Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Қишлоқ ва шаҳар

08:57 / 25.12.2016 | Inson) | 1502

Ассалому алайкум! Азиз устозлар, олдинги жавобинглар орасида, шаҳарда яшаган жаннатийларни мавқeйи, қишлоқда яшаган жаннатийлардан баланд бўлади, дeйилган жавобни ўқидим. Сабабини ҳам тушундим. Лeкин савол туғилди. Қишлоқда шаҳарга қараганда шароитлар яхши эмас, (иссиқ сув, газ йўқ). Қишда одамлар қийналиб таҳорат олишади, совуқ жойларда намозлар ўқишади, бир дона хонани ичида ўтинлар ёқиб исиниб тоат ибодат қилишади. Сувларни узоқдан ташиб олиб кeлишади, Саволим шундай шароитларда биз чeкка жойларда яшаб ибодат қилишимизни ҳам оз бўлсада бизга бўлган яхши (қўшимча) тарафлари  борми?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Албатта бор. عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: أَلَا أَدُلُّكُمْ عَلَى مَا يَمْحُو اللهُ بِهِ الْخَطَايَا وَيَرْفَعُ بِهِ الدَّرَجَاتِ؟ قَالُوا: بَلَى يَا رَسُولَ اللهِ، قَالَ: إِسْبَاغُ الْوُضُوءِ عَلَى الْمَكَارِهِ، وَكَثْرَةُ الْخُطَا إِلَى الْمَسْاجِدِ، وَانْتِظَارُ الصَّلَاةِ بَعْدَ الصَّلَاةِ فَذلِكُمُ الرِّبَاطُ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларни Аллоҳ хатоларни ўчирадиган, даражаларни кўтарадиган нарсага далолат қилайми?» дедилар. Улар: «Албатта, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди. У зот: «Қийинчиликларга қарамай, таҳоратни яхшилаб қилиш, масжидларга қадамни кўпайтириш ва намоздан сўнг намозни интизор бўлиб кутиш. Ана ўша сиз учун «муробитлик»дир», дедилар». Муслим, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар. Шарҳ: Исломда мусулмонларни душманлар ҳужумидан ҳимоя қилиш учун шай бўлиб, чегарани қўриқлаб турган одам «муробит» дейилади. Бу ҳадисда зикр қилинган амалларни бажарувчи кишилар эса мазкур амалларни адо этиш учун ҳавойи нафсларини жиловлаб турганлари сабабли «муробит» деб аталмоқдалар. Улар ҳам чегарада ватан ҳимоясига шай турган муробитга ўхшатилмоқда. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бу ҳадисда мадҳ этилган амаллар ичида таҳорат ҳам борлиги учун у «покликнинг фазилатлари» бобида келтирилмоқда. Эътибор беринг, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аввало саҳобаи киромларга савол ила мурожаат қилиш билан уларни маълум амалларга қизиқтириб қўймоқдалар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга: «Сизларни Аллоҳ хатоларни ўчирадиган, даражаларни кўтарадиган нарсага далолат қилайми?» дедилар. Албатта, бу савол ҳар бир эшитувчининг қалбида «хатоларни ўчирадиган, даражаларни кўтарадиган нарса нима экан?» деган қизиқиш уйғотади. Хатоси йўқ ким бор? Хатоларининг ўчишини хоҳламайдиган ким бор?! Нима қилсам, хатоларим ўчар экан, деб ўйламаган ким бор?! Қолаверса, даражаси кўтарилишини истамаган ким бор?! Саҳобаи киромлар бу маънода ҳаммадан пешқадам бўлишга интилганликлари маълум. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан юқоридаги саволни эшитишлари билан: «Албатта, эй Аллоҳнинг Расули», дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундан сўнг саҳобаларга хатоларни ўчириб, даражаларни кўтарадиган нарсалардан учтасини айтдилар: 1. «Қийинчиликларга қарамай, таҳоратни яхшилаб қилиш». Бундан мусулмон одам таҳорат йўлида қандай қийинчиликларга дуч келса ҳам, сабр қилиб, яхшилаб таҳорат қилиши лозимлиги келиб чиқади. Таҳорат пайтида дуч келинадиган қийинчиликлар эса замонга, маконга ва шароитга қараб, турлича бўлиши мумкин. Қадимги уламоларимиз: «Сув тақчил жойларда унинг нархи кўтарилиб кетиши ҳам таҳорат қилмоқчи бўлган одам учун қийинчилик ҳисобланади», деб айтишган. Шунингдек, ҳаво совуқ бўлиши туфайли ҳам қийинчилик туғилиши мумкин. Ҳозирги пайтда чет элларга сафар қилиш чоғида нотаниш жойларда таҳорат қилиб олишнинг имкони йўқлиги ҳам қийинчилик ҳисобланади. Лекин булар таҳорат қилмасликка баҳона бўла олмайди. Худди ана шу нарса ҳадиси шарифда зикр этилганидек, қийинчиликларга қарамай, таҳоратни яхшилаб қилиш банда хатоларининг Аллоҳ таоло томонидан ўчирилишига ва даражалари кўтарилишига сабаб бўлади. 2. «Масжидларга қадамни кўпайтириш». Яъни, масжидга қатнаб, жамоат намозларида кўпроқ иштирок этиш. Бунда ҳам киши баъзи қийинчиликларга дуч келиши мумкин. Аммо шунга қарамай, масжид томон қанча кўп қадам босса, хатоси шунча кўп ўчирилади, даражаси шунча кўтарилади. 3. «Намоздан сўнг намозни интизор бўлиб кутиш». Бир намозни ўқиб бўлгандан кейин иккинчисини иштиёқ билан кутишга нима етсин! Намоз иштиёқида туриш, намоз вақти қачон келар экан, ўқиб, ҳузур топсам, савоб олсам, деб интизор бўлиш қанчалар яхши! Инсондан ҳеч қандай ортиқча саъй-ҳаракат, сарф-харажат талаб этмайдиган бу нарса ҳам Аллоҳ таоло томонидан мусулмон банда учун хатоларни ювиб, даражаларни кўтариб олишга қулай фурсат қилиб берилган экан. Бу нақадар улуғ бахт! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам буларга қўшимча равишда мазкур ишларнинг яна бир фазлини зикр этиб: «Ана ўша сиз учун «муробитлик»дир», дедилар. Яъни, намозга интизорлик ҳам муробитликка тенглаштирилмоқда. Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 1. Бир амалга одамларни қизиқтириш учун аввало унинг фойдаларини баён қилувчи савол билан тинг¬ловчиларга мурожаат этиш. 2. Қийинчиликларга қарамай, таҳоратни яхшилаб қилишга тарғиб. 3. Қийинчиликларга қарамай, яхшилаб қилинган таҳоратнинг хатолар ўчирилиб, даражалар кўтарилишига сабаб бўлиши. 4. Масжидларга кўп қатнашга тарғиб. 5. Ибодат учун масжидларга кўп қатнашнинг хатолар ўчирилиб, даражалар кўтарилишига сабаб бўлиши. 6. Бир намоздан сўнг иккинчисини интизор бўлиб кутишга тарғиб. 7. Бир намоздан кейин иккинчисини интизор бўлиб кутишнинг хатолар ўчирилиб, даражалар кўтарилишига сабаб бўлиши. 8. Ислом дини хатоларнинг ўчирилиб, даражаларнинг кўтарилишини жуда ҳам осон қилиб қўйганлиги. 9. Ҳавои нафсни енгиб, Аллоҳнинг амрини бажариш муробитликка тенглаштирилганлиги. Биз, мусулмонлар нақадар бахтли бандалармиз. Ўзимиз учун керакли ва фойдали бўлган амаллар бизга ибодат қилиб берилган. Ўзимиз учун фойда бўладиган ишларимиз Аллоҳга қурбат ҳосил қиладиган, қолаверса, хатоларимизнинг ювилишига, даражаларимизнинг кўтарилишига сабаб қилиб қўйилган. Хатоларимиз ювилсин, даражаларимиз баланд бўлсин, десак, қийинчиликларга қарамай, таҳоратни яхшилаб қилайлик, масжидлар томон босадиган қадамларимизни кўпайтирайлик ва ҳар бир намоздан сўнг навбатдаги намозни иштиёқ билан, интизор бўлиб кутайлик. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat