Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Тўй куни шом намози

22:25 / 16.08.2016 | Akmal | 7607

Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар, тўй куни куёв бўлмиш, шом намозини ўқиш учун никоҳ пайтида тўйни, келинни ташлаб, намозга бориб келиши жоизми?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! “Жоизми?” эмас, балки фарздир. Намознинг инсон ҳаётидаги аҳамияти Маълумки инсон руҳ ва танадан ташкил топган. Инсон танаси куч-қувват берадиган, саломатлигини сақлаб турадиган етарлича озуқага эҳтиёжманд бўлгани сингари, руҳи ҳам соғлом ва қувватли бўлиши учун маълум бир озуқаларга муҳтож бўлади. Инсонларни яратган Зот уларнинг таналарига озуқа бўладиган нарсаларни ҳозирлаб қўйганидек, руҳларининг озуқаларини ҳам ҳозирлаб қўйган. Руҳ озуқаларининг энг аҳамиятлиси намоз ибодати ҳисобланади. Намозни фуқаҳолар шундай таърифлаганлар: “Намоз – сўз ва феълдан иборат бўлиб, Аллоҳни улуғлайдиган “Аллоҳу акбар” лафзи билан бошланиб, барча бандаларга салом бериб “Ассалому алайкум” лафзи билан якунланадиган ибодатдир”. Аллоҳ таоло бандаларнинг маънавий покланишлари ва дунё-ю охиратларига манфаатли фазилатларни эгаллашлари учун намоз ибодатини фарз қилган. Шунга кўра инсон намоз сабабли руҳияти саломат бўлишига ва ўзида комил инсон сифатларини мужассам этишга эришади. Инсон танаси соғлом бўлиб яхши ишлаши учун муайян ададдаги иссиқлик ҳароратига муҳтож бўлгани сингари руҳининг соғлом бўлиши ҳам муайян ададдаги намозга муҳтождир. Намознинг нақадар муҳим ибодат экани уни бошқа фарз ибодатлар билан солиштириб кўрилганда яққол намоён бўлади: 1. Рўза ибодати бир йил давомида фақат бир ой, Рамазон ойида, муқим, рўза тутишга қодир кишиларга фарз қилиб белгиланган. 2. Ҳаж ибодати умр давомида бир марта йўл очиқ бўлганда ҳаж қилишга етарли маблағи бўлган, ўзи юра оладиган кишига фарз қилиб белгиланган. 3. Закот ибодати эса моли нисобга етгандан кейин бир йил ўтгандан сўнг адо қилиш фарз бўлади. 4. Ушр ибодатини адо этиш эса ҳосил йиғимига боғлаб қўйилган. Аммо намоз ибодати инсоннинг соғлом ё касаллигидан, бой ё камбағаллигидан, мусофир ё муқимлигидан қатъий назар, бир йилда эмас, бир ойда эмас, маълум бир мавсумда эмас, балки ҳар куни беш марта адо этиш фарз қилиб қўйилган. Намознинг муҳимлиги шу даражадаки, тик туришга қодир бўлмаса, ўтириб ўқиши керак, ўтириб ўқишга қодир бўлмаса, ётиб имо-ишора билан ўқиши лозим. Баъзи уламолар: имо-ишорага ҳам қодир бўлмаса, кўз қараши билан рукуъ сажда қилади, ҳатто қалбидан намоз амалларини ўтказиб бўлса ҳам ўқийди, деганлар. Субҳаналлоҳ, бу дегани балоғатга етган мусулмон киши учун мадомики танасида жони бор экан, ақл ҳуши жойида экан албатта намоз ўқиши шарт деганидир. Ҳатто шариатимизда уруш пайтида  душман таҳлика солиб, инсоннинг ҳаёти хавф остида турган ҳолатда намознинг қандай ўқилиш тартиблари бирма-бир баён қилиб қўйилган. Мусулмон кишининг ҳаётидаги намознинг ўрнига эътибор берадиган бўлсак, унинг туғилишидан то вафот этгунига қадар ҳаёти доимо намозга боғлиқ бўлиб ўтишини кўрамиз. Туғилганида қулоғига "Аллоҳу акбар" такбири айтилади, ёшлигидан намоз ўқишга ўргатилади, вояга етгач ҳар куни беш маҳал намоз ўқийди, ҳаётида бирор хурсандчиликка эришса, шукронасига намоз ўқишга ўтади, мусибатга учраса, уларни намоз билан енгишга уринади, бирор ишга иккиланиб қолса, намоз ўқиб хайрлисини топишга ҳаракат қилади, ва ниҳоят вафот этганида ҳам унга жаноза намозини ўқишиб сўнги манзилига кузатишади. Ҳа, шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намознинг аҳамиятини баён қилиб: "Намоз диннинг устунидир" деганлар. Улуғ саҳоба Умар розияллоҳу анҳу: ким намозни тарк қилса, унинг исломда насибаси йўқдир, деганлар. Тарихдан маълумки, намоз маълум вақт, ўн олти ё ўн етти ой Байтул Мақдисга қараб ўқилган, сўнгра яна Каъбага қараб ўқиладиган бўлган. Шунда дин душманлари: "Буларнинг қибласи Каъба бўлса, унда олдин Байтул Мақдисга қараб ўқиган намозлари нима бўлди", деган фитнали гапларни тарқатишган. Шунда бу гапларга жавобан: "Аллоҳ иймонингизни зое қилмас" ояти нозил қилинган. Эътибор бериладиган бўлса, фитначиларнинг "намозлари нима бўлди" деган сўзларига "Аллоҳ намозингизни зое қилмас" деб эмас, балки, "Аллоҳ иймонингизни зое қилмас" деган жавоб бўлган. Бу сўздан Аллоҳ ҳузурида намоз иймондан, иймон намоздан экани яққол намоён бўлади. Намоз ибодатининг аҳамияти нақадар улуғ экани унинг қандай фарз қилинганидан ҳам билиниб туради. Бошқа фарз ибодатлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Жаброил фаришта воситасида билдирилган бўлса, намоз ибодати ҳеч бир воситасиз, тўғридан-тўғри ўзларига билдирилган. Бунинг фарқини оддий мисол ёрдамида янада яхшироқ тушунишимиз мумкин: " Раҳбар ходимига бирор вазифани юклар экан, ўша вазифани хат орқали хабар бериши ҳам, ёки телефон орқали  билдириб қўйиши ҳам мумкин. Аммо вазифа ўта муҳим бўлса уни ҳузурига чақириб, шахсан ўзи тегишли кўрсатмаларни беради". Ҳа, Аллоҳ таоло намоз ибодатини ўртага ҳеч кимни восита қилмасдан меърожда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга тўғридан-тўғри фарз қилган.  Чунки намоз ибодати, ҳар бир банданинг ўз Роббисини ёд қилиши, У билан боғланиши, бир сўз билан айтганда инсон бўлиб яратилишининг мажбуриятидир. Зеро инсонларни яратган Зот: "Мен жин ва инсни фақат ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим”{1}, деган. Намоз банданинг Роббисини зикр қилишидир. Бу зикр узлуксиз бетўхтов давом этиб туради. Яъни, бир банда бомдодни ўқиётган пайтда, бошқаси пешинни, ундан бошқаси асрни, яна бири шомни, яна бирови эса хуфтонни ўқиётган бўлади. Бунда ҳам бирови қиёмда турган пайтда, бошқаси рукуъда, яна бошқаси саждада турган бўлади. Бири "Бисмиллаҳ"ни ўқиётган бўлса, бошқаси "Алҳамду лиллаҳи роббил ъаламийн"ни ўқиётган бўлади. Бир сўз билан айтганда намоз ибодати тўхтовсиз доимий давом этиб туради. Банда намозда итоатли туриш кўринишида қиёмда турар экан, одобли ўтириш кўринишида қаъдада ўтирар экан, бўйин эгиш, қуллигини изҳор қилиш кўринишида рукуъ ва саждада турар экан, Роббисига тўлиқ итоат билан: "Биз адо этаётган бу таҳийётлар ва биз бажараётган барча солиҳ амаллар ёлғиз Сен учундир, эй улуғ Роббимиз!!!", дея илтижо қилаётган бўлади. Банда ва Роббиси ўртасидаги мулоқот Намоз ўқувчи "Аллоҳу акбар" дея намозга киришар экан Роббисидан бошқа бирор нарсага юзлана олмайдиган мақомда турганини ҳис этиши лозим. Намозда такрор-такрор тиловат қилинадиган"Фотиҳа" сураси банда билан Роббиси ўртасидаги тўғридан-тўғри мулоқотни намоён қилади. Яъни банда илтижо қилади Роббиси жавоб беради: Барча мақтов, шукрлар оламларнинг тарбиячиси Аллоҳга бўлсин. У Роҳман ва Роҳиймдир. У қиёмат кунининг подшоҳидир. Фақат Сенгагина ибодат қиламиз ва фақат Сендангина ёрдам сўраймиз. Бизни тўғри йўлга ҳидоят қилгин. "Ўзинг неъмат берганларнинг йўлига (бошлагин), ғазабга дучор бўлганларнинг йўлига эмас, адашганларникига ҳам эмас”{2}. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таолонинг шундай дегани ривоят қилинган: Намозни Ўзим билан бандам орасида иккига бўлганман, ярми менга, ярми эса бандамга. Бандамга сўраганини бераман. Агар банда: "Алҳамду лиллаҳи роббил ъаламийн"деса, Аллоҳ азза ва жалла: "Бандам менга ҳамд айтди", дейди. Агар у: "ар-Роҳманир Роҳим", деса, Аллоҳ: "Бандам менга сано айтди", дейди. Агар банда: "Малики явмиддийн" деса, Аллоҳ: "Бандам мени улуғлади", дейди. Агар банда: "Иййака наъбуду ва иййака настаъийн", деса, Аллоҳ: "Бу мен билан бандам орасидаги нарса, бандамга сўраганини бераман", дейди. Агар банда: "Иҳдинас сиротол мустақийм, сиротоллазийна анъамта алайҳим ғойрил мағзуби алайҳим ва лаззоллийн", деса, Аллоҳ: "Бу бандам учун, бандамга сўраганини бераман", дейди". Намоз дунё ва охират саодати омилидир. Яъни намоз ўқувчи Аллоҳ таолони исм ва сифатлари билан зикр қилади. Бу эса ҳақиқий сано, ҳақиқий мақтов ҳисобланади. Намоз ўқувчи Аллоҳ таолони жазо кунининг подшоҳи деб иймон эътироф этади. Бу эса уни дунёга алданиб қолишдан сақлайди. "Фақат Сенгагина ибодат қиламиз", дея Роббисига ибодат қилишга аҳдлашади,  "фақат Сендангина ёрдам сўраймиз", дея Роббисидан ёрдам сўраб, Унга таянади. Агар намозхон аҳдига вафо қилса, Роббиси унга сўраганини беради. Банда сўрайдиган нарсаларнинг энг афзали Роббисининг розилиги, У зотнинг ҳидояти, кўзни қувонтирадиган неъмат, саросимадан сақлайдиган тўғри йўлдир. Бундай нарсаларга эришиш эса дунё ва охират саодатидир! Намоз ўқувчи "Фотиҳа" сурасига яна бошқа сурани ҳам қўшиб ўқиш билан ҳаётининг барча жабҳалари учун лозим бўлган илоҳий кўрсатмалардан кўпроқ хабардор бўлишга эришади. Сўнгра рукуъ қилиб: "Субҳана роббиял ъазийм", (Улуғ Роббимни поклаб ёд этаман) деб, тасбеҳ айтади. Бу билан Аллоҳни инкор этадиганлардан, ёки Унга ширк келтирадиганлардан, ёки инкор этмасаларда, У зотнинг улуғ сифатларидан бехабар юрган қанчадан-қанча гумроҳлардан ўзгача эканини исбот этган бўлади. Намоз ўқувчи айтаётган тасбеҳи Роббиси ҳузурига кўтарилишига аниқ ишонганидан "Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ" (Аллоҳ Унга ҳамд айтганни эшитди", дея рукуъдан бошини кўтаради ва Аллоҳ бандаси айтган ҳамдни ижобат қилди, деб билади. Сўнгра сажда қилади ва "Субҳана роббиял аълаа"  (Олий Роббимни поклаб ёд этаман) деб, тасбеҳ айтади. У пешонасини ерга қўйиб турган пайтда энг олий, энг шарафли ва Роббисига энг яқин мақомда турган бўлади. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: "Банданинг Роббисига энг яқин пайти у(нинг) сажда қилган ҳолатидир. Бас дуони кўпайтиринглар”{3}. Рукуъ ва сажда тасбеҳларига қўшимча зиёда айтилган дуолар бизнинг ҳанафий мазҳабимиз уламолари наздида нафл намозларга хос ҳисобланади. Шунинг учун фарз намозларининг рукуъ ва саждаларида уларнинг тасбеҳларига бошқа дуоларни зиёда қилмаймиз. Нафл намозларда эса хабарларда баён қилинган зиёда дуоларни айтса бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гоҳида саждада ушбу дуони ўқиганлар: "Ё Аллоҳ, Сенга сажда қилдим, Сенга иймон келтирдим, юзим ҳам уни яратган, унга сурат берган, унинг қулоғи ва кўзини очган Зотга сажда қилди. Бас, яратувчиларнинг энг гўзали – Аллоҳ барокатлидир!”{4}. Намоз ичидаги рукуъ ва сажда каби барча феъллар "Аллоҳу акбар" такбири билан адо этилади. Бу эса банданинг ҳар бир иши Аллоҳ учун бўлиши лозим эканини ҳам таълим беради. Қаъдада ўтирган пайтда, банда бажарган феъллари ва айтган калималаридан мақсади Роббисини олқишлаш эканини эътироф этиб шундай дейди: "Аттаҳиййату лиллаҳи вассолавату ваттоййибат (Олқишлар, дуолар ва пок нарсалар Аллоҳ учундир), ассаламу ъалайка аййуҳан набийю ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ (Эй Набий сизга салом ва Аллоҳнинг раҳмати ва барокатлари бўлсин), ассаламу ъалайна ва ъала ибадиллаҳис солиҳийн (Бизга ва Аллоҳнинг солиҳ бандаларига салом бўлсин). Ашҳаду ан лаа илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду аннна Муҳаммадан ъабдуҳу ва росулуҳ (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканига ва Муҳаммад Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман). Банданинг ташаҳҳудда одоб билан ўтириб, бошини кўксига эгиб айтаётган сўзларига эътибор берайлик: аввало Аллоҳга мақтовлар айтмоқда, бу, Аллоҳнинг бандаси бўлишдек шарафга муносиб кўрилганига унинг қилаётган шукридир. Сўнгра инсонларни ҳидоятга, нажот йўлига бошловчи бўлиб келган улуғ рисолат соҳиби Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга саломлар йўлламоқда. Бу эса ибодатда ҳам, муомалада ҳам, ва бошқа ишларда ҳам у зотнинг барча инсонларга намуна эканларини тасдиқлаш, ҳамда барча ишларида у зотнинг кўрсатмаларига қатъий риоя қилишига бўлган аҳдининг доимий эътирофидир. Сўнгра ўзига ва бошқа солиҳ бандаларга салом йўлламоқда. Бу эса ўзи учун яхши кўрган нарсани бошқа солиҳ бандаларга ҳам яхши кўришининг ифодасидир. Бу калималар нақадар гўзал калималардир!. Намоз дунёю охират саодатига йўлловчи нақадар улуғ ибодатдир!. Намознинг қадри нақадар юксаклигини ҳис этиш ва ундан лаззат туйиш учун шарт бўлган икки муҳим жиҳат бор: 1. Ақлий жиҳат. Намоз ўқувчи айтаётган калималарининг маъноларини, Роббисига қайси сўзлар билан муножот қилаётганини билиши ақлий жиҳат ҳисобланади. Ақлий жиҳат намознинг руҳияти бўлиб, бусиз ўқилган намоз фақат  зиммадан фарзни соқит қилишгагина сабаб бўлади ва унинг намози жонсиз тана каби бўлиб қолади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намознинг ақлий жиҳатига урғу бериб: "Кишининг намозидан фақатгина тушуниб ўқигани (намоз)дир”{5}, деганлар. Шунинг учун банда ўқиётган намози унинг ҳаётига таъсирини ўтказиши учун ўқиётганларини тушуниб, маъноларини ҳис этиб ўқиши лозим. Баъзи машойихлар намозхон намозда нимани ўқиётганини ҳис қилиб турсин, ҳатто унинг ақли ҳам дунё билан маст бўлмасин, деганлар. Ўзларининг бу сўзларига ушбу оятдан далилланганлар: Эй иймон келтирганлар! Маст ҳолингизда- то айтаётган гапингизни биладиган бўлмагунингизча, намозга яқинлашманг! {6} 2. Қалбий жиҳат. Намоз ўқувчи ўзининг заиф, ожиз эканини ҳис қилиб, адо этаётган ушбу намозини Роббиси қабул қилмаслигидан хавф қилиб, мақбул бўлишидан умидвор бўлиб, ихлос билан намоз ўқиши, қалбий жиҳат ҳисобланади. Қайси бир намозда ақлий ва қалбий жиҳатлар жамланса, бундай намоз банданинг хато ва гуноҳларини ўчирадиган, нафсини иллатлардан поклайдиган намозга айланади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай ривоят қилганлар: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: Айтинглар-чи, агар бирортангизнинг эшиги олдида анҳор бўлиб, унда ҳар куни беш марта чўмилса, унинг киридан бирор нарса қоладими?, деганларини эшитдим. (Улар): Унинг киридан ҳеч нарса қолмайди, дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Худди шунга ўхшаб, Аллоҳ беш вақт намоз билан хатоларни ўчиради,{7} дедилар. Намознинг ҳар бир инсон ва ҳар бир жамият учун энг муҳим фойдаларидан бири намоз бандани гуноҳ қилишдан, ҳатто гуноҳга яқин боришдан ҳам қайтаради. Буни Аллоҳ таолонинг Ўзи кафолатлаб қўйган: Албатта, намоз фоҳиша ва мункар ишлардан қайтарур.{8} Демак, банданинг зиммасида Роббиси буюрганидек намоз ўқиш қолган. Агар банда Роббиси буюрганидек намоз ўқиса, Роббиси уни Ўзи ваъда қилганидек тақдирлайди. Ҳа, намоз мўмин киши учун гуноҳ маъсиятлардан қайтарадиган, руҳиятини поклайдиган, шариатда истиқомат қилишга бўлган азму-қарорини мустаҳкамлайдиган, доимо энг тўғри йўлга бошлайдиган Аллоҳнинг инъомидир. Мўмин киши намозда турар экан, ўзини бутун борлиқнинг эгаси ҳузурида турганини, Унинг барча нарсага қодир эканини, ўзининг эса Унинг ожиз бир бандаси эканини тан олади ва қалбидан Унга ёлвориб дуо қилади. Шунинг учун бошқалар изтиробга тушганда, намозхон Роббисининг раҳматидан умидворликда туради, бошқалар ғазабга келганда, намозхон ризоликда туради, бошқалар шубҳа гирдобига ўралиб довдираганда, намозхон иймону ишончда туради, бошқалар дунё учун жазавага тушганда, намозхон сабр билан хотиржамликда туради, бошқалар мусибатларни кўтаришдан ожиз қолганда, намозхон уларни кўтаришга қувват топа олади. Буларнинг барчасига намоз билан эришилади. Нобел мукофоти совриндори Алексис Каррель ўзининг "Инсон – бу тўлиқ ўрганилмаган шахс" номли китобида қуйидагиларни айтган: "Бугунги кунгача инсонни энг тетик қилувчи, унга куч берувчи деб аниқланган нарса – намоздир. Ўзимнинг шифокорлик тажирбамда кўп касалларга дориворлар натижа бермаганини, тиббиёт эса даволашдан ожиз қолиб, таслим бўлиб икки қўлини кўтарганида, уларнинг ҳаётига намоз кириб шифо топганига гувоҳ бўлганман". Шундай экан қилаётган касбу-коримизу, машғулотларимиз намоздан чалғитиб қўймаслиги, балки, намоз ёрдамида уларга куч-қувват топишимиз лозим. Динимиз кўрсатмаларига риоя қилишни муқаддам қўйишимиз билан абадий саодатни қўлга киритамиз. 1.Зариёт сураси 56-оят. 2.Фотиҳа сурасининг маънолари таржимаси. 3.Муслим ва Абу Довуд ривояти. 4.Термизий ривояти. 5.Тобароний ривояти. 6.Нисо сураси 43-оят. 7.Муттафақун алайҳ. 8.Анкабут сураси 45-оят. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat