Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Алкоголизм(пиёнисталик) дардига чалинганларни даволаш мумкинми

00:00 / 13.02.2007 | eski savollar | 18831

Ассалому алайкум шайх хазратлари, авваламбор сизга ислом маърифати йулида килаётган улкан хизматингиз учун бир мухлисингиз сифатида юракдан миннатдорчилик билдираман. Агар уринли булса куйидаги саволларим бор:1. Алкоголизм (пиёнисталик ) дардига чалинганларни даволаш мумкинми, баъзи маълумотларни бериб утмокчиман, одатда бу шахслар бир неча кунлик ичиш холатидан сунг (русчада запой дейилади) танг ахволга тушишади, натижада тиббий ёрдам сураб келишади, маълум тозаловчи муолажалардан сунг "тузалишади", бирок деярли барчалари ахволлари яхшилангандан сунг яна эски одатни давом эттиришади. Даволашнинг яна бир усули бор, кодировка деб аталади, бу усул асосан ёлгонга асосланган, беморда (агар шундай дейиш жоиз булса) маълум дори воситалари оркали ахволининг ёмонлашиши чакирилади, бир вактда арок ичирилади, ёмонлашиш арок сабабли деган ишонч беморда пайдо булади ва маълум муддатли куркув хосил килинади.2. Шифокор намоз укиётган вактда бемор келиб колса намозини булса буладими (ахволи огир ёки енгиллигидан бехабар булинади).


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Сизнинг биринчи саволингизга Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафталигида, 1991 йил, 1 февралда нашр этилган ва ўзимнинг «Шоядки тақводор бўлсак» номли китобдан жой олган мақолам билан жавоб беришимга ижозат бергайсиз.

ИЛЛАТЛАР ДОЯСИ

Ислом таҳлимоти инсоннинг барча фаолиятини тўғри йўлга солиш, уни гўзал ва намунали мақомда шакллантиришга даҳват этади. Афсуски бу илоҳий таҳлимот ҳамма томонидан бирдек муҳаббат билан ўзлаштирилмади, унинг йўриқларига етарли амал қилинмади, бунинг оқибатида одамлар кутилмаган тўсиқларга, қийинчиликларга, ғам-андухларга кўпроқ дучор бўлмокдалар. Фуқаронинг бахтсизлиги жамият ҳаётининг равонлигига путур етказади.
Не-не одамларни балоларга гирифтор қилаётган иллатлардан бири ароқхўрлик ва нашавандликдир. Тарихда ҳар бир жамият турли даврларда ароқҳўрликка қарши кураш очган, уни таг-туги билан йўқотиш йўлларини излаган. Бироқ уринишлар кутилган самарани бермаган. Чунончи, 1929-йили АҚШ конгресси ароқхўрликка қарши курашга дахлдор махсус тадбирлар ишлаб чиққан, ҳатто ароқхўрликка муккасидан кетган ва тузалмас деб топилганлар учун ўлим жазоси ҳам тайинланган эди. Бироқ мамлакатда ароқхўрлар сони кўпайса кўпайганки, камаймаган. Яқиндагина ўзимизда бўлиб ўтган сафарбарликни эслаб ўтсак ҳам ёмон бўлмайди.
Маълумки, Исломга қадар Арабистон ярим оролида ва курраи заминнинг бошқа минтақаларида маст қилувчи суюқликлар ичиш кенг тус олган. Жамият, давлат ундан қанчалик кўп талофат кўрмасин, ҳеч ким ароқхўрларни тия олмаган. Ичкиликка ҳар нарсага қодир Аллоҳ таолонинг ўзи чек қўймагунича бу кўргиликлар давом этган.
Қодир Аллоҳ инсонга тафаккур-бағишлаб, уни ер юзидаги жондорлар орасида энг азиз ва мукаррам қилиб яратди. Худди шу тафаккур, ақл билан инсон яхшини ёмондан, эзгуликни ёвузликдан ажратиш қобилиятига эга бўлди. Худди шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло инсонга сайёрамизни гуллаб-яшнатиш вазифасини юклади. Қуръони Каримда бундай марҳамат қилинади.
«Биз одам зотини мукаррам қилиб яратиб, қуруқлик ва сувда юрадиган қилиб, уларга ҳалол-пок ризқлар бердик ҳамда уларни кўп маҳлуқ отлардан афзал қилиб қўйдик» («Исро» сураси, 70-оят).
Ҳақиқатан ҳам, инсоний камолотга эришган одам эзгулик йўлидаги ҳаракатлари билан айни чоғда ўзи ҳам камол топа боради, жамиятнинг фаол аъзосига айланади. Таассуфлар бўлсинким, орамизда ақл ва қалб йўриғидан чиққан, иймонга зид ишлар қиладиган кимсалар ҳам бор. Улар ўз қилмишлари билан нафақат ўзларига, балки бутун жамиятга зарар етказадилар. Инсонийлик шаънига доғ туширувчи ишларнинг аксариси эса юқорида айтилганидек ароқхўрлик орқали юз беради. Ислом фан, хусусан, табобат илмидан анча аввалроқ ақл-идрокка, саломатликка путур етказадиган ҳар қандай ичимликларни истеъмол қилишни таъқиқлаган, унга ружу қўйганларни эса тегишли жазога лойиқ деб билган. Бундай ичимликлар сирасига Қуръони Карим ва пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳадисларида айтилганидек узум, асал, хурмо, арпа, сут ва ҳоказолардан тайёрланадиган суюқликлар киритилган. Уларнинг бари-бир сўз билан ҳамр деб аталган. Чекиладиган моддалар, игна воситасида баданга юбориладиган суюқликлар ҳам ҳамрга мансубдир. «Ҳамр— бу ақл-идрокни, тафаккурни тўсувчи нарсадир»,—деганлар ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан бирида: «Кайф қилдирувчи нарса — ҳамр. Ҳар қандай ҳамр — ҳаромдир»,— деган муборак сўзларни ўқиш мумкин.
Ҳозирги замон тиббиётида таркибида спирт моддаси бўлган ҳар қандай ичимлик ҳамр, яъни алкоголь ҳисобланади. «Алкоголь» сўзи аслида арабча бўлиб, алкухл деб талаффуз қилинади.
Ароқ вино сингари ичимликлар қандай кулфатларга олиб келиши, одамни инсонийлик қиёфасидан, инсонийлик қадр-қимматидан мосуво этишини далилловчи мисолларни келтиришнинг ҳожати бўлмаса керақ зеро, бундай мисолларни истаган пайтда топиш мумкин.
Ичкиликбозлик бамисоли жамият танасидаги тузалмас ўсимта, бу ўсимта вақтида юлиб ташланмас экан, бу бутун жамиятни шикастлаши ҳеч гап эмас. Муккадан кетиб ароқхўрлик қилишлар у ёқда турсин, ҳатто онда-сонда қултум-қултум ичишни одат қилиш ҳам марказий асаб тармоқларига, жигар, юрак фаолиятига шикаст етказишини, одамнинг ақлий фаолиятини заифлаштириши, наслга зарар етказиши ҳақида махсус тўхталишнинг ҳожати йўқ ... Ислом келгунича араб халқлари орасида ҳам ичкиликбозлик авж олган эди. Шоирлар ўз назмларида ҳамрни кўкларга кўтариб мадҳ этганлар. Улар ҳаётни ароқсиз тасаввур қила олмаганлар. Шеърлари, қасидаларида ҳам ҳамр-ароқ марказий ўринни олган. Маълумки, жоҳил арабларда ўч олиш ҳисси жуда юқори эди. Ривоят қилишларича, бир қабиладаги бева кампирнинг қариб, ўрнидан туролмай қолган туясини иккинчи қабила аъзоларидан баъзиси ўлдириб қўйгани учун ўч оламиз, деб биринчи қабила иккинчиси билан қирқ йил уруш қилган экан. Тезроқ ўч олиш мардлик жасурлик экан. Лекин шунга қарамай, араблар ичида мардлиги, жасурлиги, паҳлавонлиги билан донг таратган Имруъул Қайс деган шоирга отасини ғанимлар ўлдириб кетганлигини хабар қилишганда ҳамр ичиб ўтирган экан, бепарво бўлиб: «Бугун ҳамр, эртага амр»— деб ичишда давом этибди. Ҳамрхўрлик шу қадар чуқур илдиз отгандики, дабдурусадан ундан қутулиш бениҳоя мушкул эди.
Барча ишларни ҳикмат билан қилувчи Аллоҳ таоло бу дардни ҳам ҳаким сифатида даволади. Худди табиблар бир оғир дарднинг аввал енгил жойини даволай бошлаганидек Қуръони Карим оятлари хам инсоният танасидан бу иллатни даражама-даража йўқ қилишга йўл тутди. Аллоҳ таоло ҳамр тўғрисида тўрт оят туширган. Уларнинг биринчиси Маккаи Мукаррамада нозил бўлди:
«Хурмо ва узум меваларидан маст қиладиган шароб ва покиза ризқ олурсизлар, албатта бу нарсаларда ақлли одамлар учун аломат бордир» («Нахл» сураси, 67-оят).
Кўриниб турибдики, хурмо ва узум меваларидан маст килувчи ва покиза ризқ олиш мумкин экан. Ўйлаб кўрилса, шу жойда маст қилувчи нарсалар покиза ризққа карама-карши қўйилмоқда. Покиза ризқнинг зидди нопок ризқ бўлади-да, бу нозик ишорани тушуниб етган ҳассос кишилар дарҳол ичишни ташлаган эканлар. Кишиларда тушунча хосил бўлиб, бу фикр уларга сингиб, орадан бир мунча муддат ўтгач, Маккаи мукаррамада навбатдаги оят нозил бўлди:
«Эй Муҳаммад, сиздан ароқ ва қимор ҳақида сурайдилар. Сиз айтингки, бўларда буюк гуноҳ бордир ва инсонлар учун бир оз манфаатлари ҳам бор ва гуноҳлари манфаатларидан кўп каттадир. Ва яна сиздан Аллоҳ таоло йўлида нимани эҳсон қилишни сўрайдилар. «Ўзингиздан ортганини»,— деб жавоб қилинг! Шундай қилиб, дунё ва охират ҳақида тафаккур килишингиз учун Аллоҳ сизларга ўз оятларини баён этади» («Бакара» сураси, 219-оят).
Бу оятдан кўринадики, май ичиш ва қимор ўйнаш ҳам оғир гуноҳлардан саналар экан. Бироқ оятнинг давомида қимор ва ҳамрнинг инсонлар учун фойдаси ҳам борлигини тасдиқловчи сўзлар келади. Уламолар бу фойдалар нима эканини ҳам баён қилишган. Ҳамирдаги фойда уни сотиб пул топишдадир, қимордагиси эса қиморбозлар ўша пайтда ютишса, камбағалларга бир оз чўтал беришар экан. Лекин гуноҳи фойдасидан кўра кўп эканлигини оятнинг охирида алоҳида таҳкидлаб айтилгани кўпчиликни ҳам ҳамрни, ҳам қиморни ташлашга мажбур қилди.
Бу ҳамрни ман қилиш йулидаги иккинчи қадам, Бунга аввалги оятдагига ўхшаб ишора билан эмас, балки очиқ айтилган: «Ҳамр улкан гуноҳ унинг одамлар кўзига кўринаётган жузҳий фойдасидан кўра гуноҳи катта, у ҳаромдир». Шунинг учун ҳам, жуда муккасидан кетмаган, таъсирчан кишилар бу ояти карима нозил бўлгандан сўнг ҳамр ичишни ташладилар.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳамр ҳақидаги бу сўзлар Аллоҳники. Қуръони Карим оятлари, илоҳий муъжиза, мусулмонлар ўқисалар ибодат ҳисобланади. Шу боис уни намозларида ҳам ўқийдилар. Демак бу оят ҳам кишиларга сингиши, иймон бирла эҳтиқоднинг ажралмас бўлаги бўлиши турган гап. Бу ояти карима тушгандан сўнг анча вақт ўтди, кишиларда ҳамр тўғрисида тўлиқроқ тушунча шаклланди.
Вақти келиб, Мадинаи Мунавварада жамиятни ларзага солувчи бир ҳодиса юз берди, у ҳам бўтса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бири — ундан Аллоҳ рози бўлсин — Абдураҳмон бин Авф розияллоҳу анҳу пайғамбаримиз издошларини дастурхонга таклиф этиб, уларни май билан сийлади. Бир пайт шом намози вақти етди ва зиёфат қатнашчиларидан бири имомликка ўтди. Табиий, у ҳам майдан сипқорган эди ва намозда «Кафирун» сурасини ўқиётиб: «Эй кофирлар, сизлар ибодат қилган нарсага мен ибодат қилмайман» ояти ўрнига адашиб: "Эй кофирлар, сизлар ибодат қилган нарсага мен ҳам ибодат қиламан", деб ўқиб юборади.
Маълумки, шом намозида овоз чиқариб қироат қилинади. Намоздаги нотўғри қироат кўпчиликни даҳшатга солди, афсус надоматга сабаб бўлди. Чунки узоқ йиллар давомида мусулмонларнинг олиб борган машаққатли курашининг асосий шиори кофирлар ибодат қиладиган олиҳа (бут-санам)ларга эмас, балки ягона Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога ибодат қилиш эди. Энди бўлса лаънати ҳамр туфайли ўзлари учун кўз қорачиғидек бўлган ибодат — намозда, дўст-душман гувоҳлигида бундай ноқулай ҳолат бўлиб турса! Мусулмонлар ниҳятда афсусланиб, ҳамрдан нафратланиб турган бир пайтда Аллоҳ таоло юқоридаги ояти каримани нозил қилиб, уларни маст ҳолда айтаётган сўзларини фарқига бормайдигаи ҳолда намоз ўқимасликка буюрди.
Бу билан ароқ ичиш ниҳоятда оз даражага туширилди. Чунки бир кунда беш вақт намоз ўқилади, оралари яқин, мас бўлган одамнинг мастлиги тарқагунча намоз вақти ўтиб кетиш хавфи бор. Фақат хуфтондан бомдодгача бир нави билан фойдаланиш мумкин. Бу учинчи оятдан сўнг яна кўп одам ҳамр ичишни ташлади. Ароқнинг қанчалик ёмон нарса эканини, динга, иймонга ҳам зарар келтириши мумкинлигини барча билди.
Шу ҳодисадан сўнг қуйидаги оят Аллоҳ таоло томонидан туширилди.
«Эй иймон келтирган инсонлар, сизлар маст ҳолларингизда, ҳатто ўзларингиз нимани сўзлаётганингизни билмагунча намоз ўқиманглар». (Нисо сураси, 43-оят).
Кунларнинг бирида Отабон бин Малик исмли киши меҳмонларни уйига таклиф қилади, улар орасида ҳазрат Саҳд бин Абу Ваққос ҳам бор эдилар. Мезбон меҳмонлар олдида туянинг бошини қўйиб май тортади. Зиёфат авжига минади. Ўз уруғларини улуғловчи, Мадина мусулмонлари — ансорийларни эса танқид остига олувчи шеърхонлик бошланади. Шунда меҳмонлардан бири туянинг жағини кўтариб Саҳд бин Абу Ваққоснинг бошига туширади. Қаттиқ ранжиган Абу Ваққос Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳузурларига бориб, воқеани батафсил ҳикоя қилиб берадилар. Ана шунда туртинчи оят нозил бўлади:
«Эй муҳминлар, ароқ (маст қиладиган ичимлик) ичиб, қимор ўйнаш, бутларга сиғиниш ва чўплар (яъни чўплар билан фол очиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, нажот топишингиз учун уларнинг ҳар биридан узоқ бўлингиз! Ичкилик қимор сабабли шайтон ўрталарингизга адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоз ўқишдан маҳрум қилишни истайди, холос. Энди тўхтарсизлар?!» («Моида» сураси, 90—91-оятлар).
Ривоятларга қараганда мазкур оят тушган замони ҳазрат Умар:
«Эй Аллоҳ! Биз буни бас қилдик бас қилдик!»— деб юборган. Ҳа, Қуръон кишиларни аста-секин тарбиялаб, ароқнинг батамом ҳаром қилинишини орзиқиб кутадиган қилиб қўйган эди. Ривоят қилинишича, охирги оят нозил бўлганда ароқ ичиб ўтирганлар, ичган ароқларини қайт қилишган, ҳамма ароқ сақлайдиган идишларини улоқтирганидан Мадинаи мунаввара кўчаларида ароқ оққан экан.
Ҳақли савол туғилади, нега ароқ бир йўла тақиқланмади? Негаки, ўша пайтларда майхўрлик оддий турмуш тарзига айланган ва ҳеч бир тадбир унингсиз ўтмас эди. Башарти, май бирдан тақиқланганида, бу тадбир кутилган самарани бермас, аксинча, одамлар томонидан кескин норозиликларга сабаб бўлиши мумкин эди. Шу ҳодиса ҳақида ҳазрати Ойша розиаллоҳу анҳа шундай ҳикоя қиладилар:
«Даставвал дўзах ва жаннат ҳақида сўзловчи оятлар тушди, уларда, кишиларга Исломга бўлган эҳтиқодларида бирмунча саботли бўлишликлари айтилганки, шундан сўнггина ҳалол ва ҳаром ҳақида оятлар нозил бўлди. Бордию майни тақиқловчи оят бирдан тушганида, одамлар уни қабул қила олмас ва биз унингсиз яшай олмаймиз, деб ундан воз кеча олмас эдилар».
Айтилганлардан Ислом ароқхўрлик — ичкиликбозликдай ижтимоий иллатга қай тарзда кураш очгани ва уни қай тарзда изчил давом эттиргани кўринади. У ўз таълимотини аста-секинлик билан ҳаётга тадбиқ қила боргани шуларда ҳам, ўз ифодасини топгандир. Тўрт оятнинг биринчисидан тўртинчисигача майнинг ҳаромлиги, уларни истеъмол қилиш мусулмон учун тўғри келмаслиги изчил ва қатъий суратда тушунтирилади ва пировардида тўрт оятнинг таъсири ва нафи кутилган самарани беради.
Қиссадан ҳисса шуки, Аллоҳ таолонинг энг катта неъматларидан бири — бу инсонга ато этилган тафаккур кучидир! Тафаккурсиз инсон ҳайвонга айланиб қолиши ҳеч гап эмас. Ичкиликлар эса одамларни ана шу тафаккурдан айирувчи воситадир. Зотан, ароқ келтирувчи кулфатларни санаб адоғига етиш қийин. Шу маънода имом Насоий хазрат Усмондан келтирган ривоятлар кўп ибратлидир: «Майхўрликдан сақланинглар, зеро у барча кулфатларнинг онасидир. Қадим замонларда яхши фазилатларга бой бир киши бўлган. Енгилтак аёллардан бири уни йўлдан оздиришга аҳд қилади. Шу мақсадда аёл дугоналаридан бирини у кишининг ҳузурига юборади. «Биз сизни бир ишга гувоҳ бўлсангиз деган ниятда чақиряпмиз» дейди таклиф қилувчи. Яхши фазилатли киши тўғри кўнгилда номаъқул хулқли аёлникига келади. Хонада бир бола ва бир кўза май билан енгилтак аёл у кишини қарши олади. Шунда аёл мақсадга кўчади: «Қасам ичиб айтаманки, мен сени меҳмонга эмас, балки мен билан тунаш учун чақиртирдим, шартимга рози бўлмасанг мана шу майни ичасан ёки болани ўлдирасан, акс ҳолда уйдан чиқармайман», дейди. Ноилож қолган киши майни ичишга рози бўлади. Бадмаст киши пировардида ўша енгилтак аёлнинг домига илинади ва ҳатто болани ўлдиришгача боради....
Ушбу ҳодиса сизларга ибрат бўлсин, токи май билан иймон бир-бирига ёт эканлигига Аллоҳ гувоҳдир...».
Майнинг ҳаромлигини тасдиқловчи Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ҳам бир қанчадир. У кишининг айтишларича, май барча кулфатлар ва ғам-ташвишлар калитидир. Чунончи, «Ичкиликни севувчилар жаннат ҳузурларидан бебаҳрадирлар», дейилади ҳадислардан бирида. Бундан ташқари, пайғамлар саллоллоҳу алайҳи васаллам айтадиларки, «Аллоҳ таоло мени бутпарастликдан қайтарганидан сўнг майхўрлик ва кишилар билан жанжаллашишдан сақланишга чақирди».
«Буюк Аллоҳ, адашган ва майхўрликка берилганларни иймондан айиради», деган ҳадис ҳам бор. Бошқа бир ҳадисда эса: «Бир марта ҳамр ичган одам қирқ кунлик намоз савобидан маҳрум бўлади, башарти у ичиб туриб ўлса, дўзахга тушади», дейилади. Ҳазрат ибн Аббоснинг айтишларича: «Ҳамр — май тақиқланганида пайғамбарнинг саҳобалари бир-бирларига майхўрлик бутпарастликка тенгдир, деганлар».
Муҳаммад алайҳиссалом ҳамма вақт майни тайёрловчини ҳам, уни сотувчини ҳам, ичувчини ҳам қоралаганлар ва мусулмонларни ўз оиласи, Ватани, иймон-эҳтиқоди ҳақида қайғуришга чақирганлар: «Зулм қилган одамларга мойил бўлманглар, кейин сизларни дўзах ўти тутур ва сизлар учун Аллоҳдан бошқа дўст йўқ дир» («Худ» сураси, 113-оят).
Бизнинг муқаддас бурчимиз жамиятимизни ароқхўрликдан, нашавандликдан сақлаш, бундай чиркин иллатлар таъсиридан ёш авлодни асраб-авайлашдир. Ичкиликбозликка қарши курашнинг самараси бўлмайди, деганларга биз қўшила олмаймиз. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам таълим берганларидек: «Номақбул ишлар қилинаётганини кўрганда уни қўл билан тўхтатишга уринайлик бунинг имкони бўлмаса, сўз билан тўхтатайлик бордию бунинг ҳам имкони бўлмаса иймон заифлигидан далолат бўлса-да, уни фикран тўхтатайлик».
Аллоҳ таолонинг ўша тўрт оятдаги ҳикматлари бизни ҳамон ҳушёрликка, жамиятимизни тозалашга даҳват этади, покиза иймон, қайноқ ва соғлом қалб билангина инсониятга тинчлик баҳт-саодат, иттифоқ келтириши мумкинлигини эслатиб туради.
Ўзлигимизни таниб келаётган ҳозирги ижобий ўзгаришлар даврида бу масалада ҳам ўзимизга бир назар солайлик: ким эдигу ким бўлиб қолдик? Юқорида зикр қилинган ояти карималарнинг тафсирини бизнинг ҳамюртларимиз имоми Замаҳшарий, Розий, Насафий, ал-Мотуридийга ўхшаш бобокалонларимиз дунё халқларига тарк атиб, уларни ичкиликка ружу қўймасликка чақирганлар. Бу ҳақида пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг Ҳадиси шарифларини буюк муҳаддисларимиз имоми Бухорий, имоми Тирмизий, имоми Насоий, имоми Марвазий ва бошқа аждодларимиз ривоят қилиб кетганлар.
Кутубхоналарни тўлдириб ётган улкан маданий меросимизга қарайлик бирор қатор ароқнинг мадҳида ёзилган нарса топиладими? Йўқ! Ҳаммаси ароқни қоралайди. Ҳозирги кунда-чи? Ҳаммаёқни касофат ароқ босиб кетди. Ҳатто ичмайдиган кишига камситиш назари билан қараладиган бўлиб қолди. Ароқ ичиш учун турли баҳоналар қатор-қатор... Айниқса тўйлар, юбилейлар, каттароқ маросимлар оммавий ароқхўрликка айланиб қолди. Бу ишлар халқимизни маънавий ва моддий жиҳатдан қашшоқ қилмоқда. Ёшу қари, катта-кичик ҳамма ичгани-ичган. Қаёқа қараб кетяпмиз ўзи?
Ҳаммамиз бу офатни ҳаётимиздан тезроқ йўқотишга ҳаракат қилмоғимиз лозим. Инсон қилган нарсани бошқа инсонлар ҳам қилиши мумкин. Келинг боболаримиздан ўрнак олиб, биз ҳам ароқсиз яшашга ўтайлик.
2. Беморнинг аҳволидан бехабар бўлса, намозни бўлмайди.

Топ рейтинг www.uz Openstat