Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ал Ҳаким ат Термизий раҳимаҳуллоҳ ҳақларида

22:14 / 26.03.2017 | Muhammadkarim | 1311

Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар, мен Википедия сахифасидан сўфизм уламоларидан бўлмиш Ал Хаким ат Термизий раҳимаҳуллоҳ ҳақларида бир маълумотни ўқиб қолдим. У ерда ёзилишича ул Ҳазрат авлиёларни пайғамбарлар даражасига олиб чиққанмиш ва шу билан ўша вақтдаги фақиҳларни ва ҳукуматнинг норизолигига учраб юртни ташлаб кетишга мажбур бўлган эканлар. Саволим шундан иборатки: 1). Википедияда келган бу жумлалар қанчалар ишонарли? Агар тўғри бўлса шу гаплар, бу тенглаштиришликни қандай тушуниш керак?
2). Ал Хаким ат Термизий раҳимаҳуллоҳ ҳақларида озроқ маълумот берсангизлар илтимос.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! 1). Бизда бу каби маълумотлар йўқ. 2). Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн ал-Ҳасан ибн Башир ал-Ҳаким ат-Термизийнинг таржимаи ҳолига оид маълумотлар ўрта аср араб муаллифларидан Тожуддин ас-Субкий, ал-Хатиб ал-Бағдодий, Ибн Ҳажар ал-Асқалоний, ас-Сулламий ва бошқалар асарларида келтирилган. Абдулфаттоҳ Абдуллоҳ Барака ал-Ҳаким ат-Термизийни ҳижрий 205 (мелодий 820) йилда Термиз шаҳрида таваллуд топиб, узоқ умр кўриб, ҳижрий 320 (мелодий 932) йилда 112 ёшида вафот этганлиги ҳақида ёзади. Унинг мақбараси Термиз шаҳрининг яқинида Амударё бўйида жойлашган. Отаси Али ибн ал-Ҳасан ўз даврида ҳадис илмининг кўзга кўринган олимларидан бири сифатида машҳур бўлган. Араб тарихчиси ал-Хатиб ал-Бағдодий ўзининг машҳур «Тарихи Бағдод» («Бағдод тарихи») номли асарида ёзишича, у мусулмон оламининг энг йирик марказларидан саналган Бағдод шаҳрида бўлиб, ўша даврнинг машҳур олиму уламолари билан ҳадис илмининг турли масалалари бўйича қизғин баҳс ва мунозараларда иштирок этган. Айни вақтда шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ал-Ҳаким ат-Термизийнинг илмий камолотида унинг отаси Али ибн ал-Ҳасаннинг хизматлари бениҳоя катта. Чунончи, у ўз фарзанди учун нафақат меҳрибон ва ғамхўр ота, балки унга нисбатан талабчан мураббий ва маърифатли устоз мақомида ҳам бўлган. Отаси вафотидан кейин ал-Ҳаким ат-Термизий ўз шаҳридаги етук олимлардан асосан тафсир, ҳадис ва фиқҳ илмларидан сабоқ олади. Фаридуддин ал-Атторнинг ёзишича, ёши йигирма еттига етганда ал-Ҳаким ат-Термизий икки ўртоғи билан ўша пайтда бутун Шарқда илму маърифатнинг энг йирик марказларидан бири саналган Бағдодга бориб илм олишни ният қилганда бирдан онаси бетоб бўлиб қолади. АЛ-ҲАКИМ АТ-ТЕРМИЗИЙНИНГ УСТОЗЛАРИ 1. Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг биринчи устози, юқорида зикр этилганидек, унинг отаси Али ибн ал-Ҳасан ат-Термизий эди. 2. Қутайба ибн Саъийд ас-Сақафий 3. Солиҳ ибн Абдуллоҳ ат-Термизий. 4. Солиҳ ибн Муҳаммад ат-Термизий. Аҳмад ибн Ҳизравайҳ. 5. Абу Туроб ан-Нахшабий. У кишининг бундан бошқа устозлари ҳам бўлган. АЛ-ҲАКИМ АТ-ТЕРМИЗИЙНИНГ ШОГИРДЛАРИ У кишининг кўплаб шогирдлари бўлиб, шулардан машҳурлари қўйидагилар: 1. Абу Муҳаммад Яҳя ибн Мансур ал-Қозий 2. Абу Мансур Али ибн Абдуллоҳ ибн Холид аз-Зуҳлий ал-Ҳиравий 3. Абу Али ал-Ҳасан ибн Али ал-Журжоний 4. Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Исо 5. Абу Бакр Муҳаммад ибн Умар ал-Ҳаким ал-Варроқ 6. Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Муҳаммадибн ал-Ҳайсам ибн Умрон ибн Бурайда. АЛ-ҲАКИМ АТ-ТЕРМИЗИЙ АСАРЛАРИ Ал-Ҳаким ат-Термизий қаламига мансуб асарлар ҳақида ёзган муаллифлар унинг асарларининг сони ҳақида турли рақамларни келтирганлар. Баъзиларининг фикрига кўра унинг асарларининг сони тўрт юзтага яқин бўлса, яна бошқалар ал-Ҳаким ат-Термизий саксонта ёинки қирқта асар яратганлиги ҳақида ёзганлар. Мана шу асарлардан энг аввало пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадисларига бағишланган «Наводир ал-усул фи маърифат ахбор Расул» («Расулуллоҳ хабарларини билишда нодир усуллар») номли асарини айтиш керак. Бу асар шунингдек «Салват ал-орифийн ва бўстон ал-муваҳҳадийн» («Орифлар овунчоғи ва Аллоҳнинг ягоналигига ишонувчилар бўстони») номи билан ҳам аталади. Бу асар ҳижрий 1294 (мелодий 1876) йилда Қустантийнияда чоп этилиб, ўзи танлаб олган 291 ҳадисдан иборат ушбу китобда ал-Ҳаким ат-Термизий ўз мазҳабий қарашларини муфассал ҳолда шарҳлаган. Мазкур асарнинг бир қўлёзма нусхаси Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг кутубхонасида сақланади. Яна бир қўлёзмаси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланади (№ 10842). Алломанинг кейинги йилларда нашр этилган асарларидан тасаввуфга оид икки асарини кўрсатиш мумкин. Улардан бири «Китоб ҳақийқат ал-одамиййа» («Инсоният ҳақиқати тўғрисида китоб») ва иккинчиси «Адаб ун-нафс» («Нафс одоби») номли асаридир. Ал-Ҳаким ат-Термизий асарларининг аксар қисми қўлёзма ҳолда жаҳоннинг йирик шаҳарларидаги қўлёзмалар хазиналарида сақланади. Уларни бир қадар шартли равишда беш гуруҳга (мажмуага) бўлиш мумкин. Алломанинг асарлари Париж, Қоҳира, Дамашқ, Искандария, Стамбул ва Лондон каби шаҳарлардаги қўлёзмалар жамғармаларида сақланади. Париж Миллий кутубхонасида (араб бўлими, 5018 рақамида) ал-Ҳаким ат-Термизийнинг қуйидаги ўн иккита асарининг қўлёзмалари сақланади: 1. «Китоб ус-салот ва мақосидуҳо» («Намоз ва унинг мақсадлари»). 2. «Китоб ул-ҳажж ва асрориҳи» («Ҳаж ва унинг сирлари»). 3. «Китоб ул-иҳтийотот» («Эҳтиёткорлик йўллари»). 4. «Китоб ул-жумал ал-лозим маърифатиҳо» («Билиш лозим бўлган жумлалар»). 5. «Китоб ул-фуруқ ва манъ ут-тародуф» («Фарқлар ва тародуф (кетма-кетлик)ни ман қилиш»). 6. «Китоб Ҳақийқат ул-одамиййа» («Инсоният ҳақиқати тўғрисида китоб»). 7. «Китоб Урс ул-муваҳаддийн» («Якка худога эътиқод қилганларнинг завқи»). 8. «Китоб ул-аъзо ван нафс ва йусаммо казолика ғавр ул-умур» («Аъзолар ва жон ёки ишларнинг моҳияти ҳақида китоб»). 9. «Китоб Манозил ал-ибод мин ал-ибодати» («Бандаларнинг бандачиликдаги манзиллари ёхуд Аллохга интилувчиларнинг манзиллари ҳақида китоб»). 10. «Китоб ул-ақл вал-ҳаво» («Ақл ва ҳавойилик ҳақида китоб»). 11. «Китоб ул-Амсол мин ал-Китоб вас суннат» («Қуръон ва суннатдаги масаллар китоби»). 12. «Китоб ал-маноҳий» («Раддиялар ҳақида китоб»). Дамашқ (Аз-Зоҳирия кутубхонаси,  Тасаввуф  104 рақамида) мажмуаси икки китоб ва бешта рисоладан иборат. Улардан бири Китоб ар-Рийазат ёинки «Китоб Ҳақийқат ул-Одамиййа» («Рийазат ёки Инсоният ҳақиқати тўғрисидаги китоб»). Унинг қўлёзмаси, юқорида зикр қилганимиздек, Париж мажмуасида ҳам, шунингдек, Стамбул мажмуасида ҳам мавжуд. Аммо иккинчи қўлёзма «Китоб ул-Акйос вал-муғтарийн» («Зийраклар ва алданганлар ҳақида китоб») номли бўлиб ушбу асарнинг ягона қўлёзмаси ҳисобланади. Миср Араб Республикасининг йирик шаҳарларидан бири Искандариййа (Мактабат ал-Баладиййа, 3585 ж) мажмуасида ал-Ҳаким ат-Термизийнинг учта рисоласи сақланади: 1. Ал-Масоил ал-макнуна («Яширилган масалалар»). 2. Таҳсийл назоир ал-Қуръон («Қуръон ибратларини ўрганиш»). 3. Китоб Радд аълол-Муаттила («Ал-Муаттилийларга[16] раддия китоби»). Ал-Искандариййа мажмуасида мавжуд ушбу рисолаларга яна алломанинг «Китоб ул-Фуруқ» («Фарқлар ҳақидаги китоби»)ни (Мактабат ал-Баладиййа, 3585 ж) ҳам қўшиш мумкин. Мазкур асарнинг бир нусхаси, аввалроқ зикр қилганимиздек, Париж мажмуаси таркибида сақланади. Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг Лондон мажмуасига кирган асарлари қуйидагилардан иборат бўлиб, улар асосан аллома Шестарбити тасарруфидаги асарлардир: 1. «Китоб ур-риёзати» («Риёзат ҳақидаги китоб»). Ушбу асарнинг бошқа нусхалари Париж, Дамашқ ва Стамбул мажмуаларида ҳам сақланади. 2. «Мухтарот мин китоб ас-Сафо» («Китоб ус-Сафо асаридан танлаб олинган қисмлар»). 3. Бир рисола (номи кўрсатилмаган). 4. «Адаб ун-нафс» («Инсоннинг одоби»). 5. «Масалат ул-иймон ва ислом вал иҳсон» («Иймон, ислом ва эҳсон масалалари»). Қоҳирадаги «Дор ул-кутуб ал-илмиййа»да сақланадиган қўлёзма ал-Ҳаким ат-Термизийнинг «Илал ал-Убудиййа» ёинки «Илал аш-шарийъа» («Шарийъат далиллари») номли асарининг нусхаси бўлиб, аслида бу рисола алломанинг «Китоб ус-Салот» («Намоз ҳақидаги китоб») асарининг қисқартирилган шаклидир. Лейпциг мажмуасида сақланадиган атиги ягона китоб ал-Ҳаким ат-Термизийнинг «Ад-Дур ал-макнун» («Бекитилган марварид») асари бўлиб, у ҳаётда юз берган ва юз бериши эҳтимоли бўлган воқеаларга боғлиқ ҳадислар мажмуасидан иборат. Стамбул шаҳридаги Аё-сўфиё кутубхонасида мавжуд қўлёзма нусха алломанинг «Китоб ал-Фуруқ» асарининг қўлёзмаси бўлиб, бу асарнинг бошқа нусхалари Париж ва ал-Искандариййа шаҳарларидаги мажмуаларда сақланиши ҳақида аввалроқ айтиб ўтилди. Аллома ал-Ҳаким ат-Термизийнинг бизгача етиб келган асарларидан бири «Хатм ул-авлиё» (бу асар баъзи манбаларда, хусусан, ал-Ҳужвурийнинг «Кашф ул-маҳжуб» номли асарида «Хатм ул-валоят» шаклида келтирилган) бўлиб, унда тасаввуф тарихида биринчи маротаба «валоят-валийлик» назариясига ва бунинг асосида «ал-ҳакимия» мактабига асос солинган. Ушбу асарда келтирилган фикр-мулоҳазалар Термиз аҳлининг баъзи кисмлари ўртасида кескин эътирозга ҳам сабаб бўлиб, натижада ал-Ҳаким ат-Термизий она шаҳри Термиздан бадарға қилиниб, бир қанча муддат Балхда ҳам яшаган. Узоқ йиллар давомида йўқолган китоблардан ҳисобланган «Хатм ул-авлиё» 1965 йили Ливаннинг пойтахти Байрутда Париж илмий тадқиқотлар маркази исломий маданият бўлимининг аъзоси Усмон Исмоил Яҳё томонидан нашр этилди. Валийликнинг ҳаққонийлиги, шунингдек, унинг нубувват ва рисолат билан боғлиқ бўлган жиҳатлари «Хатм ул-авлиё» китобининг бош мавзуси ҳисобланади. Муқаддима ва 29 фаслда мурид ва шайх ўртасида бўлиб ўтган савол-жавоб тарзида таълиф этилган. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat