Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Жинлар

04:47 / 05.09.2016 | Bahrom | 1212

Ассалому алайкум! Жинлардан мўминлар ва кофирлари борлиги ҳақида эшитганман. Шу мўмин жинлар ҳам жаннатга кирадими? Улар ҳам мусулмон инсонлар билан бирга жаннатда бўладими?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло “Ҳуд” сураси 119-оятида марҳамат қилади : إِلاَّ مَن رَّحِمَ رَبُّكَ وَلِذَلِكَ خَلَقَهُمْ وَتَمَّتْ كَلِمَةُ رَبِّكَ لأَمْلأنَّ جَهَنَّمَ مِنَ الْجِنَّةِ وَالنَّاسِ أَجْمَعِينَ۝ Роббинг раҳм қилганларидан бошқалари. Уларни шунинг учун яратгандир. Роббингнинг «Жаҳаннамни, албатта, жинлар ва одамлар билан тамомила тўлдирурман» деган сўзи батамом бўлди. Аллоҳ таоло қудрати ва хоҳиши чексиз Зотдир. У нимани хоҳласа, шуни қилади. «Бўл» деса, ҳамма нарса бўлади. Агар У хоҳласа, ҳамма одамларни бир хил қилиб яратиши мумкин эди. Барча одамларни мўмин қилиб яратиш Унинг учун ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди. Шунингдек, ҳамма одамларни кофир қилиб яратиши ҳам мумкин эди. Ҳа, «Агар Роббинг хоҳласа, одамларни бир уммат қиларди». Лекин бундай қилмади. Уларнинг турли-туман бўлишини хоҳлади. Чунки Унинг Ўзи борлиқда яратган ҳаётнинг тақозоси шу. Аллоҳ инсоннинг ушбу турли-туман шароитда яшашини, ўзи ҳам турлича бўлишини хоҳлади. Ўша турли нарсалардан яхшисини танлаб олиш ихтиёрини унга берди. Ҳамда ўша ихтиёр юзасидан сўроқ-савол қилишни тайин этди. Одамлар бир хил бўлмаганлари учун «Улар ихтилоф қилишда бардавом бўлурлар... Роббинг раҳм қилганларидан бошқалари». Чунки улар турлича яратилганлар. Динда ҳам ихтилоф қиладилар. Фақат Аллоҳ раҳм қилганларгина хилофсиз, Аллоҳнинг айтганларида юрадилар. Ихтилоф қилганлар эса бу йўлдан юрмайдилар. Шунинг учун: «Роббингнинг «Жаҳаннамни, албатта, жинлар ва одамлар билан тамомила тўлдирурман» деган сўзи батамом бўлди». Юқоридаги оят жинларни ҳам жаҳаннамга киритишига далолат қилади. “Ар-Роҳман” сурасида : وَلِمَنْ خَافَ مَقَامَ رَبِّهِ جَنَّتَانِ۝ 46. Роббининг ҳузурида туришдан қўрққанлар учун икки жаннат бор. Қиёмат куни Парвардигори оламнинг ҳузурида саволларга жавоб беришдан, ҳисоб-китоб мақомидан қўрқиб, тириклигидаёқ тайёргарлик кўриб, яхшилик билан кун кечирганларга икки жаннат бор экан. «Икки жаннат»нинг бир неча шарҳлари бор, жумладан, инсонларга алоҳида жаннат, жинларга алоҳида жаннат ёки икковларидан ҳар бирларига иккитадан жаннат. Гуноҳкорлар жаҳаннам билан ўта қайноқ сув ўртасида айлансалар, тақводорлар биринчи жаннатлари, яъни боғлари билан иккинчи жаннатлари – боғлари орасида сайр қилиб юрадилар. Яъни роҳат устига роҳат, фароғат устига фароғат. Ушбу оят эса уларни жаннатга киришлигига ишора қилади. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан бир ривоятда “Улар жаннатга кирмай тупроққа айланиб кетадилар. Уларнинг савоби дўзахдан нажот топиш бўлади” деган ривоят ҳам бор. Бунга ушбу оятни далил қиладилар. “Аҳқоф” сураси يَا قَوْمَنَا أَجِيبُوا دَاعِيَ اللَّهِ وَآمِنُوا بِهِ يَغْفِرْ لَكُم مِّن ذُنُوبِكُمْ وَيُجِرْكُم مِّنْ عَذَابٍ أَلِيمٍ۝ 31. Эй қавмимиз, Аллоҳнинг даъватчисига жавоб беринг ва Унга иймон келтиринг. У сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилур ва аламли азобдан сақлар. Жинлар Қуръони Каримдан баъзи оятларни тинглашлари биланоқ, унинг инсонлару жинларга юборилган илоҳий Китоб эканини тушуниб етганлар. Шунингдек, Муҳаммад алайҳиссаломнинг Аллоҳнинг даъватчиси эканликларини, у зотнинг чақириқларига жавоб бериш лозимлигини, Аллоҳга иймон келтириш вожиблигини ҳам англаб етганлар. «Эй қавмимиз, Аллоҳнинг даъватчисига жавоб беринг ва Унга иймон келтиринг». Энг муҳими, жинлар Набий алайҳиссаломнинг қироатларини эшитганларидан сўнг охиратни, қиёмат кунини билганлар, унда аламли азоблар борлигини, Аллоҳга иймонгина кишини у азобдан сақлаб қолиши мумкинлигини фаҳмлаганлар. «У сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилур ва аламли азобдан сақлар». (“Тафсири Ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat