Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Калб, Нафс, Акл, Узлик хакида

00:00 / 07.05.2009 | eski savollar | 12738
Ассаламу алайкум ва рохматуллохи ва барокатух Шайх хазратлари!1. Илм йулида баъзи бир калималарнинг маъносини равшанрок англашимда Сизнинг ёрдамингизга мухтож булиб колдим. Нафс, жон, калб (қалб), акл, хотира каби сузларни инсонга нисбат килиб ишлатганимизда булар инсоннинг айнан кандай томонини/ сифатини/ кобилиятини/хилкатини ифодалайди, буларнинг орасидаги фарк нима? Инсоннинг узини, атрофини таниши ва шу атрофни таниш оркали унинг яратувчисини таниши жихатидан мазкур сузларни куллашнинг узида саволлар тугилди. Илмли биродарлардан ва олим устозлардан узок сураб жавоб ололмагач, охиргиларнинг тавсиясига биноан Сиз мухтарамга мурожаат килишга карор килдим. Китоб ва бошка манбалардан изланганда бу калималарнинг, масалан, нафс калимаси бир неча бошка-бошка сузлар билан богланиб келганда унинг турли кирралари ифодалаган: нафс балоси, узининг нафси, нафсга эргашмок, шайтоний нафс, нафси устидан голиб булмок, нафсига зулм килмок, уз нафсига зид иш килмок ва хоказо, лекин шунга карамай нафснинг узи нималиги мен учун ёркинлашмади. Нафс нима? Инсон узлиги билан унинг нафси бир нарсами? Инсондаги хайвоний ва шайтоний майл-истаклар йигиндисими ёки у иккаласига малакийни хам кушгандаги хилкат эхтиёжлари мажмуасими? Нафс ва хирс бир нарсами? Рух хакида биз учун илм махдудлигини назарда тутган холда Инсоннинг калби, рухи, жони ва узлиги уртасида нима фарк бор? Калб нима? Иймон калбда булса, инсон эса калбнинг сохиби булса, демак, инсоннинг узлиги бошкаю, калби бошками? Аллох «банданинг узлиги билан унинг калби уртасида» булиши, Унинг инсонга «узидан хам якинрок» булиши, Инсоннинг калби Аллохнинг «икки бармоги уртасида» булиши бу - Инсон узлиги ва унинг калби уртасидаги фаркни хам билдирадими ёки факат Яратувчининг бандасига жуда якинлигига ишоратми?Хайвонларда, жинларда ва фаришталарда калб таърифи кандай? Унда акл кандай тушунилиши лозим? Акл ва хотира калбда жойлашган булса, демак, акл ва хотира фаолиятига калбнинг «шамолда титраётган майсадан», «кайнаётган сувдан» хам кура узгарувчанлиги таъсир килса керак? Бу холатларни кандай таърифлаш мумкин? Калбдаги иймоннинг узгарувчанлиги хам шунданми? Аллохнинг илхомини калб узгаришидаги бир холат деб тушунса буладими? 2. Мухтарам Шайх хазратлари, Сизни Аллох йулида жуда яхши кураман, Сиз ва ахлингиз хакларингизда дуодаман. Сизнинг хам дуоларингизга мен ва ахлим муштокмиз.3. Рус тилини яхши биламан деган умиддаман, тажрибам бор (форс тилини хам биламан, араб тилини урганяпман); менга хам хизмат буюрилса, шараф деб биламан,

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

1. Тасаввуф қалб, руҳ, ақл ва нафс каби маъноларни алоҳида эҳтимом ила тушунтиради ва уларнинг ҳар бирига мусулмон банда қандай муносабатда бўлиши зарурлигини баён қилиб, ўша баённи татбиқ қилинишини ҳам йўлга қўяди. Тасаввуфнинг номларидан бири «руҳий тарбия» бўлгани ҳам шундан.Тасаввуфда қалб, руҳ, ақл ва нафс деб аталадиган маъноларни аниқ билиб олиш катта аҳамият касб қилади. Бу нарсаларни ҳар бирининг ҳақиқатини англаб етиш ва уларни бир – биридан аажратиб олиш ҳам осон иш эмас.Ушбу тўрт нарса ҳақида қисқача маълумот билиб олишимиз зарурий бир нарсадир.1. Қалб.Қалб лафзи икки хил маънода ишлатилади;Биринчиси, инсоннинг чап кўкрагига жойлашган, конус шаклидаги махсус жисм. Уни бизнинг тилимизда юрак дейилади. Тасаввуфда қалб дейилганда ўша аъзони кўзда тутилмайди.Иккинчиси, Роббоний, руҳоний ва латиф нарса бўлиб, унинг аввалги қалбга боғлиқлиги мавжуд. Уларнинг орасидаги алоқа худди сифатнинг сифатланган нарса билан бўлган алоқасига ўхшайди. Ана ўша латиф нарса инсонниннг ҳақиқатидир. Идрок, билим ва маърифат ўшандандир. Хитоб, итоб, иқоб ва талаб ҳам ўшангадир.Тасаввуфда қалб дейилганда мазкур латиф нарса англанади. У ҳақда сўз кетганида унинг сафати ва аҳволи ҳақидагина сўз кетади. Ҳақиқати ҳақида сўз кетмайди.2. Руҳ.Бу лафз ҳам худди қалб лафзи каби икки хил маънони ифода этади;Биринчиси, жисмоний қалб ичидаги латиф жисм бўлиб, асаблар орқали баданнинг барча тарафларига тарқалади. Табиблар руҳ ва унга боғлиқ нарсалар ҳақида сўз юритганларида айнан ана ўша руҳ ҳақида гапирган бўладилар.Мазкур руҳ билан тасаввуфнинг алоқаси йўқ. Тасаввуфда муолажа қилинадиган руҳ билувчи ва идрок қилувчи латиф шайъдир. Унинг ҳақиқатини Аллоҳдан ўзга билмайдир. Аллоҳ таолонинг Ўзи «Исро» сурасида: «Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар. Сен: «Руҳ Роббимнинг ишидир. Сизга жуда оз илм берилгандир», деб айт», деган (85 оят).Ушбу ояти каримада руҳ ҳақидаги саволга Аллоҳ таоло берган жавоб зикр қилинмоқда. Бу жавоб:«Руҳ Роббимнинг ишидир», дейишлик. Руҳ, унинг моҳияти ва унга тегишли бошқа нарсалар Аллоҳнинг иши, банданинг иши эмас. Банда қанчалик мақтанмасин, илми оздир.«Сизга жуда оз илм берилгандир».Инсоннинг ҳамма нарсаси чеклангандир. Жумладан, ақли, идроки ҳам маҳдуддир. У ақли, идроки доирасидаги ишлар ила шуғулланиб, ундан ташқаридаги нарсалар хусусида беҳуда бош қотирмаслиги керак. Булар қаторига руҳ масаласи ҳам киради. Ҳозиргача инсоннинг руҳ ҳақида бирор нарса билиш учун қилган барча ҳаракатлари беҳуда кетди. Руҳ ҳақида ҳеч нарса била олмади. Инсон руҳ ҳақида билган бирдан-бир нарса Аллоҳ юборган ваҳий, холос. 3. Нафс.Бу лафз ҳам бир неча маъноларда ишлатилади. Тасаввуфда нафс лафзи икки маънода ишлатилади.Биринчиси, инсондаги ғазаб ва шаҳват қувватини жамловчи маънодир. Ҳа, аҳли тасаввуф нафс деганда кўпроқ ёмон сифатларни ўзида жамловчи нарсани кўзда тутадилар. Шунинг учун ҳам уларнинг истилоҳида, нафсга қарши мужоҳада қилиш, уни синдириш кабилар тез – тез учраб туради. Бундоқ нафсни ўзига хос исми бўлиб уни «ан-Нафсул Амморатул Биссуъи» - ёмонликка амр қилувчи нафс деб аталади. Аллоҳ таоло «Юсуф» сурасида: «Ва ўз нафсимни оқламайман. Албатта, нафс, агар Роббим раҳм қилмаса, ёмонликка ундовчидир. Албатта, Роббим мағфиратли ва билгувчи зотдир», деди», деган (53 оят).Иккинчиси, аввал зикр қилинган инсондаги латиф жисм бўлиб, у инсоннинг жони ва ўзини англатади. У ҳолатга қараб турли васфларга эга бўлади.Гоҳида «Фажр» сурасида зикр қилинган васфда бўлиши мумкин.Аллоҳ таоло ўша сурада яна марҳамат қилиб: «Эй, хотиржам нафс! Роббингга сен Ундан, У сендан рози бўлган ҳолда қайт! Бас, бандаларим ичига киргин! Ва жаннатимга киргин!» деган (27-30 оятлар).Бундай нафс шаҳватлар ила курашда ғолиб бўлиб, сокинлик касб қилган нафсдир. Уни мутъмаинна – хотиржам нафс деб аталади.Гоҳида «Қиёмат» сурасида зикр қилинган васфда бўлиши мумкин.Ўша сурада Аллоҳ таоло марҳамат қилиб: «Ва маломатчи нафс билан қасам», деган (2 оят).«Маломатчи нафсдан» мурод тақводор мўмин кишининг нафсидир. Чунки у ўз эгасини доимо маломат қилиб (тергаб) туради. Гуноҳ иш қилса, «Нима учун гуноҳ қилдинг? Аллоҳдан қўрқмайсанми? Охиратда нима жавоб берасан?» деб маломат қилади. Савоб иш қилса, «Бу оз-ку, кўпроқ қилсанг бўлмайдими? Қанча кўп савоб иш қилсанг, ўзингга фойда-ку», деб маломат қилади. Тасаввуф мактабнинг машҳур намояндаси, Ислом оламида катта ҳурматга эга бўлган олим Имом Ҳасан Басрий, яхши одам доимо ўз нафсини маломат қилиб туради, фожир одам нафсини итоб қилмай юраверади, деганлар.4. Ақл.Бу лафз ҳам турли маъноларда ишлатиладиган лафзлардандир. Тасаввуфда ўша маънолардан иккитаси ишлатилади.Биринчиси, нарсаларнинг ҳақиқатини идрок қилиш бўлиб, илмнинг суратидан иборат бўлади.Иккинчиси, илмларни идрок этувчи билимдир.2. Биз ҳам сизларни яхши кўрамиз ва ҳақингизга дуо қиламиз.3. Ўзингизни танитиб, ушбу саҳифа мудири Абу Муслим билан алоқа боғланг. Ҳозир китобларимизни рус тилига таржима қилмоқдамиз. Эҳтимол ёрдамингиз керак бўлар. Агар таржима қилган нарсангиз бўлса, юборинг.

Топ рейтинг www.uz Openstat