Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Қўшниларнинг масхараси

20:53 / 19.01.2017 | Bekzod | 1974

Ассалому алайкум! Биз кўп қаватли уйда яшаймиз. Аёлим шариатга мувофик холда хижобда юради. Ёши катта кушни аёлларни ғаши келиб лақаб қўйибди. Колледж укитувчиси аёл қушни аёлимга “домимизни ачаси” деб лақаб қшйибди. Аёлим хафа булиб кучадан келди, мен аёлимга сен хафа бума, номахрамлардан авратни беркитиш бу Аллоҳни амри, ким уни масхара килса окибати ёмон булади дедим.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Қўшниларнинг масхара қилиши зулм ҳисобланади. Аллоҳ таоло мазлумнинг дуосини қабул қилишини ваъда қилган. Шундай пайтда аёлингиз дунё ва охирати учун ҳожатларини сўраб олсин. Дунё ва охиратнинг сарвари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдек зотни сеҳргар, мажнун, ёлғон нарсаларни ёзадиган шоир каби лақаблар билан масхара қилишган. Аллоҳ таоло “Оли Имрон” сурасида марҳамат қилади :

وَسَارِعُواْ إِلَى مَغْفِرَةٍ مِّن رَّبِّكُمْ وَجَنَّةٍ عَرْضُهَا السَّمَاوَاتُ وَالأَرْضُ أُعِدَّتْ لِلْمُتَّقِينَ۝  

133. Роббингиздан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерча бўлган, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга шошилинг. Демак, Аллоҳ таолонинг мағфирати ва кенглиги осмонлару ерча бўлган жаннати тақводорлар учун экан. Келаси оятда мазкур мағфират ва жаннатнинг ҳақдорлари бўлган тақводорларнинг сифатлари зикр қилинади: 

الَّذِينَ يُنفِقُونَ فِي السَّرَّاء وَالضَّرَّاء وَالْكَاظِمِينَ الْغَيْظَ وَالْعَافِينَ عَنِ النَّاسِ وَاللّهُ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ۝ 

134. Улар енгилликда ҳам, қийинчиликда ҳам нафақа қиладиганлар, аччиғини ютадиганлар ва одамларни афв қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севадир. 

Аллоҳдан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерчалик бўлган жаннатга сазовор бўлган тақводорларнинг сифатларидан бири: «...енгилликда ҳам, қийинчиликда ҳам нафақа қиладиганлар…» 

Яъни улар яхшилик қилишда собитқадам одамлардир. Ҳаётлари енгиллашиб, ҳамма нарсалари сероб бўлиб кетса ҳам, ҳовлиқиб, ҳаддиларидан ошиб, фисқу фасодга берилиб кетмайдилар. Балки ўзларини босиб, хайр-эҳсон, нафақа қилишда бардавом бўладилар. 

Шунингдек, бошларига оғир кунлар тушса ҳам, сиқилиб, ўзларини ноқулай сезиб, бахиллик йўлига ўтиб олмайдилар. Балки нафақа қилишда бардавом бўладилар. Уларнинг тақволари доимо эҳсонга чорлаб туради. Бахиллик ва қизғанчиқликдан қайтаради. Тақводорларнинг сифатларидан яна бири: «...аччиғини ютадиганлар...» Ғазабини ютиш энг қийин ишлардан ҳисобланади. Ғазаб инсонда турли муносабатлар ила қўзғалиб туради, уни жиловлаб олиш ҳар бир кишининг ҳам қўлидан келавермайди. Лекин тақводор киши бу оғир ишни эплаши мумкин. Яъни қалбида тақводорлик мавжуд бўлган инсонгина ғазабдан ғолиб чиқа олади. Исломда ғазабни ютиш улуғ ахлоқлардан ҳисобланади. Қуръони Карим оятларидан ташқари, бу олий сифатнинг мақтови Пайғамбаримизнинг ҳадисларида, салафи солиҳларимизнинг ишлари ва сўзларида ўз аксини топган. Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилган ҳадисда келишича, бир киши Пайғамбар алайҳиссолату вассаломга: – Эй Аллоҳнинг Расули, менга насиҳат қилинг, – деди. У зоти бобаракот: – Ғазаб қилма, – дедилар. Сўраган одам кейинчалик эътироф этиб, бундай дейди: «Расуллуллоҳ алайҳиссалом шу гапни айтганларида, ўйлаб кўрсам, ғазаб ҳамма ёмонликни ўзида жамлаган экан». Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом: «Ким (жазо беришга) қодир бўлиб туриб, ғазабини ютса, қиёмат куни Аллоҳ уни халойиқ олдида чақириб туриб, ҳурлардан хоҳлаганини танлаб олишга имкон беради», – деганлар. Мазкур тақводорларнинг яна бир сифатлари: «...ва одамларни афв қиладиганлардир». Бу сифат ғазабни ютиш сифатини тўлдириб келади. Чунки иш чиройли ҳал бўлиши учун ғазабни ютиб қўйишнинг ўзи кифоя эмас. Олийжаноблик кўрсатиб, ғазабини ютган одам бу олийжаноблигини тугал қилайин деса, айбдорни афв қила олиши, кечира билиши ҳам керак. Имом Ҳоким ривоят қилган ҳадисда: «Кимки ўзи учун жаннатда бинолар қурилишини ва даражалари кўтарилишини хоҳласа, зулм қилганни афв этсин, бермаганга берсин ва орани узганга силаи раҳм қилсин», – дейилади. Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссолату вассалом: «Қиёмат куни бир жарчи: «Одамларни афв қилганлар қани?! Ажрингизни олгани Роббингизнинг ҳузурига келинг!» – деб чақиради. Афв қилган ҳар бир мусулмон жаннатга киришга ҳақлидир», – деганлар. «Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севадир». Юқорида зикр қилинган сифатнинг соҳиблари яхшилик қилувчи саналадилар. Демак, уларни Аллоҳ яхши кўрар экан. (“Тафсири Ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat