Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Саждаи саҳв

00:00 / 17.03.2007 | eski savollar | 16907

Ассалааму алайкум муҳтарам Устоз! ."МЕН ҲАМ НАМОЗ ЎҚИЙМАН" китобидан намозни мустақил ўрганганман, ўша китобда саждаи саҳв тўғрисиудаги шарҳга яҳши тушунмаганман. Намоз тугагандан сўнг ўнг элкага салом бергач икки марта сажда қилинади, кейин чап елкага салом бериб намоз тугатиладими ёки яна бошқатдан аттаҳиётни, саловот ва дуо қилиб яна салом бериладими. Илтимосим эса шуки, қалбимда озгина бўлса ҳам кибр бордай туюлади ўзимга, ўзим кибрдан ҳазар қиламан, шу нарсадан кўнглим ҳира, илтимос дуо қилинг барча мўминлар қатори менинг қалбимда ҳам заррача кибрга жой қолмасин.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

– Ва алайкум ассалом! 

САЖДАИ САҲВ 

Агар намозхон рукнни олдинга ёки орқага сурса ёхуд такрор қилса ё вожибни ўзгартирса ёки унутиб тарк қилса, бир саломдан кейин икки сажда, ташаҳҳуд ва салом вожиб бўлади. Мисоли қироатдан олдин рукуъ қилиш, учинчи ракъатга туришни ташаҳҳуддан зиёда орқага суриш, махфий нарсани ошкора қилиш, қаъдаи улаани тарк қилишлардир. Буларнинг ҳаммаси тарки вожибга киради.
Муқтадийнинг унутиши сабабли саждаси саҳв вожиб бўлмайди, балки имомининг унутиши ва сажда қилиш ила бўлади. Кейин келиб қўшилган имоми билан саждаи саҳв қилади ва кейин ўзи қолганини қазо қилади. Агар имом ўтирмай туриб кетса, ўтиришга яқин ҳолдан қайтиб ўтиради ва ташаҳҳудни ўқиса, унутган бўлмайди. Ўтиришга яқин бўлмаган ҳолда бўлса, туради ва саждаи саҳв қилади. Агар намозхон қаъдаи охирга ўтирмай туриб кетса, модомки сажда қилмаган бўлса, қайтиб ўтиради ва саждаи саҳв қилади. Агар сажда қилган бўлса, фарзи нафлга айланади ва агар истаса олтинчи ракъатни қўшади. Агар намозхон қаъдаи охирга ўтиргандан кейин унутиб туриб кетса, модомики сажда қилмаган бўлса, қайтиб ўтириб салом беради. Агар сажда қилган бўлса, фарзи тамом бўлади ва олтинчи ракъатни қўшади ҳамда саждаи саҳв қилади. Икки ракъат нафл бўлади. Улар Пешиннинг суннати ўрнига ўтмайди. Ким унга ўша икки ракъатда иқтидо қилса, иккисини ўқийди. Муқтадий иккисини бузса, қазо қилади.
Гар саждаи саҳвни қилган бўлса, улардан кейин қўшимча ўқимайди. Мабодо қўшиб қўйса, намози бўлаверади.Бировга саждаи саҳв лозим бўла туриб сажда қилса, намозда турган бўлади. Сажда қилмаса, намозда бўлмайди. Биринчи бор қанча ўқигани ҳақида шакка тушган одам намозни янгитдан ўқийди. Агар шакки кўпайган бўлса, гумонининг ғолиб тарафини олади. Агар ғолиб бўлмаса, озини олади. Лекин намозининг охири деб ўйлаган жойида ўтиради.
«Саҳв» сўзи луғатда «унутиш» маъносидадир. Намозда маълум бир амалларни унутилса, ундан ҳосил бўлган нуқсонни саҳв саждаси қилиш ила тўғрилаб олиш имкони бор. Бу ҳам Ислом дини, енгиллик дини эканлиги, Аллоҳ таоло мусулмонларга меҳрибон эканлигининг ёрқин далилидир. Намозда хато қилган одам уни яна қайтариб ўқимасдан ёки бошқа бирор жавобгарликка қолмасдан, икки марта ортиқча сажда қилиб қўйиш билан ҳамма иш тўғри бўлиб кетаверади.
Энди, саждаи саҳв ҳақидаги «Мухтасари Виқоя»да келтирилган матнни шарҳлашга ўтайлик.
Агар намозхон рукнни олдинга ёки орқага сурса ёхуд такрор қилса ё вожибни ўзгартирса ёки унутиб тарк қилса, бир саломдан кейин икки сажда, ташаҳҳуд ва салом вожиб бўлади. Саждаи саҳвнинг вожиблигига далил;
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз туриб намоз ўқий бошласа, албатта, шайтон келиб уни адаштира бошлайди, ҳаттоки, у қанча намоз ўқиганини билмай қолади. Бирингиз қачон шундоқ ҳолни топса, ўтирган ҳолида икки марта сажда қилсин», дедилар».
Бешовлари ривоят қилган. 
Саждаи саҳвнинг саломдан кейин бўлишига далил;
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Пешинни беш ракъат ўқидилир. Бас, у зотга: «Намозда зиёда бўлдими?» дейилди. «Нима учун?» дедилар. «Беш ракъат ўқидингиз», деди. У зот салом берганларидан кейин икки саҳв саждасини қилдилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Мисоли қироатдан олдин рукуъ қилиш, учинчи ракъатга туришни ташаҳҳуддан зиёда орқага суриш, махфий нарсани ошкора қилиш, қаъдаи улаани тарк қилишлардир. Буларнинг ҳаммаси тарки вожибга киради.Бу жумлада саждаи саҳвнинг бир неча сабабларига мисоллар келмоқда.
Қироатдан олдин рукуъ қилиш рукнни олдинга суришдир. Бу ҳолда саждаи саҳв қилиш вожиб бўлади.
Учинчи ракъатга туришни ташаҳҳуддан зиёда орқага суриш рукнни орқага суришдир.Агар биринчи қаъдада ташаҳҳудни такрор ўқиса ёки Аллоҳумма солли ала Муҳаммадгача ўқиворса учинчи ракъатга туришни кечга сургани учун саждаи саҳв қилиш вожиб бўлади.
Махфий нарсани ошкора қилиш вожибни ўзгартишга мисолдир.
Умуман, жаҳрий ёки сиррий қироат қилиш қоидасига хилоф қилиб пешин ва аср намозларида овоз чиқариб, бошқа намозларда овоз чиқармай қироат қилиш имом учун саждаи саҳвни вожиб қилади.Қаъдаи улаани тарк қилиш вожибни тарк қилишдир. Умуман, намозда ҳар бир вожиб амални тарк қилиш саждаи саҳвни вожиб қилади.
Муқтадийнинг унутиши сабабли саждаи саҳв вожиб бўлмайди, балки имомининг унутиши ва сажда қилиши ила бўлади. Агар муқтадий ўзи сажда қилса, имомига хилоф қилган бўлади. Шунинг учун, муқтадий имомга иқтидо қилиб туриб саждаи саҳв қилишга лойиқ хато қилса ҳам саждаи саҳв вожиб бўлмайди. Аммо имом бир нарсани унутса, хатога йўл қўймаган муқтадийга ҳам саждаи саҳв вожиб бўлади. Бунинг учун, унутган имом саждаи саҳвни қилиши шарт. Агар унутиб қўйиб кейин саждаи саҳвни қилмаса муқтадий ўзича саждаи саҳв қила олмайди. Кейин қўшилган имоми билан саждаи саҳв қилади ва кейин ўзи қолганини қазо қилади. Намоз бошлангандан кейин келиб қўшилган одамни масбуқ дейилади. Ўша масбуқ келиб қўшилгандан олдин ёки кейин имом саҳв қилган бўлса ва саждаи саҳв қилса масбуқ ҳам у билан қўшилиб қилаверади. Имом саждаи саҳвни ҳам қилиб намозни тугатганидан кейин масбуқ туриб қолганини ўқиб олади.
Имом Аҳмад Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қилади:«Улар намозга келганларида Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам намознинг баъзисини ўқиб бўлган бўлсалар, бир киши бошқасидан ишора билан бир ракъат ўтдими, икки ракъатми деб сўрарди. Кейин ўша ўтганини ўқиб олиб қавмнинг намозига қўшилар эди. Бир куни Муоз келди ва у зотни қайси ҳолда топсам ўша ҳолга қўшиламан, кейин ета олмаганимни қўшаман деди. У келганда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам намознинг баъзисини ўқиб бўлган эдилар. Бас, у зот билан собит бўлди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам намозни тугатганларидан кейин туриб қолганини ўқиди. Шунда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам «Батаҳқиқ, Муоз сизга бир суннат қилди. Бас, сиз ҳам шундоқ қилинг», дедилар.
Агар масбуқ имом билан саждаи саҳвни қилмаган бўлса, намозининг охирида ўзи саждаи саҳв қилади. Агар имом ўтирмай туриб кетса, ўтиришга яқин ҳолдан қайтиб ўтиради ва ташаҳҳудни ўқиса, унутган бўлмайди. Имом қаъдаи улаада ўтирмай туриб кетди. Тураётганда эсига келиб қолди ёки қавм такбир айтиб унга эслатди. Шунда у ўзининг ҳолига қарайди. Агар ҳоли ўтиршга яқин бўлса, қайтиб ўтиради ва ташаҳҳудни ўқиб намозини давом эттиради. Бу ҳолда у унутган бўлмайди ва саждаи саҳв қилмайди.
Имом Таҳовий қилган ривоятда Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирингиз ғоз тик турган бўлса, намозни ўқийверсин ва саждаи саҳв қилсин. Агар ғоз тик турмаган бўлса, ўтирсин ва унга саждаи саҳв йўқдир», деганлар.
Ўтиришга яқин бўлмаган ҳолда бўлса, туради ва саждаси саҳв қилади. Чунки у маънан ҳам, жисман ҳам тик туриб бўлган бўлади. Энди қайтиб ўтириши мумкин эмас. Агар ғоз тик турган одам қайтиб ўтирса, намози бузилади. Чунки у фарз бўлган қиём амалидан, фарз бўлмаган қаъдаи улаага қайтган бўлади.
Зиёд ибн Илоқа розияллоҳу анҳудан ривоят: 
«Муғийра бизга намозга ўтди. Икки ракъат ўқигандан кейин, ўтирмай туриб кетди. Бас, орқасида турганлар тасбиҳ айтдилар. У эса уларга, туринглар, деб ишора қилди. Намоздан фориғ бўлганида, салом берди ва икки саҳв саждасини қилди ва: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундоқ қилганлар», деди». 
Термизий ва Абу Довуд ривоят қилган.
Ғоз тик туриб қолган одам намозини давом этдиради ва тарки вожиб қилгани учун саждаи саҳв қилади. Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон имом икки ракъатдан кейин турганда ғоз туришидан олдин эслаб қолса ўтиради. Агар ғоз туриб қолса ўтирмайди ва икки марта саждаи саҳв қилади», деганлар. 
Абдуллоҳ ибн Буҳайна розияллоҳу анҳудан ривоят: 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Пешинни ўқиётиб икки ракъатни ўқигандан кейин ўтирмай туриб кетдилар. Намозни тамомлаганларида икки марта сажда қилдилар. Ундан кейин салом бердилар. У икки саждани у зот билан одамлар ҳам қилдилар. Бу унутган ўтириш ўрнига эди». 
Бешовлари ривоят қилган.
Агар намозхон қаъдаи охирга ўтирмай туриб кетса, модомки сажда қилмаган бўлса, қайтиб ўтиради ва саждаи саҳв қилади. Чунки у фарз амал бўлган қаъдаи охирни кечга сурди.
Агар сажда қилган бўлса, фарзи нафлга айланади ва аргар истаса олтинчи ракъатни қўшади. Бешинчи ракъатнинг саждасини қилиши билан фарз намози нафлга айланади. Беш ракъатли намоз бўлмагани учун олтинчи ракъатни ҳам ўқиб қўйса, олти ракъатли нафл ўқиган бўлади.
Агар намозхон қаъдаи охирга ўтиргандан кейин унутиб туриб кетса, модомики сажда қилмаган бўлса, қайтиб ўтириб салом беради. Чунки тик турган ҳолда салом бериб бўлмайди.
Агар сажда қилган бўлса, фарзи тамом бўлади ва олтинчи ракъатни қўшади ҳамда саждаи саҳв қилади. Чунки унинг учун намозидан салом беришдан бошқа нарса қолмаган эди. Саждаи саҳвни қилиши нафлни одатдагидек бошламагани учун бўлади. Ўша ортиқча намоз унинг учун икки ракъат нафл бўлади. Улар Пешиннинг суннати ўрнига ўтмайди. Яъни, ўша икки ракъат ортиқча намоз Пешиннинг фарзидан кейинги икки ракъат суннати ўрнига ўтмайди. Уларни алоҳида ўқийди.
Ким унга ўша икки ракъатда иқтидо қилса, иккисини ўқийди. Ким имомга ўша икки зиёда ракъатда иқтидо қилса фақат уларнигина ўқийди. Аввал ўтган ракъатларни ўқиб тўлғазмайди.
Муқтадий иккисини бузса, қазо қилади.Мазкур зиёда икки ракъатни муқтадий бузса, уларнинг қазосини ўқийди. Гар саждаи саҳвни қилган бўлса, улардан кейин қўшимча ўқимайди. Мазкур зиёда икки ракъат нафлнинг охирида саждаи саҳв қилган бўлса, уларга яна қўшимча ракъатларни қўша олмайди. Мабодо қўшиб қўйса, намози бўлаверади.Яна қайтадан саждаи саҳв қилади.
Бировга саждаи саҳв лозим бўла туриб сажда қилса, намозда турган бўлади. Шунинг учун, унга иқтидо қилса бўлади.
Сажда қилмаса, намозда бўлмайди. Чунки у салом бериши билан намоздан чиқади. Шунинг учун, унга иқтидо қилиб бўлмайди.
Биринчи бор қанча ўқигани ҳақида шакка тушган одам намозни янгитдан ўқийди. Намозда неча ракъат ўқиганини билмай шак қилиб қолди. Учми, тўртми билмайди. Агар бу унинг умридаги биринчи унутиши бўлса, намозни янгитдан бошлайди. Агар шакки кўпайган бўлса, гумонининг ғолиб тарафини олади. Агар унутиши кўп бўлса, ғолиб гумонга бино қилади. Агар ғолиб гумони бўлмаса, озини олади.
Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят: 
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз намозда шакка тушиб қолса, бас, қанча ўқиганини билмай қолса, уч ракъатми, тўрт ракъатми? Бас, шакни ташласин ва ўзи қаттиқ ишонган томонига бино қилиб ўқисин. Сўнгра салом беришидан олдин икки марта сажда қилсин. Агар беш ракъат қилган бўлса, ўша икки сажда унинг намозини жуфтга айлантиради. Агар тўрт ракъатни тамом қилиш учун ўқиган бўлса, у икки сажда шайтоннинг бурнини ерга ишқаган бўлади», дедилар». 
Муслим, Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилган.
Агар ғолиб бўлмаса, озини олади. Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз намозида унутиб қолиб бир ракъат ўқидими, икки ракъат ўқидими била олмай қолса, бир ракъат ўқидим, деб олсин. Агар икки ракъат ўқидими, уч ракъат ўқидими била олмай қолса, икки ракъат ўқидим, деб олсин. Агар уч ракъат ўқидими, тўрт ракъат ўқидими била олмай қолса, уч ракъат ўқидим, деб олсин ва салом беришидан олдин иккита саҳв саждаси қилсин», дедилар. 
Аҳмад ва Термизий ривоят қилган.
Лекин намозининг охири деб ўйлаган жойида ўтиради.
Агар ўтирмаса қаъдаи орхирни тарк қилгани учун намози ботил бўлади.
Саждаи саҳв ҳақидаги барча далил ва ҳужжатларни атрофлича ўрганиб чиққан ҳанафий уламолар бу масалани намозхонларга осонлаштириш учун ҳаракат қилиб қуйидаги хулосавий ҳукмларни ўз китобларида ёзиб қолдирганлар.
«Лозим бўлганда саждаи саҳв қилмоқ вожибдир. Лозим бўлганда саждаи саҳвни қилмаган намозхон гуноҳкор бўлади. Аммо намози ботил бўлмайди. Саждаи саҳв имомга ҳам, ёлғиз намозхонга ҳам вожиб бўлади. Аммо муқтадий ўз намозида саҳвга йўл қўйса, унга саждаи саҳв вожиб бўлмайди. Чунки у ўзича саждаи саҳв қилса имомига хилоф қилган бўлади.Агар имом саҳвга йўл қўйса, муқтадий ҳам иқтидони қачон бошлаганидан қатъий назар, унга қўшилиб саждаи саҳв қилади. Агар имом саждаи саҳвни қилмаса, у муқтадийдан соқит бўлади. Саждаи саҳвнинг вожиблиги вақтнинг намоз учун солиҳ бўлишига боғлиқдир. Агар Бомдод намозининг саломини бергандан сўнг қуёш чиқиб қолса, Аср намозидан сўнг ботиб қолса, саждаи саҳв қилинмайди. Агар саждаи саҳв қилишдан олдин намозни улаб кетишга монеъ бўладиган амал қилса; гапирса, кулса, қасддан таҳоратини кетказса, масжиддан чиқса, юзини қибладан ўгирса саждаи саҳв соқит бўлади.Баъзи уламолар, жамоати катта бўлгани ва одамларни мушавваш қилмаслик учун жума ва ийд намозларида саждаи саҳвни тарк қилмоқ маъқулдир, деганлар.
Саждаи саҳвга сабаб бўладиган нарсалар;
Бир нарсани қасддан ёки унутиб тарк қилса ёки бир нарсани эсдан чиқиб зиёда қилса ёхуд бир нарсанинг жойини унутиб ўзгартса саждаи саҳв қилади. Булар эса қуйидаги ҳолатларда бўлади;
1. Қасддан қилинган хатода уч нарсада саҳв саждаси қилади; биринчи қаъдани тарк қилганда, биринчи ракъат саждасидан бирортасини намознинг охирига қолдирганда ва қасддан тафаккур қилиб туриб бир рукн миқдорича вақтни ўтказиб юборганда.
2. Намознинг вожибларидан бирини унутиб тарк қилганда, олдин ёки кейин қилиб қўйганда ва зиёда ёки нуқсон қилиб қўйганда саҳв саждаси қилади. У ўн бир жойда вожибдир.
Биринчиси; фарзнинг биринчи икки ракъатида Фотиҳани ёки унинг кўп қисмини қироатини тарк қилиш.
Иккинчиси; фарзнинг биринчи икки ракъатида Фотиҳадан сўнг сура ўқишни ёки уч қисқа, бир узун оят ўқишни тарк қилиш.
Учинчиси; жаҳрий ёки сиррий қироат қилиш қоидасига хилоф қилиш; Пешин ва Аср намозларида овоз чиқариб, бошқа намозларда овоз чиқармай қироат қилиш. Албатта, имом учун.
Тўртинчиси; уч ёки тўрт ракъатли намозда биринчи қаъдани қилмаслик.
Бешинчиси: охирги қаъдада ташаҳҳудни тарк қилиш.
Олтинчиси; бир ракъатда такрорланадиган амалда тартибга риоя қилмаслик. Бунда саждани бир марта қилиб иккинчисини унутиш ҳақида сўз кетмоқда. Ўшани намоз охирида қилиб, кейин саҳв саждаси қилинади.
Еттинчиси; рукуъ ва сужуддаги вожиб хотиржамликни унутиб тарк қилиш. Баъзи уламолар наздида.
Саккизинчи; фарзда қироат жойини ўзгартириш. Зам сурани олдин, Фотиҳани кейин, тўрт ракъатли намознинг охирги икки ракъатида Фотиҳадан бошқа сура ўқиш ёки иккинчи ва учинчисида ўқиш каби.
Тўққизинчиси; Витрнинг қунут дуосини тарк қилиш. Ким дои қунутни ўқимай рукуъга кетган бўлса, саҳв саждаси қилади.
Ўнинчиси; қунутнинг такбирини тарк қилиш.Ўн биринчиси; икки ийд намозининг барча такбирларини ёки баъзи такбирларини ёхуд иккинчи ракъат рукуъи такбирини тарк қилган киши саждаи саҳв қилади.
3. Намознинг жинсидан бўлмаган ва намоздан бўлмаган амални зиёда қилса, саждаи саҳв қилади. Мисол учун икки марта рукуъ қилса.

Топ рейтинг www.uz Openstat