Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ийсо алайҳиссалом ҳақида

22:59 / 29.09.2015 | Mirjalolbek | 1528

Ассаламу алайкум! 1. Устозлар қилаётган хизматларингизни Аллоҳ икки дунё саодати билан мукофотласин! Саволим шуки бир инсон ўғил фарзанд кўриб исмини Ийсо қўйган, кейин бир таниши мендан “Ийсо ким бўлган?” деб сўради. Мен “пайғамбар” дедим. У одам “у ўрисларнинг Худоси, христиан” деди. Мен “Йўқ ундай эмас, улар ўзларича Худо деб олган” десам, у “Ийсо христиан” деб туриб олди. Маслаҳат берсангизлар, мен қандай тушунтирсам бўлади?
2. Пайғамбарни “христиан” дейишнинг ҳукми қандай бўлади?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Пайғамбарни “христиан” дейишнинг ҳукми, шариатимизда куфр саналади. Агар бирор бир яхши илмли инсон унга бу сўзи куфр эканлигини тўлиқ тушунтириб, далилларни келтирганидан кейин ҳам сўзидан қайтмаса, кофир бўлиб, аёли билан орасидаги никоҳи бузилади. Агар ҳолат шу даражада бўлса, унга тўғридан-тўғри панду насиҳат қилишни тўхтатиш керак. Ундай одамларни ўзлари ҳурмат қиладиган, гапини оладиган, илмли ва ҳикмат билан иш тутадиган кишига рўбарў қилиш керак. Ақоид китобларимизда “баъзи кишиларнинг оғзидан куфр сўз чиқишини била туриб, унга жавоб берса кофир бўладиган саволларни бериш куфр саналади” дейилган. Шунинг учун баъзи бир эътиқод қилиниши зарур бўлган нарсаларни билмаган кишиларга “Шу нарсага эътиқод қилишни фарзлигини билмайсизми?” деган саволни бериш ўрнига, “Бу нарсалар бизнинг Ислом динида эътиқод қилиниши зарур, билиш фарз” дейиш керак. Чунки у “Билмайман” деса кофир бўлиб қолади. Бунга сабабчи бўлмаслик керак. Қайсар кишиларга ҳам унинг оғзидан куфр сўзлари чиқиши ғолиби гумон бўлса, улар билан баҳслашмаслик ва кофир бўлиб қолишига йўл қўймаслик керак. «Насоролар» деганда эса Ийсо алайҳиссаломга иймон келтирганлар тушунилади. Улар у кишига ёрдам берганлари учун «насоро» («ёрдам берувчилар») деб ном олганлар. «…у мушриклардан бўлмаган эди». Яҳудийлар эса «Узайр Аллоҳнинг ўғли», – деб ширк келтиришмоқда. Насоролар эса «Ийсо Аллоҳнинг ўғли», – деб ширк келтирмоқдалар. Қуйидаги оятда Аллоҳ таоло Ислом умматига хитоб қилиб, ушбуларни таъкидлайди: Аллоҳдан келган ҳамма динлар бирдир, Иброҳим алайҳиссаломдан бошлаб, Ийсо алайҳиссаломгача – ҳаммаларига ишониш лозим ва ҳамма мусулмон бўлиши шарт. 2. «Ва Ийсо ибн Марямга очиқ-ойдин мўъжизалар бердик ва уни Муқаддас руҳ билан қўлладик». Қуръони Карим Ийсо алайҳиссаломни доимо оналари Биби Марямга нисбат бериб зикр қилади. Бу билан у кишининг инсон эканликларини таъкидлайди ва у зот ҳақидаги турли афсоналарнинг бекор эканини исбот қилади. У кишига берилган «очиқ-ойдин (мўъжиза)лар» ҳақида ҳам кўплаб оятлар келган. Буларга у кишига нозил қилинган Инжил китоби ва Аллоҳ у кишига берган бошқа турли мўъжизалар киради. 49. Ва Бану Исроилга расул қиладиким, (у дер): «Албатта, мен сизга Роббингиздан мўъжиза келтирдим. Албатта, мен сизга лойдан қуш шаклига ўхшаш нарса ясаб, унга пуфласам, Аллоҳнинг изни билан қуш бўлади. Аллоҳнинг изни билан туғма кўр ва песларни тузатаман ва ўликни тирилтираман. Сизларга уйларингизда нимани емоқдасиз-у, нимани сақлаяпсиз – хабарини бераман. Агар мўмин бўлсангиз, албатта, бунда сиз учун оят (белги) бордир. Ояти кариманинг аввалидаги жумладан кўриниб турибдики, Ийсо алайҳиссалом Бану Исроилга пайғамбар бўлганлар. «Ва Бану Исроилга расул қилади...» Шунинг учун Бану Исроилнинг аввалги пайғамбари бўлмиш Мусо алайҳиссаломга келган илоҳий китоб – Таврот Ийсо алайҳиссаломга ҳам илоҳий китоб ҳисобланади. Кейин оятда Ийсо алайҳиссалом Бану Исроил ҳузурига пайғамбар бўлиб янги келган пайтларида айтган гаплари баён қилинади: «Албатта, мен сизга Роббингиздан мўъжиза келтирдим». Бу мўъжиза у кишининг пайғамбар эканликларини исботлашга хизмат қилади. Бир одам одамларнинг ҳузурига келиб, «Мени Аллоҳ сизларга пайғамбар қилиб юборди», – деса, одамлар «Бу гапингни нима билан исбот қиласан?» – дейишлари турган гап. Шунинг учун Аллоҳ таоло ҳар бир пайғамбарни ўз қавмига юбориш чоғида ўша қавмнинг ҳолига, ижтимоий, ақлий ва бошқа савияларига қараб, мўъжиза ҳам беради. Пайғамбарга берилган мўъжиза одатдан ташқари бир иш бўлиб, ўша замон кишилари «Бу иш оддий одамнинг қўлидан келмайди, модомики, ушбу ажойиб ишни бизга кўрсатдими, бу одам ҳақиқий пайғамбар экан. Унга иймон келтирайлик», – дейиши керак бўлади. Мисол учун, Мусо алайҳиссаломни Аллоҳ таоло пайғамбар қилиб юборган жамиятда сеҳргарлик жуда ҳам ривожланган экан. Сеҳргарлар жамиятда обрўли одамлар бўлиб, турли сеҳрларни кўрсатар эканлар. Мисол учун, арқонни ерга ташласа, одамлар кўзига илон бўлиб кўринар экан. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга мазкур сеҳргарларнинг сеҳридан кўра кучли мўъжизаларни берди. Яъни қўлларидаги ҳассани ерга ташласалар, катта илон бўлиб, сеҳргарларнинг арқон – илонларини ютиб юборадиган бўлди. Ушбу оятда Ийсо алайҳиссалом ўзларининг Бану Исроилга пайғамбар қилиб юборилганларини тасдиқловчи мўъжизаларнинг айримларини олдиндан айтиб ҳам ўтмоқдалар: «Албатта, мен сизга лойдан қуш шаклига ўхшаш нарса ясаб, унга пуфласам, Аллоҳнинг изни билан қуш бўлади. Аллоҳнинг изни билан туғма кўр ва песларни тузатаман ва ўликни тирилтираман. Сизларга уйларин¬гизда нимани емоқдасиз-у, нимани сақлаяпсиз – хабарини бераман». Ушбу жумлада Ийсо алайҳиссалом ўзларига Аллоҳ таоло томонидан берилган мўъжизалардан тўрттасини зикр қилмоқдалар: а). Лойдан қуш ясаб, пуфласа, Аллоҳнинг изни билан тирик қушга айланиши; б). Аллоҳнинг изни билан туғма кўрни, песни тузатиш; в). Аллоҳнинг изни билан ўликни тирилтириш; г) Аллоҳнинг изни билан ўзлари кўрмаган-билмаган нарсаларни – Бану Исроилга улар еган ва уйларида сақланаётган нарсаларни айтиб бериш... Кўпчилик қадимги тафсирчилар туғма кўрни, песни Аллоҳнинг изни билан тузатиш, ўликни тирилтириш каби мўъжизаларни эътиборга олиб бўлса керак, Ийсо алайҳиссалом даврларида тиб илми ривожланган, шунинг учун Аллоҳ таоло у кишига ўша вақт табибларининг қўлидан келмайдиган ишларни мўъжиза қилиб берган, деганлар. Аммо Ийсо алайҳиссаломнинг мўъжизалари эътибор билан ўрганилса, унда ҳаёт бериш ёки ҳаётни ўрнига қайтариш, соғлиқни жойига келтириш ва ғайбдан хабар беришлар бор. Албатта, бу ишларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг изни билан бўлиши қайта-қайта таъкидланяпти. Ийсо алайҳиссаломга Аллоҳ таоло томонидан берилган бу мўъжизаларнинг табиатини ўрганган ва ўша вақтдаги тарихий воқеъликни кузатган уламоларимиз, Ийсо алайҳиссалом даврида одамлар моддапараст бўлиб кетган эдилар, деган фикрга келганлар. Улар ҳар бир нарсанинг сабаби топилса бўлди, масала ечилади, деб фикрлайдиган, руҳоний ва ғайбий нарсаларга мутлақо ишонмайдиган бўлиб кетишган экан. Уларнинг бу ҳолатларини муолажа қилиш учун Ийсо алайҳиссаломга мазкур мўъжизалар берилган экан. Шу билан бирга, ҳали ҳомиладор бўлмаган қиз – Биби Марямга фаришталар Ийсо тилидан ҳикоя қилиб бераётган бу ҳақиқатлар – Ийсонинг отасиз туғилиши ҳам Аллоҳнинг амри билан ғайритабиий бўлишидан дарак бериб турибди. Бандаларидан бирига мазкур мўъжизаларни беришга қодир бўлгандан Зот бир одамни ғайритабиий равишда ярата олмасмиди?! Кейинги икки оятда ҳам Ийсо алайҳиссалом номларидан айтилаётган сўзлар давом этади: 50. Ва ўзимдан аввалги Тавротни тасдиқловчи бўлиб ҳамда сизга ҳаром қилинганнинг баъзисини ҳалол қилиш учун (келдим). Ва Сизга Роббингиздан мўъжиза билан келдим. Аллоҳга тақво қилинг ва менга итоат этинг. 51. Албатта, Аллоҳ менинг ҳам Роббим, сизнинг ҳам Роббингиздир. Бас, Унга ибодат қилинг. Мана шу тўғри йўлдир». Ушбу ояти кариманинг аввалида Ийсо алайҳиссаломнинг: «Ва ўзимдан аввалги Тавротни тасдиқловчи бўлиб...» деганларидан у кишининг Бану Исроилга пайғамбар бўлиб, Мусо алайҳиссаломнинг шариатларига амал қилиб келганлари яна бир бор билинмоқда. У киши бор нарсани тўлдириб келганлар: «...сизга ҳаром қилинганнинг баъзисини ҳалол қилиш учун (келдим)». Аллоҳ таоло Бану Исроилга ўзлари қилган гуноҳлари учун баъзи нарсаларни ҳаром қилган эди. Ийсо алайҳиссалом ўша ҳаром қилинган нарсаларнинг баъзисини ҳалол қилиб келдилар. «Сизга Роббингиздан мўъжиза билан келдим». Яъни «Сизларга кўрсатаётган мўъжизаларда менинг ҳеч қандай фазлим йўқ. Ҳаммаси Аллоҳдандир». «Аллоҳга тақво қилинг ва менга итоат этинг». Демак, Ийсо алайҳиссаломнинг даъватлари Аллоҳ таолога тақво қилиш ва Унинг расулига итоат этишдир. «Албатта, Аллоҳ менинг ҳам Роббим, сизнинг ҳам Роббингиздир. Бас, Унга ибодат қилинг». Ийсо алайҳиссалом ҳам худди бошқалар каби бандадирлар, асло, кейинчалик масиҳийлар даъво қилганларидек, худо эмас. Шунингдек, у киши пайғамбар бўлиб келган Бану Исроил ҳам Аллоҳнинг бандаларидир. Модомики, Робб ва банда бўлар экан, бу ҳол банданинг Роббга ибодатини тақозо этади. Ушбу айтилганларга тўлиқ амал қилингандагина тўғри йўлда юрилган бўлади, бахт-саодатга эришилади. «Мана шу тўғри йўлдир». Энди Ийсо алайҳиссалом ҳақларидаги ҳақиқатнинг хулосаси келтирилади: 59. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида Ийсо худди Одамга ўхшайдир. Уни тупроқдан яратиб, сўнгра унга: «Бўл!» – деди, бас, у бўлди. Инсонлар ўлчови ва кўникмаларига биноан қаралса, Ийсо алайҳиссаломнинг туғилишлари одамни ҳайратга солувчи, ғайритабиий ҳодиса ҳисобланади. Шунинг учун аҳли китоблар, хусусан, насоролар Ийсо алайҳиссалом ҳақларида, хоссатан, у кишининг туғилишлари ҳақида ихтилофлар қилишган. У киши отасиз дунёга келганлари учун улар турли-туман афсоналар, бекорчи хаёлларни тўқиганлар. Ҳолбуки, аҳли китоблар Одам алайҳиссаломнинг тупроқдан яратилганини, Аллоҳнинг пуфлаши оқибатида жон кирганини яхши билишади. Бу ҳақда ҳеч қандай ихтилоф қилишмайди. Йўқ жойдан Одам алайҳиссаломни яратган Зот тирик юрган Марямдан отасиз ҳолда Ийсо алайҳиссаломни ярата олмайдими?! Аллоҳнинг ҳар бир нарсага қодир эканига ишонган эси бор одам бунга ҳеч қандай шубҳасиз иқрор бўлади. Аллоҳ таоло инсоннинг дунёга келишига ота-онани сабаб қилиб қўйган. Ота-онанинг қўшилиши оқибатида инсоннинг дунёга келиши ҳодисаси доимий такрорланаверганидан, одам мана шу кўриб турган тажрибасига суяниб, сабабчиларни асосчининг ўрнига қўйиб юборади, ота-она бўлмаса, бола бўлмайди, деган ҳукмни чиқаради. Аллоҳ агар хоҳласа, инсонни ота-онасиз ҳам дунёга келтира олиши мумкинлигини хаёлларига ҳам келтирмайдилар. Аллоҳ таоло бандаларининг эсига ушбу ҳақиқатни солиб туриш учун баъзан умумий қоидадан ташқари чиқиб, айрим нодир ишларни қилиб, одамларнинг кўзига кўрсатиб қўйган. Масалан, фарзанд дунёга келишининг асосий сабабчилари ота-она эмас, балки Аллоҳ эканини билсинлар учун баъзиларни туғмайдиган ёки туғдира олмайдиган қилиб қўйган. Бола туғилишининг асосий сабаби ота-онанинг қўшилиши бўлса, нима учун бир-бирига қўшилган ҳамма ота-оналардан ҳам бола туғилавермайди?! Ҳолбуки, Аллоҳ Одам Атони отасиз ва онасиз яратди. Аёлсиз, фақат эркак кишидан ҳам инсон пайдо бўлиши мумкинлигининг исботи учун Одам Атодан Момо Ҳавони яратди. Эркаксиз, фақат аёлдан ҳам инсон дунёга келиши мумкинлигини эса Биби Марямдан Ийсонинг туғилиши исботлайди. Ҳа, Аллоҳ ҳар бир ишга қодир Зотдир. «Бўл!» деса, бас, хоҳлаган иши бўлади. 60. Бу ҳақ Роббингдандир, бас, шак қилувчилардан бўлма. Яъни Ийсо ҳақидаги бу ҳақиқат Роббингдандир, бошқа ҳеч кимдан эмас. Набий алайҳиссалом Аллоҳ таолодан келган нарсага ҳеч қачон шак қилмаган бўлмасалар ҳам, у кишига «шак қилувчилардан бўлма», дейилаётгани таъкид учун, ҳақда собит туришга даъватдир. Чунки Ислом душманларининг мўминларни йўлдан оздириш учун қилган, қилаётган ва қилажак ишлари маълум эди. Ийсо алайҳиссалом ҳақларидаги бор ҳақиқат очиқланганидан кейин Аллоҳ таоло Набий алайҳиссаломга хитоб қилиб, у зотни мунозарани, гап талашишни тугатишга, кофирларни мубоҳалага – икки гуруҳдан золим бўлганининг зиддига дуо қилишга чақиришга амр этмоқда.("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat