Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Маййит кўтарганнинг гуноҳи кабираси тўкиладими?

00:00 / 12.02.2007 | eski savollar | 6117

Ассалому алайкум Ҳурматли Шайх жаноблари, сиздан ушбу масала ҳақида сўрамоқчиман.Бир биродаримиз гуноҳи кабиралар (катта гуноҳлар)ни тўкишлик ҳақида сўзлаб қолди.Унинг айтишича маййитни кўтариб қадам босса босган қадамига бир гуноҳи кабираси тўкилар эмиш. Мен бунга раддия билдирдим, чунки атрофимиздагилар динга енгил қарашади, жуда саёз эдилар. Уларга бу жуда маъқул келди. Ва менга бошқача назар солишди, мен эса уларни тарк қилдим.Жавобингиз жуда муҳим.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

– Ва алайкум ассалом! Ҳозир сиз билан тортишган ва сизга бошқача назар билан қараганларга ўхшашалар ҳам, минг афсуки оз эмас. Улар ўзларининг илми йўқлигини ҳам, ўзича турли гапларни айтишга ҳақлари йўқлигини ҳам тан олмайдилар. Уларнинг дарди ҳасрати ўзлари қилиб юрган гуноҳларни ҳаспўшлаш ва янги қиладиган гуноҳларига баҳона ва сабаб топишдир.
Улардан баъзилари ҳажга бориб келса, гуноҳлари ювилар экан деб, ҳаждан келиб ҳам гуноҳларни қилиб юришибди. Биров бундай қилса, деса яна бир ҳажга бориб келсам, ювилиб кетади, дейди.
Жумага бориб қўйиб шу гапни айтиб юрганлар ҳам бор. Буларнинг ҳаммаси нотўғри. Келинг, бу масалани тўғри тушунишга ҳаракат қилайлик.
Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Вақтики, мусулмон ёки мўмин банда таҳорат қилса, бас, у юзини ювганда ўша сув ёки ўша сувнинг охирги қатраси ила унинг икки кўзининг назари орқали қилган хатолари юзидан тўкилади. Вақтики, икки қўлини ювса, ўша сув ёки ўша сувнинг охирги қатраси ила унинг икки қўли билан қилган хатолари тўкилади. Вақтики, икки оёғини ювса, ўша сув ёки ўша сувнинг охирги қатраси ила икки оёғи билан юриб қилган хатолари тўкилади. Шундоқ қилиб, у гуноҳлардан пок бўлиб чиқади», дедилар».
Муслим ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадисда бошдан охиригача таҳорат туфайли банданинг гуноҳлари қандоқ тўкилиши батафсил ва жонли васф қилинмоқда. Мусулмон киши таҳорат қилиш учун қайси бир аъзосини ювса, ўша аъзо туфайли ҳосил бўлган гуноҳ тўкилиши таъкидланмоқда. Мусулмон одам таҳорат қилиш пайтида зоҳирий аъзоларидан кир, чанг-тўзон- ларни ювса ҳам аслида унинг гуноҳлари ювиб ташланиши васф қилинмоқда. Бу эса таҳоратнинг қанчалик фазлли ибодат эканини кўрсатади.
Шу жойда умумий қоида сифатида ҳаммамиз учун ўта муҳим бир масалани эслаб ўтишимиз лозим. Бу ҳадиси шариф, ундан олдинги ва шунга ўхшаш бошқа ҳадисларда гап кичик гуноҳларнинг тўкилиши, ювилиши ёки ўчирилиши ҳақида бормоқда. Бу маънолардаги ҳадисларни эшитиб-ўқиб, хоҳлаган гуноҳни қилиб келиб, бир марта таҳорат қилса, намоз ўқиса ёки Жума намозида иштирок этса, ҳамма гуноҳлари тўкилиб кетар экан, деган хаёлга бормаслигимиз керак. Бунга ўхшаш маънодаги ҳадисларда зикр қилинган гуноҳнинг тўкилиши Аллоҳ билан банда орасидаги муносабатда банда томонидан содир этилган кичик гуноҳларга тегишлидир. Чунки кейин келадиган ҳадисларда «агар катта гуноҳ қилмаган бўлса», деган истисно ҳам келади. Шунингдек, бошқа бандалар ҳақ-ҳуқуқини поймол этиб қилинган гуноҳлар ҳам қасос олинмагунча ювилмайди. Бу ҳам Аллоҳ хоҳласа кези келганда ўрганилади.
Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Беш вақт намоз ва Жумадан Жумагача ўз ораларидаги (гуноҳ)ларга каффаротдирлар. Мадомики, катта гуноҳлар қилинмаган бўлса?!» дедилар. 
Муслим ва Термизий ривоят қилишган.
Катта гуноҳлар, зино, ароқ ичиш каби Аллоҳнинг ҳаққига боғлиқ гуноҳлар бўлса, фақат ихлос билан қилинган тавба билангина ювилади.Аммо, катта гуноҳлар, етимнинг молини ейиш, рибохўрлик, бировнинг обрўсини тўкишлик каби бандалар ҳаққига боғлиқ бўлса, ўша ҳақларни ўз эгасига қайтарилмагунича ва уларнинг розилиги, кечиришини олинмагунича ювилмайди.

Топ рейтинг www.uz Openstat