Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Бир оят тафсири

22:33 / 27.09.2015 | Zafarov Murodjon | 2598

Ассаламу алайкум! Қуръон Каримда : "Бирор бир қуруқ ёки ҳўл нарса йўқки, илоҳий китоб ҳақиқатларида акс этмаган бўлса" маънолар таржимасига эга оят борми? Агар бўлса моҳиятини тушунишга ёрдам берсангизлар.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло “Анъом” сураси 59- оятда марҳамат қилади :
Ғайбнинг калитлари ҳам Унинг ҳузурида бўлиб, уларни Ундан бошқа ҳеч ким билмас. У қуруқлигу денгиздаги нарсаларни биладир. Бирорта япроқ тушмайдики, магар уни ҳам биладир. Ер зулматларидаги дон бўлсин, ҳўлу қуруқ бўлсин, албатта, очиқ-ойдин китобда бордир.
Ушбу ояти каримадан Аллоҳ таолонинг илми чексизлиги ва бу илм ўзига хос ягона васфга эга илм экани билиб олинади. Бу илмнинг бош сифатларидан бири:
«Ғайбнинг калитлари ҳам Унинг ҳузурида бўлиб, уларни Удан бошқа ҳеч ким билмас».
«Ғайб» – инсондан ғойиб ҳодисалар, инсон сезги аъзолари билан ҳис эта олмайдиган, билиш имконлари билан идрок эта олмайдиган ҳодисалар. Инсон ўзининг билимдонлиги билан қанчалар ғурурланмасин, унинг билганидан билмагани кўп бўлиб қолаверади. Ўша ғойиб нарсаларни билишда инсоннинг бирдан-бир воситаси бор, у ҳам бўлса, илоҳий ваҳийдир. Қолган барчаси тахмин ва гумонлардан бошқа нарса эмас.
Мўмин-мусулмонлар ғайбга иймон келтиришлари билан бошқалардан ажралиб турадилар. Чунки ақийда боби асосан ғайбга, яъни кўз билан кўрмаган, қўл билан ушламаган нарсаларга ишонишдан иборатдир. Аллоҳга иймон келтириш ҳам ғайбга иймондир. Шунингдек, фаришталарга, илоҳий китобларга, пайғамбарларга, қиёмат кунига, жаннатга, дўзахга, яхшию ёмон қадарнинг Аллоҳдан бўлишига иймон келтириш ҳам ғайбга ишонишдир.
Ушбулар ва бундан ташқари, инсонни ҳар тарафдан ўраб турган, ўтмишни, ҳозирни ва келажакни илоҳий парда ортида тутиб турган сон-саноқсиз нарсалар ғайбиётдир.
Инсон ғайбни билиш борасида ғоят ожиздир. У биринчи инсон – Одам Атонинг қаерда ва қачон пайдо бўлганини билмайди. Билиши мумкин бўлган нарса – Қуръони Каримдаги маълумотлар. Бошқа ҳаммаси тахмин, гумон, фараз ва ҳоказо. Ўзининг ўтмишини билмаган инсон учун ўтмишнинг асосий қисми ғайб бўлиши турган гап. Аллоҳ таоло эса ҳаммасини билади. Инсон ҳозирги лаҳзада ўз танасида кечаётган сон-саноқсиз ўзгаришларни билмайди. Баъзи катта-катта ўзгаришларни билиши мумкин, аммо кўплаб нарсаларни мутлақо билмайди. Мисол учун, инсон учун ўз танасидаги ҳужайраларнинг ҳаракати ғайбдир. Ўз танасини мукаммал билмаган инсон ҳозирги даврда борлиқда рўй бераётган ҳодисалардан қанчасини била олади? Ҳеч қанчасини билмайди. Аммо Аллоҳ таоло уларнинг ҳаммасини билади.
Инсон ҳатто ўз бошига келажакда қандай ҳодисалар келишини билмайди. Ўзига тегишли нарсаларни билмаганидан кейин, оламдаги бошқаларга алоқадор нарсаларни умуман билмайди. Аллоҳ таоло эса уларнинг ҳаммасини билувчидир. Моддапарастлар илм номидан гапираётганларини даъво қиладилар, лекин ҳар бир илмий кашфиётнинг атрофини кўплаб ғайбиёт ўраб туришини унутиб қўядилар. Шунинг учун ҳам ҳар илмий кашфиётлари атрофида тахминлар ва фаразлар кўпаяди. Аллоҳ таоло эса ўша тахминларнинг ҳақиқатини билади. Ғайбнинг калитлари Аллоҳ таолонинг Ўзидалиги шундадир. Бу калитни ҳатто пайғамбарлар ҳам билмайдилар.
«У қуруқлигу денгиздаги нарсаларни биладир».
Яъни маконга тааллуқли ҳамма нарсаларни билади. Инсон уларнинг ҳаммасини билмайди. Ҳозирги кунда ҳам қуруқлик ва денгиз оламида инсон аввал билмаган янгидан-янги нарсалар пайдо бўлиб тургани шунга далолат қилади.
«Бирорта япроқ тушмайдики, магар уни ҳам биладир».
Демак, Аллоҳ таоло борлиқдаги ҳар бир зарранинг ҳаракатини ҳам билади. Дунё миқёсида биргина япроқнинг узилиб тушиши сезиларли ҳодиса эмас. Аммо Аллоҳ таоло шу ҳодисани ҳам, ҳатто ундан ҳам дақиқ нарсаларгача яхши билади.
«Ер зулматларидаги дон бўлсин, ҳўлу қуруқ бўлсин, албатта, очиқ-ойдин китобда бордир».
«Очиқ-ойдин китоб»дан мурод Лавҳул Маҳфуздир. У Зот «Ер зулматларидаги дон бўлсин, ҳўлу қуруқ бўлсин», ҳаммасини билади, Унинг билмайдиган нарсаси йўқдир. Бу таъриф фақат Аллоҳнинг Ўзигагина хосдир.
Чексиз ва шомил илмга эга бўлган Аллоҳ таоло чексиз ва шомил қудратга ҳам эгадир.("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat