Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Мошина уриб кетган ғоз

09:40 / 21.05.2017 | Akmalxon | 4122

Ассалому алайкум! Устозлар, сизлардан Аллоҳ рози бўлсин. Мени ғозимни мошина босиб, қорни ёрилиб қон чиқди. У ҳалол бўладими?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Гўшти ҳлол бўлиши учун икки нарса шартдир. Бири сўяётганида Аллоҳ таолонинг исмини зикр қилиш, иккинчиси тиғли нарса билан сўйилган бўлиши. Аллоҳ таоло “Анъом” сурасида марҳамат қилади :

وَلاَ تَأْكُلُواْ مِمَّا لَمْ يُذْكَرِ اسْمُ اللّهِ عَلَيْهِ وَإِنَّهُ لَفِسْقٌ وَإِنَّ الشَّيَاطِينَ لَيُوحُونَ إِلَى أَوْلِيَآئِهِمْ لِيُجَادِلُوكُمْ وَإِنْ أَطَعْتُمُوهُمْ إِنَّكُمْ لَمُشْرِكُونَ۝

121. Устида Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган нарсаларни еманглар. Шубҳасиз, у фисқдир. Албатта, шайтонлар ўз дўстларига сизлар билан тортишишни васваса қилурлар. Агар уларга итоат қилсангиз, албатта, сизлар ҳам мушриклар бўлурсизлар. Уламоларимиз ушбу оятнинг тафсирида «Агар мусулмон киши ҳайвонни сўяётиб, Аллоҳнинг исмини зикр қилишни унутиб қўйса, сўйган гўшти ҳалол», деганлар. Аммо билиб туриб, қасддан зикр қилмаса, ундай гўшт ҳаром бўлади. «Устида Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган нарсаларни еманглар». Шунингдек, аввал ўтган оятларнинг ҳукмига биноан, аҳли китобларнинг сўйиши ҳам ҳалолдир. Бошқаларини эса ейиш мутлақо мумкин эмас. «Шубҳасиз, у фисқдир». Яъни Аллоҳнинг номи зикр қилинмай сўйилган ҳайвоннинг гўштини ейиш фисқ, яъни диннинг амридан чиқишдир. «Албатта, шайтонлар ўз дўстларига сизлар билан тортишишни васваса қилурлар». Шайтоннинг дўстлари бўлмиш кофир ва мушриклар имконлари борича сизлар билан тортишадилар. Турли масалаларда, жумладан, Аллоҳнинг номи зикр этилмай сўйилган ҳайвонларнинг гўшти ҳақида ҳам тортишадилар. Сизлар уларнинг гапларига, тортишувларига ҳеч эътибор бермаслигингиз керак. «Агар уларга итоат қилсангиз, албатта, сизлар ҳам мушриклар бўлурсизлар». “Моида” сурасида :

حُرِّمَتْ عَلَيْكُمُ الْمَيْتَةُ وَالْدَّمُ وَلَحْمُ الْخِنْزِيرِ وَمَا أُهِلَّ لِغَيْرِ اللّهِ بِهِ وَالْمُنْخَنِقَةُ وَالْمَوْقُوذَةُ وَالْمُتَرَدِّيَةُ وَالنَّطِيحَةُ وَمَا أَكَلَ السَّبُعُ إِلاَّ مَا ذَكَّيْتُمْ وَمَا ذُبِحَ عَلَى النُّصُبِ وَأَن تَسْتَقْسِمُواْ بِالأَزْلاَمِ ذَلِكُمْ فِسْقٌ

3. Сизларга ўлимтик, қон, чўчқа гўшти, Аллоҳдан ўзгага атаб сўйилган, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, йиқилиб ўлган, сузишдан ўлган, йиртқич еган ҳайвонлар – магар (ўлмай туриб) сўйиб олсангиз (ҳалол) – ва бутларга сўйилган ҳайвонлар ҳамда чўплар ила фол очишингиз ҳаром қилинди. Бу фисқдир. Ушбу ояти каримада асли гўшти ҳалол қилинган ҳайвонлар ҳақида сўз кетмоқда. Албатта, чўчқани ҳисобга олмаганда. Аслида гўшти ҳаром бўлган ҳайвонлар ўз-ўзидан маълум, баҳс улар ҳақида эмас. Шунингдек, Аллоҳ таоло бандаларига кўплаб неъматларни тановул қилишни ҳалол қилиб қўйган. Уларнинг барчасининг асли ҳалол. Модомики, ҳаром нарса аралашмаса, истеъмол қилинаверади. Инсон шахсининг ёки амалининг унга таъсири йўқ. Мисол учун, нонни олайлик. Унинг буғдойини ким эккан, ким ўрган, қандай янчиган ёки қандай қилиб нонга айлантирилган – буларнинг аҳамияти йўқ, ҳаммаси истеъмол қилинаверади. Аммо гўшт маҳсулотлари ҳақида бундай деб бўлмайди. Чунки гўшт тирик ҳайвондан олинади. Ана ўша тирик жониворни гўштга айлантириш жараёни ва ундаги ният ҳамда эътиқод унинг ҳалол ёки ҳаромга айланишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам бу жараёнга, яъни тирик ҳайвонни гўштга айлантириш жараёнига шариатда алоҳида эътибор берилади. Бир қанча шартлар қўйилади. Ўша шартлар вужудга келгандагина у ҳайвон гўшти ҳалол ҳисобланиб, истеъмол этишга рухсат берилади. Бу шартларнинг бошида ҳайвоннинг жонини чиқариш пайтида унга жон берган Аллоҳнинг номини зикр қилиш туради. Бу иш қилинмаса, катта маънавий жиноят содир бўлган бўлади, шу сабабли унинг гўшти ҳаромга айланади. Ушбу оятда гўшти ҳаромга айланиб қоладиган ҳайвонлардан бир неча тоифаси зикр этилган. «Сизларга ўлимтик, қон, чўчқа гўшти…» ҳаром қилинди. Ўлимтик (ўзи ўлиб қолган ҳайвон), ҳайвон сўйилганда ундан оқадиган қон ва чўчқа гўшти шулар жумласидандир. Буларнинг ҳаром қилинганлиги ҳикматлари, тиббий сирлари ҳақида «Бақара» сураси тафсирида батафсил сўз юритилган. «Аллоҳдан ўзгага атаб сўйилган» ҳайвон гўштининг ҳам ҳаром бўлиши, аввал айтганимиздек, иймон тақозосига тўғри келмаганидандир, яъни уни яратган ва унга жон берган Зотнинг номини қўйиб, бошқанинг номи ила сўйилганидандир. «Бўғилиб ўлган» – ҳайвон бўғилиш оқибатида ўлган бўлса, гўшти ҳаромдир. Унга ҳам Аллоҳнинг номи айтилмаган, ҳам қони ичига тарқаб, гўшт зарарли ҳолга келган бўлади. «Уриб ўлдирилган» – бунда ҳам аввалги ҳолдаги ҳикмат туфайли ҳаромлик ҳукми бор. Бирор ҳайвон тош, ёғоч ёки(машина кабиларда уриб ўлдирилса) шунга ўхшаш нарсалар билан уриб ўлдирилган бўлса, унинг гўшти ҳаромга айланади. «Йиқилиб ўлган» – тоғданми, баланд жойданми, йиқилиб ўлган ҳайвонларнинг гўшти ҳам ҳаром. «Сузишдан ўлган» – икки ҳайвон бир-бири билан сузишса-ю, бири ўлиб қолса, унинг гўшти ҳам ҳаромдир. «Йиртқич еган ҳайвонлар» ҳаром қилинди. Яъни бир йиртқич ҳайвон мазкур гўшти ҳалол ҳайвонга ҳужум қилиб, еса ва ўлдирса, ундан ортиб қолган гўшт ҳаром ҳисобланади. «…магар (ўлмай туриб) сўйиб олсангиз (ҳалол)». Мазкур ҳолатларга дучор бўлган ҳайвонлар ўлмай туриб сўйиб юборилса, гўшти ҳалол бўлади. «ва бутларга сўйилган ҳайвонлар». Жоҳилий арабларнинг турли бутлари бўлиб, уларга атаб жонлиқ сўйишар ва қонини ўша бутларга суртишар эди. Бундай ҳайвонларнинг гўшти, гарчи Аллоҳнинг номини айтиб сўйилган бўлса ҳам, бутларга атаб сўйилгани учун ҳаромдир. Оят давомида катта маънавий ҳаром иш ҳам зикр этилган. «...ҳамда чўплар ила фол очишингиз ҳаром қилинди». Жоҳилият даврида бутхоналарда хизмат қилувчи коҳинлар ҳузурида бир махсус идишда учта ёки еттита чўп турар эди. Уларга турли иборалар, жумладан, «Роббим буюрди» ёки «Роббим қайтарди» деган иборалар ёзилган бўларди. Бирор ишни қилиш ёки қилмасликда иккиланган одам коҳинга у-бу нарса бериб, фол очишни сўрарди. Шунда коҳин идишдаги чўпларни аралаштириб, фол очирувчига тутар, у идишдаги чўплардан бирини тортганда «Роббим буюрди» деб ёзилган чўп чиқса, ишни қилишга, «Роббим қайтарди» деб ёзилгани чиқса, ишни қилмасликка амр этар эди. Бошқа чўп чиқса, яна пул олиб, қайтадан фол очарди. Худди шу услуб қиморнинг бир турида ҳам қўлланар эди. Буларнинг ҳаммаси ҳаром қилинди. «Бу фисқдир».  ("Тафсири ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat