Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Тупуг ҳақида кeлган ҳадис

21:28 / 13.02.2017 | muhammad1911 | 1638

Ассалому алайкум! Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам “Ким қибла тарафига қараб туфласа қиёмат куни унинг тупуги икки кўзи ўртасида бўлиб кeлади” дeган ҳадисларини шу сайтдан ўқиб қолдим. Шундайми? Биз йўлда кeтаётганимизда  қибла қайси томондалигини билмасак, билмасдан ўша томонга тупуриб қўйсакчи? Бу ишни қандай қилсак тўғри бўлади?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом!

عَنْ حُذَيْفَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: مَنْ تَفَلَ تُجَاهَ الْقِبْلَةِ جَاءَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ تَفْلُهُ بَيْنَ عَيْنَيْهِ، وَمَنْ أَكَلَ مِنْ هَذِهِ الْبَقْلَةِ الْخَبِيثَةِ فَلَا يَقْرَبَنَّ مَسْجِدَنَا ثَلَاثًا. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қиблага қараб туфласа, қиёмат куни туфуги икки кўзи орасида келади», (деб, сўнг) уч марта «Ким мана бу сассиқ сабзавотдан еса, масжидимизга зинҳор яқинлашмасин!», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган. Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам икки нарсанинг ҳукмини баён қилмоқдалар. Биринчиси: қиблага қараб туфлаш. Туфук нималиги ва у нимага қараб туфланиши ҳаммага маълум. Шунинг учун ҳам қиблага қараб туфлаш мутлақо мумкин эмас. Бу иш қиблага нисбатан ўтакетган ҳурматсизлик бўлади. Албатта, бу беодоблик жазосиз қолмайди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларига биноан: «Ким қиблага қараб туфласа, қиёмат куни туфуги икки кўзи орасига келади». Иккинчиси: сассиқ сабзавотларни еб олиб, масжидга кириш. Бу иш ҳам ноқулай иш. Ўзидан сассиқ ҳид анқиб турган киши масжидга кирса, Аллоҳнинг уйига нисбатан беҳурматлик қилган бўлади. Намозхонларга ва масжиддаги фаришталарга озор беради. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уч марта қайта-қайта: «Ким мана бу сассиқ сабзавотдан еса, масжидимизга зинҳор яқинлашмасин», дедилар».

عَنْ أَنَسٍ  رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: إِذَا كَانَ أَحَدُكُمْ فِي الصَّلَاةِ فَإِنَّهُ يُنَاجِي رَبَّهُ، فَلَا يَبْزُقَنَّ بَيْنَ يَدَيْهِ وَلَا عَنْ يَمِينِهِ وَلَكِنْ عَنْ شِمَالِهِ تَحْتَ قَدَمِهِ

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз намозда бўлса, у ўз Роббиси ила муножот қилади. Бас, зинҳор олд тарафига ҳам, ўнг тарафига ҳам туфламасин. Лекин чап томонига, қадамининг остига (бўлса, майли)», дедилар». Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифнинг аввалида намознинг қандай улуғ ибодат эканлиги оддий ва равшан иборалар билан васф қилинмоқда. «Бирортангиз намозда бўлса, у ўз Роббиси ила муножот қилади». Ҳа, намоз ҳар бир банданинг Аллоҳ таоло билан ёлғиз қолиб, муножот қилиши, роз айтиши, сирли суҳбат қилишидир. Намоз Аллоҳ таоло томонидан бандага бутун дарду ҳасратларини тўкиб солиши, дилидаги тилакларини сўраб олиши учун берилган энг қулай ва энг улуғ фурсатдир. Банда ўзига ўхшаган бошқа бир бандани ёлғиз топиб, қабулига кирмоқчи бўлса, ўзини ўнглаб, рўпара бўлишга қанча ҳаракат қилади. Ўша уни қабул қилган кишига нисбатан заррача беодоблик содир этмасликка уринади. Бас, шундай экан, Роббил оламийн ҳузурида бўлганида ўзини яратган Холиқи, унга ризқ берган Розиқи, унинг барча ишларининг тадбирини қилиб турувчи Мудаббири ва Тарбиячисига муножот айтаётганида, албатта, ўзини юксак одоб ила тутиши керак. Модомики, банда намозда Роббиси ила муножот қилар экан: «Бас, олд тарафига асло туфламасин, ўнг тарафига ҳам. Лекин чап томонига, қадамининг остига (бўлса майли)». Намозхон рўпарасига қараб туфласа, Холиқига қараб туфлаган бўлади. Ўнг томонига туфласа, яхшилик ва пок нарсалар учун ажратилган тарафига туфлаган бўлади. Ноилож туфлаши керак бўлса, чап томонига, оёқ остига бўлса, майли. Чунки бу каби нарсаларга чап томон ажратилган. Албатта, бу маъно ўша давр воқеълигидан келиб чиқиб айтилган. У пайтларда қуруқ ерда намоз ўқиларди. Масжидларга, ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларига ҳам жойнамоз тўшалмаган эди. Одамлар эндигина Исломга кирган, кўпгина одоб-ахлоқларни ҳам ўзлаштириб улгурмаган эдилар. Албатта, чап оёқнинг остига туфлаш бугунги кунги масжидларимизга ва намоз ўқийдиган жойларимизга тўғри келмайди. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat