдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Исминг нима?» деб сўрадилар. У киши: «Абдулҳажар», деди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ, сен Абдуллоҳсан», дедилар». Шурайҳ айтади: «Юртига қайтадиган пайт келганда (отам) Ҳониъ Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб: «Менга қайси нарса билан мен учун жаннат вожиб бўлишини айтинг», деган. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Гўзал каломни ва одамларга таом улашишни ўзингга лозим тут», деганлар». Бухорий ривоят қилган. Ушбу ҳадисдан маълум бўляптики, мўмин-мусулмонлар ўзларига ёки болаларига турли хил бўлмағур исмларни қўявермасликлари керак. Баъзан бу нарса ҳаддан ошишга олиб келар экан. Масалан, бировни Ҳакам деб, уни Аллоҳнинг сифати билан сифатлаб қўйиш мумкин экан. У кишига ҳукм чиқаришини эътиборга олиб, шундай куня берилганлиги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ёқмаган. Шунинг учун тўнғич ўғлининг исмини куня қилиб олишни тавсия қилганлар. Абдулҳажар (Тош бандаси) исмли кишининг ҳам исмини Абдуллоҳ (Аллоҳнинг бандаси) деб ўзгартирганлар.

عَنْ بَشِيرِ بْنِ مَعْبَدٍ السُّدُوسِيِّ، وَكَانَ اسْمُهُ زَحْمٌ بْنُ مَعْبَدٍ، فَهَاجَرَ إِلَى النَّبِيِّ فَقَالَ: «مَا اسْمُكَ؟» قَالَ: زَحْمٌ. قَالَ: «بَلْ أَنْتَ بَشِيرٌ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ

Башир ибн Маъбад Судусийдан ривоят қилинади: «Унинг асл исми Заҳм ибн Маъбад эди. Ҳижрат қилиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. Шунда у зот унга: «Исминг нима?» дедилар. «Заҳм», деди. «Йўқ, сенинг исминг Баширдир», дедилар». Бухорий ривоят қилган. Бу ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам номаъқул исмни эшитиб, уни маъқул исмга, хунук исмни чиройли исмга, ёмон маъноли исмни гўзал маъноли исмга алмаштириб қўйибдилар. «Заҳм» сўзи «тиқилинч» деган маънони билдиради. «Башир» сўзи эса «башорат», «севинч» маъноларини англатади. Келаси ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нохуш маъноли исмдан шумланиб, уни ўзгартиришни таклиф қилганларида у одам қабул қилмаганининг оқибати нима бўлгани баён этилади.

عَنْ سَعِيدِ بْنِ الْمُسَيَّبِ، عَنْ أَبِيهِ، عَنْ جَدِّهِ أَنَّهُ أَتَى النَّبِيَّ فَقَالَ: «مَا اسْمُكَ؟» قَالَ: حَزْنٌ. قَالَ: «أَنْتَ سَهْلٌ». قَالَ: لَا أُغَيِّرُ اسْمًا سَمَّانِيهِ أَبِي. قَالَ ابْنُ الْمُسَيَّبِ: فَمَا زَالَتِ الْحُزُونَةُ فِينَا بَعْدُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ

Саъид ибн Мусайябдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилинади: «У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борганида: «Исминг нима?» дедилар. «Ҳазн (Қўполлик)», деди. «Сен Саҳлсан (Енгиллик, Мулойимлик)», дедилар. «Отам қўйган исмни ўзгартирмайман», деди у». Ибн Мусайяб айтади: «Шундан бери бизда қўполлик давом этади». Бухорий ривоят қилган. Яъни «Бобом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг назарларидан қолганларидан буён ҳозиргача бизнинг оилада қўполлик давом этиб келяпти». Нотўғри, номаъқул исмни яхшиликка ишора қилувчи исмга ўзгартирмаганликнинг оқибатида бу оилада ана шундай ҳолат кузатилган экан. Бундан Аллоҳ таоло сақласин. Ровийнинг бобоси янги исмни эшитиб, ташаккур айтганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини қабул қилганида, эҳтимол, оилаларида яхшилик, енгиллик, хурсандчилик бўлар эди. Аксинча, Ҳудайбия ҳодисасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша пайтда душманларнинг раҳбарларидан бири бўлган мушрикнинг исмидан башорат топганлар ва оқибатда ишлар осонлашиб, Ислом тарихидаги энг катта ғалабалардан бири юзага чиққан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир минг тўрт юз нафар саҳобий билан умрани ният қилиб Мадинадан чиқдилар. Маккаи Мукаррамага яқинлашиб, Ҳудайбияга тушдилар. Мушриклар йўлни тўсдилар. Улар уруш чиқариб, эҳромда турган мусулмонларни қириб ташлаш пайидан бўлдилар. Орада ҳайъатлар юбориб, музокаралар бошланди. Бир неча ҳайъатлар алмашса ҳам иш юришмади. Охири Қурайш Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига Суҳайл ибн Амрни юборди. Унга: «Сен бориб, Муҳаммад билан сулҳ туз. Сулҳда албатта, бу йил бизнинг устимизга (Маккага) кирмай кетиши бўлсин, яна «Араблар бизнинг устимизга куч ишлатиб кирди», деб гапиришмасин», дейишди. Пайғамбар алайҳиссалом Суҳайл ибн Амрнинг келаётганини кўрганларида: «Аллоҳ ишимизни енгиллаштирадиганга ўхшайди», дедилар. («Суҳайл» – «осонлик», «енгиллик» дегани). Яна: «Улар бу одамни юборишларидан сулҳ тузишмоқчи шекилли», дедилар. Суҳайл Расули акрамнинг ҳузурларига келиб, узоқ гаплашди, улар тортишдилар ва охири сулҳ тузилди. Бу сулҳ Ислом уммати тарихидаги энг қувончли, энг башоратли ҳодисага айланди. Шунинг учун Аллоҳ таолога бандалик маъносини англатувчи Абдуллоҳ, Абдурроҳман, Абдусаттор ва Аллоҳ таолога ҳамд маъносини англатувчи Ҳамидуллоҳ каби исмлар яхши исмлар ҳисобланади. Шунингдек, набийларнинг, саҳобаларнинг ва ўтган солиҳ аждодларимизнинг исмлари ҳам яхши исмлар ҳисобланади. Қизларга ҳам ўтган аҳли иймон момоларимизнинг, саҳобия аёлларнинг исмларини ва эзгулик маъносини англатувчи исмларни қўйиш матлубдир. Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat