Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Сеҳрнинг муолажаси

13:33 / 28.03.2017 | Islomiyya | 14580

Ассалому алайкум!  Сеҳрдан қандай халос бўлиш мумкун? Жавобингиз учун раҳмат Аллоҳ рози бўлсин.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом!

СЕҲРНИНГ МУОЛАЖАСИ

Аллоҳ таолонинг бу дунёда жорий қилиб қўйган қонун-қоидаларини тааммул билан ўйлаб кўрган киши турли офатлар ва беморликларнинг юзага келиши ҳам борлиқдаги муқаддар қонун-қоидалардан бири эканини англаб етади. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таоло томонидан бўладиган синовдир. Ким солиҳ бандалар бало ва мусибатлардан узоқда бўлади, деб ўйласа, хато қилади. Солиҳ кишига офат ва мусибатларнинг етиб туриши Аллоҳнинг унга бўлган муҳаббати аломатидир. Солиҳ кишига беморликларнинг етиб туриши Аллоҳ таолонинг унга яхшиликни ирода қилгани аломатидир. Бундай кишиларга етган офат ва беморликлар унинг учун қилган гуноҳларининг каффоратидир. Агар мусибатга учраган банда солиҳ бўлса, мусибат унинг учун гуноҳларга каффорат ёки даражотларининг кўтарилишидир. Агар осий бўлса, мусибат унинг учун ёмонликларини ювиш ва бу дунё бевафолигини эслатишдир. Гоҳида сеҳр ва кўз тегиши орқали ҳам бандага мусибат етади. Шунинг учун мусулмон одам мазкур икки нарсадан сақланиш йўлларини яхши билиб олиши керак. Булардан сақланиш муолажа қилишдан кўра осонроқдир. Сеҳр ва кўз тегишидан сақланиш бир неча услублар билан амалга ошади: 1. Тавҳид орқали руҳни тетиклаштириш. 2. Борлиқдаги барча нарсанинг тасарруфини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи қилишига иймон келтириш. 3. Яхшиликларни кўп қилиш. 4. Сеҳргарлиги ва кўзи борлиги билан машҳур бўлган одамлардан узоқда бўлиш. 5. Аллоҳдан сеҳр ва кўз тегишидан паноҳ сўраб, керакли дуо ва зикрларни ўқиб юриш. 6. Мазкур дуо ва зикрлар ҳақ экани ва уларнинг фойдаси борлигига иймон келтириш. Мазкур иймон қанча кучли бўлса, таъсир ҳам шунчалик кучли бўлади. 7. Мазкур дуо ва зикрларни айтганда қалбнинг ҳозир бўлиши. Чунки ғофил қалб билан қилинган дуо қабул бўлмайди. 8. Кундузги дуо ва зикрлар бомдод намозидан сўнг, кечкилари аср намозидан кейин айтилади. 9. Оятул Курсий, Бақара сурасининг охирги икки ояти, Ихлос, Фалақ ва Ан-Нас сураларини сеҳр ва кўз тегишидан сақланиш учун ўқилади. Бошқа дуо­лар ва зикр­лар ушбу китобнинг тегишли жойида келган. 10. Сеҳрланиб қолганлик ва кўз текканлик аломатлари қуйидагича: кишининг аъзолари соғ бўла туриб, бошининг у ер-бу ери оғриса, юзи сарғайса, кўп терласа ва бавл қилса, иштаҳаси йўқолса, юраги бежо бўлса, белининг ва икки курагининг пас­тида оғриқ бўлса, узрсиз хафалик ва юрак сиқилиши кузатилса, унга сеҳр ёки кўз теккан бўлади. Шунингдек, бекордан-бекорга хавфсирайверса, аччиғи чиқаверса, одамларга қўшилгиси келмай қолса, дангаса бўлиб қолса, уйқуси келаверса, қўйингки, тиббиётга оид бўлмаган ҳолатларга учраса, унга сеҳр ёки кўз теккан бўлади. Мусулмон одамнинг иймони ва қалби кучли бўлиб, васвасага йўл қўймаслиги лозим. Сеҳр қилинган одам бир неча йўл билан муолажа қилинади: Биринчиси – сеҳрнинг жойи аниқ бўлса, уни олиб, Фалақ ва Ан-Нас сураларини ўқиб туриб, тугунлари ечилади. Сўнгра куйдириб юборилади. Иккинчиси – сеҳрни ўзига ўхшаш сеҳр билан муолажа қилиш. Бу иш ҳаромдир. Учинчиси – шаръий дам солиш йўли билан муолажа қилинади. Бунда Фотиҳа, Фалақ ва Ан-Нас суралари ёки Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ривоят қилинган дуолар ўқилади. Имом Абдурраззоқ ўзининг «Мусаннаф» номли китобида сеҳрнинг муолажаси ҳақида қуйидагиларни келтирган: «Сидрнинг баргидан еттита олинади. Уларни икки тошнинг орасига олиб туйилади. Унга Кафирун, Ихлос, Фалақ ва Ан-Нас суралари уч мартадан ўқи­лади. Сўнгра сувга солиб ичилади ва ғусл қилинади. Аллоҳ шифо бергунича такрор қилинади». Тўртинчиси – сеҳр қилинган нарса қоринда бўлса, ич суриш, бошқа жойда бўлса, қон олдириш билан халос бўлинади. 11. Дам солишнинг шартларидан бири Аллоҳнинг исмлари, сифатлари ҳамда ривоят қилинган дуолар билан бўлишидир. 12. Дам солиш араб тилида ёки маъноси тушунарли бўлиши шарт. 13. Дам солиш ўзича таъсир қилмаслигига, шифони фақат Аллоҳнинг Ўзигина беришига эътиқод қилиш шарт. 14. Дам солувчи тақводор, солиҳ мусулмон бўлиши керак. У қанчалик тақводор бўлса, таъсири шунчалик кучли бўлади. 15. Дам солиш жараёнида сидқидилдан Аллоҳга юзланиш ва ёлвориш лозим. 16. Киши ўзига-ўзи дам солгани афзал. 17. Дам солдирувчи киши ҳам солиҳ мўмин бўлиши керак. 18. Дам солдирувчи киши шифони ихлос билан Аллоҳ таолонинг Ўзидан сўраши лозим. 19. Шифо бўлмаяпти, деб шошилмаслиги керак. 20. Кўз тегишидан хавфсиралган жойларга тумор, кўзнинг шакли, отнинг тақаси каби нарсаларни осиш мумкин эмас. Аллоҳ таолонинг шариатда келган сеҳр ҳақидаги ҳукмларини билиб, сеҳргарликдан ўзини четга олиш ҳар бир мўмин-мусулмон банданинг бурчидир. Шунингдек, сеҳргарга мурожаат қилиш мутлақо мумкин эмаслигини ҳам ҳар бир мўмин эркак ва аёл яхши тушуниб етиши керак. Иймонли киши бўлган-бўлмаган нарсага «Сеҳрлаб қўйибди, у бўлибди, бу бўлибди», деб васваса қилмаслиги керак. Кўпчилик айнан шунга ўхшаш нарсалар билан ўзини ўзи тушкунликка солиб қўяди. Бунинг ўрнига сеҳрдан сақланиш оятлари ва дуоларини ўқиб, ўзига дам солиш, ҳамма нарса Аллоҳ таолодан эканига қатъий ишонч билан иймонни бақувват қилиб, хотиржам юриш керак. Сеҳргарларнинг аломатлари кўп. Шулардан баъзиларини айтиб ўтамиз. • Сеҳргарлар одамларни ўзига ишонтириш учун тақводор бўлиб кўринишга ҳаракат қилишади. Бунинг учун уларнинг намоз ўқишлари, зикр қилишлари ва одамларни жалб қиладиган бошқа ишларни амалга оширишлари кузатилган. • Сеҳргарларнинг аломатлардан яна бири – улар беморнинг ва унинг онасининг исмини сўрашади. Ҳолбуки, шаръий дам солишда бу исмларнинг ҳеч бир кераги йўқ. • Сеҳргарлар сеҳрланган кишидан баъзи кийимларини ёки кийим парчаларини келтиришни сўрайдилар. • Сеҳргарлар маълум сифатга эга ҳайвон келтиришни сўрайдилар. Уларни жинларга атаб сўйишлари ёки қонини беморга суртишлари мумкин. Бу ҳам сеҳргарликнинг аломати. • Сеҳргарлар маъносини тушуниб бўлмайдиган тилсим ва шаклларни чизадилар. • Сеҳргарлар беморга тўртбурчак шакллар ичига турли ҳарфлар ва рақамлар ёзилган варақлар беришади. • Сеҳргарлар беморларга одамларга аралашмай, маълум муддат алоҳида хонада яшашни буюрадилар ва ҳоказо. ("Фолбинлик, сеҳргарлик, жин чиқариш каби ишларнинг ҳақиқати" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat