Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ҳиммат (ниятлар) ҳақида

05:55 / 20.07.2016 | Muhammad Mustafo | 1207

Ассалому алайкум! Устозлар, бу савол мени анчадан бери ўйлантириб келади. Шу боис, бугун сизлардан сўрашга қарор қилдим. Устозлар, илмсизлигим, ёмон инсонлигим боис, жуда ҳам кўп хатолар қилдим, адашдим. Энди эса, қаттиқ афсусдаман. Мен қилган ишларим сабаб, ўзимни жуда ёмон инсон деб биламан. Бу айни ҳақиқат. Буни ўзим яхши биламан. Аммо шунга қарамасдан ҳам Аллоҳ таолодан умидим жуда катта. Ин шаа Аллоҳ Аллоҳнинг дўстларидан бўлишни қаттиқ истайман ва ҳимматим яъни, ниятларим жуда ҳам баланд. Савол: Жуда кўп гуноҳларни қилган киши ҳам катта уламоларнинг даражасига етишишни ният қилиши дурустми? Ният қилишни ҳам чегараси борми? Албатта, ниятлар хайрли ва охиратдаги юқори даражалар ҳақида! Анчадан бери ичимда «сен қилган маъсиятларинг сабаб олим бўлишга, Аллоҳнинг дўстларидан бўлишга лойиқ эмассан» деган васваса кўп бўлмоқда.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Фузайл ибн Иёз 105-ҳижрий йилда Самарқандга қарашли Наса деган жойда туғилган. Бу жойнинг форсча исми «Дарҳи кузу» бўлиб, «Манн водийси» маъносини англатади. У ёшлигининг ярмини йўлтўсарлик қилиб, одамларнинг молини талаб, қароқчилик ва зўравонлик қилиб ўтказди. У Абювард ва Марв орасидаги тор йўлларда йўловчи мусофирларни пойлаб турар эди. Секин-аста ўша тор йўл унинг номи ила аталадиган бўлди ва у ердан ўтувчилар ҳамда карвондагиларнинг қалбига қўрқинч соладиган жойга айланди. Йўловчилар бир-бирларига унинг тузоғига тушиб қолмаслик учун ўша ерни четлаб ўтишни тавсия қилар эдилар. Фузайл ўзи талаб олган молларни айш-ишратга, кўнгилхушликка сарфлар, лаззатларига ишлатар эди. У ушбу нодонлик ҳаётининг авжида бир жорияни учратиб, уни севиб қолди ва ўзини унга бағишлади. Фурсат топиши билан унинг ҳузурига ошиқар эди. Бундай фурсатлар эса жуда оз бўлар эди. Унга боғланиб қолган Фузайлнинг йўлтўсарликка, мусофирларни пойлашга ва уларни таъқиб қилишга вақти қолмади. Жориянинг ишқи унинг қалбини ром қилиб, молиявий қизиқишларини унутди. Бу ишқ ундаги зўравонлик ва ёмонлик оловини сўндириб, шу жория ҳақида фикр қилишдан бошқага ярамай қолди, кун-тун фақат унга етишиш йўллари ҳақида ўйлайдиган бўлиб қолди. Инсонда нафс тўзонлари тинчланса, ёмонлик ҳислари сокин бўлса, бунинг муқобилида унинг қалб тўридаги содиқ туйғулар қўзғалади. Ана шу ҳолат ўз эгасини Аллоҳга етакловчи биринчи қадамлар бўлади. Мазкур ҳисни уйғотган нарса нима бўлишининг фарқи йўқ. Шунингдек, унинг қай тарафга йўллангани ёки қай нарсага мойил бўлгани ҳам фарқ қилмайди. Чунки муҳаббатнинг йўли биттадир. Маҳбуб қандай бўлса ҳам, у йўлнинг қай тарафида турган бўлса ҳам барибир. Энг муҳими, солик ўзига ёққан ва ўзи берилган бекатда тўхтаб қолмаса, бас. Модомики олдидаги йўл очиқ экан, у барча бекатлардан ўтиши лозим. У ўзининг ҳақиқий маҳбуби олдинда эканини билмоғи матлубдир. У ҳарчанд йўлда давом этар экан ва бекатлардан бирма-бир ўтар экан, ўз йўлини давом эттириш жозибаси уни ўзига тортаётганини ҳис қилади. Фузайл ибн Иёз ўзининг мазкур жорияга бўлган муҳаббати ва унга боғланиши орқали йўл бошига келди. Кечаларнинг бирида карвон йўлини тўсиб, унинг молини талаш режасини тузиш ўрнига маҳбубаси ила қандай қилиб учрашиш режаси ҳақида фикр юрита бошлади. Ниҳоят, кечанинг охирги қисмида, ҳамма ухлаб ётганда ҳабибасининг ҳовлисига бориб, эшик қоқиб, сўраб ўтирмай, девордан ошиб тушиш режасини тузди. Фузайл муносиб вақтни танлаб, режасини амалга оширишга киришди. Тун қоронғусида жориянинг ҳовлисига етиб борди. Иккиланиб ўтирмасдан, ҳовли деворидан ошиб ўтишга қулай жой ахтара бошлади. Тезда ўшандай жойни топди ва осилиб деворнинг устига чиқди. Девордан ҳовлига тушишдан олдин атрофга диққат билан қулоқ солди. У шу ҳолда турганида тун қоронғусида бир қорининг Аллоҳ азза ва жалланинг қуйидаги оятни тиловат қилаётганини эшитди: «Иймон келтирганлар учун Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳаққа қалблари ‎‎юмшаш, айни чоқда, олдин китоб берилган, сўнг муддат ўтиши билан қалблари қотиб ‎‎қолган, кўплари фосиқ бўлганларга ўхшамаслик вақти келмадими?!» («Ҳадид» сураси, 16-оят). Ўша соатда Фузайлнинг қалби бефаросатликдан озод бўлди. Унинг қалбини ўраб олган қасоват парчаланди. Унинг қулоғига муҳаббат тўла раббоний калималар кириши билан қалбига бу калималарнинг шуъласи етиб борди. Бу шуъла ундаги сўниб бораётган чироқни яна ёндирди, ўчиб бораётган оловни алангалатди. У бирдан қоронғу зулматни титратиб юборган овоз ила: «Ҳа, Роббим! Вақти келди!» дея қичқирди. Ўша лаҳзанинг ўзида унинг зоти тамоман ўзгарди. У турган еридан қайтиб тушди. Худди бир нарса чақиб олган одамдек, ҳеч нарсага қарамай: «Ҳа, Роббим! Вақти келди!» дея қичқирганча олға юриб кетди. Ўша кечанинг охирида бу банда ила унинг Робби орасида сулҳ тузилди. Ўша зулматли соатда безори, қароқчи, йўлтасар Фузайл ибн Иёз дафн этилди. Унинг ўрнига олим, парҳезкор, зоҳид, обид ва ҳакийм Фузайл ибн Иёз туғилди! Энди у нима қилади? Қаерга боради? У Сарахсга қайтиб кетишни маъқул кўрди. Кеч кириши билан тунаш учун мусофирхонага борди. У ерда бир гуруҳ йўловчиларни кўрди. Уларнинг йўл юриш ҳақида ўзаро маслаҳат қилаётганларини эшитди. Шу пайт улардан бири «Тонг отгунча кутиб турганимиз маъқул. Йўл хатарли. У ерда Фузайл бор», деди. Фузайл уларни тинчлантириш учун олдиларига борди, сўнг томоғига йиғиси тиқилган ҳолда: «Батаҳқиқ, Аллоҳ йўлни Фузайлдан тозалади. Мана, у сизнинг қаршингизда тавба қилган ҳолида турибди! Умид қиламанки, бугундан бошлаб мени фақат Аллоҳга қочган ҳолимда, У Зотнинг Байтул Ҳароми олдида кўрасизлар!», деди. Сўнгра узоқ сафарга керакли нарсаларини олиб, Байтуллоҳ томон йўл олди. У йўлда ўз-ўзига шундай деб гапириб борарди: «Мен кечаси маъсиятга қўл урар эдим. Бу ерда эса мусулмонлардан бир қавм мендан қўрқиб ўтирибди. Аллоҳ тавба қилишим учун мени уларнинг ҳузурига олиб келган бўлса керак. Аллоҳим! Ўзингга тавба қилдим. Тавбамнинг Байтул Ҳаромингни қўшни тутишим ила бўлишини истадим!» Ибн Асокир Иброҳим ибн Ашъасдан ривоят қиладилар: «Фузайл ибн Иёздан кўра қалбида Аллоҳ улуғ бўлган одамни кўрмадим. Қачон унинг олдида Аллоҳ зикр қилинса ёки Қуръон ўқилса, унда хафв ва маҳзунлик зоҳир бўлар эди. Икки кўзидан дув-дув ёш қуйиларди. Ҳузурида турганларнинг унга раҳми келарди. У маҳзунлик ва қаттиқ фикрда бардавом эди». Фузайл ибн Иёз ўзининг Самарқанддан Маккага қилаётган сафари давомида Бағдодга бурилди. Сўнгра у ердан Куфага ўтди. Ўша жойда бир муддат туриб, илм олди ва ҳадис эшитди. Ҳадис жамлашга ва уни ривоят қилишга жуда ҳам берилди. Жуда кўп муҳаддислардан ҳадис олди. Уларнинг ичида Аъмаш, Ато ибн Соиб, Мансур ибн Мўътамир, Ҳусойн ибн Абдурроҳман, Муслим Аъвар, Абон ибн Абу Аиёшлар бор эди. У киши Куфа масжидида ва бошқа жойларда илм олиш ва ҳадис эшитишда бардавом бўлди. Тез орада илми ва кўп ҳадис билиши ила танилди. Ўз исмини ишончли ровийлар рўйхатининг бошида бўлишига эришди. У ҳақда Ибн Носириддин қуйидагиларни айтган: «Фузайл ибн Иёз Абу Али Тамимий ҳарамнинг имоми, шайхулислом, катта уламоларнинг ўрнагидир. Ундан Шофеъий, Яҳё Қаттон ва бошқалар ҳадис ривоят қилганлар. У шаъни улуғ Роббоний имом, аслзода, обид ва улуғ зоҳид эди». (Доктор Муҳаммад Саъийд Рамазон Бутийнинг «Шахсиятун иставкафатнии» китобидан қисқартириб олинди.) (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat