Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Бировнинг устидан мазах қилиш

10:52 / 02.06.2015 | Fazliddin Tursunov | 7607

Ассалому алайкум! Аллоҳ Илмингизни Бунданам Зиёда Қилсин Амииииин. Мени саволим қуйдагича кўчада чойҳонада дам олиш масканларида воҳаказо жойларда улфатларим билан дам оламиз тўғри ҳазил қилишади ва мазаҳ қилишади лекин пайти келса зиётроқ ҳазил қилиб бировнинг устидан мазаҳ қилишади. Исломда бунга қандай қаралган аҳир бировни дили оғриса дили оғривотканини бировларга билдирмаса шу саволимга аниқлик киритиб берсангиз. Жавобингиз учун олдиндан раҳмат Аллоҳ Ҳазратимизни жойларини жаннатий қилсин.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло  “Ҳужурот” сурасида марҳамат қилади :

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا يَسْخَرْ قَومٌ مِّن قَوْمٍ عَسَى أَن يَكُونُوا خَيْرًا مِّنْهُمْ وَلَا نِسَاء مِّن نِّسَاء عَسَى أَن يَكُنَّ خَيْرًا مِّنْهُنَّ وَلَا تَلْمِزُوا أَنفُسَكُمْ وَلَا تَنَابَزُوا بِالْأَلْقَابِ بِئْسَ الاِسْمُ الْفُسُوقُ بَعْدَ الْإِيمَانِ وَمَن لَّمْ يَتُبْ فَأُوْلَئِكَ هُمُ الظَّالِمُونَ۝ 

