Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ҳайит байрами куни

12:48 / 20.07.2015 | muhiddin bekchanov | 3370

Ассалому алайкум! Аллоҳ, куч-қувват берсин, азиз устозлар! Ҳайит намозига боришдан олдин оғиз ёпиб, намоздан кейин очиш керакми ёки бундай қилиш шартмасми?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Фитр куни таом ейиш, мисвок ва ғусл қилиш, хушбўй суртиш ва энг яхши кийимларини кийиш ва садақаи фитрини бериш мандубдир.
Юқоридаги жумлада Фитр намозига чиқишдан олдин қилинадиган амаллар ҳақида сўз бормоқда.
Улар қуйидагилардан иборат:
1. Таом ейиш.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни бир неча хурмо емасдан туриб чиқмас эдилар. Тоқ ер эдилар».
Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.
Бошқа бир ривоятда:
«Фитр куни таом емасдан олдин чиқмас эдилар. Қурбонлик куни намозни ўқиб бўлмагунча емас эдилар», дейилган.
2. Мисвок.
 Ҳар бир намоз учун мисвок қилиш марғуб бўлганидек, Ийди Фитрдан олдин ҳам мисвок қилиш марғубдир.
3. Fусл қилиш.
Фокиҳ ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр, Қурбонлик ва Арафа кунлари ғусл қилар эдилар».
Ибн Можа ривоят қилган.
4. Хушбўй суртиш.
Кишилар кўп тўпланадиган жойларга хушбўй нарса суртиб бориш мандуб бўлгани учун ийд куни хушбўй суртилади.
5. Энг яхши кийимларини кийиш.
Имом Ибн Можа Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади:
«У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ийдда ҳибара чопон кияр эдилар».
«Ҳибара» – Яманнинг машҳур кийими.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жума ва ийд учун алоҳида яхши кийим кийишлари маълум ва машҳур.
6. Садақаи фитрини бериш.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр закотини рўзадор учун беҳуда гап-сўз ва ҳаракатлардан покланиш ва мискинлар учун таомланиш бўлсин деб фарз қилдилар. Ким уни намоздан олдин адо қилса, у мақбул закот бўлади. Ким уни намоздан кейин адо қилса, садақалардан бири бўлади».
Абу Довуд, Ибн Можа ва Ҳоким ривоят қилишган. Ҳоким саҳиҳ, деган.
Садақаи фитрни ийддан бир неча кун олдин берса ҳам бўлади.
Ийд намозига чиқишдан олдин қилинадиган амалларнинг «Мухтасар»да зикр қилинмаганлари ҳам бор. Масалан:
7. Икки ийд кечаларини ибодат ила ўтказиш.
Бунда кечанинг ҳаммасини ёки охирги учдан бирини зикр, намоз, Қуръон тиловати, такбир, тасбеҳ, истиғфор билан ўтказилади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Фитр кечасини ва Қурбонлик кечасини (савоб умидида) бедор ўтказса, қалблар ўладиган кунда унинг қалби ўлмас», дедилар».
Имом Табароний Убода ибн Сомитдан ривоят қилган.
Икки ийд кечасида қилинган дуолар мустажобдир. Шунинг учун эртага ийд, деган кечада кўп дуо қилиш ҳаракатида бўлиш лозим.
8. Муқтадий кишилар ийд намозига виқор билан, такбир айтган ҳолларида эртароқ, пиёда борадилар. Намозга қанчалик кўп интизор бўлинса, савоби шунчалик кўп бўлади.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ийдга пиёда чиқиш суннатдир».
Имом Термизий ривоят қилган.
Имом ийдга намозга етиб борадиган бўлиб чиқиши суннатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо шундай қилганлар.
9. Аҳли аёлга кенгчилик ва серобчиликка шароит яратиш. Нафл садақаларни имконига қараб, одатдагидан кўпроқ қилиш.
10. Кўринган ҳар бир мусулмонга хурсандчилик ва шодлик изҳор қилиш. Яқин кишиларни, ёру дўст ва аҳбобларни зиёрат қилиш. (“Кифоя”). Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat