Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Намоз

14:49 / 26.02.2015 | allayor76@mail.ru | 2832
“Тасбеҳ намози” ҳақида ўқигандим. Унда “рукуъдан бош кўтарганда ҳам 10 марта айтади” дейилган экан. Устоз қовмада тасбеҳни қўлни боғлаган ҳолда айтиладими ёки туширилган ҳолдами?

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Тасбеҳ намози ниҳоятда фазилатли, савоби бисёр бўлган ихтиёрий нафл намозлар сирасига киради. Ҳадисларда бу намознинг фазилатлари ва уни адо қилган бандага берилажак даражотлар ҳақида баён қилинган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз амакилари Аббос ибн Абдулмуттолибга айтдилар: “Эй Аббос! Эй амакижон! Сизга бир ҳадя берайми? Сизга бир яхшилик қилайми? Сизга ўнта хислати бўлган бир амални ўргатайми? Агар сиз ўша амални қиладиган бўлсангиз, Аллоҳ сизнинг гуноҳларингизни – аввалгисию охиргисини, эскисинию янгисини, хатосию қасддан қилинганини, кичигию каттасини, ошкорасинию махфийсини мағфират қилади. Сиз тўрт ракъат намоз ўқийсиз. Ҳар ракъатда Фотиҳани ва бир сурани ўқийсиз. Биринчи ракъатда қироатдан фориғ бўлсангиз, тик турган ҳолингизда: “Субҳоналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар” деб ўн беш марта айтасиз. Кейин рукуъ қиласиз ва рукуъда турган ҳолингизда уларни ўн марта айтасиз. Кейин бошингизни рукуъдан кўтариб, уларни ўн марта айтасиз. Кейин сажда қиласиз ва уларни саждада турган ҳолингизда ўн марта айтасиз. Кейин бошингизни саждадан кўтариб, уларни ўн марта айтасиз. Кейин сажда қилиб, яна ўн марта айтасиз. Кейин бошингизни кўтариб, уларни ўн марта айтасиз. Ана ўша бир ракъатда етмиш бештадир. Буларни тўрт ракъатда ҳам адо қиласиз. Агар бу намозни ҳар куни ўқий олсангиз, ўшани қилинг. Агар қила олмасангиз, ҳар жума куни бир марта қилинг. Агарда уни ҳам қила олмасангиз, ҳар ойда бир марта қилинг. Агарда уни ҳам қила олмасангиз, ҳар йилда бир марта қилинг. Агарда уни ҳам қила олмасангиз, умрингиз давомида бир марта қилинг”. Ҳадиснинг бошқа ривоятида шундай зиёдаси бор: “Агар сиз ер аҳлининг энг катта гуноҳкори бўлсангиз ҳам, албатта, у сабабли мағфират қилинасиз”. Ушбу ҳадисни муҳаддислардан Байҳақий, Ибн Ҳузайма, Ҳоким, Ибн Ҳиббон, Абдуллоҳ ибн Муборак, Табароний, Хатиб, Ожурий, Самъаний, Абу Мусо Мананийлар ривоят қилишган. Имом Бухорий ҳазратлари ҳам “Жузул Қуръонда” келтирганлар. Имом Термизий тасбеҳ намози ҳақидаги бир нечта ривоятларни ўзларининг ҳадис тўпламларида келтирганлар: Абу Рофиъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди; айтди: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам (амакилари) Аббосга дедиларки: “Эй амаким! Сизга бир қариндошлик (ҳақини адо) қилайинми? Сизга бир эҳсон этайинми? Сизга бир манфаат етказайинми?” (Аббос (розияллоҳу анҳу): “Ҳа (айтинг), ё Расулуллоҳ!” дедилар. Айтдилар: “Эй амаким! Тўрт ракъат намоз ўқинг, ҳар бир ракъатида Фотиҳа сураси билан бирга битта сурани ўқинг. Қироат битгач, рукуъга бормасдан олдин ўн беш марта “Аллоҳу акбару валҳамду лиллаҳи ва субҳаналлоҳи” денг. Рукуъга бориб уни (рукуъда) ўн марта айтинг. Рукуъдан бошингизни кўтариб, яна ўн марта айтинг. Сажда қилинг ва (саждада) ўшани ўн марта айтинг. Саждадан бошингизни кўтариб, яна ўн марта айтинг. Кейин (иккинчи) саждага боринг ва (саждада) ўшани ўн марта айтинг. Иккинчи саждадан бошингизни кўтариб, қиёмга турмасдан олдин ўшани яна ўн марта айтинг. Шундай қилиб, бу тасбиҳлар ҳар бир ракъатда етмиш бештадир. Тўрт ракъатда уч юзта тасбиҳ бўлади. Бас, агар гуноҳларингиз қумларнинг саноғича бўлса ҳам, Аллоҳ сизни мағфират қилгайдир!” Аббос (розияллоҳу анҳу): “Ё Расулуллоҳ! Бу тасбиҳларни кунда ким ҳам айта оларди!” дедилар. (Расули Акрам) айтдиларки, уларни ҳар куни айта олмасангиз, ҳафтада бир бор айтинг. Агар ҳафтада айта олмасангиз, ойда бир айтинг... “ У кишига (шу йўсин) уқдиришда давом этиб, ҳатто охири: “Бир йилда бир марта айтинг” дедилар”. Ҳадис Шофиъий мазҳабида иккинчи саждадан кейин, ўтириш бор деб қабул қилинган истироҳат ўтириши учун далил қилиб олинган. Ҳолбуки, бу фақат тасбиҳ намозига хосдир. Тасбиҳ намозида иккинчи саждадан кейин истироҳат ўтиришида ўн тасбиҳ айтилганидан кейин қиёмга турилади. Бу ҳадис Абу Рофиънинг ривояти сифатида ғарибдир. Аҳмад ибн Абда Аз-Зоббий Абу Ваҳбдан нақл этиб, бизга баён қилди: Абу Ваҳб деди: “Абдуллоҳ ибн Муборақдан, орасида тасбиҳ айтиладиган намоз ҳақида сўрадим. Айтдики, “Такбири таҳримани айтгандан кейин: “Субҳанака аллоҳумма ва биҳамдика ва тоборакасмука, ва таъалаа жаддука ва лаа илааҳа ғойрук”, дейди; кейин ўн беш марта «Субҳаналлоҳи валҳамду-лиллаҳи ва лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар” дейди; кейин «Аъузу биллаҳи»ни айтиб, “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм” деб “Фотиҳа” сурасини ва яна бир сурани ўқийди; кейин ўн марта “Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар» дейди; кейин рукуъга боради ва (рукуъда) шуни ўн марта айтади; кейин (рукуъдан) бошини кўтариб, шуни (яна) ўн марта айтади; кейин саждага боради ва (саждада) ўн марта айтади; кейин (саждадан) бошини кўтариб, ўн марта айтади; кейин иккинчи саждага бориб, (саждада) ўн марта айтади; ва худди шу йўсинда тўрт (ракъат) ўқийди. Демак, ҳар бир ракъатда етмиш беш тасбиҳдир. Ҳар бир ракъатини ўн беш тасбиҳ билан бошлайди, кейин қироат қилади ва (қироатнинг изидан) ўн тасбиҳ айтади. Бу намозни кечаси ўқиса, ҳар икки ракъатда салом бермоғи менга мақбулроқ. Агар кундузи ўқиса, хоҳласа (икки ракъатда) салом беради, хоҳласа салом бермайди». Абу Ваҳб айтадики: “Абдулазиз ибн Абу Ризма, Абдуллоҳдан нақл этиб, унинг бундай деганини менга маълум қилди: “Рукуъда (аввал) уч марта “Субҳана Роббийал-азийм” ва саждада (аввал) уч марта “Субҳана Роббийал-аъла” билан бошлайди, кейин тасбиҳларни айтади”. Аҳмад ибн Абда, Ваҳб ибн Замъа воситасида Абу Ризманинг ўғли Абдулазиздан нақл этиб, бундай дейди: “Абдуллоҳ ибн Ал-Муборақдан: “Агар тасбиҳ намозида саҳв қилса, саждаи саҳвларида ўн мартадан тасбиҳ айтадими?” дедим. “Йўқ! Булар фақат уч юз тасбиҳ” деди”. Имом Термизий яна қуйидагиларни айтадилар: “Тасбеҳ намозини жума куни завол пайтида ўқиш мустаҳаб бўлади. Унинг биринчии ракъатида “Фотиҳа” сурасидан кейин “Такаасур” сурасини, иккинчи ракъатида “Аср” сурасини, учинчи ракъатида “Кафирун” сураси ва тўртинчи ракъатида “Ихлос” сурасини ўқийди”. Уламоларимиз тасбеҳ намозини нафл намоз ўқиш макруҳ бўлмаган ҳар қандай вақтда ўқишни жоиз, деб айтадилар ва қуйидаги ҳадисни ҳужжат қиладилар: Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни уч соатда намоз ўқишдан ва маййитларимизни дафн қилишдан қайтарар эдилар: қуёш чиқаётганда, ҳатто кўтарилиб бўлгунча, қуёш тиккага келганда ва қуёш ботишга йўлланиб, токи ботиб бўлганича”. (Имом Муслим ривояти). Баъзи уламолар тасбеҳ намозини қийинчиликлар ва ғам-ғуссаларнинг аришида яхши фойдаси борлигини айтишган. Тасбеҳ намозида янглишиш юз берса, саҳв саждаларида бошқа бу қўшимча тасбеҳларнинг ўқилиши керак бўлмайди. Намоз ўқиган киши тасбеҳларни эсида сақлай олса, бармоқлари билан санамайди. Имом тасбеҳ намозини ўқитадиган бўлса, жаҳран ўқийди ва тасбеҳларни ҳам жаҳрий такрорлайди. www.islom.uz

Топ рейтинг www.uz Openstat