11. Эй иймон келтирганлар! Бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол, улар булардан яхшироқдир. Ва аёллар ҳам бошқа аёлларни (масхара қилмасинлар), эҳтимол, улар булардан яхшироқдир. Ва ўзингизни ўзингиз мазах қилманг, бир-бирингизга лақаб қўйманг. Иймондан кейин фосиқлик исми нақадар ёмон! Ва ким тавба қилмаса, бас, ана ўшалар золимлардир. Албатта, ўзгаларни масхара қилиш ёмон одат бўлиб, жамият аъзолари ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг бузилишига сабаб бўлади. Бир одам иккинчисини масхара қилса, камситса, устидан кулса, албатта, масхара қилинган одамнинг аччиғи чиқади, у ҳам масхара қилувчига ўзига яраша жавоб беришга уринади. Орада низо-жанжал чиқади, ижтимоий алоқалар бузилади ва жамият заифлашади. Ислом эса доимо мусулмонлар жамиятининг мустаҳкам бўлиши учун қайғуради. Шунинг учун ҳам ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло инсонларни бир-бирини масхара қилишдан қайтармоқда. «Эй иймон келтирганлар! Бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол, улар булардан яхшироқдир». Эътибор берадиган бўлсак, Аллоҳ таоло ушбу оятни яна «Эй иймон келтирганлар!» нидоси ила бошламоқда. Бу мазкур сураи шарифанинг аввалидан буён ушбу шаклдаги тўртинчи нидодир. Шунинг ўзи ҳам нидодан кейин келадиган масала ўта муҳимлигидан дарак беради. Ожиз инсон ҳар нарсани ўз ўлчови билан ўлчашга ҳаракат қилади. Шунингдек, масхара қилувчилар ҳам одамларнинг қадрини ўз қаричлари билан ўлчаб, бой камбағалдан, кучли кучсиздан, амалдор амали йўқдан, фарзанди кўп фарзандсиздан кулиши мумкин. Лекин Аллоҳнинг ўлчови бошқа. Эҳтимол, ҳеч ким кўзга илмайдиган бир инсон Аллоҳнинг ҳузурида минглаб бой, зодагон, уддабуролардан чандон-чандон яхши мартабададир. Одатда, кўпгина ишлар ҳақидаги ҳукмлар эркакларга хитобан айтилса-да, ўз-ўзидан, аёлларни ҳам ичига олиб кетаверади. Аммо бир-бирини масхара қилишдан ман қилувчи хитобда эркаклардан кейин аёллар алоҳида зикр қилинган. «Ва аёллар ҳам бошқа аёлларни (масхара қилмасинлар), эҳтимол, улар булардан яхшироқдир». Нимага? Чунки бир-бирини масхара қилиб, устидан кулиш, турли ишлар билан фахрланиб, ўзгаларни камситиш аёлларда кўпроқ учрайди. Чиройли аёл хунугини, бойи камбағалини, ёши қарисини, моҳираси нўноғини масхара қилиб, устидан кулади. Лекин Аллоҳнинг ўлчови бошқа-ку! Эҳтимол, ҳаётда хунук, камбағал, нўноқ бўлган аёл Аллоҳнинг ҳузурида минглаб чиройли, бой ва моҳира аёллардан кўра яхшироқдир. Ҳа, кишилар қадрини ўлчашда Аллоҳнинг тарозиси ҳақиқий тарози ҳисобланади. Сўнгра оятда мўминлар яна бир юксак одобга чақириладилар: «Ва ўзингизни ўзингиз мазах қилманг…» Ояти каримадаги ушбу жумла ким бирор мўминни мазах қилса, ўзини мазах қилган билан баробар эканини айтмоқда. Чунки улар бир оиланинг фарзандлари, бир жисмнинг аъзолари, шунинг учун ким бирор биродарини мазах қилса, ўзини мазах қилган бўлади. Биз «мазах қилиш» деб таржима қилаётган сўз оятда «Ла талмизу» лафзи билан келган. Бу сўз «ламз» сўзидан олинган бўлиб, бирор кишининг нуқсонларини тил билан зикр қилиб, айблашга нисбатан ишлатилади. Мисол учун, «Фалончи кўр», «Писмадончи чўлоқ» ёки «Анави мана бундай қилиб гапиради» кабилар. Албатта, бир-бирини мазах қилиш орқасидан жамият аъзолари орасида ўзаро келишмовчиликлар, норозиликлар келиб чиқади. Натижада ижтимоий алоқалар бузилади, жамиятга катта зарар етади. Ислом жамиятида эса бунинг акси бўлиши керак. Ояти каримада даъват қилинаётган учинчи юксак одоб Аллоҳнинг «…бир-бирингизга лақаб қўйманг», деган сўзида намоён бўлган. Одатда, лақаб қўйиш орқали бир кишини камситиш, масхара қилиш мақсади бўлади. Умуман, лақаб ёмон сифатларни зикр қилишдан иборат. Демак, бу иш аслида яхши эмас. Ислом гўзал дин, гўзалликни тарғиб қилувчи дин, «Аллоҳ гўзалдир, Аллоҳ гўзалликни яхши кўради», дейилади асарларда. Шунинг учун ҳам Набий алайҳиссалом жоҳилият пайтидан қолган хунук исм ва лақабларни чиройлисига алмаштирганлари ҳаммага маълум. Имом Аҳмад қилган ривоятда Абу Жубайра ибн Заҳҳок деганларки: «Бир қавм бошқасини масхара қилмасин…» ояти бизнинг Бану Салама қабиламиз ҳақида нозил бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида, бизнинг ҳар биримизнинг икки ёки уч хил исмларимиз бор эди. Агар у киши бирортамизни ўша исмлардан бирини айтиб, чақирсалар, кишилар: «Эй Аллоҳнинг Расули, у бу исмни эшитса, ғазаби чиқади», – дейишарди». Кейинги даврларда ҳам бу ғайри одобий ишга қарши қаттиқ кураш олиб борилган. Лақаб қўйиш орқали инсонни камситиш катта гуноҳ ҳисобланади. Айниқса, у инсон мўмин бўлса. Шунинг учун ҳам оятда: «Иймондан кейин фосиқлик исми нақадар ёмон!» – дейилмоқда. Агар баъзи кишилар бир-бирларига лақаб қўйишиб юрган бўлсалар, аввал ҳукмни билмаган бўлсалар, энди билиб, тушуниб етиб, тавба қилсинлар, астойдил надомат чекиб, кейин бу ишни такрорламасинлар. Шунда Аллоҳ таоло уларнинг аввалги гуноҳларини кечиради. Тавба қилмаганлар-чи? Бу саволга жавоб оятнинг ўзида келган: «Ва ким тавба қилмаса, бас, ана ўшалар золимлардир».Ҳумаза” сураси 1-оятида ҳам :

وَيْلٌ لِّكُلِّ هُمَزَةٍ لُّمَزَةٍ۝ 

1. Ҳар бир обрў тўкувчи ва айбловчига вайл бўлсин. Одамларнинг обрўсини ғийбат йўллари билан кўп тўкувчи одам араб тилида «ҳумаза» дейилади. Одамларнинг айбини, камчиликларини имо-ишора ила масхара қилувчи «лумаза» дейилади. «Вайл» жаҳаннамдаги бир водийнинг номи ёки «ҳолига вой», «ҳалок бўлсин» деган маънодаги сўз эканини олдин ҳам ўрганганмиз. Ушбу икки сифатга эга бўлганларнинг барчаси дўзахга тушади ва уларнинг аҳволига вой бўлади, дейди Аллоҳ таоло. Чунки мўмин кишининг қонини тўкиш қанчалик гуноҳ бўлса, обрўсини тўкиш ҳам шунчалик гуноҳ. Одам ўлдириб – қон тўкиб гуноҳ қилганлар жаҳаннамга тушганларидек, ғийбат қилиб – обрў тўкиб, кишиларни хафа қилганлар ҳам жаҳаннамга тушади.("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat