Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Сўзлар маъноси

17:40 / 13.10.2016 | Muhammadkarim | 4217

Ассалому алайкум! Муҳкам-ойдин ва муташобих оятлар дeгани нима дeгани? Раҳмат олдиндан.


"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Ушбу мавзуда тўлиқ ва мукаммал ҳолатда Устозимиз раҳимаҳуллоҳнинг “Қуръон илмлари” китобидан ўқиб оласиз.

ҚУРЪОНИ КАРИМДА МУҲКАМ ВА МУТАШОБИҲ

Ушбу мавзу Улуми Қуръондаги энг нозик мавзулардан бири ҳисобланиб, уламоларимиз унга катта аҳамият берганлар. Бу мавзуга киришдан олдин ушбу икки нарса – муҳкам ва муташобиҳнинг луғатдаги маъноларини яхшилаб ўрганиб олишимиз лозим бўлади. «Муҳкам» сўзи бир нарсани яхшилаб қилиш ва унинг бузилишини ман қилиш маъносини билдирувчи «аҳкама» сўзидан ясалган бўлиб, «яхшилаб қилинган, маҳкам қилинган», «бузилмас» деган маънони англатади. Мисол учун, «аҳкама ал-амра» деган жумла «ишни яхшилаб қилди ва уни бузилишдан сақлади» деган маънони ифода қилади. Араблар отнинг юганидаги унинг оғзига солиб қўйиладиган темирдан бўлган «сувлиқ»ни ҳам «ҳакаматун» дейишади. Чунки у отни яхшилаб бошқаришга ва у ёқ-бу ёққа бурилиб кетишининг олдини олишга хизмат қилади. Қуръони Каримнинг сифатларидан бири «Ҳаким» эканининг сабаби – унда ҳаққа ҳидоят қилувчи ва ботил ҳамда фасоддан ман қилувчи ҳикмат борлигидир. Шу билан бирга, Қуръони Каримнинг назми ва услуби олий даражададир, балоғати мўъжизадир, мақсадлари олийдир, маънолари тўғри ва содиқдир. Бунинг устига, унда қарама-қаршилик йўқ, тафовут йўқ. Даража ва ожиз қолдирувчиликда унга ҳеч бир калом бас кела олмайди. Аллоҳ таоло Ҳуд сурасида марҳамат қилади:

الَر كِتَابٌ أُحْكِمَتْ آيَاتُهُ ثُمَّ فُصِّلَتْ مِن لَّدُنْ حَكِيمٍ خَبِيرٍ۝

«Алиф лаам ро. (Бу) оятлари мустаҳкам қилинган, сўнгра ўта ҳикматли, ўта хабардор Зот томонидан муфассал қилинган Китобдир» (1-оят).­ Яъни «муҳкам» сўзининг «тузилиши пухта», «далолат қилиши дақиқ», «ҳар бир сўзи чуқур маъноли», «ҳамма тарафи бир-бирига муносиб», «ҳеч камчилиги йўқ» деган маънолари бор. «...сўнгра ўта ҳикматли, ўта хабардор Зот томонидан муфассал қилинган Китобдир». Батафсил баён қилиш керак бўлган ҳар бир жиҳати, жумладан, ғоялари, мақсадлари, мавзулари батафсил баён қилингандир. «Қуръони Каримнинг муҳкам ояти» деганда равшан маъно билан келган ва эшитувчиси маъносини таъвил ва баёнсиз англаб оладиган деган маъно тушунилади. «Муташобиҳ» сўзи «бир-бирига ўхшаш» деган маънони билдирувчи «ташабуҳ» сўзидан ясалган бўлиб, луғатдаги маъноси бизнинг тилимизда «ўхшаш» ва «аралаш» сўзлари атрофидаги маъноларда айланади. Арабларда икки нарса бир-бирига ўхшашлиги туфайли аралашиб кетганда ва уларни бир-биридан ажратиб олиш қийинлашиб қолганда ушбу сўз ишлатилади. Ушбу луғавий маълумотлардан кейин мулоҳаза қиладиган бўлсак, «муҳкам» сўзида равшанлик ва маънони мустақил равишда баён қилиш борлигини кўрамиз. «Муташобиҳ» сўзида эса маънони ифода этишда ягона мустақиллик йўқлигини ва равшанлик етишмасдан, бир нарса иккинчисига ўхшаб қолишини англаймиз. «Ташабуҳ» калимасидан ясалган сўзлар Қуръони Каримнинг баъзи оятларидагина келган. Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

وَأُتُواْ بِهِ مُتَشَابِهاً

«(У) уларга ўхшаш қилиб берилгандир». (25-оят). Яъни жаннатийларга бу дунёда баҳраманд бўлган меваларига ўхшаш мевалар берилади. Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

تَشَابَهَتْ قُلُوبُهُمْ

«...қалблари ўхшаш бўлди…». (118-оят) Яъни ҳақни кўрмасликда ва залолатда кофирларнинг қалблари бир-бирига ўхшашдир. Аллоҳ таоло Зумар сурасида марҳамат қилади:

اللَّهُ نَزَّلَ أَحْسَنَ الْحَدِيثِ كِتَابًا مُّتَشَابِهًا

«Аллоҳ энг гўзал сўзни ўхшаш... китоб этиб туширди» (23-оят). Қуръони Карим энг гўзал сўздир. Унинг оятлари гўзалликда, пурмаъноликда, ҳикматда, тўғриликда, ҳукмда ва бошқа хусусиятларда бир-бирига ўхшашдир. (“Қуръон илмлари” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat