Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Етимларнинг ҳаққи

03:18 / 14.07.2016 | Abdulloh509 | 2242

Ассалому алайкум! Бир танишим пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг : «Сизларни топаётга фойдангизда eтимларни ҳам ҳаққи бор» дeган ҳадислари бор дeдилар. Агар шундай бўлса, 50.000 сўмдан eтимни ҳаққи қанчалигини ҳисоблаб бeрсангизлар. Жавоб учун олдиндан раҳмат. Аллоҳ илмингизни зиёда қилсин.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Етимларнинг ҳақлари ҳақидаги айнан сиз айтган ҳадисни топа олмадик.  Аллоҳ таоло “Зарият” сурасида марҳамат қилади : إِنَّ الْمُتَّقِينَ فِي جَنَّاتٍ وَعُيُونٍ۝  آخِذِينَ مَا آتَاهُمْ رَبُّهُمْ إِنَّهُمْ كَانُوا قَبْلَ ذَلِكَ مُحْسِنِينَ۝ 15. Албатта, тақводорлар жаннатлар ва булоқлардадир. 16. Робблари берган нарсаларни олувчилардир. Чунки улар бундан олдин яхшилик қилувчи бўлганлардир. Яъни бу дунёда яхши ишлар қилиб юрган тақводорлар энди жаннатда Парвардигорлари берган неъматларни қабул қилиб оладилар. Уларнинг бундай иззат-эҳтиромга сазовор бўлишларининг сабаби дунё ҳаётида эҳсон қилувчилардан бўлганларидир. Уларнинг ушбу олий мақомга етказувчи бошқа амаллари ҳам бор эди, жумладан: كَانُوا قَلِيلًا مِّنَ اللَّيْلِ مَا يَهْجَعُونَ۝ 17. Улар кечалари оз ухлар эдилар. Яъни кечани ибодат билан бедорликда ўтказиб, оз ухлар эдилар. Ушбу оят тафсирида уламоларимиз Абдурроҳман ибн Зайд ибн Асламдан қуйидаги ривоятни келтирадилар: «Бир киши: – Эй Абу Усома, мен бир сифатни ўзимизда топмаяпман. Аллоҳ таоло бир қавмни эслаб, «…кечалари оз ухлар эдилар», деган эди. Биз эса кечаси жуда оз бедор бўламиз, – деди. Шунда Абу Усома розияллоҳу анҳу: – Мудроқ босганда ухлаб, уйғонганда Аллоҳга тақво қилганларга яхшиликлар бўлсин, – дедилар». Демак, кўп ибодат қиламан деб, ўзини қийнаш даражасига бормаслик керак экан. Вақтида ухлаб, уйғоқлик вақтини бекор ўтказмасдан, ибодат ва тақводорлик қилишнинг ўзи катта гапдир.  وَبِالْأَسْحَارِ هُمْ يَسْتَغْفِرُونَ۝ 18. Ва улар саҳарларда истиғфор айтар эдилар. Саҳар чоғида туриш, Аллоҳга истиғфор айтиб, гуноҳидан кечишини сўраш жуда ҳам фазилатли иш бўлиб, буни қилган кишилар хайр-барака, улуғ мартабаларга эришадилар. Ҳадиси шарифлардан бирида Набий алайҳиссалом: «Албатта, Аллоҳ таоло ҳар куни кечанинг учдан бири қолганда, дунё осмонига тушади ва тонг отгунча: «Тавба қилувчи борми? Тавбасини қабул қиламан. Истиғфор айтувчи борми? Мағфират қилиб, гуноҳини кечаман. Сўровчи борми? Сўраганини бераман»,– дейди», – деганлар». Шунинг учун иложи борича, саҳарда туриб, ибодат қилиш, истиғфор айтишга уриниш лозим. وَفِي أَمْوَالِهِمْ حَقٌّ لِّلسَّائِلِ وَالْمَحْرُومِ۝ 19. Ва молу мулкларида сўровчи ва бечораларнинг ҳаққи бордир. Биз «сўровчи» деб таржима қилган сўз Қуръони Карим матнида «соил» деб келган, яъни бу ночорлигидан ўзгалардан молиявий ёрдам сўровчи деганидир. «Бечора» эса «маҳрум» деб зикр қилинган, яъни ночор бўлса ҳам, иффатли бўлгани учун уялиб, ҳеч кимдан молиявий ёрдам сўрамай юрган одам. Шунда оят «Тақводорлар сўраган ва сўрамаган муҳтож кишиларга ўз молларидан маълум миқдорда ҳақ ажратиб қўйган кишилардир» деган маънони билдиради. Тақводор, диндор кишилар қўлларига келган мол-дунёнинг ҳаммаси фақат ўзлариники эмас, балки унда муҳтожларнинг ҳам ҳаққи борлигини доимо яхши тушуниб юрадилар. Бу оятда тақводорларнинг сифатлари баёни билан бирга, мазкур суранинг асосий мавзуларидан бири бўлмиш ризқ масаласи зикр қилиняпти. Кишиларнинг қалбларини бахилликдан тозалаш, фақат ризқ ила машғул бўлиб, бошқа муҳим нарсаларни унутиб қўймаслик кераклиги эслатилмоқда. (“Тафсири Ҳилол” китобидан). Ким Аллоҳ таоло мақтаган ушбу зотлар сафида бўлишни хоҳласа, молидан маълум бир қисмини бечора ва маҳрумларга ажратади. Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳнинг бир идишлари бўлиб, ҳадя сифатида келган молларини тенг ярмини, касб қилиб топганларини ўндан бирини ажратиб қўяр эдилар. Қачон бирор эҳтиёжи бор инсон бирор нарса сўраб келса, ўша ажратганидан берар эдилар. Бу билан садақаи хойрот қилиш иши ҳамма вақт давом этар, муҳтожлар ҳам ҳеч вақт қуруқ кетмас эдилар. У зот шогирдларига ҳам шуни васият қилар эдилар. Ёнидаги ишчилари “биз у идишни қуруқ қолганини ҳеч кўрмаганмиз” дейишган. Албатта бунда идишнинг қуримаслигини эмас Аллоҳ таоло мақтаган бандаларнинг сафида бўлишни ният қилиш керак. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat