Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Муҳтожлик эмасми?

10:46 / 06.02.2015 | Meirzhanbek Abybullaev | 1017

Қозоғистондаги кўплаб тариқат эгалари робита ёпишади. Уларнинг шубҳали нарсалари шулардан иборат:

1. Робита ёпишнинг асосий ўзаги сифатида ўз шайҳлари “Трансфарматор” яъни Аллоҳ робита ёпишнинг эвазига муридга илоҳий нур беради. Бу нурни Аллоҳ тўғридан-тўғри эмас, балки шайх орқали беради. Агар нур бизга шайх орқали берилмаса, биз бу нурни кўтара олмас эканмиз. Бу эътиқод куфр эмасми?

2. Шу турк устозлар: “Биз Имом Ғаззолийнинг ақидасини ушлаганмиз” дейишади. Бу тўғрими?

3. Сулаймон Тунахон устозлари оламдан ўтган бўлса ҳам, “у кишинг ҳозирда руҳлари ҳаёт бизга материалний(моддий) жиҳатдан ёрдам беради” дейишади ва шуни исботлаш учун ҳар хил воқеалар айтадилар. Бу-чи?

4. Робита ҳақлигини тушундик, аммо биз нима сабабдан Абу Бакр (р.а)га ёки Умар (р.а)га робита боғламаймиз?

5. Биз ҳозирда шундай эътиқоддаги устозлардан таълим олиб, ётиб ўқиймиз. Биз нима қилайлик? Биз ҳам гуноҳкор эмасмизми?


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

РОБИТА

Тўғрисини айтадиган бўлсак, робита ҳақидаги мақолани бу китобга киритиш ёки киритмаслик ҳақида узоқ бош қотирдик. Тасаввуфга оид ихтилофлар ичида бугунги кунда энг кўп тортишилаётган масалалардан бири бўлган робита масаласи бизнинг диёрларимизда деярли зикр қилинмас эди. Баъзи бир соликлардан сўралганда, уларнинг робита ҳақида аниқ тасаввурга эга эмаслиги ҳам бунинг далили эди.

Аммо бугунги кунда диёримизга четдан келган тасаввуф ўзи билан бу масалани ҳам олиб келди. Четдан келган шайхларга қўл берган муридлар айни шу масалани алоҳида эҳтимом билан сўзлаётганлари кўпчиликни ўйлантириб қўйди. Шу билан бирга, четдан келган тасаввуф китоблари таржималари орқали ҳам робита масаласи кишилар орасида озми-кўпми тарқалди. Шу боис, робита хусусида ҳам имкон қадар маълумот беришга интилдик.

«Робита» арабча сўз бўлиб, «боғланиш» маъносини англатади. Тасаввуф истилоҳидаги робита муриднинг зикр аввалида хаёлан ўз шайхига боғланиб, унинг сиймосини кўз ўнгига келтириб, ундан маънавий-руҳий мадад олишидир.

Амалда бу робитанинг олдида ҳам бир робита, ортида ҳам бир робита бўлади. Зикр қилмоқчи бўлган солик олдин ўлимни кўз олдига келтириб, ўлим робитаси – робитаи мавт қилади. Бу робита ўз меъёрига етганда шайхининг сиймосини кўз олдига келтириб, робитаи шайх қилади. Бу ҳам бир меъёрига етганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўз олдига келтиради ва шундан сўнг ўзини Аллоҳ таоло кўриб тургандек ҳис қилиб, робитаи ҳузур қилади.

Робитаи мавт билан робитаи ҳузур ҳақида сўфийлар билан биров тортишмайди.

Аммо, робитаи шайхда сўфийлар билан бошқаларнинг ҳаммаси тортишади. Ҳатто, баъзи сўфийлар ҳам қарши тарафда бўлишади.

Робитаи шайхни тан олмайдиганлар ҳам ҳар хил бўладилар. Уларнинг ичида: «Бу нарсани ақлимга сиғдира олмаяпман», деганларидан тортиб, «Робитаи шайх ширкдан бошқа нарса эмас», деганларигача бор.

Дастлабки сўфийларда робитаи шайхнинг зикрини учратмадим. Аммо тарийқат ривож топган пайтдаги сўфийларнинг ҳаммаси робитани асосий омиллардан бири санайдилар. Улар: «Фано фишшайх» бўлмагунча «фано фиррасул» ва «фано филлаҳ» бўлмайди, яъни, шайхга фоний бўлмагунча, Расулга ва Аллоҳга фоний бўлмайди», дейдилар.

Робита ҳақида баҳс юритган тасаввуф китобларининг барчасида робитаи шайх тасаввуфдаги энг зарур ишлардан бири сифатида зикр қилинади. Баъзи китобларда нафақат тирик шайхларга, балки вафот этиб кетган шайхларга ҳам робита қилиш ҳақида сўз боради.

Доктор Салжуқ Эройдин ўзининг «Тасаввуф ва тарийқатлар» деган китобида «Робита ҳақидаги рисола» китобидан фойдаланиб қуйидагиларни айтади:

«Мавлоно Холид вафот этган муршиддан ҳам робита орқали файз олиш мумкинлигини айтади. Бу каби ҳолларда муршиднинг қабрига яқинлашиб салом берилади ва қабрнинг оёқ тарафида туриб бир марта «Фотиҳа» сурасини, ўн бир марта «Ихлос» сурасини ва бир марта «Оятул Курсий»ни ўқиб савобини маййитнинг руҳониятига ҳадя этилади. Сўнгра унинг маънавиятига таважжуҳ қилиниб, робита қилинади, деганлар».

Шу ерда биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларини зиёрат қилганда ҳам бу каби нарса йўқ эканлиги, балки саҳобаи киромдан бошлаб бугунги мўмин-мусулмонларгача ҳамма-ҳамма фақат салом бериш билан кифояланишини эслатиб ўтмоқчимиз.

Робитаи шайх шариат ҳукмларига тўғрилигини исбот қилиш сўралганда, сўфийлар «Моида» сурасидаги «Ва Унга васийла изланг» оятини далил қиладилар ва: «Робитаи шайх қилиш айни Аллоҳга етишиш учун васийла излашдир», дейдилар.

Албатта, бу иқтибос бир оятнинг ичидан олингандир. Ояти каримани тўлалигича олинса, қуйидагича бўлади:



«Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва Унга васийла ахтарингиз ҳамда Унинг йўлида жиҳод қилингиз. Шоядки, ютуққа эришсангиз» («Моида» сураси, 35-оят).

Агар тафсирларни варақлайдиган бўлсак, уларнинг бирортасида ҳам ушбу оятдаги «васийла» сўзи робитаи шайх маъносида тафсир қилинмаганини кўрамиз.

Бошқа тафсирларни қўйиб туриб, сўфийларнинг тафсирларини олайлик. Энг катта сўфийлардан бўлмиш, тасаввуф ҳақида биринчилардан бўлиб китоб ёзган имом Абдулкарим Қушайрий раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг «Латоифул ишорот» номли тафсирларида мазкур оятнинг тафсирида «васийла»га етти хил маъно берганлар. Аммо бу маънолар ичида робитаи шайх маъноси йўқ.

Шунингдек, тасаввуф услубидаги энг машҳур тафсирлардан бири бўлмиш «Руҳул маъоний»нинг соҳиби имом Олусий раҳматуллоҳи алайҳи ҳам бу оятни узундан-узоқ тафсир қилганлар, аммо бу тафсирда «васийла»нинг маъноси робитаи шайх эканлиги мутлақо зикр этилмаган.

Робитаи шайх масаласида катта жонбозлик кўрсатган нақшбандийлар мазкур оятнинг маъносидан робитаи шайхни англаш мумкинлигига хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳининг гапларини мисол келтирадилар. У киши бу гапни сўфийлар робитаи шайхнинг ҳаққ эканига далил сифатида келтирадиган «Тавба» сурасидаги «Ва содиқлар билан бирга бўлинг» оятининг маъносини тушунтириш борасида айтган эканлар.

Аммо, «Рашаҳот»да бу борада хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳидан нақл қилинган матнда содиқлар билан бирга бўлиш иккига бўлиниши: биринчиси, уларнинг суҳбатини лозим тутиш бўлса, иккинчиси, улар ила доимий равишда маънавий боғланиш бардавом бўлиши лозимлиги айтилган. Шайхнинг сувратини кўз олдига келтириб зикр қилиш айтилмаган.

Ҳозирги кунимизда тасаввуфга даъват қилиб келаётган машҳур уламоларимиз робитаи шайх масаласини четлаб ўтадилар. Тасаввуф тарафдорлари бўлган кўпгина одамлар ўзаро суҳбатларда бу масалани ҳеч фикрларига жойлай олмаётганларини айтадилар.

Бу борада ўртача ечим топилиши мумкинми, деган савол мени кўп ўйлантириб келарди. Саволга жавобни Нақшбандия тарийқатининг машҳур шайхларидан бўлган Имоми Роббоний ва Мавлоно Холид раҳматуллоҳи алайҳимонинг робита ҳақидаги баёнотларидан топдим.

Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳи робитаи шайх комил муршидга бўлишини таъкидлайдилар ва бу ишга лойиқ шайхни қуйидагича таърифлайдилар:

«Комил муршиднинг бир назари қалб хасталикларининг шифосидир. Унинг бир таважжуҳи маънавий хасталикларни дафъ этади. Бу камолотнинг соҳиби бўлган зот вақтнинг имоми ва замоннинг халийфасидир. Қутблар унинг мақоми соясидан паноҳ топадилар. Мамлакатларнинг муршиди бўлган буюклар унинг уммонлар каби муаззам камолотидан тасалли олурлар».

Мавлоно Холид раҳматуллоҳи алайҳи: «Робита муриднинг муршиди комилнинг сувратини хаёлга олиб унинг руҳониятидан фойдаланишидан иборатдир», дейдилар. Ўша муршиди комил «шуҳуд мақоми»га етишган бўлиши шартлиги ҳам таъкидланган ҳақийқатдир.

Бу ҳақда шайх Муҳаммад Асъад Ирбилий раҳматуллоҳи алайҳи:

«Ўзига робита қилинадиган шайхнинг ҳоли ва ахлоқи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳоллари ва ахлоқига тобеъ бўлмагунича, робитадан кутилган файз юзага чиқмайди. Робита қиладиган солик эса, шайхининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари ила ахлоқланганлигини шариат ва тарийқат ўлчови ила таҳқиқ этиши фарздир. Акс ҳолда, робита қилувчи ҳам, қилинувчи ҳам паришон бўлади», дейдилар.

Агар бу маъноларни бугунги кунга татбиқ қилмоқчи бўлсак, юқоридаги сатрларда васфи зикр қилинган, бир назари қалб хасталикларининг шифоси бўлган, бир таважжуҳи маънавий хасталикларни дафъ этадиган, вақтнинг имоми ва замоннинг халийфаси бўлган, қутблар унинг мақоми соясидан паноҳ топадиган, мамлакатларнинг муршиди бўлган буюклар унинг уммонлар каби муаззам камолотидан тасалли оладиган, ҳоли ва ахлоқи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳоллари ва ахлоқига тобеъ бўлган ва шуҳуд мақомига эришган муршиди комилни топишимиз лозим бўлади.

Сизлар сўраган нарсаларнинг ҳаммаси тасаввуфни нотўғри талқин қилишдир. Бу илмни яхши билмаганларнинг гапидир.

Топ рейтинг www.uz Openstat