Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Нафақа

00:00 / 09.03.2007 | eski savollar | 3872

Ассалому алайкум шайх хазратлари , сиз ёзган китоблар бизни мамнун этади , яқинда “Васатия-ҳаёт йўли “ китобингизни ўқиб озми –кўпми хатоларимизни тушундик бу ёзган ва ёзаётган китобларингиз учун сизга ташаккур. Аллоҳ умрингизни зиёда қилиб ,Ўз илмидан сиз сабаб бизларни кўпроқ бахраманд қилсин !Шайх хазратлари сизга ўзимда пайдо бўлган бир неча саволларни бермоқчиман.Жавоблар учун олдиндан сизга раҳмат. 1.Намозда “Аллоҳу Акбар “ дан сўнг қўлни кийим устидан боғлаб ҳам намоз ўқишлик мумкинми? 2.Талаба ўқишда ўқиш давомида агар ота ҳаёт ,соғлиғи жойида бўлса талабага оила нафақаси вожиб бўладими? 3.Аллоҳнинг исми ва сифатлари ҳақида батафсил маълумот берсангиз.Жалла ва Жаллолуҳуни қандай тушуниш керак? Уларни айтиб юришнинг фазилати қандай? Баъзи исмлари билан баъзи бандаларини атаса бўладими, бўлса улар қайсилар? 4. Пора ҳақида тўлиқроқ маълумот берсангиз. 5.Муҳаммад (с.а.в.) исмлари ҳақида маълумот барсангиз. Уларни қўйишнинг фазилати қандай?


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

– Ва алайкум ассалом! 1.Намозда “Аллоҳу Акбар “ дан сўнг қўлни кийим устидан боғлаб ҳам намоз ўқишлик мумкинми?
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«У киши: «Суннат - намозда кафтни кафт устига қилиб киндикнинг остига қўйиб туришдир», деди».
Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилганлар.
Ушбу ривоятни Ҳанафий мазҳабида татбиқ қилинган. Буни бошқа кўпчилик уламолар ҳам қўллаганлар.
2. Талаба ўқишда ўқиш давомида агар ота ҳаёт ,соғлиғи жойида бўлса талабага оила нафақаси вожиб бўладими?
Талаба ўзи оила бошлиғи бўлмаса унга нафақа вожиб бўлмайди.
3. Аллоҳнинг исми ва сифатлари ҳақида батафсил маълумот берсангиз.
Жалла ва Жаллолуҳуни қандай тушуниш керак? Уларни айтиб юришнинг фазилати қандай? Баъзи исмлари билан баъзи бандаларини атаса бўладими, бўлса улар қайсилар? Бу масала «Сунний ақийдалар» китобида ёритилган. Мазкур китобни ўқишни тавсия қилинади.
4. Пора ҳақида тўлиқроқ маълумот берсангиз.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳукмда пора берувчини ва пора олувчини лаънатладилар».
Абу Довуд, Аҳмад ва Термизий саҳиҳ санад ила ривоят қилган.
Пора араб тилида ришва деб аталиб, шаръий истилоҳда, ҳақни йўққа чиқариш ва ботилни юзага чиқариш учун бериладиган нарсага айтилади. Мисол учун бировнинг бир нарсада ҳақи бор, ўша ҳақни олиш учун ҳокимнинг ҳукмига қараб турибди. Иккинчи бир одам келиб ўзи ҳақдор бўлмаса ҳам ҳокимга пул бериб, ўз фойдасига ўша нарсани беришни сўрайди. Ҳоким ўша ишни қилса, ҳақдорнинг ҳақи поймол қилиб, ноҳақдан биров фойдасига ҳукм қилган бўлади. Кўриниб турибдики, бу ҳолатда пора берувчи ҳам, пора олувчи ҳам ноҳақ иш қилмоқда, бировнинг ҳаққига хиёнат қилиб ўз фойдасини кўзламоқда. Ушбу ҳаром ишни қилганлари учун Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам икковларини ҳам лаънатламоқдалар. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг лаънатлари жуда оғир жазодир. Чунки, лаънат бировнинг Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлишини сўрашдир. Аллоҳнинг маҳбуб Расули Аллоҳдан сўраган нарса бўлмай қолмаслиги ҳаммага маълум.
Одатда пора олувчини қоралаш маъносида кўп гапирамизу, пора берувчи тўғрисида гапирмаймиз. Ҳолбуки, ушбу ҳадиси шарифди пора берувчи олдин зикр қилинмоқда. Чунки, пора деб номланган иқтисодий, ахлоқий, ижтимоий жиноятни бошловчи пора берувчидир. Бошқа ҳолларда кўпроқ тамаъ қилгани учун пора берувчи мажбур бўлиб берганини этиборга олганга ўхшаб кўринамиз. Аммо ўша «мажбур» бўлиш ҳам икки хил бўлади. Бу ҳолда пора берувчини қандоқ қилиб узрли дея олишимиз мумкин? Ҳеч мумкин эмас. Ундоқ пора берувчи пора олувчига қўшилиб лаънатга дучор бўлишида ҳеч шубҳа йўқ. Иккинчи ҳолатда пора берувчи порахўрнинг танаси туфайли ўз ҳаққига эришиш учун пора беришга мажбур бўлади. Баъзи тобеинлар ва уламолар ушбу ҳолатда пора берувчи узрли ҳисобланади, лаънатга учрамоқлиги умид қилинади, деганлар. Лекин, бошқа баъзи уламоларимиз бу ҳолатда ҳам пора берувчи узрли ҳисобланмайди, деганлар. Ушбу масалада келган бошқа ҳадиси шарифда учунчи бир шахс-пора берувчи билан пора олувчи ўртасида турган воситачи ҳам лаънатланган.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилган ҳадиси шарифда: 
«Аллоҳ пора берувчини, пора берувчини ва икковлари ўртасида юрувчи порасини лаънатласин», дейилган.
Порахўрлик қанчалик ёмон иллат эканини ҳамма яхши билади. Ҳаммадан ҳам кўра бу ишнинг ёмонлигини мусулмонлар яхши биладилар. Чунки, бу иш улар учун нафақат бу днёга, балки, охиратга ҳам тегишли масаладир. Аммо, минг афсуслар бўлсинким, кўпгина жамиятларда инсонлар порахўрлик балосидан жафо чекмоқдалар. Порахўрлик туфайли ботил ҳақнинг устидан, нопоклик поклик устидан, зулум адолат устидан, хиёнат омонат устидан, харомхўрлар покиза инсонлар устидан ғолиб келмоқдалар.Инсонлар бу балодан қутилишлари учун Аллоҳнинг бекамикўст, мукаммал дини Исломга юзланишлари лозим. Илоҳий, мутлоқ адолатли, омонатли, пок тузум бўлмиш Исломи тузумда яшамоқлари лозим. Ана шундагина бошқа кўплаб муаммолар қатори порахўрлик муаммоси ҳам тугаб битади, иншааллоҳ.
5. Муҳаммад (с.а.в.) исмлари ҳақида маълумот барсангиз. Уларни қўйишнинг фазилати қандай?
Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга бешта исмни айтдилар;
«Мен Муҳаммадман. Мен Аҳмадман. Мен Моҳийман, Аллоҳ мен ила куфрни маҳв этур. Мен Ҳоширман, Аллоҳ менинг икки қадамим олдига одамларни ҳашр этур. Мен Оқибман», дедилар»
.
Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзларининг асосий исмларига қўшиб яна тўртта сифатларидан келиб чиқадиган исмларини ҳам тилга олмоқдалар:
1. Муҳаммад.Бу муборак исмнинг луғавий маъноси ҳамд-мақтов айтилгандир. Араб тилининг хусусиятларидан келиб чиқиб тилшунос уламолар, айни шу сийғадан, Муҳаммад сийғасидан, мақтови тинмай янгиланиб турувчи деган маъно чиқади, дейдилар.
Тарихчилар ривоят қилишларича, Омина онамиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳомиладорлик вақтларида туш кўрганларида болалари туғилгандан «Муҳаммад» деб номлашлари кераклиги айтилган экан. Шунингдек, Абдулмутталиб ҳам тушида ўз сулбидан одатдагидан бошқа улуғ мақомга сазовор бўладиган фарзанд туғилишига ишорат қилувчи ҳолатни кўрган экан. Икки тушнинг тасирида ва келиннинг гапига биноан Абдулмутталиб набирасини Муҳаммад деб номлаган экан.
Тарихчиларнинг таъкидлашларича, ўша вақтгача арабларнинг ичида фақат уч кишига Муҳаммад исмини қўйилган экан. Бир гуруҳ кишилар бир подшоҳнинг ҳузурида бўлишибди. У аввалги китоблардан хабардор экан. Подшоҳ суҳбат давомида Ҳижоз томондан Муҳаммад номли пайғамбар чиқишининг хабарини айтди. Меҳмонлар ичидан уч кишининг хотинлари ҳомиладор экан. Учовлари ҳам, хотиним ўғил туғса исмини Муҳаммад қўяман, деб ният қилибдилар. Уларнинг хотинлари ўғил туғибди. Фарзандларни яхши ният билан Муҳаммад деб номлабдилар.Улар қуйидаги кишилар эканлар; Муҳаммад ибн Сулаймон ибн Мужошеъ, Муҳаммад ибн Аҳижжа ал-Жаллоҳ ва Муҳаммад ибн Ҳимрон ибн Робийъалар.
2. Аҳмад.Бу муборак исмнинг маъноси кўп ҳамд айтувчидир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таолога кўп ҳамд айтишларига ишорат. Аввалги самовий китоблардаги башоратларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни фақат манашу, Аҳмад исмлари келган.
3. Моҳий.
Бу исмнинг маъносини Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ўзлари «Мен Моҳийман, Аллоҳ мен ила куфрни маҳв этур» деб баён қилиб бермоқдалар. Биз маҳв этишни ҳозирги пайтдаги кўпроқ ишлатиладиган маъносини оладиган бўлсак, ўчириб ташлаш маъноси тўғрироқ келса керак. Яъни, Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ила куфрни ўчириб ташлайди.
4. «Мен Ҳоширман, Аллоҳ менинг икки қадамим олдига одамларни ҳашр этур». Яъни, Аллоҳ таоло қиёмат куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадамлари олдига ҳашр майдонида халойиқни тўплайди.
5. Оқиб.
Бу муборак исмнинг маъноси ортдан келувчи деганидир. Чунки Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамма пайғамбарларнинг ортидан охирги пайғамбар бўлиб келганлар, у кишидан кейин ҳач пайғамбар келмайдир.

Топ рейтинг www.uz Openstat