Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Мажбурлаш

08:00 / 04.10.2015 | Ali_al-Qori | 1386

Ассалому алайкум! "Ақидатут таҳовия шарҳининг талҳийси" китобида  Аллоҳга масият бўлганда бошқага итоат этиш ширклиги тўғрисида ёзилибди. "Кифоя" китобида мажбурлаш тўғрисидаги мавзуни ҳам ўқиганман. Бугунги кунда соқол қўйишни ота-оналар, қариндошлар ва мадрасалардаги мударрислар ҳам тақиқлашмоқда экан. Жумладан менинг отам ва қариндошларим ҳам, лекин китобдагидек мажбурлаш йўқ.
1. Масалан бир киши “динимнинг кўрсатмаси” деб соқол қўйди. Сўнг уни ота-онаси фарзандидан хавотирланиб қайтарди. У эса кейин ота-онасининг раъйи учун соқолини олиб ташлади.
2. Яна бошқа бир талаба “динимнинг ҳукми, Пайғамбарим(алайҳиссалом)нинг буйруқлари” деб соқол қўйди ва бир мунча вақтдан сўнг у ўқишга кирди. Сўнг у ерда мударрислари соқолни олишлигини буюрди. Кейин мазкур талаба ўқишдан, Аллоҳ таолонинг буюрган фарз илмини ўрганишлигидан, ҳайдалишидан қўрқиб, соқолини қирди ёки жуда калта қилиб олди. Мазкур ҳолатга қандай фатво бор.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Сиз ҳеч нарсага чалғимай қаттиқ илм олишга ҳаракат қилинг
Аллоҳ таоло “Наҳл” сураси 106-108-оятларида марҳамат қилади :
106. Ким иймондан сўнг Аллоҳга куфр келтирса, – қалби иймон ила ором топа туриб, зўрланганлар бундан мустасно, – ким кўксини куфрга очса, бас, уларга Аллоҳдан ғазаб бор. Уларга буюк азоб бор.
Ислом дини янги келган даврда Макка кофирлари оз сонли мусулмонларни мисли кўрилмаган қийноқларга, азоб-уқубатларга солдилар. Кофирларнинг бу ишлардан кўзлаган бирдан-бир мақсадлари мўминларни иймондан қайтариб, яна кофир қилиш эди. Аммо мусулмонлар бу азобларга сабр қилиш билан инсоният тарихи саҳифаларига олтин ҳарфлар билан ёзиладиган намуналар кўрсатдилар. Мушриклар буюк саҳоба ҳазрати Билол розияллоҳу анҳуни турли йўллар билан азобладилар. Мисол учун, у кишини шиддатли иссиқ пайтида чалқанча ётқизиб, кўксларига кун иссиғида қизиб турган оғир харсанг тошлар қўйиб, ё диндан қайтишни, ёки шу ҳолатда ўлиб кетишни таклиф этдилар. Ҳазрати Билол эса «Аҳад, Аҳад» деган сўзларни такрорладилар, холос.
Шунингдек, бошқа мусулмонлар ҳам қаттиқ қийноқларга чидадилар.
Мушриклар саҳобалардан Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ва у кишининг оталари Ёсир розияллоҳу анҳу ҳамда оналари Сумайя розияллоҳу анҳоларни ҳам тутиб келиб, диндан қайтариш учун қаттиқ азобладилар. Улар азобларга чидам билан сабр қилиб, иймонларидан қайтишга кўнмадилар. Сумайя розияллоҳу анҳонинг икки оёқларини қозиққа боғлаб, аврат жойларига найза санчдилар. Сўнгра Амморнинг отаси Ёсир розияллоҳу анҳуни ҳам ўлдирдилар. Бу икки улуғ инсон – эру хотин Ислом йўлида, иймон учун биринчи шаҳидлар бўлиш шарафига эришдилар. Амморнинг кўз ўнгида ҳам онасини, ҳам отасини ўлдирган мушриклар уни ҳам ўлдиришга қасд қилганларида, унинг оғзидан кофирларни рози этадиган гап чиқди. Шунда мушриклар уни ўлдирмадилар. Одамлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
– Эй Аллоҳнинг Расули, Аммор муртад бўлди, – дедилар. Бунга жавобан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Йўқ! Аммор бошидан товонигача иймонга тўлиқдир. Иймон унинг этига ҳам, қонига ҳам сингиб кетгандир, – дедилар.
Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳунинг ўзлари ҳам йиғлаган ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, бўлиб ўтган ишларни айтиб:
– Энди нима бўлади? – деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига:
– Қалбингни қандай сезмоқдасан? – дедилар. Аммор розияллоҳу анҳу:
– Иймонга оромли, – деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Агар улар такрорласалар, сен ҳам такрорлагин, – дедилар.
Ана шу ҳодисадан сўнг Аллоҳ таоло биз ўрганаётган мазкур ояти каримани нозил қилди. Ундан кўриниб турибдики, иймондан кейин куфрга қайтиб, муртад бўлиш улкан гуноҳдир. Ким иймонга келганидан сўнг, Аллоҳга куфр келтирса, кўксини куфрга очса, у Аллоҳнинг ғазаби ва улкан азобига дучор бўлади. Фақат бир тоифа одамларгина бундан мустасно бўладилар.
«...қалби иймон ила ором топа туриб, зўрланганлар бундан мустасно...»
Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳуга ўхшаб, қалби иймонга тўлиқ бўлгани ҳолда, муҳаққақ ўлимдан қутулиш учунгина ўзини иймондан қайтган қилиб кўрсатишса, жоиз. Шунингдек, ҳазрати Билол розияллоҳу анҳу каби, чидаб тураверса ҳам, жоиз.
Ислом тарихига назар соладиган бўлсак, ҳазрати Билол розияллоҳу анҳуга ўхшашга интилган кишиларни кўпроқ кўрамиз.
Машҳур тафсирчилардан Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи саҳобалардан бири Абдуллоҳ ибн Ҳузофа розияллоҳу анҳу ҳақларида қуйидагиларни ривоят қиладилар. У киши румликларга асир тушибдилар. У кишини подшоҳлари олдига олиб боришибди. Подшоҳ унга:
– Насроний бўл, сени мулкимга шерик қиламан ва қизимга уйлаб қўяман, – дебди. У киши эса:
– Агар ҳамма мулкингни ва арабларнинг ҳамма мулкини берсанг ҳам, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг динларини бир лаҳзага ҳам тарк қилмайман, – деб жавоб берибдилар.
– Унда сени ўлдираман, – дебди Рум подшоҳи.
– Билганингни қил, – дебдилар Абдуллоҳ ибн Ҳузофа розияллоҳу анҳу.
Шунда подшоҳнинг амри билан у киши осиб қўйилиб, камончилар унга тегар-тегмас ҳолда ўқ отиб туришибди. Подшоҳ яна саҳобийга насронийлик динини таклиф этибди. Қабул қилмаганларидан кейин осилган жойларидан қайтариб туширишибди. Подшоҳ катта қозонни қиздиришни амр қилибди. Қозон роса қизиганда, бир мусулмон асирни олиб келиб, унга ташлашган экан, асир бир зумда жизғанак бўлиб қолибди. Подшоҳ Абдуллоҳ ибн Ҳузофа розияллоҳу анҳуга яна насронийликни қабул этишни таклиф қилибди. У киши яна бош тортибдилар. Шунда подшоҳ у кишини қозонга ташлашга буюрибди. Жаллодлар у кишини қозонга яқинлаштирганларида, йиғлабдилар. Подшоҳ, энди қабул этса керак, деб умид қилиб, ҳузурига чақириб, нимага йиғлаётганларини сўрабди. У киши розияллоҳу анҳу:
– Аллоҳнинг йўлида қозонга ташланаётган жоним биттагина бўлганидан, танамдаги туким сонича бўлмаганидан йиғламоқдаман, – деган эканлар.
Мусайламатул Каззоб ўз қўлига тушган Ҳабиб ибн Зайд розияллоҳу анҳуга:
– Муҳаммад Аллоҳнинг Расули, деб гувоҳлик берасанми? – деди.
– Гувоҳлик бераман, – деди Ҳабиб ибн Зайд розияллоҳу анҳу.
– Менинг Аллоҳнинг расули эканимга гувоҳлик берасанми? – деди Мусайламатул Каззоб.
– Эшитмаяпман, – деди Ҳабиб ибн Зайд розияллоҳу анҳу.
Мусайламатул Каззоб унинг этидан бир парча кесиб туриб, яна сўради. У яна:
– Эшитмаяпман, – деди. Мусайламатул Каззоб унинг танасидан парча-парча қилиб кесаверди. Ҳабиб ибн Зайд розияллоҳу анҳу ўлгунича собит тураверди.
Уламоларимиз: «Мусулмон одам учун дину диёнат, иймон йўлида кофирларнинг азобига чидаш азийматдир, асл ҳукмдир; қалби иймонга тўла туриб, жонни сақлаш учун тили билан гап айтиб, қутулиш рухсатдир», – дейдилар
Кейинги оятларда эса ўша, иймондан сўнг Аллоҳга куфр келтирган муртадларга тегишли бошқа гаплар айтилади:
107. Бу уларнинг дунё ҳаётини охиратдан устун қўйганлари ва албатта, Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмаслиги сабабидандир.
Яъни ўша муртадларга дунё ҳаётини охиратдан юқори қўйиб, иймонни тарк этиб, куфрга қайтганлари учун азоблар берилади.
«…албатта, Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмаслиги...»
Ўша муртадлар ҳидоятдан маҳрум қилиш билан ҳам жазоланадилар.
 
108. Ана ўшаларнинг қалблари, қулоқлари ва кўзларига Аллоҳ тамға босгандир. Ана ўшалар ғофиллардир.
Яъни улар ғафлат босган бандалардир. Улар бирон нарсани ибрат кўзи билан кўриб, ибрат қулоғи билан эшитиб, ибрат қалби ила идрок эта олмайдилар. Аллоҳ уларнинг қалб, қулоқ ва кўзларига муҳр босиб, жазолагандир.("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat