Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Либос кийиш

08:14 / 05.10.2016 | Ulugbek | 1458

Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар, мени қариндошларимнинг ҳаммалари намозхон, рамазон рўзасини тутишади ва ҳаттоки нафл рўза ва намозларни ҳам ўқишади. Аммо ҳаммалари кийнаётган нарса деярли очиқ. Асосан бош яланг ва енги калта кўйлаклар. Уларга қарата “Қилган ибодатларингиз гўзалку, лекин кийган кийимларингиз жуда очиқ. Шунча қийналиб қилган ибодатларингиз қабул бўлмай қолишлигидан қўрқмайсизларми? Муслималарга хос кийимларда, ўзларингизни бегона эркаклар назаридан сақласаларингиз бўлмайдими” десам, улар «қилган ибодатимиз учун ўзимиз жавоб берамиз» дейишади. Айтишларича инсонни нияти ва қалби тўғри бўлсинакан. Шу тўғрими?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло “Ясин” сурасида марҳамат қилади :

وَمَا عَلَيْنَا إِلاَّ الْبَلاَغُ الْمُبِينُ۝

17. Бизнинг зиммамизда очиқ-ойдан етказишдан бошқа нарса йўқ», – дедилар. Бизнинг вазифамиз Аллоҳнинг амрини етказиб қўйиш. Сиз инкор қиласизми, ёлғонга чиқарасизми, бизнинг ишимиз йўқ. Ва яна “Нур” сурасида :

قُلْ أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ فَإِن تَوَلَّوا فَإِنَّمَا عَلَيْهِ مَا حُمِّلَ وَعَلَيْكُم مَّا حُمِّلْتُمْ وَإِن تُطِيعُوهُ تَهْتَدُوا وَمَا عَلَى الرَّسُولِ إِلَّا الْبَلَاغُ الْمُبِينُ۝

54. Сен: «Аллоҳга итоат қилинг ва Расулга итоат қилинг! Бас, агар юз ўгириб кетсангиз, унинг зиммасида ўзига юклатилган нарса, сизнинг зиммангизда ўзингизга юклатилган нарса. Агар унга итоат қилсангиз, ҳидоят топурсиз. Расулнинг зиммасида очиқ-ойдин етказишдан бошқа нарса йўқ», – деб айт. Яъни «Эй одамлар, «Аллоҳга итоат қилинг…» Аллоҳга итоат этиш Унинг Қуръонига амал қилишдир. Демак, Қуръонга амал қилинглар. «…Расулга итоат қилинг!» Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат этиш у зотнинг суннатларига амал қилишдир. Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилинглар. Аллоҳга ҳам, Пайғамбарга ҳам итоат қилмасдан, «Бас, агар юз ўгириб кетсангиз...», ўзингизга қийин бўлади. Чунки «...унинг зиммасида ўзига юклатилган нарса...» У ҳам бўлса, пайғамбарликни сизларга етказишдир. Бу ишни у аъло даражада адо этди. Энди у ўз мукофотини олади. «...сизнинг зиммангизда ўзингизга юклатилган нарса». Яъни «Сизга Пайғамбар етказган нарсага итоат қилиш. Сиз буни адо этмасангиз, жазо оласиз». «Агар унга итоат қилсангиз, ҳидоят топурсиз». Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам фақат ҳидоятга бошлайди. Аммо итоат қилмасангиз, унга ҳеч бир зарар етмайди. Чунки «Расулнинг зиммасида очиқ-ойдин етказишдан бошқа нарса йўқ». Шунинг учун сизнинг юз ўгириб кетишингиз унга ҳеч қандай зарар келтирмайди. Балки ўзингиз зарар кўрасиз. “Моида” сурасида ҳам :

مَّا عَلَى الرَّسُولِ إِلاَّ الْبَلاَغُ وَاللّهُ يَعْلَمُ مَا تُبْدُونَ وَمَا تَكْتُمُونَ۝

99. Расулнинг зиммасида фақат етказиш бор, холос. Аллоҳ сизлар ошкор қилаётган нарсаларни ҳам, беркитаётган нарсаларни ҳам биладир. Пайғамбар ўз вазифасини қойилмақом қилиб адо этди. Энди умматлар қиёматгача у зот етказган нарсага амал қилиб яшамоқлари лозим. Ошкораю махфийни билиб турган Аллоҳ ҳар кимни қилганига қараб мукофотлайди ёки жазолайди. (“Тафсири Ҳилол” китобидан). Имом Қуртубий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу (مَّا عَلَى الرَّسُولِ إِلاَّ الْبَلاَغُ) оятнинг тафсирида : “Ҳидоят қилиш, муваффақ қилиш ва савоб бериш расулнинг зиммасида эмас. Етказишгина сизнинг зиммангизга вожиб” деб тафсир қилганлар. Шунинг учун бизнинг зиммамизга бу ҳақидаги оят ва ҳадисларни тўлиқ ўрганиб, ҳикмат билан етказиш керак ва етказишда бардавом ҳам бўлиш керак. Қуйида фиқҳий китобларимиздаги ҳукм : Ҳур аёлнинг жамики бадани авратдир. Юз, икки қўл ва оёқ бундан мустасно. Бу ҳукмнинг далиллари: Аллоҳ таоло Нур сурасида:

وَقُل لِّلْمُؤْمِنَاتِ يَغْضُضْنَ مِنْ أَبْصَارِهِنَّ وَيَحْفَظْنَ فُرُوجَهُنَّ وَلَا يُبْدِينَ زِينَتَهُنَّ إِلَّا مَا ظَهَرَ مِنْهَا وَلْيَضْرِبْنَ بِخُمُرِهِنَّ عَلَى جُيُوبِهِنَّ

«Мўминаларга айт: «Кўзларини тийсинлар, фаржларини сақласинлар ва зийнатларини кўрсатмасинлар, зоҳир бўлгани мустасно. Рўмолларини кўксларига тўсиб юрсинлар», деган (31-оят). «Зоҳир бўлган зийнатлар» деганда намозда юз, икки қадам ва икки кафт англанади. Намоздан ташқарида икки қадам ҳам авратдир. «Рўмолларини кўксларига тўсиб юрсинлар». Яъни бошларига ўраган рўмоллари фақат сочларини эмас, балки томоқлари, кўкслари ва кўкракларини ҳам тўсиб турсин.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا أَنَّ أَسْمَاءَ بِنْتَ أَبِي بَكْرٍ دَخَلَتْ عَلَى رَسُولِ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم وَعَلَيْهَا ثِيَابٌ رِقَاقٌ، فَأَعْرَضَ عَنْهَا رَسُولُ اللهِ  صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم وَقَالَ يَا أَسْمَاءُ، إِنَّ الْمَرْأَةَ إِذَا بَلَغَتِ الْمَحِيضَ لَمْ تَصْلُحْ أَنْ يُرَى مِنْهَا إِلَّا هَذَا وَهَذَا، وَأَشَارَ إِلَى وَجْهِهِ وَكَفَّيْهِ رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Асмо бинти Абу Бакр юпқа кийим билан кирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан юзларини ўгириб олдилар ва: «Эй Асмо, аёл киши ҳайз кўрадиган бўлганидан кейин ундан мана бу ва мана бундан бошқа жойи кўринмаслиги керак», деб икки кафтлари ва юзларига ишора қилдилар». Абу Довуд ривоят қилган. Ибн Жарир Тобарий ўз тафсирларида Оиша онамиздан келтирган ривоятда у киши айтадилар: «Олдимга она бир акам Абдуллоҳ ибн Туфайлнинг қизи зийнатланган ҳолда кирган эди. Расулуллоҳ келиб қолдилар ва юзларини ўгирдилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, бу она бир акамнинг қизи, ёш қиз», дедим. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёл киши балоғатга етганидан кейин ундан юзи ва мана бу жойларидан бошқа жойи кўриниши ҳалол эмас», деб ўз билакларини тутумлаб кўрсатдилар. Ушлаган жойлари билан кафтлари орасида яна бир тутумча жой қолди». Демак, намозда мазкур аврат жойларни тўсиб ўқиш фарздир. Баъзи аъзолар очилиб қолса нима бўлади ва шунга ўхшаш саволларга кейинги жумлаларда жавоб келади. Бир аъзонинг тўртдан бирининг очилиши намозни ман қилади. Агар унутиб очилган бўлса ва очилиши бир рукннинг адо этилишича вақт давом этса ва аъзонинг чорагидан ози очилса, намоз ботил бўлмайди. Агар намозхон мазкур миқдорни қасддан очса, намози дарҳол бузилади. Болдирнинг ўзи бир аъзодир. Унинг тўртдан бири очилиб қолса ва зикр қилинган муддатгача ёпилмаса, намоз ботил бўлади. Сон, закарнинг ёлғиз ўзи ва икки турмуқ ҳам. Осилиб тушган соч ҳам. Буларда ҳам олдинги зикр қилинган ҳукм собит бўлади. «Авратни тўсиш» деганда шариат талабига биноан тўсиш кўзда тутилган. Бунда авратни тўсадиган нарсага қуйидаги шартлар қўйилган: 1. Кийим баданнинг рангини билинтирмайдиган даражада қалин бўлиши лозим. 2. Кийим баданнинг ҳамма тарафини тўсиши лозим. Бирор тарафи очилиб қолса ҳам бўлмайди. Кийим танқис бўлганда аввал ғализ авратни, кейин бошқаларини тўсиш керак бўлади. Агар фақат битта авратни тўсишга етадиган нарса бўлса, у билан орқани тўсиб, олдини қўли билан тўсади. Бошқаси бўлмаганда ҳаром кийим ила, мисол учун, эркак киши ипак кийимда намоз ўқиса, таҳримий кароҳат ила намоз бўлади. ("Кифоя" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat