Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Доимий келиб турувчи савоб

08:04 / 07.11.2016 | ortikali1995 | 7023

Ассалому алайкум! Охиратгача савоб олиб келиб турадиган ишлар барча мўминларнинг улкан орзуларидан бири деб биламан. Илтимос, шундай ишлар ҳақида маълумот берсангизлар.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: إِذَا مَاتَ ابْنُ آدَمَ انْقَطَعَ عَمَلُهُ إِلَّا مِنْ ثَلَاثٍ: صَدَقَةٍ جَارِيَةٍ أَوْ عِلْمٍ يُنْتَفَعُ بِهِ أَوْ وَلَدٍ صَالِحٍ يَدْعُو لَهُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачонки одам боласи ўлса, амали кесилади. Магар уч нарсадан: жорий садақадан, манфаат оладиган илмдан ёки унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанддан кесилмайди», дедилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаганлар. Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф ҳам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Маълумки, мусулмон киши соф ният билан қилган ҳар бир яхши амали учун савоб олишга мушарраф бўлади. Киромул котибин фаришталар унинг «Номаи аъмоли»га зарра миқдорича яхшилиги бўлса ҳам, ўшанга яраша савобни ёзиб турадилар. Агар бемор бўлиб, узр ила одатдаги яхшилик амалини қила олмай қолса ҳам, фаришталар унга худди ўша амални қилгандек савоб ёзадилар. Вақти-соати келиб, инсон вафот этса, яхши амалларини мутлақо қила олмай қолади. Бундан кейин қилишдан ҳам умид узилади. Энди ундан ҳаётлигидаги амаллари – қиладиган ибодат ва яхшиликларига ёзиладиган савоблар ҳам кесилади. Намоз ўқиганлиги, рўза тутганлиги, тиловат, зикр қилганлиги ва бошқа яхши амалларни қилганлиги учун ёзиладиган савоблар тўхтайди. Чунки энди у вафот этди – ибодат қилишдан, амали солиҳ қилишдан тўхтади. Шунинг учун ҳар бир мўмин банда тирик чоғида солиҳ амални кўпроқ қилиб қолишга уринмоғи лозим. Шу билан бирга, мўмин кишига тириклик чоғида охиратни ўйлаб, вафотидан кейин ҳам савоби узилмай, бориб турадиган амалларни қилиб олиш имкони берилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадисларида одам боласи вафот этганидан сўнг амали кесилишини айтиш билан бирга, ундан кейин ҳам савоби етиб турадиган амаллар учта эканлигини таъкидламоқдалар: 1.«Жорий садақа». «Жорий садақа» дейилганда мусулмонларга доимий равишда фойда бериб турадиган хайрли ишлар кўзда тутилади. Мисол учун, кўпчилик фойдаланиши учун қурилган кўприк, қудуқ ёки ариқ қазиб, сув келтириш, доимий манфаат бериб турадиган бошқа вақфлар шулар жумласидандир. Токи бу нарсалардан мўмин-мусулмонлар фойда олиб турар эканлар, ўша ишларни қилган одамга унинг вафотидан кейин ҳам савоб ёзилиб туради. Мусулмонлар бу тоифа ишларни қадимдан ихлос билан қилиб келганлар. Ислом оламининг турли жойларида кўплаб вақфлар ташкил қилганлар. Бева-бечораларга, толиби илмларга, мусофирларга, ҳожиларга, қарияларга, ҳатто эгасиз, адашиб қолган ҳайвонларга аталган вақфлар бўлган. Ўша вақфлар орқали мазкур тоифалар доимий равишда манфаат олиб турганлар. Мазкур хайрли ишларни қилган кишиларнинг «Номаи аъмол»ларига уларнинг вафотларидан кейин ҳам савоб ёзилиб, охиратларига фойда бериб келган. Агар жорий садақалари қиёматгача мусулмонларга фойда бериб турса, уларга ҳам қиёматгача савоб қўшилиб тураверади. 2. «Манфаат олинадиган илм». Мўмин одам ўз вафотидан сўнг ортидан манфаат берадиган илм қолдирса, савоби узилмайдиган амал қолдирган бўлади. Бу эса илмнинг асари доимий бўлишидир. Киши қандай қилиб ўзидан кейин манфаат берадиган илм қолдира олади? Бу иш аввало бошқаларга илм ўргатиш билан амалга ошади. Модомики, шогирдлар, шогирдларнинг шогирдлари ўша илмни ишлатмоқдами, кишиларга манфаати етмоқдами, устозга савоб ёзилиб тураверади. Иккинчиси китоб ёзиб қолдириш билан бўлади. Қуръон, ҳадис ва диний илмлар бўйича, мусулмонларга фойда келтирадиган бошқа илмлар бўйича иймон ва ихлос билан китоб ёзиб қолдирган кишига, агар китобидан мусулмонлар фойдаланиб туришса, у ўлганидан кейин ҳам савоб етиб тураверади. Учинчиси илм йўлида хизмат қилиш билан бўлади. Мисол учун, имконияти бор одам толиби илмларга, устозларга илм йўлида ёрдам бериб, мадраса қурди, китоб чоп эттирди, ўз маблағидан кутубхона қилди. Мана шунга ўхшаш ишлар илм йўлида хизмат қилиш ҳисобланади. Буларни қилган одамлар вафот этиб кетсалар ҳам, савоблари узилмай, уларга бориб туради. Мўмин-мусулмонлар бу каби ишларга доимо катта эътибор бериб келганлар. Шунинг учун ҳам Исломга тўлиқ амал қилинган даврларда мусулмон оламида илм кенг миқёсда тарқалган, дунё аҳамиятига молик улуғ алломалар етишиб чиққанлар. Мусулмонларчалик кўп олим етиштирган миллатни тарих билмайди. Шунингдек, илм ўрганувчилар ҳам кўп бўлган. Бу ҳолатни яхшилаб ўрганган ғарблик шарқшунослардан бири инсоф билан: «Мусулмонлар ёппасига мадрасага қатнайдиган миллат бўлган», деб ёзади. Мусулмон ҳокимлар ва бойлар ҳам илм йўлида хизмат қилиш учун катта ҳиммат кўрсатганлар. Нафақат улар, балки ҳар бир мусулмон илм йўлида қўлидан келган ишни қилган. Деҳқонлар мадрасаларнинг вақф ерларида навбат билан Аллоҳ йўлида, ҳақ олмай, ишлаб берганлар. Ҳунармандлар ҳунари билан, чорвадорлар чорваси билан, хуллас, ҳар ким ўз имконига қараб, бу ишга озми-кўпми ҳисса қўшганлар. Шу тариқа халқ илмий ишларни йўлга қўйишда фаол қатнашган. Уларнинг бу ишларда фидокорлик кўрсатишдан бирдан-бир мақсадлари, доимий равишда савоби узилмай, етиб турадиган амалларга етишиш эди. Аллоҳ таоло, албатта, уларни ноумид қилмаган. Ҳозирда китоблари ўқиб турилган уламоларга, албатта, илмларининг савоби етиб турибди. Уларнинг шогирдларининг шогирдлари Аллоҳга: «Устозларимизни мағфират қилгин», деб дуо қилиб турибдилар. Улар қурган мадрасалару қолдирган вақфлари, қўлёзмалари ва бошқа асарлардан ҳосил бўлган савоблар ҳам тинмай етиб турибди. 3. «Ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд». Мўмин киши вафот этганидан кейин ҳам, агар фарзанди унинг ҳаққига дуо қилса, савоби етиб туради. Бунинг учун эса мўмин-мусулмон киши ўз фарзандини дуо қиладиган тақводор мусулмон қилиб тарбиялаши лозим. Зотан, мўмин ота-онанинг фарзанд кўриш ва уни тарбия қилишдан мақсади ҳам шу. Ота-она «ўлганимдан кейин мени йўқласин, ҳаққимга дуо қилсин», деб фарзанд боқади. диний тарбия беришдан мақсад ҳам шу! Фарзанднинг мўмин-мусулмон, тақводор бўлиши, ота-онасининг ортидан дуо қилиб туриш масъулиятини унутмаслигигина бу мақсадга эриштиради. Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 1. Одам боласининг вафотидан сўнг уч амалдан бошқаси кесилади. 2. Жорий садақа қилган одамнинг савоби ўлимидан кейин ҳам узилмайди. 3. Манфаатли илм қолдирган кишининг савоби ўлимидан кейин ҳам узилмай, етиб туради. 4. Солиҳ фарзанд қолдирган кишининг савоби ҳам узилмайди. Энди ушбу ҳадиси шарифнинг ҳикматига бугунги ҳаётимиз воқелиги асосида бир назар солайлик. Жорий садақа қилиш кўплаб Ислом диёрларида давом этмоқда. Мусулмонларнинг вақфлари яхши сақланиб келинмоқда. Кўпгина мусулмон давлатларда вақф вазирликлари ишлаб турибди. Вақф мулклар ўз эгалари томонидан васият қилинган мақсадда ишлатилмоқда. Вақфларга нозир бўлган кишилар ўз хизмат ҳақларини вақфга тушадиган фойдадан олиб, вақфни кенгайтириш, яхши сақлашга ҳаракат қилмоқдалар. Асосий маблағ вақфнинг эгаси қўйган шартга мувофиқ ишлатилаётир. Мисол учун, камбағаллар учун, деб бир дўконни вақф қилган бўлса, ўша дўкондан тушган маблағ камбағалларга сарфланади. Бино вақф қилинган бўлса, ўша бинодан камбағалларга жой берилади ёки ижарага одам қўйилиб, тушган маблағ камбағалларга тарқатилади. Мадрасага, деб вақф қилинган бўлса, ўша вақфдан тушган маблағ мадраса фойдасига сарф қилинади. Шундай қилиб, ҳожатманд тоифаларга доимий ёрдам иши юриб туради, бунга биров дахл қила олмайди. Манфаатли илм қолдириш масаласи ҳам шунга ўхшаш. Уламолар кўпроқ шогирдлар етиштириб чиқаришлари учун бу ишда бошқа мусулмонларнинг ҳамкорлиги жуда зарур. Кимдир илмий муассасаларни қуриш, уларни жиҳозлаш, сақлаб туриш ишларида қўлидан келган ёрдамини беради. Кимдир устозлар ва талабаларнинг маошига кўмаклашади. Яна бошқалар китобларни чоп қилиш ёки сотиб олиб беришда кўмак беради. Хулоса қилиб айтганда, шу йўлда хизмат қилишни хоҳлаган одам, ортимдан манфаатли илмнинг савоби бориб турсин, деган киши ўз имконига қараб, ҳисса қўшаверади. Ўша қилганига яраша савобини ҳам олади. Бу савобли иш ҳозирги пайтда ҳам кўпгина Ислом юртларида муваффақиятли равишда давом этмоқда. Албатта, бу ишга ўз ҳиссасини қўшганлар, ҳадиси шарифда зикр қилинганидек, ўлганларидан кейин ҳам кесилмайдиган амал қилган бўладилар. Ўзи вафот этиб, савобли иш қилиш имкони тугаган бўлса ҳам, унинг «номаи аъмоли»га доимий равишда савоб ёзилиб туради. Мана шундай ишларни қилмаганлар эса бундай бахтга сазовор бўла олмайдилар. Мазкур ишга қаршилик қилганлар, унинг йўлига ғов бўлганлар эса икки дунёнинг лаънатига учрайдилар. Ортидан солиҳ фарзанд қолдириш ҳам жуда эзгу иш. Мусулмон оламида фарзанд ўстиришдан асосий мақсадлардан бири шу эканлигини юқоридаги жумлаларда ҳам айтиб ўтдик. Афсуски, кейинги даврда кишилар ўз ортларидан дуо қиладиган солиҳ фарзанд қолишига эътибор бермай қўйдилар. Исломий тарбия ўз аҳамиятини йўқотди. Натижада кишиларнинг ортидан дуо қиладиган солиҳ фарзанд эмас, лаънат келтирадиган нобакор фарзанд қоладиган бўлди. Ҳозирда калимаи шаҳодатни ҳам айта олмайдиган, дину диёнатдан бехабар, умрида пешонаси сажда кўрмаган, бошқа ибодатларни қилишни хаёлига ҳам келтирмайдиган, дунёдаги ҳамма ёмонликлардан тап тортмайдиган кимсаларни ота-онасининг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд дея оламизми? Бундай фарзандлар ҳеч қачон ўз ота-оналари ортидан савоб юбора олмайдилар, аксинча, лаънат, қарғиш келтирадилар. Шунинг учун ҳар бир фарзанд солиҳ бўлмай, ота-онасининг ҳаққига дуо қилмай юрган бўлса, дарҳол ўзини ўнглаб олиши керак. дину диёнатли бўлиб, ибодат қилиб, намозларидан, бошқа ибодат ва яхши амалларидан кейин ота-оналари ҳаққига дуо қила олиш даражасига кўтарилиши лозим. Ана шунда Аллоҳ таоло ҳузурида бандалик бурчини, ота-онаси ҳузурида фарзандлик бурчини адо этган бўлади. Шу билан бирга, ота-оналар ўз фарзандларига исломий тарбия беришга алоҳида эътибор қаратишлари керак. Ана шундагина ортларидан дуо қилиб турадиган солиҳ фарзанд қолдирадилар. Ана шундагина вафот этгандан кейин ҳам савоби кесилмайдиган амал қолдирган бўладилар. وَعَنهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: إِنَّ مِمَّا يَلْحَقُ الْمُؤْمِنَ مِنْ عَمَلِهِ وَحَسَنَاتِهِ بَعْدَ مَوْتِهِ عِلْمًا عَلَّمَهُ وَنَشَرَهُ وَوَلَدًا صَالِحًا تَرَكَهُ أَوْ مُصْحَفًا وَرَّثَهُ أَوْ مَسْجِدًا بَنَاهُ أَوْ بَيْتًا لِابْنِ السَّبِيلِ بَنَاهُ أَوْ نَهْرًا أَجْرَاهُ أَوْ صَدَقَةً أَخْرَجَهَا مِنْ مَالِهِ فيِ صِحَّتِهِ وَحَيَاتِهِ تَلْحَقُهُ مِنْ بَعْدِ مَوْتِهِ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ وَالْبَيْهَقِيُّ وَابْنُ خُزَيْمَةَ Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин кишига унинг ўлимидан кейин ҳам етиб турадиган амали ва гўзал ишларидан: соғлик ва тириклик чоғида ўргатган ва тарқатган илми, ортидан қоладиган солиҳ фарзанди, мерос қолдирган Қуръони, бино қилган масжиди, ғариб мусофирлар учун қурган уйи, оқизган ариғи ёки ўз молидан қилган жорий садақаси бордир. Уларнинг савоби ўлимидан кейин ҳам етиб туради», дедилар». Ибн Можа, Байҳақий ва Ибн Ҳузайма ривоят қилганлар. Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадисларида бундан олдинги ҳадисда умумий тарзда зикр қилинган маънони кенгайтириб, шарҳлаб, баён қилмоқдалар. «Мўмин кишига унинг ўлимидан кейин ҳам етиб турадиган амали ва гўзал ишларидан». Яъни, мўмин ўлганидан кейин ҳам унга савоби етиб турадиган солиҳ амал ва савобли ишлардан қуйидагилар зикр қилинади: 1. «Ўргатган ва тарқатган илми». «Ўргатган илм» дейилганда, бевосита дарс орқали таълим берилган илм кўзда тутилади. Демак, мўмин киши бошқаларга илм ўргатган бўлса, уларнинг ўша илмдан оладиган савоблари унга ўлганидан кейин ҳам етиб туради. «Тарқатган илм» деган жумла ҳаммамизга тушунарли. Илм тарқатишнинг йўли кўп. Буларга китоб ёзиш, илмий муассасалар қуриш, уларни жиҳозлаш, аҳли илмларга ёрдам бериш, китоб, турли матбуот воситалари орқали илм тарқатиш ва шунга ўхшаш ишлар киради. Бундай ишларни қилган мўминга унинг вафотидан кейин ҳам савоби етиб туради. 2. «Ортидан қоладиган солиҳ фарзанди». Бу ҳақда аввалги ҳадис шарҳида батафсил гапирилди. 3. «Мерос қолдирган Қуръони». Тириклик чоғида ўзи ўқиб юрган Қуръонни бировга мерос қолдирса ва ўша Қуръон мунтазам ўқиб турилса, ундан биринчи эгасига савоб етиб туради. Агар Қуръон мерос қолдирилмаса, бундай бахтдан маҳрум бўлади. Баъзи юрт ва халқларда умуман Қуръони йўқ одамлар, Қуръон ўқий олмайдиган одамлар кўп. Улар ушбу бахтдан маҳрумдирлар. 4. «Бино қилган масжиди». Модомики, ўша масжид қоим экан, ундан ҳосил бўлган савоб уни бино қилган кишиларга ортларидан етиб туради. Масжид қурмаганлар эса бу бахтдан маҳрумлар. Масжидларни бузганлар, масжид қурилишига тўсиқ бўлганларга эса турли ёмонликлар ва дуоибадлар, лаънатлар етиб туради. 5. «Ғариб мусофирлар учун қурган уйи». Аввалги вақтларда «мусофирхона» деб номланган бинолар бўлган. Мазкур мусофирхоналар ғариб кишилар учун қилинган вақф бўлиб, улар ўша жойда истиқомат қилиш имконига эга эдилар. Кимдир мусофирхонага озиқ-овқат етказиб бериб турган, яна кимдир бошқа камчиликларини зиммасига олган. Шундай қилиб, Ислом ўлкаларида ғариб мусофирлар дуч келиб турадиган муаммолар ҳал этилган. Кўча-кўйларда, жамоат жойларида ётиб юрадиган бетайин одамлар бўлмаган. Ана шундай мусофирхоналар барпо қилган кишиларга ўлганларидан кейин ҳам амалларининг савоби етиб туриши аниқ. 6. «Оқизган ариғи». Биров мусулмонлар фойдаланиб турсин, деган ниятда ўзи ариқ қазиса ёки болалари билан қўшилиб қазиса, ёхуд пул бериб, бошқа кишиларга қазитса, бу ишдан ҳосил бўладиган савоб унга ўлимидан кейин ҳам етиб туради. 7. «Ўз молидан қилган жорий садақаси». Бу ҳақда ўтган ҳадис шарҳида муфассал сўз юритдик. «Уларнинг савоби ўлимидан кейин ҳам етиб туради». Шунинг учун ҳар бир мўмин тириклик ва соғлик чоғини ғанимат билиб, мазкур ишларни кўпроқ қилиб қолишга ҳаракат этмоғи лозим. Ушбу ишларнинг бошида илм масаласи турганлиги учун Ислом дини илмга қанчалик аҳамият берганини яна бир бор билиб оламиз. Бошқа ҳадисларда мазкур етти нарсага дарахт экиш, чегара қўриқлаш ва таълим муассасалари қуриш ҳам қўшилган. Бу ҳадиснинг ҳикмати ҳозирги ҳаётимизда қанчалик мавжудлиги ва бу амаллар бардавом бўлиши учун нималар қилиш кераклиги ҳақида олдинги ҳадис шарҳида сўз юритдик. عَنْ جَرِيرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ  رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: مَنْ سَنَّ فِي الْإِسْلَامِ سُنَّةً حَسَنَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ كُتِبَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلَا يَنْقُصُ مِنْ أُجُورِهِمْ شَيْءٌ. وَمَنْ سَنَّ فِي الْإِسْلَامِ سُنَّةً سَيِّئَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ كُتِبَ عَلَيْهِ مِثْلُ وِزْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلَا يَنْقُصُ مِنْ أَوْزَارِهِمْ شَيْءٌ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Исломда гўзал суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўшанга амал қилганлар ажрига ўхшаш ажр, уларнинг ажридан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради. Ким Исломда бир ёмон суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўша амал қилганлар гуноҳига ўхшаш гуноҳ, уларнинг гуноҳларидан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради», дедилар». Муслим ва Термизийлар ривоят ривоят қилганлар. Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф ҳазрати Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. «Суннат» сўзи йўл, тариқат, одат каби маъноларни ифода этишини «Муқаддима»да кўриб ўтган эдик. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифларидан Исломда суннат пайдо қилиш мумкинлигини, ўша пайдо бўладиган суннат яхши ёки ёмон бўлиши мумкинлигини билиб олмоқдамиз. Бу нарсага бир оз эҳтиёт бўлиб ёндошмоқ лозим. Кўпгина кишилар ушбу нозик масалада нотўғри тушунчаларга бориб қолишлари ҳам мумкин. Доимо Ислом дини мукаммал дин, унда ҳаётдаги ҳар бир масаланинг ечимини топишимиз турган гап, деймиз. Энди эса Исломда яхши ёки ёмон янгилик пайдо қилиш мумкин, деяпмиз. Ёмон янгилик тушунарли, динга хилоф иш ёмон янгилик бўлади. Буни ҳамма қоралайди. Аммо яхши янгиликни қандай тушунишимиз мумкин? Агар у мумкин бўлса, демак, Исломда камчилик борми? Ёки ёмон ҳам, яхши ҳам янгиликни пайдо қилиш мумкин эмасми? Баъзи бир кишилар охирги «Ёмон ҳам, яхши ҳам янгиликни пайдо қилиш мумкин эмасми?» деган саволга «Мумкин эмас», деб жавоб берадилар. Улар ўзларининг бу фикрларига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ҳар бир бидъат залолатдир, ҳар бир залолат дўзахдадир», деган ҳадисларини далил қилиб келтирадилар. «Бидъат» сўзи «янги пайдо бўлган нарса» маъносини англатади. Мазкур кишилар «Ҳамма нарса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида қандай бўлса, шундай бўлиши керак», дейдилар. Аҳли сунна ва жамоа мазҳабининг уламолари эса ушбу биз ўрганаётган ҳадиси шариф «Ҳар бир бидъат залолатдир» деган бошқа бир ҳадисни тафсир қилиб келаётганини айтадилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ҳар бир бидъат залолатдир» деган ҳадисларида ёмон бидъатни кўзда тутганлар. Уни ушбу ҳадисдан тушуниб оламиз. Дастлаб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир бидъат залолатдир, ҳар бир залолат дўзахдадир», деб, умумий равишда айтдилар. Кейин эса янги пайдо бўладиган нарсалар яхши ёки ёмон бўлиши мумкинлигини ушбу биз ўрганаётган ҳадиси шарифда баён қилдилар. Демак, «Ҳар бир бидъат залолатдир» ҳадисида ёмон бидъат кўзда тутилган. Энди Исломда яхши суннат пайдо қилиш мумкин бўлса, бу нарса «Ислом мукаммал дин», деган гапимизга қандай тўғри келади, деган саволга ўтайлик. Ислом руҳини тушунмайдиган баъзи кишилар учун бу камчилик, нуқсон бўлиб туюлиши мумкин. Лекин, аслида бу Исломнинг баркамоллигидандир. Қуръон ва суннатда шариатнинг руҳи, асосий қоидалари тўла-тўкис баён этилган. Инсонга дахли йўқ нарсаларнинг ҳукми батафсил келган. Шу билан бирга, инсон ҳаётида макон ва замон ўзгариши билан ўзгариб турадиган майда масалалар мусулмонлар ижтиҳод қилишлари учун очиқ қолдирилган. Бу масалаларни унинг пайдо бўлган макони ва замонидаги мужтаҳид уламолар Қуръон ва суннат қоидалари асосида ҳал қиладилар. Албатта, Қуръон ва суннатда қиёматгача бўладиган ишларнинг рўйхатини ва уларнинг ҳукмини келтириш кўзда тутилмаган. Балки асосий ўзгармас, инсон ижтиҳодининг дахли йўқ нарсалар баён қилиниб, асл қоидалар, умумий руҳ тушунтирилган. Маълумки, инсон ҳаёти бир хил давом этмайди, замон ўтиши билан ўзгариб туради. Аллоҳ таоло Ислом дини ва шариатини қиёматгача бардавом қилган. Шунинг учун ҳам Аллоҳ Исломни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларигагина мослаб қўймаган. Балки қиёматгача барча маконлар ва замонлар учун салоҳиятли қилиб қўйган. Ислом умматига келажакда пайдо бўладиган ҳар бир янги масалани ечишнинг Қуръон ва суннат қоидалари асосида бўлишини ўргатган. Шунинг учун ҳам «Ижмоъ» ва «Қиёс» Ислом шариатида Қуръон ва суннатдан кейинги учинчи ва тўртинчи масдарлар қилинган. «Ижмоъ» луғатда «жам бўлиш» маъносини англатади. Шариатда эса янги пайдо бўлган масалани ўша масала пайдо бўлган даврда яшаб турган мужтаҳидлар томонидан жам бўлиб бир овоздан ечилишига айтилади. «Қиёс» эса луғатда «таққослаш», «қиёслаб кўриш» маъноларини анлатиб, шариатда янги пайдо бўлган масалани Қуръон ва суннатда бор ҳукмларга таққослаб ечишга айтилади. Демак, янги пайдо бўладиган масалаларни ечишнинг бу услубини Қуръон ва суннатнинг ўзи баён қилиб, қонун-қоидаларини кўрсатиб қўйган. Мана шунинг ўзи ҳам Ислом шариатининг баркамоллигидандир. Агар Қуръон ва суннатда бор ҳукмлар билангина ҳаёт кечирасизлар, янги пайдо бўладиган масалалар билан ишингиз бўлмайди, дейилганда, динимизда нуқсон бўлар эди. Агар янги пайдо бўладиган масалаларни Қуръон ва суннат руҳида ҳал қилиш қонун-қоидалари баён қилинмаганида, камчилик бўлар эди. Иншааллоҳ, бу масалани ўз ўрнида батафсил ўрганамиз. Аммо бу ерда Исломда янги суннат пайдо бўлиши мумкинлигини тушуниш мақсадида бир оз сўз юритдик, холос. Исломда яхши суннат пайдо бўлишига мисол қилиб, Таровеҳ намозини жамоат бўлиб ўқиш йўлга қўйилганини айтишимиз мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ёлғиз Таровеҳ ўқиганлар. Кейин баъзи саҳобалар иқтидо қилганлар. Бир оз муддатдан сўнг ҳамма Таровеҳ ўқиш учун тўпланган. Одамлар кутиб турсалар ҳам, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқмаганлар. Одамлар йўталишни бошлаганлар. Охири бир вакил юбориб, одамлар Таровеҳ намозини жамоат билан ўқиш учун у зотни кутиб туришганини етказишган. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Агар Таровеҳ намозини жамоат билан ўқишни давом эттираверсак, вожиб ёки фарз бўлиб қолишидан қўрқаман», деб, чиқмаганлар. Аммо ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ўз халифаликлари даврида кишиларнинг Таровеҳга бефарқ қараётганларини кўриб, уни жамоат бўлиб ўқишни ташкил қилганлар. Шунингдек, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳаётлик вақтларида Қуръони Карим бир бутун китоб шаклида жамланмаган эди. Ридда урушларида Қуръонни тўла ёд биладиган қориларнинг кўплаб шаҳид бўлганликларини мулоҳаза қилиб, ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида Қуръон жамланди. Бунга ўхшаш ишлар кўп, замон ўзгарган сари улар чиқиб тураверади. Шундай пайтда Ислом қоидаларини ишга солган ҳолда ҳаракат қилиш зарур. Ҳар ким ўзича ҳаракат қилиб, ёмон суннат яратиб қўйиш керак эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадислари айни шу маънони таъкидлаш, яхшиликка тарғиб қилиш, ёмонликдан қайтариш учун келмоқда. Ўшандай ишларни қилиш фақат илмга боғлиқ бўлганлиги учун ва бу масалаларни Қуръон ва суннат руҳида, уларнинг умумий қоидалари асосида илмсиз ечиш мумкин бўлмаганлиги учун муаллиф раҳматуллоҳи алайҳи ушбу ҳадисни илмнинг асари давомли қолиши ҳақидаги бобда келтирмоқдалар. «Ким Исломда гўзал суннат пайдо қилса». Яъни, қайси бир мўмин киши Исломда янги бир яхши амал пайдо қилса, «ундан кейин ўша суннатга амал қилинса», яъни, ўша янги суннат пайдо қилган одам вафот этганидан кейин унинг пайдо қилган суннатига мусулмонлар томонидан амал қилинса, «унга ўша амал қилганлар ажрига ўхшаш ажр, уларнинг ажридан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради». Яъни, мазкур гўзал суннатнинг пайдо бўлишига сабабчи инсонга ўзи вафот этиб кетса ҳам, у пайдо қилган яхши суннатга амал қилганларга берилган ажр миқдорича ажр ёзилиб туради. Шу билан бирга, амал қилганларнинг ажри камайиб қолмайди. Улар ҳам қилган амалларига яраша тўлиқ савобни олаверадилар. Ушбу қоида ёмон суннат пайдо қилган ва унга амал қилганларга нисбатан ҳам ишлатилади. «Ким Исломда бир ёмон суннат пайдо қилса», яъни Қуръон ва суннатга, Ислом шариатига хилоф бўлган ёмон иш пайдо қилса, «ундан кейин ўша суннатга амал қилинса», яъни, ўша Қуръон ва суннат руҳига, Ислом шариатига хилоф ёмон ишни пайдо қилган кимса вафот этганидан кейин одамлар томонидан мазкур ёмон суннатга амал қилиш давом этаверса, «унга ўша амал қилганлар гуноҳига ўхшаш гуноҳ, уларнинг гуноҳларидан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради». Яъни, мазкур ёмон суннатнинг пайдо бўлишига сабабчи инсонга ўзи вафот этиб кетса ҳам, у пайдо қилган ёмон суннатга амал қилганларга ёзиладиган гуноҳ миқдорича гуноҳ ёзилиб туради. Шу билан бирга, амал қилганларнинг гуноҳлари камайиб қолмайди. Уларга ҳам қилган амалларига яраша тўлиқ гуноҳ ёзилаверади. Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 1. Исломда янги, яхши суннат пайдо қилиш мумкинлиги. 2. Ўша янги пайдо қилинган суннатга амал қилганлар ажр олишлари. 3. Инсонга вафотидан кейин ҳам ўзи пайдо қилган яхши суннат туфайли савоб етиб туриши. 4. Янги, яхши суннатга қилинган амалларга берилган миқдорича ажр ўша суннатнинг пайдо бўлишига сабабчи кишига ёзилиб туриши. 5. Бировнинг қилган амали туфайли бошқа кишига савоб етса, амал қилганнинг ажри камайиб қолмаслиги. 6. Исломда янги, ёмон суннат пайдо қилиш эҳтимоли борлиги. 7. Ўша янги пайдо қилинган ёмон суннатга амал қилганларга гуноҳ ёзилиши. 8. Инсонга вафотидан кейин ҳам ўзи пайдо қилган ёмон суннат туфайли гуноҳ ёзилиб туриши. 9. Янги, ёмон суннатга қилинган амалларга ёзилган гуноҳлар миқдорича гуноҳ ўша ёмон суннатнинг пайдо бўлишига сабабчи кишига ёзилиб туриши. 10. Бировнинг қилган амали туфайли ўша амални пайдо қилган кишига гуноҳ ёзилса, амал қилганнинг гуноҳи камайиб қолмаслиги. Энди ушбу ҳадиси шарифнинг ҳикмати ҳаётий воқелигимизда қандай эканлигини мулоҳаза қилайлик. Ҳозирги кунда бизда пайдо бўлаётган, аммо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган масалаларни ўтган салафи солиҳларимиз Қуръон ва суннат руҳида ечиб келганларини тўғри тушунмоғимиз лозим. Ислом фиқҳининг асосий вазифаларидан бири ҳам шу! Аммо бу масалани бошқача тушуниб, фиқҳни ва фақиҳларни қарғаб юрганлар ҳам йўқ эмас. Бу масала ҳақида ҳам Аллоҳ хоҳласа, кези келганда батафсил тўхталамиз. Ҳозир эса Исломда ушбу ҳадисда айтилганидек, яхши суннат пайдо қилиш мумкинлигини, бу иш бўлиб келганини, келажакда ҳам бўлиши мумкинлигини билиб олайлик. Бу савобли иш бўлиб, унинг учун илм кераклигини унутмайлик. Шунингдек, Исломда ёмон суннат пайдо қилиш ҳам мумкинлигини, бу иш бўлиб келганини, келажакда ҳам бўлиши мумкинлигини билиб олайлик. Янги пайдо бўлган ишлардан қайсиниси яхши, қайсиниси ёмонлигини фарқлаб олиш учун ҳам илм кераклигини билиб қўяйлик. Қўлимиздан келса, яхши суннат пайдо қилайлиг-у, зинҳор ёмон суннат пайдо бўлишига сабабчи бўлиб қолмайлик. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat