Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Дин ва Дунё.

08:24 / 09.12.2016 | Maggonory | 1177

Ассалому алайкум! Аллоҳ қилаётган хизматларингиздан рози бўлсин. Дунёда илм ўрганиб умрини дунёвий билим олишга сарфлаб яхши ишлаб яшаб, мусулмон бўла туриб  фарзандларга дин эътиқодни ўргатмаганлар ва ўзлари ўрганмаганларнинг савол жавоби қандай бўлади?. Улар хам ҳадисда келган «Ким чин дилдан: «ЛА ИЛАХА ИЛЛЛОХ» деса жаннатга киради» дейилган тоифадаги инсонлар қаторига кирадими.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Бирини деб бошқасини тарк қилиш жоиз эмас. Охиратда нажот топишга «ЛА ИЛАХА ИЛЛЛОҲ»нинг ўзи кифоя қилмайди. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ “Лаа илаҳа иллаллоҳ”ни калитга, қолган ибодатларни калитнинг тишига ўхшатганлар. Тишсиз калит нажот эшигини очмас.

МАХФИЙ ШАҲВАТГА БЕРИЛИБ, ОЛИЙ ҲИММАТДАН ҚУЛАМАСЛИК ЛОЗИМЛИГИ ҲАҚИДА 

إِرَادَتُكَ التَّجْرِيدَ مَعَ إِقَامَةِ اللهِ إِيَّاكَ فِي الْأَسْبَابِ مِنَ الشَّهْوَةِ الْخَفِيَّةِ، وَإِرَادَتُكَ الْأَسْبَابَ مَعَ إِقَامَةِ اللهِ إِيَّاكَ فِي التَّجْرِيدِ انْحِطَاطٌ عَنِ الْهِمَّةِ الْعَلِيَّةِ

Аллоҳ таоло сени сабаблари ичида турғизганда тажридни ирода қилишинг махфий шаҳватдандир. Аллоҳ таоло сени тажридда турғизиб қўйганда сабабларни ирода қилишинг олий ҳимматдан қулашдир. Баъзи сўзларнинг изоҳи: – Сабаб – дунёвий ғаразга эришиш учун қилинадиган амал. – Тажрид – сабабни тарк қилиш. – Шаҳват – нафснинг ўз истак-хоҳишига мос тушган нарсага интилиши. – Ҳиммат – бирор мақсадга эришиш учун нафснинг интилиш қуввати. Ушбу ҳикматда бу дунё ҳаётида одамлар икки ҳолатда бўлишлари ва улардан баъзилари ўзининг ҳолати ва мақомини англамасдан хатога йўл қўйиши ҳақида сўз бормоқда. Мазкур ҳолатлардан бири Аллоҳ таоло бандани сабаблар ичида бўлишини ирода қилган ҳолатидир. Яъни дунёвий ғаразга эришиш учун амал қилиш талаб қилинадиган ҳолатда бўлишидир. Бу ҳолатни сабаблар ҳолати дейилади. Бир нарсанинг ҳосил бўлиши учун эҳтиёжи бор нарса сабаб дейилади. Мисол келтирадиган бўлсак, тўйиш учун таомга эҳтиёж бор. Тўйишнинг сабаби таом. Эҳтиёжи бор тараф эса мусаббаб дейилади. Дунёдаги барча нарсалар ўзидан бошқа нарсага сабаб бўлиши билан бирга, яна бошқа бирига мусаббаб ҳам бўлади. Яъни бир нарсага эҳтиёжи тушса, бошқа бир нарсанинг унга эҳтиёжи тушади. Яна ҳам тушунарлироқ бўлиши учун, мисол келтирайлик: бир одамнинг дунёга келишига ота-онаси сабаб бўлади. У эса боласининг дунёга келишига сабаб бўлади. Уруғ ўсимликнинг ўсишига сабаб бўлади. Ўсимлик уруғнинг пишишига сабаб бўлади. Қўйингки, бу дунёдаги ҳар бир нарса шунга ўхшаш бошқасига боғлиқ ва улар бир-бирларига сабабдирлар. Агар тааммул ила ўйлаб кўрадиган бўлсак, бир нарса бошқасининг пайдо ёки йўқ бўлишига ёхуд ўзгаришига таъсир ўтказмаса, сабаб деб аталиши мумкин эмас. Бас, таъсир қилувчи сабаб экан, унинг таъсири доимий бўлиши керак. Агар таъсири йўқоладиган бўлса, сабаблиги ҳам қолмайди. Ана шу тарзда доимий такрорланиш оқибатида бизда «Фалон нарсанинг пистон нарсага таъсири бор. Бу нарса у нарсанинг сабабчиси», деган маънодаги тушунчалар пайдо бўлган. Бас, Аллоҳ таоло қайси бандани сабаблар ичида турғизиб қўйса, у ўша сабабларни ишга солиб, шариат кўрсатмалари асосида иш олиб бориши керак бўлади. Иккинчи ҳолат – Аллоҳ таоло бандани сабабларга ҳожати тушмайдиган ҳолатда қилиб қўйишидир. Бу ҳолат тажрид ҳолати дейилади. Банда ҳар икки ҳолатда ўзига яраша тасарруф қилиши керак. Аммо ўзи бир ҳолатда туриб, иккинчи ҳолатда қилиниши лозим бўлган ишни қилса, хато қилган бўлади. Келинг, мазкур икки ҳолатни бирма-бир ўрганиб чиқайлик. «Аллоҳ таоло сени сабаблари ичида турғизганда тажридни ирода қилишинг махфий шаҳватдандир». Аллоҳ таоло бир одамга солиҳ жуфти ҳалол ва фарзандлар ато қилди. Шариат ҳукми бўйича, мазкур киши аҳли аёли ва бола-чақасини нафақа билан таъминлаши вожиб эди. Бунинг учун у нафақа топиш учун зарур бўлган восита – сабабларни ишга солиб ҳаракат қилиши керак эди. Аммо у сабаблар ичида турган бўлса ҳам, уларни ишга солмай, тажридни ирода қилди. Ўзича, Аллоҳ таолога таваккул қилдим, бола-чақани У Зотнинг ўзига топширдим, деб ўзини ибодатга урди. Бу иш хатодир. Уни ушбу хатога шаҳвати, яъни нафсининг табиати мулойим кўрган нарсага интилиши етаклади. Бу шаҳватнинг махфийлига эса амалнинг сиртдан қийин кўриниши ва зимдан роҳат ҳамда шуҳратнинг кўзланишидир. Сабабларни тарк қилиб, тажридга юзланган одам сиртдан ўзи одатланиб қолган нарсадан ажралиб қолган ва хоҳишига қарши иш қилаётган бўлиб кўринади. Аслида эса меҳнатдан ва шариат таклифидан қочаётган ва шуҳратга интилаётган бўлади. Минг афсуслар бўлсинким, бу ҳолат тасаввуфни даъво қилаётганларда кўпроқ учрайди. Қабулимга бир киши кириб, опасининг саволи борлигини, агар рухсат берсам, аёлнинг ўзи кириб айтмоқчи эканини билдирди. Унга рухсат берилди. Аёл маъюслик билан гап бошлади: «Оиламизда болаларимиз билан яхшигина яшаб тургандик. Ҳалол-пок ризқимиз бор эди. Ибодатни ҳам қўлдан келганича қилар эдик. Хўжайиним бировга қўл бериб, ўзларини девоналар деб номлаётган тўпга қўшилди-ю, ишларимиз чаппасига кетди. Эрим ишларини ташлади. Ўшаларга қўшилиб олиб, маросимларида қорнини тўйғизиб юрибди. Биздан хабар олмайди. Уйга ухлагани келади, холос. «Сизга нима бўлди? Бизнинг ҳолимиздан хабар олмай қўйдингиз. Ахир бир жонга ҳам сув, ҳам нон керак», десак, «Сенлар ҳамманг фосиқсан, Аллоҳ таолодан сўрасанг, ризқингни беради», дейди. Нима қилишимизни билмай қолдик. Энди ўзим кўчага чиқиб, болаларни боқишга мажбур бўлмоқдаман». Ушбу хотин устидан шикоят қилаётган эрни Аллоҳ таоло сабаблар ичида турғизиб қўйганда, у тажридни ирода қилибди. Тасаввуфни даъво қилган, ўзи тасаввуфнинг ҳақиқатидан бехабар бўлганларнинг гапига учиб, зиммасида вожиб бўлган ва қилса, вожиб амалнинг савобини оладиган шаръий амални тарк қилиб юрибди. Худди оила бошлиғи каби, жамият ва кишилар учун манфаати етадиган ишлардаги шахсларни ҳам Аллоҳ таоло сабаблар ичида турғизган бўлади. Улар ҳам ўз вазифаларини адо этишда сабабларга боғланишлари талаб қилинади. Уларнинг ҳеч бирига тажридни ирода қилишга рухсат йўқ. «Аллоҳ таоло сени тажридда турғизиб қўйганда сабабларни ирода қилишинг олий ҳимматдан қулашдир». Бунинг мисоли қуйидагича. Бир йигитга отаси: «Болам, бизнинг давримизда ўқиб-ўрганиб, яхши одам бўлиб олгин. Сени ўқишга киргизиб қўяман. Нима керак бўлса, муҳайё қилиб бераман. Сен фақат ўқишни билгин. Бошқа нарсани хаёлингга келтирмагин», деди. Ва айтганини қилди. Ушбу ўғилнинг ҳолати тажрид ҳолати бўлади. У сабабга, яъни дунёвий ғаразга эришиш учун қилинадиган амалга муҳтож эмас. Аммо мазкур йигит отасига ваъдани бериб қўйиб, ўзи сабаблар ортидан тушиб кетса, дунёвий ғараз билан овора бўлса, олий ҳимматдан қулаган бўлади. Одамлар бу дунёдаги ҳаётлари давомида ушбу ҳикматда баҳс юритилаётган икки ҳолатдан бирида бўлишларини, ҳар ким ўз ҳолатини англаб олиши ва унга тўғри муносабатда бўлишлари лозимлигини унутмасликлари керак. Бунга ҳам мисол келтирайлик. Ҳажга бориш учун ҳаж карвони тузилди. Айтайлик, карвон минг кишидан иборат. Карвоннинг ўз ишчилари, табиблари, ошпазлари ва оддий ҳожилар бор. Мана шу карвондаги ишчилар, табиблар ва ошпазлар ҳаж баҳонасида Аллоҳ таоло сабаблар ичида турғизиб қўйган кишилардир. Оддий ҳожилар эса Аллоҳ таоло тажрид ичида турғизиб қўйган кишилардир. Карвондаги ишчилар, табиблар ва ошпазлар сабабга,  яъни дунёвий ғаразга эришиш учун қилинадиган амалларни – ишчилар ҳожиларнинг ташкилотчилик ишларини, табиблар уларнинг соғлиқларига оид ишларни ва ошпазлар эса уларнинг озиқ-овқатларига оид ишларини бажаришлари шариатнинг талабидир. Улар сабабларни тарк қилиб, тажрид ҳолига тушиб, кечаю кундуз ибодат билан машғул бўлсалар, хато қилган, махфий шаҳватларининг кўйига тушган бўладилар. Албатта, ушбу карвондаги оддий ҳожилар тажрид ҳолидадирлар. Улар оила, бола-чақа, мансаб, иш ва бошқа барча дунёвий нарсалардан ажраб, умрларидаги энг улуғ сафар ва ибодатни ният қилиб чиққанлар. Улар учун керак бўлган ишларни бошқалар бажариб туришибди. Энди улар дунё ташвишларини унутиб, ўзларини ибодатга уришлари лозим. Ҳажни баҳона қилиб, савдо-сотиқ, ўйин-кулги ва кайфу сафо билан машғул бўлишлари мутлақо хатодир, олий ҳимматдан қулашдир. Демак, мусулмон инсон ўз ҳолини яхши билиши керак. Аллоҳ таоло уни сабаблар ичида турғизганда, сабабчи бўлиши, тажридда турғизганда, тажридчи бўлиши лозим. Шунинг учун ҳам машойихлар бу масалада одамлар уч турли бўлишини айтганлар: 1. Сабаблар ичида турувчи. Унинг ҳукми ризо, сабр ва истисломдир. Аломати эса сабаблар унга оддий фойдалар етишида мустақим туришидир. Унинг ўзи ҳам сабабларда шариат ҳуқуқларини адо этишидир. 2. Тажридда турувчи. Унинг ҳукми шукр, енг шимариш, ҳоримаслик ва ўзини паст олишдир. Унинг аломати барча ҳақларни адо этиши ва барча махлуқлардан юз ўгиришидир. 3. Мазкур икки ҳолдан чиқувчи. Унинг ҳукми – то фойдага ишонч ҳосил қилгунча бир сабабдан бошқасига ўтишдир. Унда ҳам ҳеч иши юришмаса, муқобил тарафга ёки зиддига ўтиши тўғри бўлади. Зотан, банданинг ҳукми Мавлоси турғизган жойда туришдир ва У Зот эга қилган нарсадан бошқани ихтиёр қилмасликдир. «Танвийр»нинг соҳиби демишки: «Ҳақ сендан тақозо қилган нарса шулки, У Зот сени қаерда турғизса, ўша ерда турмоғингдир. Токи, Ҳақнинг Ўзи сени турғизганидек, Ўзи чиқарсин. Сен сабабни тарк қилма, сабаб сени тарк қилсин». Аллоҳ таоло барчамизни сабаблар ичида турғизганда тажридни ирода қилиб, махфий шаҳватга гирифтор бўлишдан асрасин. Тажридда турғизиб қўйганида сабабларни ирода қилиш ила олий ҳимматдан қулашдан Ўзи сақласин. (“Хислатли ҳикматлар шарҳи” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat