Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Намозни тарк қилиш

08:37 / 14.12.2017 | Islam | 2159

Ассалому алайкум! Устозлар, Аллоҳ сизларга куч қувват берсин. Жавоб учун олдиндан раҳмат. Дунёвий илм учун намозни қазо қилишни ҳукми қандай бўлади?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Намозни қазо қилишга ҳеч қандай узр йўқ. Сиз айтган нарса ҳам узр бўлолмайди. Аллоҳ таоло “Анкабут” сурасида марҳамат қилади:

وَمِنَ النَّاسِ مَن يَقُولُ آمَنَّا بِاللَّهِ فَإِذَا أُوذِيَ فِي اللَّهِ جَعَلَ فِتْنَةَ النَّاسِ كَعَذَابِ اللَّهِ وَلَئِن جَاء نَصْرٌ مِّن رَّبِّكَ لَيَقُولُنَّ إِنَّا كُنَّا مَعَكُمْ أَوَلَيْسَ اللَّهُ بِأَعْلَمَ بِمَا فِي صُدُورِ الْعَالَمِينَ۝

10. Ва одамлардан «Аллоҳга иймон келтирдик», дейдиган, сўнгра Аллоҳнинг йўлида озорланса, одамларнинг фитнасини Аллоҳнинг азобидек қабул қиладиганлари ҳам бор. Агар Роббинг томонидан нусрат келса, улар: «Албатта, биз сиз билан бирга эдик», – дерлар. Аллоҳ оламларнинг кўксларидаги нарсаларни яхши билувчи эмасми?! Кўпчиликка қўшилиб, қизиқиб, осонлик, енгиллик пайтида Аллоҳга иймон келтириб ва буни бошқаларга пеш қилиб, кўкрагига уриб, ўзини дин йўлида жонфидо қилиб кўрсатадиганлар кўп бўлади. Бу ҳолат доимо такрорланиб келган. Айниқса, ёв қочганда, ботир кўпайганидек, ўзининг иймонли эканини пеш қиладиганлар ҳам кенглик пайтларида жуда урчийди. Ушбу ояти каримада худди ана шундай кишилар ҳақида сўз кетмоқда. «Ва одамлардан «Аллоҳга иймон келтирдик», дейдиган, сўнгра Аллоҳнинг йўлида озорланса, одамларнинг фитнасини Аллоҳнинг азобидек қабул қиладиганлари ҳам бор». Бундай одамлар, иймон калимасини айтсак бўлди, ҳамма нарса ўз-ўзидан бўлаверади, ҳеч қандай ёмонлик етмайди, деб тасаввур қиладилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг йўлида озгина қийналсалар, кофир ва мунофиқлардан уларга озор етса, сабр этолмай қоладилар. Одамларнинг фитнасини Аллоҳнинг азоби деб биладилар. Чидай олмай, турли ҳолатларга тушадилар ва иймондан қайтадилар. «Агар Роббинг томонидан нусрат келса, улар: «Албатта, биз сиз билан бирга эдик», – дерлар». Мунофиқлар иймон калимасини оғизда айтиб, кутиб турадилар. Агар Аллоҳ таоло мусулмонларга нусрат берса, улар ҳам ўзларини ғалабага шерик санаб: «...биз сиз билан бирга эдик»,(биз ҳам мусулмонмиз) – дейдилар. Демак, улар иймон калимасини шу мақсад билангина айтганлар. Бу дунё матоҳи умидида, мусулмонларга келадиган яхшиликларга шерик бўлиш мақсадида ўзларини мўмин деб эълон қилганлар. Лекин, оятнинг аввалида айтилганидек, синовга дуч келсалар, шумликлари фош бўлади. Улар ўзларича жуда ҳам устомонлик қилаётганга ўхшайдилар. Лекин ўта ақлсизлик қилаётганлари хаёлларига ҳам келмайди. Ахир устомонлик билан Аллоҳ таолони алдаб бўлармиди?! «Аллоҳ оламларнинг кўксларидаги нарсаларни яхши билувчи эмасми?!» Ахир Аллоҳ таоло нафақат бир гуруҳ мунофиқларнинг, балки бутун оламлардаги одамларнинг қалбида нима борлигини билиб турувчи Зот-ку?! Ҳолбуки, уларнинг мунофиқликлари оддий одамга ҳам очиқ-равшан кўриниб турибди.

وَلَيَعْلَمَنَّ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا وَلَيَعْلَمَنَّ الْمُنَافِقِينَ۝

11. Албатта, Аллоҳ иймон келтирганларни ҳам яхши билур, мунофиқларни ҳам яхши билур. Шунинг учун иймон келтирган ҳақиқий мўминлар хотиржам бўлиб, иймонларида собит турсинлар. Мунофиқлар эса тавба қилиб, тўғри йўлга ўтсинлар. Иймон йўлидаги синовлардан яна бири мўминларни тўғри йўлдан уриш учун кофир ва мунофиқлар томонидан уюштириладиган турли-туман иғволардир. Қуйидаги оятда ана ўшандай иғволардан бир намуна сифатида келтирилади:

وَقَالَ الَّذِينَ كَفَرُوا لِلَّذِينَ آمَنُوا اتَّبِعُوا سَبِيلَنَا وَلْنَحْمِلْ خَطَايَاكُمْ وَمَا هُم بِحَامِلِينَ مِنْ خَطَايَاهُم مِّن شَيْءٍ إِنَّهُمْ لَكَاذِبُونَ۝

12. Ва куфр келтирганлар иймон келтирганларга: «Бизнинг йўлимизга эргашинглар, хатоларингизни биз кўтарайлик», – дерлар. Ҳолбуки, улар аларнинг хатоларидан ҳеч бир нарсани кўтарувчи эмаслар. Албатта, улар ёлғончилардир. Кофирлар доимо иғволари билан мўминларни тўғри йўлдан уриб, ўз йўриқларига солиш пайида бўладилар. Албатта, мўминлар уларнинг йўриғи хато эканини, гуноҳ бўлишини айтиб, бош тортадилар. Ана шунда кофирлар иғвонинг чўққисига чиқиб, яна ҳам қаттиқроқ ташвиқот қилишга ўтадилар. «Ва куфр келтирганлар иймон келтирганларга: «Бизнинг йўлимизга эргашинглар, хатоларингизни биз кўтарайлик», – дерлар». Яъни кофирлар мўминларга: «Сизлар бизнинг йўлимизга эргашаверинглар, агар шу йўл хато бўлиб, унга гуноҳ бериладиган бўлса, ўша хато ва гуноҳ, бизнинг бўйнимизга», – дейдилар. Бунга ўхшаш гапни аввалги кофирлар ҳам айтганлар, ҳозирги кофирлар ҳам айтадилар. Лекин уларнинг бу гапларида мантиқ борми ўзи? Улар бошқа кишиларнинг хатоларини кўтариш имконига эгамилар? «Ҳолбуки, улар аларнинг хатоларидан ҳеч бир нарсани кўтарувчи эмаслар». Ҳа, кофирлар мўминларнинг ҳамма хатолари тугул, лоақал бирортасини ҳам кўтаришга қодир эмаслар. Улар бировнинг хатосини кўтариш ўрнига, ўз хатоларини эплаб турсинлар. Кофирларга бировнинг хатосини кўтаришни ким қўйибди. «Албатта, улар ёлғончилардир». Кофирлар мўминларни йўлдан уриб, ўз орқаларидан эргаштириш учун ҳар қандай ёлғондан қайтмайдилар. Албатта, улар бу қилмишлари учун жавоб беришлари турган гап.

وَلَيَحْمِلُنَّ أَثْقَالَهُمْ وَأَثْقَالًا مَّعَ أَثْقَالِهِمْ وَلَيُسْأَلُنَّ يَوْمَ الْقِيَامَةِ عَمَّا كَانُوا يَفْتَرُونَ۝

13. Албатта, улар ўз юкларини ҳам, у юклари билан бирга бошқа юкларни ҳам кўтарурлар. Албатта, қиёмат куни уйдириб юрган нарсалари ҳақида сўралурлар. “Ҳашр” сурасида:

كَمَثَلِ الشَّيْطَانِ إِذْ قَالَ لِلْإِنسَانِ اكْفُرْ فَلَمَّا كَفَرَ قَالَ إِنِّي بَرِيءٌ مِّنكَ إِنِّي أَخَافُ اللَّهَ رَبَّ الْعَالَمِينَ۝

16. Бу худди шайтон инсонга «Кофир бўл», деган пайтга ўхшайдир. У куфр келтирганда эса: «Мен сенга алоқадор эмасман, мен оламлар Робби – Аллоҳдан қўрқаман», – деди. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat