Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Яжуж ва Мажужлар

05:45 / 03.03.2017 | Mamarasul | 10362

Ассалому алайкум! Устозлар илмингиз бунданда зиёда бўлсин. Бугун бир видeога кўзим тушди, унда айтилишича яжуж мажужлар қиёмат яқинлашганда одамларга хужум   қилишади дeйишган. Мeни бу саволни бeришимга сабаб бўлган нарса “яжуж мажужлар Қуръон ва ҳадисларда ҳам ёзилган” дeйилгани. Агар булар ростан ҳам мавжуд бўлса тўлиқроқ маълумот бeрсангизлар. Олдиндан раҳмат.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло “Каҳф” сурасида марҳамат қилади :

حَتَّى إِذَا بَلَغَ بَيْنَ السَّدَّيْنِ وَجَدَ مِن دُونِهِمَا قَوْمًا لَّا يَكَادُونَ يَفْقَهُونَ قَوْلًا۝

93. Ниҳоят, икки тоғ орасига етганида, уларнинг ортида бирон гапни англамайдиган қавмни кўрди. Зулқарнайн борган икки тоғ орасининг аниқ номини айтиш қийин. Зотан, Қуръони Каримнинг бундай одати ҳам йўқ. Айрим тайин қилганлар ҳам тахминга асосланадилар, холос. Биз учун муҳими – Зулқарнайннинг яна бир томонни ўзига қаратгани, у ерда ҳам бир қавмни топганидир. У қавм гап тушунмайди. Эҳтимол, жуда қолоқдир. Аммо Зулқарнайннинг шон-шавкатини, аскарлари ва имкониятларини кўрган ҳалиги қавм ундан фойда олишларига кўзлари етди ва ундан ўзларининг ҳожатлари учун ёрдам сўрашга шошилдилар.

قَالُوا يَا ذَا الْقَرْنَيْنِ إِنَّ يَأْجُوجَ وَمَأْجُوجَ مُفْسِدُونَ فِي الْأَرْضِ فَهَلْ نَجْعَلُ لَكَ خَرْجًا عَلَى أَن تَجْعَلَ بَيْنَنَا وَبَيْنَهُمْ سَدًّا۝

94. Улар: «Эй Зулқарнайн, албатта, Яъжуж ва Маъжуж ер юзида бузғунчилик қилувчилардир. Сенга харож берсак, биз билан уларнинг орасида тўсиқ қилиб берурмисан?» – дедилар. Ўша икки тоғ орасидаги бирон гапни англамайдиган қавм Зулқарнайнга Яъжуж ва Маъжуждан шикоят этдилар. Уларнинг ер юзидаги бузғунчиликларидан арз қилдилар. «Улар: «Эй Зулқарнайн, албатта, Яъжуж ва Маъжуж ер юзида бузғунчилик қилувчилардир...» Яъжуж ва Маъжуж ҳақида ҳам жуда кўп гаплар бор. Бу ҳам тахминий гаплардан иборатдир. Биз эса ўз одатимизча, Қуръони Каримдаги маълумотлар билан кифояланамиз. Шуниси хайрли. «Сенга харож берсак, биз билан уларнинг орасида тўсиқ қилиб берурмисан?» – дедилар». Мазкур қавм Зулқарнайндан, «Агар харож тўплаб берсак, ўша Яъжуж ва Маъжужлар билан бизнинг орамизга тўсиқ қуриб берасанми?» – деб сўрадилар. Шу билан уларнинг ҳужумларидан, бузғунчиликларидан қутулмоқчи бўлдилар. Зулқарнайн уларнинг бу саволига одоб билан жавоб берди:

قَالَ مَا مَكَّنِّي فِيهِ رَبِّي خَيْرٌ فَأَعِينُونِي بِقُوَّةٍ أَجْعَلْ بَيْنَكُمْ وَبَيْنَهُمْ رَدْمًا۝

95. У: «Роббим менга берган имконият яхшидир. Бас, менга куч ила кўмак беринг. Сиз билан уларнинг орасида бир девор қилажакман. Зулқарнайн қавм таклиф этган харож пулини олмасликка қарор қилди. «Менга сизнинг харожингизнинг кераги йўқ, «Роббим менга берган имконият яхшидир». Яъни «Аллоҳ таоло менга етарли мол-дунёни бериб қўйган. «Бас, менга куч ила кўмак беринг». Яъни «Ишчи кучи беринг. Ўша қурилишда ишласин», – деди. «Сиз билан уларнинг орасида бир девор қилажакман». Биз «девор» деб таржима қилган сўз Қуръони Каримда «радм» деб келган. Бу сўз икки нарсанинг орасига қуриладиган тўғон – тўсиқдан кўра кучли ва каттароқ алоҳида бир иншоот маъносини англатади. Сўнгра Зулқарнайн ўз сўзида давом этиб:

آتُونِي زُبَرَ الْحَدِيدِ حَتَّى إِذَا سَاوَى بَيْنَ الصَّدَفَيْنِ قَالَ انفُخُوا حَتَّى إِذَا جَعَلَهُ نَارًا قَالَ آتُونِي أُفْرِغْ عَلَيْهِ قِطْرًا۝

96. Менга темир парчаларини келтиринг», – деди. Ниҳоят, тоғнинг икки томонини баробарлаштирганда: «Дам уринглар!» – деди. Ниҳоят, уни (темир уюмини) ўт-оловга айлантиргач: «Олиб келинглар, устидан мис қуяман», – деди. Зулқарнайн мазкур қавм билан Яъжуж ва Маъжуж орасида радм – улкан ва мустаҳкам тўсиқ қура бошлади. Дастлаб: «Менга темир парчаларини келтиринг», – деди». Яъни одамларни темир топиб келишга буюрди. Улар олиб келган темир парчаларини ўша икки тоғ орасига тўплата бошлади. «Ниҳоят, тоғнинг икки томонини баробарлаштирганда: «Дам уринглар!» – деди». Яъни темир парчаларини тўплаб-тўплаб, икки тоғ орасини тўлдирдилар. Ундан кейин Зулқарнайн босқонлар билан дам уриб, темирларни қизитиб, эритишга киришди. «Ниҳоят, уни (темир уюмини) ўт-оловга айлантиргач: «Олиб келинглар, устидан мис қуяман», – деди». Яъни икки тоғ орасига тўпланган темирни босқонлар билан дам уриб, алангалатиб, эритиб, олов ҳолига келтирдилар. Ана шунда Зулқарнайн одамларига, «Энди эритилган мис олиб келинглар, олов бўлиб турган темир устидан қуяман», – деди. Мис аралашган темир янада мустаҳкам бўлиши яқинда кашф этилди. Демак, ўша замонда ҳам Зулқарнайн Аллоҳ унга берган илм орқали бу сирни яхши билган ва жуда мустаҳкам девор қуриб, ҳалиги қавмнинг Яъжуж ва Маъжужнинг ҳужумларидан сақланишига ёрдам берган.

فَمَا اسْطَاعُوا أَن يَظْهَرُوهُ وَمَا اسْتَطَاعُوا لَهُ نَقْبًا۝

97. Бас, унинг устига чиқа олмадилар, уни тешиб ҳам ўта олмадилар. Яъни Яъжуж ва Маъжужлар Зулқарнайн қурган радм – девор тўсиқ устига чиқа олмадилар ва улар уни тешиб ҳам ўта олмадилар. Зулқарнайнга Яъжуж ва Маъжуждан шикоят қилиб, ёрдам сўраган қавмлар омонликка эришдилар. Зулқарнайн ишни жуда ҳам пухта амалга оширган эди. Лекин мўмин инсон бўлмиш Зулқарнайн ўзи қурган бундай улкан иншоот ила фахрланмади. Мақтаниб, одамларга кўз-кўз ҳам қилмади. Балки одоб ва камтарлик билан:

قَالَ هَذَا رَحْمَةٌ مِّن رَّبِّي فَإِذَا جَاء وَعْدُ رَبِّي جَعَلَهُ دَكَّاء وَكَانَ وَعْدُ رَبِّي حَقًّا۝

98. У: «Бу Роббим тарафидан раҳматдир. Агар Роббимнинг ваъдаси келса, буни ер баробар қилур. Роббимнинг ваъдаси ҳақдир», – деди. Бу ҳақиқий мўминнинг гапи эди. Ҳақиқий мўмин етти иқлимнинг подшоҳи бўлиб, тарихда ҳеч кимнинг қўлидан келмаган ишни қилганда ҳам: «Бу Роббим тарафидан раҳматдир», – дейди. Ҳеч қачон «Мен қилдим, мендан бошқа одам қила олмас эди», – демайди. Шу билан бирга, ўзи қилган ишнинг бебақолиги, Аллоҳ таоло хоҳласа, уни бир зумда барбод этиши мумкинлигини доимо тан олиб юради. Шу жойда Зулқарнайн қиссаси тугайди. Қиссанинг сўнгида йўллари Садди Зулқарнайн билан тўсилган Яъжуж ва Маъжужлар ҳақида турли гаплар жуда ҳам кўп. Баъзилар: «Улар мўғул-татарлар», – дейдилар. Аввал бир неча бор такрорлаганимиздек, бу гапларнинг ҳаммаси уламоларнинг ижтиҳодларидир. Яъжуж ва Маъжуж ҳақида «Анбиё» сурасида ҳам «Ниҳоят, Яъжуж ва Маъжуж очилиб, улар ҳар бир тепаликлардан шошилиб келганларида», деган ояти карима бор. Шунингдек, имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи Суфёни Саврий розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутаҳҳаралари уммул мўминийн Зайнаб бинти Жаҳш онамиз қуйидагиларни айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйқуларидан юзлари қизарган ҳолларида «Арабларнинг ҳолига яқинлашган ёмонликдан вой бўлсин, бугун Яъжуж ва Маъжужнинг радми – саддидан мана шунча очилди», – деб турдилар, бош ва кўрсаткич бармоқларини халқа қилиб кўрсатдилар. Мен: – Эй Аллоҳнинг Расули, ичимизда аҳли солиҳлар бўла туриб, ҳалок бўламизми? – дедим. У киши: – Ҳа, агар ёмонлик кўпайса, – дедилар». Шунингдек, имом Муслим, имом Термизий, имом Ибн Можа, имом Аҳмад ва имом Абу Довудларнинг ривоятларида ҳам Яъжуж ва Маъжуж ҳақида хабарлар келган. Ақоид илми уламоларимиз Яъжуж ва Маъжуж ҳақидаги ояти карима ва ҳадиси шарифларни мукаммал ўрганиб, қуйидаги хулосани айтадилар: «Яъжуж ва Маъжуж жуда ҳам кўп сонли бир қавм бўлиб, уларнинг чиқишлари қиёматнинг аломатларидан биридир. Улар ер юзини фасодга ва харобга тўлдирадилар. Уларнинг қачон чиқишини эса Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди». Ушбу гаплардан бошқаси ўринсиздир. Зулқарнайн қиссасидан уламоларимиз кўплаб ҳикмат ва ибратларни чиқарганлар. Биз эса ушбу қиссада инсон бу дунёда каҳф эгаларига ўхшаб, сиёсий истибдодга, иймон учун қийин-қистов ва қувғин фитнасига, икки боғ эгасига ўхшаб, молу дунё, зебу зийнат фитнасига, Мусо алайҳиссаломга ўхшаб, илму маърифат фитнасига учраши мумкин бўлганидек, ҳукм ва ҳукмронлик, турли моддий ва маънавий устунлик имкониятлари фитнасига ҳам учраши мумкинлиги кўрсатилганига ишора қилмоқчимиз. Ана шундай синов даврида мўмин банда Зулқарнайндан ўрнак олиши лозимлиги Қуръон таълимотидир. Аллоҳ таоло Зулқарнайнга мағрибу машриқ ва яна бошқа тарафларнинг салтанатини берса ҳам, ҳовлиқиб кетмади. Ўша ердаги қавмлар устидан хоҳлаган ҳукмини чиқариш ихтиёрини берса ҳам, яхшиларга яхшилик қилишга, ёмонларни азоблашга қарор қилди. Хоҳлаганини азоблаб, хоҳлаганини мукофотламади. Ўзининг ишларини Аллоҳнинг лутфи-марҳамати ила бўлмоқда, деб, тўғри тушунди. Юртидаги кишиларни турли ёмонликлардан ҳимоя этишга ҳаракат қилди. Кейинги оятда Зулқарнайн қиссасига хотима ясалади:

وَتَرَكْنَا بَعْضَهُمْ يَوْمَئِذٍ يَمُوجُ فِي بَعْضٍ وَنُفِخَ فِي الصُّورِ فَجَمَعْنَاهُمْ جَمْعًا۝

99. Ўша Куни уларни бир-бирлари ила мавж урган ҳолларида тарк этдик ва дудга пуфланди. Бас, уларнинг ҳаммаларини жамладик. Яъни «Қиёмат куни турли миллат, қавм ва жамоаларга мансуб кишилар ҳайрон ҳолларида мавж урадилар. Дуд чалинганда, ҳаммаларини бир жойга тўпладик». ("Тафсири ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat