Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Намоз ўзи тўғрилайдими?

00:00 / 15.02.2017 | 1222

Ассалому алайкум! Бенамоз одам намозни ўрганишдан аввал ўзи ҳаракат қилиб, ёмон ахлоқини ўзгартириши керакми ёки ёмон хулқи беш вақт намозни ўқишни бошлагандан кейин, намози таъсир этиб ўзи ўзгарадими? Намоз инсоннинг хулқини ўзгартириши ҳақида ўқигандим. Жавобингиз учун раҳмат


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Тезроқ намозни бошлаш керак. Аллоҳ таоло “Анкабут” сурасида марҳамат қилади :

اتْلُ مَا أُوحِيَ إِلَيْكَ مِنَ الْكِتَابِ وَأَقِمِ الصَّلَاةَ إِنَّ الصَّلَاةَ تَنْهَى عَنِ الْفَحْشَاء وَالْمُنكَرِ وَلَذِكْرُ اللَّهِ أَكْبَرُ وَاللَّهُ يَعْلَمُ مَا تَصْنَعُونَ۝

45. Сенга Китобдан ваҳий қилинган нарсани тиловат қил ва намозни тўкис адо эт, албатта, намоз фаҳш ва мункардан қайтарур. Албатта, Аллоҳнинг зикри улуғдир. Аллоҳ нима қилаётганингизни билур. «Эй Пайғамбар, «Сенга Китобдан ваҳий қилинган нарсани тиловат қил…» Қуръонни тиловат қилиб, кишиларга етказиш Ислом даъватининг асосий омилидир. Ушбу илоҳий Китоб маъноларини кишиларга етказиш, унинг таълимотларига амал қилишга чақириш даъватчининг асосий иши бўлмоғи лозим. «...ва намозни тўкис адо эт…» Биз «намозни тўкис адо эт» деб таржима қилган жумлани тўғридан-тўғри, сўзма-сўз ўзбекчага ўгирадиган бўлсак, «Намозни тик турғиз» бўлиб чиқади. Демак, намозни ўқиш билан намозни тик турғизиш, яъни тўкис адо этиш орасида фарқ бор. Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга «Намоз ўқи», деб эмас, «Намозни тўкис адо эт», деб хитоб қилмоқда. Ҳа, тўкис адо қилинганда, «…албатта, намоз фаҳш ва мункардан қайтарур». Мана шу нуқтадан кимнинг намози ҳақиқий, кимники сохта эканини билиб оламиз. Намозни ҳамма ҳам ўқийверади, лекин намозхон фаҳш ва мункар ишлардан қайтмаса, унинг ўқиган намози ҳақиқий бўлмайди. Қачонки намозхон намозни тўкис адо қилса, фаҳш ва мункар ишлардан қайтади. Имом ибн Жарир Тобарий Ҳасан розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир намоз ўқиса-ю, намози уни фаҳш ва мункар ишлардан қайтармаса, у кишининг ўз намози ила Аллоҳдан узоқ бўлиши зиёда бўлади, холос», – деганлар. Чунки намоз Аллоҳнинг зикридир. «Албатта, Аллоҳнинг зикри улуғдир». Дунёда Аллоҳни зикр этишдан буюкроқ амал йўқдир. Ушбу буюк ишни тарк этган одам ҳар қандай жазога лойиқдир. Бундай буюк ишни тўкис адо этмаган одам Аллоҳдан узоқлашмай, ким узоқлашсин?! «Аллоҳ нима қилаётганингизни билур». Жумладан, намозни тўла-тўкис адо этсангиз ҳам билур, чала-ноқис ўқисангиз ҳам билур. Ундан ҳеч бир иш махфий бўлиб қолмас. Ушбу ишда ҳам иймон синови, ҳақиқий мўминни мунофиқдан ажратиш омили яққол кўриниб турибди. Ҳақиқий мўмин синовларга бардош бериб, намозини тўкис адо қилади. Мунофиқ эса намозда номига ўтириб-туради, холос. ("Тафсири ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat