Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Намозлари қолиб кетмоқда

07:38 / 23.12.2017 | Qosimjon | 5135

Ассалому алайкум! Сизлардан илтимос онам ибодатларини вақтида бажариши, иймони мустахкам бўлиши учун икки қатор бўлса хам рухий кўмак берсангизлар. Ҳозирги кунда тўй, ўлим каби маросимларда намозлар қолиб кетади, аёллар йиғилиб олиб динимизда йўқ ва тўқима нарсалар ҳақиди суҳбатлашишади. Шунга чек кўйиш учун. Аллоҳ рози бўлсин.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Шу ерда эътибор бериш керак бўлган бир нуқта бор. Жаннатга кириш бошқа, бирданига дўзахга тушмасдан, азобланмасдан биринчилардан бўлиб жаннатга кириш бошқа нарса. Мўмин қалбида заррача иймони бўлса кунлар келиб бир кун жаннатга кириши аниқ. Аммо гуноҳга булғанса, намозларни тарк қилса, ҳаромларга қўл урса Аллоҳ таоло ундайларни дўзахга туширишини айтган. “Нима бўлса ҳам мўмин бўлсак бир кун жаннатга кирар эканмизку” деган нарса шайтоннинг алдовидир. Чунки ҳадисда бир вақт намозни тарк қилган бир ҳуқуб дўзахда бўлади – дейилган. Ҳуқубни тафсир қилганлар 80.000 йил деганлар. Оятда қиёматнинг бир куни бу дунёнинг 1000 куни каби эканлиги айтилган. Охиратни чеки бўлмагани учун қайта ўлим ва қайта қиёмат қоим бўлмагани учун бунга ажабланишнинг ҳожати йўқ. Ҳадисда дўзах аҳлининг энг енгил азоб тортувчиси Абу Толиб эканлиги ва унга дўзахда оловдан ковуш кийдирилиши ва унинг таъсирида мияси қайнаб туриши айтилган.

عَنْ أَبِي الْمَلِيحِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنَّا مَعَ بُرَيْدَةَ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي غَزْوَةٍ فِي يَوْمٍ ذِي غَيْمٍ فَقَالَ: بَكِّرُوا بِصَلَاةِ الْعَصْرِ فَإِنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ تَرَكَ صَلَاةَ الْعَصْرِ فَقَدْ حَبِطَ عَمَلُهُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالنَّسَائِيُّ

Абул Малийҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Булутли кунда Бурайда розияллоҳу анҳу билан ғазотда бирга бўлдик. У киши: «Аср намозини тезроқ ўқинглар, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аср намозини тарк қилса, амали беҳуда кетади», деганлар», деди». Бухорий ва Насаий ривоят қилганлар. Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийcи Абул Малийҳ розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик. Абул Малийҳ куняси билан машҳур бўлган бу кишининг тўлиқ исмлари Омир ибн Усома ал-Ҳазмий бўлиб, тобеъинлардан эдилар. Ҳадисларни оталаридан, Маъқал ибн Ясор, Нубайшатал Ҳузамий, Авф ибн Молик, Оиша онамиз, Ибн Аббос, Абу Изза ал-Хузаий, Ибн Умар, Амр ибн Осс, Жобир, Анас, Абдуллоҳ ибн Утба, Абу Суфён ва бошқа саҳобалардан ривоят қиладилар. Бу кишидан Муҳаммад, Мубашшир, ўғиллари Абдурраҳмон ва бошқалар ривоят қилганлар. Бу зот ҳижратнинг 98-санасида вафот этганлар. Ҳадисда номлари келган Бурайда розияллоҳу анҳу машҳур саҳобийлардан бўлиб, тўлиқ исмлари Бурайда ибн ал-Ҳусойн ал-Асламийдир. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 164та ҳадис ривоят қилганлар. 62-ҳижрий санада Марвда ғозий ҳолларида вафот этганлар. Бурайда розияллоҳу анҳу Хуросонда энг охири вафот этган саҳобий ҳисобланадилар. У кишининг қабрлари ҳозирги Туркманистон ҳудудида жойлашган. Бурайда розияллоҳу анҳу булутли кунда Аср намозининг вақти чиқиб кетишидан қўрқиб, ғазотдаги шерикларига уни тезроқ ўқиб олишни тавсия этар эканлар, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ушбу ҳадисини далил қилиб келтирибдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аср намозини тарк қилса, амали беҳуда кетади», деган эканлар. Бу ҳам Аср намозининг аҳамияти улкан эканлигидан дарак беради. Уламоларимиз Аср намозини тарк қилиш билан амал беҳуда (ҳабата) бўлиши ҳақида турли мулоҳазалар айтганлар. «Ҳабата» сўзи аслида ёқмайдиган ўт-ўлан еб қўйиб, қорни шишган ҳайвонга нисбатан ишлатилади. Унинг еган нарсаси беҳуда кетади, фойда ўрнига зарар беради. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Ким иймонни инкор қилса, унинг амали ҳабата бўлади», дея марҳамат қилган. Шундан келиб чиққан умумий қоидага биноан, амални куфр ҳабата қилади. Бошқа нарса ҳабата қилмайди. Мазкур уламоларнинг Аср намозини тарк қилиш амални ҳабата этиши ҳақидаги мулоҳазалари ҳам намозни тарк қилиш куфрми-йўқми эканлиги тўғрисидаги фикрларга боғлиқ. «Намозни қасддан тарк қилса, кофир бўлади» деган уламолар бу ҳадисни «Аср намозини қасддан тарк қилса, амаллар ҳабата бўлади», деб шарҳлашган. «Намозни қасдданми, ноқасдданми, умуман, тарк қилган одам кофир бўлади» деганлар ўз фатволарига мана шу ҳадисни ҳам далил қилиб келтирадилар. «Намозни қасддан эмас, дангасалик қилиб тарк қилган одам кофир эмас, осий бўлади», деганлар ҳам «Бир намозни тарк қилиш ёмонлигини, лекин Аср намозини тарк қилиш ҳаммасидан ҳам ёмонлигини билдириш учун бу ҳадисда ўта шиддатли ибора келтирилган. Аслида фақат кофирликкина амалларни ҳабата қилади», дейдилар. Нима бўлганда ҳам, ушбу ҳадисдан Аср намозини тарк қилиш жуда ҳам катта гуноҳ эканлиги билиниб турибди. Лекин бу – Аср намозини ўқиса бўлди, бошқа намозлар унчалик аҳамиятли эмас, дегани эмас. Ҳар бир намозни ўқимаслик, улкан гуноҳдир. Лекин Аср намозини ўқимаслик яна ҳам улканроқ гуноҳ. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан).

فَوَيْلٌ لِّلْمُصَلِّينَ۝ الَّذِينَ هُمْ عَن صَلَاتِهِمْ سَاهُونَ۝

4. Бир «намозхонлар»га вайл бўлсинки… 5. Улар намозларини унутувчилардир. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Динда бўлмаган гапларни диндан дейиш Аллоҳ ва расулига хиёнат қилиш ҳисобланади.

عَنْ عَبْد ِاللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: بَلِّغُوا عَنِّي وَلَوْ آيَةً، وَحَدِّثُوا عَنْ بَنِي إِسْرَائِيلَ وَلَا حَرَجَ، وَمَنْ كَذَبَ عَلَيَّ مُتَعَمِّدًا فَلْيَتَبَوَّأْ مَقْعَدَهُ مِنَ النَّارِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мендан бир оят бўлса ҳам етказинглар. Бани Исроил ҳақида гапиринглар, танглик йўқ. Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдаги ўриндиғига жойлашаверсин», дедилар». Бухорий ва Термизий ривоят ривоят қилганлар. Шарҳ: Ҳадиснинг ровийси Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу билан танишмиз. Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам учта муҳим масалани баён қилмоқдалар. 1.«Мендан бир оят бўлса ҳам етказинглар». Яъни, менинг билганим оз нарса, фақат биргина оят, деб ўтирманглар. Ўшани бўлса ҳам одамларга етказинглар, демоқдалар. 2.«Бани Исроил ҳақида гапиринглар, танглик йўқ». Бу иш рухсат берилган доирада бўлиши кераклигини уламоларимиз таъкидлаганлар. Чунки бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аҳли китобларни тасдиқламанглар ҳам, ёлғончи ҳам қилманглар. Аллоҳга ва У зотдан ўзимизга нозил қилинган нарсага иймон келтирдик, денглар», деганлар. Шунинг учун уларнинг шариатимизга мувофиқ нарсаларини тасдиқлаймиз, шариатимизга номувофиқларини ёлғон, деймиз. 3.«Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдаги ўриндиғига жойлашаверсин». Билиб туриб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтмаган нарсани у зотдан, деб гапириш шунчалар ёмон нарсаки, ким шу ишни қилса, дўзахий бўлиши турган гап. Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 1. Оз бўлса ҳам, ўзи билган илмни ўзгаларга етказиш зарурлиги. 2. Бани Исроил ҳақида шариатимиз изн берган маънода гапириш жоизлиги. 3. Ким Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқиса, дўзахий бўлиши. Ушбу ҳадиси шарифни ҳаётимизга татбиқ қилишга жуда муҳтожмиз. Билган нарсаларимизни оз-оздан бўлса ҳам, ўз биродарларимизга ўргатишимиз зарур. Қанчадан-қанча кишилар калимаи шаҳодатни ўрганишга муҳтожлар. Уларга бу нарсани билганлар ўргатмаса, ким ўргатади? Қанчадан-қанча кишилар ақалли бир оятни ҳам, Қуръондаги кичик сураларни ҳам билмайдилар. Уларга ҳам билганлар ўргатмай, ким ўргатади?! Таҳорат, ғусл, намоз, жаноза ва бошқа кўплаб шаръий аҳкомларни билмайдиганларимиз кўп. Буларнинг ҳаммасини уларга биладиганлар ўргатиши лозим. Баъзи нарсаларни билганлар ундан ҳам кўра кўпроқ нарсаларни билишга интилишлари, ўзларидан кўпроқ биладиганлардан ўрганишлари лозим бўлади ва ҳоказо. «Бани Исроил» ва бошқа аҳли китоблар ҳақида ҳам билганлар билмаганларга гапириб, шариатимизнинг уларга бўлган муносабатларини тушунтириб беришлари лозим. Чунки билимсизлик оқибатида улар билан нотўғри муносабат ва алоқалар вужудга келмоқда. Кишиларимиз адашиб, катта хатоларга йўл қўймоқдалар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқилишининг ҳам олдини олиш лозим. Билиб-билмай, турли гапларни ҳадис деб айтиш катта гуноҳдир. Бу ўша одамнинг дўзахга киришига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳақийқий эканлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилмасдан туриб, ҳадис айтиш яхши эмас. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat