Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Христиан

05:59 / 02.08.2016 | Xojiakbar | 967

Ассалому алайкум! Устоз Христиан диндагилар Аллоҳни танидими? Исо алайҳиссалом уларга танитганми?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло “Моида” сураси 116-117-оятларида марҳамат қилади : وَإِذْ قَالَ اللّهُ يَا عِيسَى ابْنَ مَرْيَمَ أَأَنتَ قُلتَ لِلنَّاسِ اتَّخِذُونِي وَأُمِّيَ إِلَهَيْنِ مِن دُونِ اللّهِ قَالَ سُبْحَانَكَ مَا يَكُونُ لِي أَنْ أَقُولَ مَا لَيْسَ لِي بِحَقٍّ إِن كُنتُ قُلْتُهُ فَقَدْ عَلِمْتَهُ تَعْلَمُ مَا فِي نَفْسِي وَلاَ أَعْلَمُ مَا فِي نَفْسِكَ إِنَّكَ أَنتَ عَلاَّمُ الْغُيُوبِ۝ 116. Эсла, Аллоҳ айтди: «Эй Ийсо ибн Мар¬ям! Сен одамларга: «Мени ва онамни Аллоҳдан ўзга икки илоҳ қилиб олинглар», – деганмидинг?» У айтди: «Ўзинг пок¬сан! Мен ҳаққим йўқ нарсани айта олмайман-ку. Агар айтган бўлганимда, батаҳқиқ, Сен уни билар эдинг. Сен мендаги нарсаларни биласан, мен Сендаги ҳеч нарсани билмасман. Албатта, Сенинг Ўзинггина ғайбларни ниҳоятда билувчидирсан. Бу оятда ҳам Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиниб, Аллоҳ таоло билан Ийсо алайҳиссалом ораларидаги ушбу савол-жавобни эслашга амр этилмоқда. Бу савол-жавоб ҳам насороларнинг Ийсо алайҳиссаломни ва у кишининг оналари Биби Марямни «Худо» деб даъво қилишлари бутунлай нотўғри эканини фош этади. Фош этганда ҳам, қиёмат куни ҳамма жамланганда, барча пайғамбарлар алоҳида жам қилинганда, уларнинг гувоҳлигида фош этади! Насороларнинг ақийдалари ботил экани айнан Ийсо алайҳиссалом билан бўлиб ўтадиган савол-жавобда фош қилиниши алоҳида маъно касб этади: «…Аллоҳ айтди: «Эй Ийсо ибн Марям! Сен одамларга: «Мени ва онамни Аллоҳдан ўзга икки илоҳ қилиб олинглар», – деганмидинг?» Албатта, Аллоҳ таоло Ийсо ибн Марямнинг бу гапни ҳеч айтмаганини ва айтмаслигини ҳам жуда яхши билади. Эси бор одам бундай гапни айтмайди. Аммо Ийсо алайҳиссаломни «Худо» деб айтганларнинг қилмиши нақадар ноўрин, номаъқул ва жирканч эканини ҳаммага яна бир бор кўрсатиш учун шундай савол берилади. Оддий инсон қила олмайдиган ишни қандай қилиб пайғамбар, пайғамбар бўлганда ҳам, Ийсо алайҳиссаломдек улул азим пайғамбар қилиши – одамларга «Мени ва онамни Худо қилиб олинглар», дейиши мумкин? Асло мумкин эмас! Шунинг учун ҳам Ийсо алайҳиссаломнинг жавоблари Аллоҳга Унинг поклигини тасдиқлаш, «субҳанака – «Ўзинг поксан!» дейиш билан бошланмоқда: «Мен ҳаққим йўқ нарсани айта олмайман-ку». Яъни «Менинг «Аллоҳни қўйиб, мени ва онамни худо қилиб олинглар», деб айтишга мутлақо ҳаққим йўқ-ку, қандай қилиб айтаман?» «Агар айтган бўлганимда, батаҳқиқ, Сен уни билар эдинг». Бу ҳам пайғамбарлик ва бандалик ҳисси билан айтилган гап. Ҳақиқатан ҳам агар фаразан, шундай гап айтилган бўлганида, Аллоҳ билар эди ва унга яраша чора кўрилар, бу хабар барчага тарқалар эди. Шунинг ўзиёқ Ийсо алайҳиссаломнинг ҳеч қачон худолик даъвосини қилмасликларини кўрсатиб турибди. «Сен мендаги нарсаларни биласан, мен Сендаги ҳеч нарсани билмасман. Албатта, Сенинг Ўзинггина ғайбларни ниҳоятда билувчидирсан». Ийсо алайҳиссаломнинг Аллоҳ таолонинг сифатларини аниқ тушунган бир банда ва пайғамбар эканликлари ушбу жавобларидан яққол кўриниб турибди. Аллоҳ таоло ҳар бир бандасининг дилида яширган нарсасини, барча ғайбларни энг яхши биладиган Зот бўла туриб, Ийсо алайҳиссаломдек машҳур бир пайғамбарнинг кўпчилик ичида худоликни даъво қилганини билмай қолармиди? Кейинги оятларда Ийсо алайҳиссаломнинг жавоблари давом этади: مَا قُلْتُ لَهُمْ إِلاَّ مَا أَمَرْتَنِي بِهِ أَنِ اعْبُدُواْ اللّهَ رَبِّي وَرَبَّكُمْ وَكُنتُ عَلَيْهِمْ شَهِيدًا مَّا دُمْتُ فِيهِمْ فَلَمَّا تَوَفَّيْتَنِي كُنتَ أَنتَ الرَّقِيبَ عَلَيْهِمْ وَأَنتَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ شَهِيدٌ۝ 117. Мен уларга Ўзинг менга амр қилган нарса – «Менинг Роббим ва сизнинг Роббингиз Аллоҳга ибодат қилинг»дан бошқани айтганим йўқ. Ва модомики, ораларида эканман, уларга гувоҳ бўлдим. Мени Ўзингга олганингдан сўнг Сенинг Ўзинг уларга кузатувчи бўлдинг. Зотан, Сен ҳар бир нарсага гувоҳсан. Демак, Ийсо алайҳиссалом насороларга «Мен ҳам, сизлар ҳам Аллоҳнинг бандаларимиз ва ҳамиша Унга ибодат қилиш зарур», – деб айтганлар. Ундан бошқа гапни айтмаганлар. Яъни «Мени Худо қилиб олинглар», – демаганлар. Ийсо алайҳиссалом яна бошқа ишлар ҳам қилганлар: «Ва модомики, ораларида эканман, уларга гувоҳ бўлдим». Яъни «Қилган ишлари, айтган гаплари ва бошқа нарсаларига гувоҳ бўлдим. Жумладан, Сенинг амрингни қандай қабул қилишларига гувоҳ бўлдим. Менинг улар ичида бўлган вақтимдаги гапларим шулардан иборат. Мен худолик даъвосини қилганим йўқ. Мендан кейин нима бўлганини Ўзинг биласан». «Мени Ўзингга олганингдан сўнг Сенинг Ўзинг уларга кузатувчи бўлдинг. Зотан, Сен ҳар бир нарсага гувоҳсан». (“Тафсири Ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat