Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

«Мудаллас» ҳадиси қандай ҳадислар таркибига киради?

00:00 / 23.02.2010 | eski savollar | 2087
Ассалому алайкум шайх жаноблари! Сизга ҳамда аҳли оилангизга Аллоҳнинг баракоти ёғилсин! Саволим қуйидагича: «мудаллас» ҳадиси қандай ҳадислар таркибига киради? Жавоб учун раҳмат.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

- МУДАЛЛАС ҲАДИС Тадлийснинг таърифи.А). Мудаллас сўзи луғатда «тадлийс» масдаридан олинган мафъулдир. Тадлийс сўзи эса, луғатда ҳаридордан савдо молининг айбини беркитишни англатади. Тадлийс сўзи аслида, «далас»дан олинган бўлиб, зулмат ёки қоронғиликни аралашиб кетишидир. Бу маънони Ферузободийнинг «Қомусул муҳийт» китобида айтилган. Бундан мудаллас ҳадис деганда, ҳадисни ривоят қилувчи шахс, унинг ишини зулматга қўйди, деган маъно чиқади. Яъни, беркитиб, қоронғуликка қўйди. Шу сабабдан, бу ҳадис мудаллас бўлиб қолди, деб айтилади. Б). Истилоҳда эса, мудаллас санаддаги айби махфий тутилган ва сиртдан кўринишини яхшилашга уринилган ҳадисдир. Таърифнинг шарҳи. Муддалис – тадлийс қилувчи санаддаги айбни беркитишга уринади. У айб санаддаги инқитоъ-кесилишдан иборат эди. Мудаллис ўз шайхини тушириб қолдиради ва шайхининг шайхидан ривоят қилади. Ҳамда ҳийла билан ўша шайхнинг туширганини махфийлаштиради. У санаднинг зоҳирини яхшилайди, одамларга муттасил бўлиб кўринишини ҳаракатини қилади.Тадлийснинг қисмлари. Тадлийснинг икки қисми бўлиб, биринчиси санадни тадлийсини қилиш, иккинчиси шайхларни тадлийс қилишдир. Санаднинг тадлийси. Ҳадис уламолари тадлийснинг ушбу навини бир неча таърифлар билан таърифлаганлар. Уларнинг ичидан энг дақиқ, нозик ва саҳиҳроғи Аҳмад ибн Амр Баззор ва Абулҳасан ибн Қаттон номли икки имомнинг таърифларидир. У таъриф қуйидагидан иборат.А). Мудаллас ровий ўзи, эшитмаган кишидан эшитганини зикр қилмасдан ривоят қилган ҳадисдир. Б). Таърифнинг шарҳи. Тадлийс қилинганда, ровий ўзи баъзи ҳадисларни эшитган шайхдан ривоят қилади. Лекин ҳозирги тадлийс қилинаётган ҳадисни ундан эшитмаган бўлади. Уни бошқа бир шайхдан эшитган. Лекин уни тушириб қолдириб, аввалги шайхни номини зикр қилади ва бу ердаги ривоятида ундан ёки ундан бошқадан ҳам эшитиши мумкинини ифода қиладиган лафзларни қўллайди. Мисол учун, (айтди) ёки (фалончидан) дейди. Лекин у очиқ-ойдин эшитдим, менга сўзлаб берди каби гапларни айтмайди. Агар айтса, каззоб бўлиб қолади.Тадлийс қилувчи одам, қасддан бир кишини тушириб қолдириши ҳам мумкин ёки биттадан ортиғини тушириб қолдириши ҳам мумкин.В). Мудаллас ҳадис билан махфий ирсол ўртасидаги фарқ. Абулҳасан ибн Қаттон юқорида зикр қилинган таърифни айтиб ўтганидан сўнг, мудаллас билан махфий ирсол ўртасидаги фарқ шуки, махфий ирсолни эшитмаган одамдан ривоят қилинади. Бу гапнинг изоҳи шуки, мудаллис (тадлис қилувчи) билан мурсил (ирсол) иккиси ҳам бир шайхдан эшитмаган нарсасини ривоят қилишади. Шу билан бирга, ривоят қилишларида эшитишни ёки бошқа нарсани эҳтимолини кўтарадиган, икки тарафга бурса бўладиган лафзни ишлатишади. Лекин мудаллис, ўша шайхдан тадлийс қилинаётган ҳадисдан бошқа ҳадисни эшитган бўлади. Мурсил эса, махфий ирсол қилаётган бўлса, мазкур шайхдан ҳеч нарсани эшитмаган бўлади. Ўзи ирсол қилган ҳадисларни ҳам, бошқа ҳадисларни ҳам эшитмаган бўлади. Фақат ўша одам яшаган асрда яшаган ёки у билан бирор ерда учрашган бўлиб, ҳадис ривоятида алоқалари йўқ бўлади.Д). Мудаллас ҳадиснинг мисоли. Ҳоким Али ибн Хашрамга етиб борадиган санади билан, бизга Ибн Уяйна, Зуҳрийдан, деди. Шунда ундан, сен Зуҳрийдан эшитдингми, деб сўралди. Бас, Ибн Уяйна йўқ, Зуҳрийдан эшитган одамдан ҳам эшитганим йўқ, деди. Менга Абдурраззоқ айтиб берди, у Маъмардан, у Зуҳрийдан, деб туриб ҳадисни келтирди. Мана шу мисолда Ибн Уяйна ўзи билан Зуҳрий орасида икки кишини туширган.Тасвия тадлийси.Бошқача қилиб айтганда, текислаш, ростлаш ва баробарлаштириш тадлийси. Тадлийснинг бу тури санаднинг тадлийси турларидан биридир.А). Унинг таърифи. Тасвия тадлийси ровий ўз шайхидан ривоят қилиш билан бирга бир-бири билан учрашган икки ишончли ровий орасидаги заиф ровийни тушириб қолдиришидан иборатдир. Ровий ишончли шайхдан бир ҳадисни ривоят қилади. Мазкур ишончли киши заифдан ривоят қилган бўлади. Ўша заиф ровий эса, сиқадан (ишончли киши) ривоят қилган бўлади. Ана шу икки сиқа ровийлар бир-бирлари билан учрашган одамлар бўлади. Мудаллис келиб, ҳадисни биринчи сиқа одамдан эшитганман, деб айтади. Кейин санаддан заифни тушириб юбориб, санадни сиқа шайхга улаб кетади. Улаши туфайли икки сиқанинг орасидан битта заифни тушириб қолдиради. Ўша пайтда санаддаги ровийларнинг барчаси сиқа эканини ифода қилувчи лафзни ишлатиб, фақатгина сиқалар ривоят қилган экан, деган ҳолга келтириб қўяди. Тадлийснинг мана шу тури энг ёмон туридир. Чунки, бунда биринчи сиқа, тадлийс билан маъруф бўлмаган бўлиши мумкин. Буни санадни ўрганган одам билади. Шуниндек, тасвиядан кейин гоҳида, уни бошқа бир сиқадан ривоят қилиши мумкинки, шунга ишониб қолган одамлар бу ҳадис саҳиҳ экан, деган қарорни чиқариши мумкин. Аслида эса, бу ерда катта ноаниқлик бор.Б). Тасвия қилувчиларнинг энг машҳурлари. Улар икки кишидир: Биринчиси Бақияя ибн Валиддир. Абу Мусҳир унинг ҳақида, Бақияянинг ҳадислари покиза эмасдир. Ундан сақлангин, деган. Иккинчиси Валид ибн Муслимдир. В). Тасвия тадлийсига учраган ҳадисига Мисол. Ибн Абу Ҳотим ўзининг «ал-Илал» номли китобида келтиради: Мен отамдан эшитдим, деди-да, Исҳоқ ибн Роҳавайҳи, Бақияядан ривоят қилган ҳадисни зикр қилди. Кейин менга Абу Ваҳб Асадий, Нофеъдан, у Ибн Умардан ҳадис айтди:«Бир одамнинг ҳақиқий фикрини билмай туриб, Исломини мақтаманглар». Отам айтди: «Мана шу ҳадиснинг ўзига хос иши бор. Лекин уни тушунадиганлар камдир. Бу ҳадисни Убайдуллоҳ ибн Амр, Исҳоқ ибн Абу Фарвадан, у Нофеъдан, у Ибн Умардан, у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган. Убайдуллоҳ ибн Амр сиқадир. Унинг куняси Абу Ваҳбдир. Ўзи Асадийдир. Уни Бақияя шундай кунялаган ва Бани асадга нисбат берган. Буни Исҳоқ ибн Фарвани тарк қилса ҳам, биров билмай қоладиган бўлиши учун қилган».Шайхларни тадлийс қилиш.А). Шайхларни тадлийс қилишнинг таърифи. Ровий ўзи ундан ҳадис эшитган бир шайхдан ривоят қилади. Унинг шахсини яшириш учун танилмаган исмини ёки кунясини ёки насабини айтади ёхуд танилмаган сифати билан сифатлайди. Таърифнинг шарҳи: Ровий шайхни тадлийс қилаётган бўлса, бир шайхдан ўзи эшитган ҳадисни ривоят қилади. Яъни, бу ҳадисда ровийни тушириб қолдириш йўқ. Лекин бу ерда бўяб кўрсатиш ва шайхнинг исмини ёки кунясини ёки насабини ёки сифатини беркитиш бор. Буни тушуниб олиш учун қуйидаги мисолни келтиришимиз мумкин. Шайхнинг исми Маҳмуд ибн Аҳмад Тоҳҳан.Унинг куняси Абу Ҳафс.Нисбати Тоҳҳан. Сифати соқолининг оқлиги. Мудаллис менга айтди, деб сўз ўйини қилади; 1. Ибн Аҳмад. ёки 2. Абу Суҳайл.ёки 3. Маҳмуд Ҳалабий.ёки 4. Оқ соқоллик. Мана шу ҳолатда тадлийс қилувчи ўша шайхдаги бор нарсаларни айтади. Лекин унинг таниладиган сифатларини айтмасдан, танилмаган гаплар билан шарҳлаб одамлардан айбини беркитади. Чунки, шайхида айби бор бўлиб, у заиф ёки ёши кичик ёки бундан бошқа айби бўлиши мумкин.Б). Шайхларни тадлийс қилишнинг мисоли: Абу Бакр ибн Мужоҳид, деган қориларнинг имомларидан бири, Абу Довуд Сижжистонийни Абдуллоҳ ибн Абу Абдуллоҳ бизга айтди, деган экан. Ҳолбуки, у киши барчага Абу Довуд номлари билан танилганлар. Тадлийснинг ҳукми: А). Санадни тадлийс қилиш жуда ҳам қаттиқ макруҳдир. Уни кўп уламолар мазаммат қилганлар. Шўъба тадлийсни энг кўп танқид қиладиган кишилардан эди. У ҳадисни тадлийс қиладиганлар ҳақида ҳар-хил гапларни айтган. Мисол учун, тадлийс ёлғоннинг акасидир, деган.Б). Тасвия тадлийси эса, санад тадлийсидан ҳам карохҳти шиддатлироқ ишдир. Ҳатто Ироқий, «Ким тадлийси тасвия билан қасддан шуғғиланган бўлса, айбдор бўлиб қолади», деган. В). Шайхларнинг тадлийси санаднинг тадлийсидан кўра кароҳияти енгилроқ ишдир. Чунки, мудаллис бу ерда бирор кишини тушириб қолдиргани йўқ. Кароҳат бўлиши ривоят қилинаётган шахсни зое қилиш сабабидан бўлади. Уни эшитган одам қандай қилиб таниб олиши оғир бир йўлга айланиб қолади. Бунинг кароҳати тадлийс қилувчининг ғаразига қараб ҳар-хил бўлади.9. Тадлийсга олиб борадиган ғаразлар. А). Шайхларни тадлийс қилишга олиб борадиган ғаразлар тўрттадан иборатдир:1. Шайхнинг ҳадис ривоят қилишда заиф бўлгани ёки ишончли бўлмагани сабабидан уни тадлийс қилинади.2. Шайхнинг вафоти кечга қолиб кетгани сабабидан шогирди у билан бирга бошқа жамоатдан ҳадис эшитадиган ҳолатга келиб қолади. Яъни, шайх ва унинг шогирди иккиси ҳамдарс бўлиб қолишади. Ҳамдарсидан ривоят қилган экан, деган гапдан қочиб, шайхини номини беркитади.3. Шайхнинг ёши кичик бўлиб, ўзидан катта одам ундан ҳадис ўрганиши. Мен фалончидан ҳадис олдим, деб айтса, одамлар ўзидан қичиқ одамдан дарс олган экан даб кулади. Шунинг учун шайхини номини беркитиб, бошқа ном билан айтади.4. Ўша шайхдан кўп ривоят қилган бўлиб, унинг зикри кўпайишини хохламайди. Б). Санадни тадлийс қилишга олиб борадиган ғаразлар бештадир:1. Санадни олий эканини ваҳмга солиш учун, одамларни санади олий экан, деган хаёлга тортиш учун тадлийс қилади.2. Кўп нарсаларни эшитган шайхдан баъзибир ҳадисларни ўтиб кетишлиги.3-4-5- Шайхларни тадлийс қилишдаги зикр қилинган аввалги учта шарт.10. Мудаллисни айблашнинг сабаблари учтадир. А). Ўзи эшитмаган нарсани эшитганга ўхшатишга ҳаракат қилмоқлиги. Б). Очиқ-ойдин гапириш ўрнига эҳтимолли гапга буриши.В). Тадлийс қилинган нарсани айтса, одамлар ундан рози бўлмаслиги. 11. Мудаллис ривоятининг ҳукми.Уламолар мудалиснинг ривоятини қабул қилиш ёки қилмаслик борасида бир неча қовлларни айтишган. Улардан энг машҳури икки қовлдир:А). Мудаллиснинг ҳамма ривоятини мутлақо қабул қилмаслик. Агар эшитдим, деб айтган бўлса ҳам рад қилинади. Чунки, тадлийс қилишнинг ўзи айб, журҳдир. Айбдор бўлиб қолган одамнинг гапи қабул қилинмаслиги керак. Лекин бу гап асоссиз ва кучсиздир. Б). Тафсилот ила юзага чиқади. Яъни, қабул қилиш ёки қилмаслик борасида батафсил баён керак бўлади. Агар тадлийс билан номи чиққан одам ҳадис ривоят қилсА).ю, уни ичида эшитдим сўзини ишлатган бўлса, ривояти қабул қилинади. Агар эшитдим сўзини айтмаса, Ҳن «ан» деса ёки бошқа баъзибир икки тарафини кўтарадиган сўзларни ишлатган бўлса, ривояти қабул қилинмайди. 12. Мудаллисни таниб олиш йўллари.Мудаллисни икки йўл билан таниб олинади.А). Мудаллиснинг ўзи айтади. Буни нима қилгансан, деб сўралса, тадлийс қилганман, деб айтади. Мисол учун, Ибн Уяйна ўзи тадлийс қилганини айтган.Б). Ҳадис илмининг имомларидан бир имом ўзи таниб, билиб, текшириб, ўрганиб бўлгандан кейин фолончи мудаллис, деб эълон қилган бўлса, ана шундан билинади. Тадлийс ва мудаллис ҳақидаги энг машҳур китоблар.Тадлийс ва мудаллислар ҳақида ёзилган китоблар кўп бўлиб, уларнинг машҳурлари учтадир: А). Хатиб Боғдодийнинг тасниф қилган китоблари. Шулардан бири «ат-Табййин ли асмаил мудаллисийн», деб номланган. Бошқа китобида эса мазкур икки нарсадан ҳар бирини алоҳида қилган. Тадлийсни алоҳида, мудаллисни алоҳида келтирган. Б). Бурҳониддийн ибн Ҳалабийнинг «Ат-Табййин ли асмаил мудаллисийн», деган китоби бор. В). Ҳофиз Ибн Ҳажарнинг «Таърифу аҳли ат-тақдийс бимаротибил мавсуфийна биттадлийс», деган китоби бўлиб, у чоп қилинган.

Топ рейтинг www.uz Openstat